Be positive… be creative

0
185
марта ўқилган
Улуғбек Исматов
Бухоро вилояти Қоракўл туманида туғилган (1992)
Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган (2018)
“Seeds for the future” дастури иштирокчиси (Хитой, Пекин-Шэньчжэнь, 2017)
“One belt one Road” Халқаро форуми иштирокчиси (2017)
“Startup tashabbuslari” танловида “Startupmarket.asia” лойиҳаси билан ғолиб бўлган (2018)
“Be Creative Media” компанияси раҳбари
“Intv” интернет телеканали асосчиси
“Startupmarket” муаллифи
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Ёшлар медиа маркази раҳбари, видеоблогер

Уч ёшимда оилавий заруратлар сабаб Тошкентга кўчиб келганмиз. Хат-саводим, ақлу ҳушим янги муҳитда ниш ура бошлади. Боғча уйимиздан 300 метрча узоқда жойлашган. Илк борган мактабим ҳам унчалик йироқ эмасди. Онамнинг айтишича, жуда қайсар бўлган эканман. Буни инкор қилмасдим. Чунки болалигим ҳақида анча-мунча хотиралар бор. Кундалик хархашаларнинг асл сабаби боғчага боришдан бош тортиш, тунда ухламаслик, эрталаб юз-қўлни ювмаслик ва тағин болалар хушламайдиган алланималар. Боғча опамиз ҳам шўхликларимдан гоҳ безор бўлар, аммо койиб бергиси келмасди.

Шўхликлар мактабда ҳам давом этган. Дарс қолиб компьютер ўйинларига берилиш, ер чангитиб, уст-бошни тупроққа белаб тўп ўйнаш, жўрабозлик… Бу кўпчилик синфдошларимнинг яшаш формуласига айланган эди. Мактабни юз тача ўқувчи битирган бўлсак, шундан 15 нафаримиз ўқишга кирганмиз. Мен учинчи уринишда талаба бўлганман.

Отамдан айрилдик. Бу воқеа мени анча пайт гангитиб қўйди. Шундай муҳим даврда тоғам куч ва тиргак бўлиб, оталарча ғамхўрлик қилди. Бирор ишни бошлашдан олдин албатта фикр билдирар, ғояларим истиқболини чамалаб берарди. Қоқилмай-сурилмай юришимда уларнинг ҳиссаси катта. Бошда улардек прокурор бўламан, дердим. Хизмат кийими чунонам ярашардики, иштиёқим гупириб кетарди. Тоғам қўққисдан аллақайси жиноятларга доир саволлар беради: бундай вазиятда сен нима қилган бўлардинг, бу қилмишнинг жазоси қанақа? Шу-шу, қизиқсинишлар туфайли жиноятчилик ҳақидаги китоблар, детектив асарлар қўлимдан тушмайдиган бўлди.

Махсус формали касбларга қизиқишим баланд эди. Солиқ коллежида таҳсил олдим. Тиришқоқлик билан ўқишга, ўзимни “кашф қилиш”га ҳаракатлар бошланди. Ҳар ҳолда, ёмон бўлмади. Дастлабки пайтларданоқ ёшлар ташкилоти етакчиси қилиб тайинландим. Иккинчи курсдан амалиёт ўтардик. Мол-мулк солиқларини йиғиш бўлимида иш ўргандик. Менга ажратилган аҳоли ҳудудидан бир муддат инспектор ёрдамчиси бўлиб солиқларни йиғиб юрдим. Ҳамма ўз юмушларидан ортиб, кечқурун уйда бўлиши сабаб ишимизни шу маҳалда бошлардик.
Коммунал тўловларни йиғиб юрадиган бошқа бир солиқчи мендан бурун ҳаммадан пулларни тергилаб бўларди. Ундан олдин бормасам бўлмайдиган. Агар кечиксам, ҳаммадан “ука, пул йўқ, ҳозир налогчига бервордик” деган гапларни эшитиб, қуруқ қайтишимга тўғри келади. Бир куни ўша солиқчини ярим кечаси тунаб, жонига қасд қилиб кетишди. Ваҳима авжида, титраб уйга қайтганман… Оиламиздагилар қарши бўлгани учун ишдан ҳам воз кечдим.

Солиқ академиясига ҳужжат топширдим. Ишонсангиз, имтиҳонга қизил бўйинбоғда борсанг, текширувчилар кучли назоратга олмайди, деган жўн тавсияларга ҳам лаққа ишонганман. Бахтни қаранг, тест жараёнида коллеждаги курсдошим билан бирга ўтирдик. Орқа қаторда ҳам танишлар. Темурнинг билимига ишонқирамай, саволларни ўзим ишлай бошладим. Ўн беш кун ўтди… Контрактга ҳам илинмабман, ўн балл етмабди. Хуллас, на Темур ёрдам берди, на қизил бўйинбоғ. Иккинчи уриниш Тошкент ахборот технологиялари университетига бўлди. Тағин омадим чопмади. Ахийри, учинчи уринишда грантда ўқишга қабул қилиндим.

Футбол чемпионатига қатнашиб, оёқни синдирдик. Ўқиш бошланай деяпти, юриш имконсиз. Бироз даволаниб, октябрь боши ўқишга чиқдим. Шу тариқа талабаликнинг илк кунлари қўлтиқтаёқда кечган. Биринчи курсдан ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Гуруҳда кучлилар кўп. Қалқиб юзага чиқиш осонмас. Уддалаган марранинг бошида бўлади. Секин-секин орзуларимиз натижа бера бошлади. Халқаро сертификат олдим. Прагада жойлашган Zettabox.com IT компаниясига бориб икки ой амалиёт ўтаб қайтдим. Компания раҳбари Жим Кинселла исмимни айтишга қийналарди. “Луг-бек” дерди. Мен ҳам эринмай исмимни қайта-қайта тушунтирардим. Европага сафарим самарали кечди. Программа-дастурлаш бўйича тажрибамни янада бойитдим.

Буни қилолмайман, дейиш йўқ. Ҳеч йўқса, бир уриниб кўраман. Beg.uz сайтига таклиф қилишганида иштиёқманд бўлганим сабаб олиб қолишган. Тизимни у қадар яхши тушунмасам-да, ҳаракатчанлигим, тиришоқоқлигим доим қўл келарди.

Касбингиз ким деб сўрашса, каловланиб қоламан. Бош суқиб кўрмаган, бир тишлам нонини емаган соҳа ёки касб саноқли мен учун. Ёшликдан кўплаб юмушларга тўқнаш келдим: солиқ йиғиш, ҳаваскор футболчилик, “стоянщиклик”, репперлик (жаз ҳам айтганман), блогерлик, бир муддат ДАНда ҳам ишладим. “Yoshlar” телерадиоканали орқали жонли эфирда узатиладиган “Yangi kun” дастурида кўриндим. 2018 йил 7 майдан тонгги кўрсатувнинг 85 та сонида бошловчилик қилганман.

Ёшлар медиа марказида иш қизғин. Марказ номини “Media and Project management group” тарзида ўзгартирмоқчимиз. Шу билан бирга офисимизнинг ландшафт-дизайни ҳам янгича кўринишда бўлади. Жамоа шаклланиб боряпти. Илғор фикрли, замонавий билимларга эга ёшларни жалб қиляпмиз. Медиа гуруҳ Ёшлар иттифоқининг “PRчиси”гина бўлиб қолмай, ўз ташаббус ва лойиҳаларини ҳам илгари суради. Кўплаб истеъдодларга платформа эканмиз, уларнинг режаларини рўёбга чиқишида муносиб ёрдам кўрсатишимиз керак.

Насиб, 35 ёшимда Майамида, 45 ёшимда Барселонада кўраман ўзимни. Ўзбек фарзанди бўлиб юрт кезиш ҳам шарафли, ҳам завқли. 2050 йилга келиб одамлар менга Марк Цукерберг, Билл Гейтс, Илон Маскка бўлганидек қизиқиш билан қарашса, дейман. Googleдан лайф-стайлимни қидириб ўрганишларини кўз олдимга келтираман. Орзуларим бир талай. Кимда орзу йўқ? Бунга лойиқ интилиш ҳам бўлиши зарур, албатта. Муҳими, чекиниш йўқ. Олға боряпман.

Матн: Илҳом Худойназаров
Фото: Эрнест Куртвелиев
Oldingi sahifaSAID & SAIDA
Keyingi sahifaKelgan ermish ul Masih…
Ulushish

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here