SAID & SAIDA

0
232
марта ўқилган
Адиблар асар битаётганда ўз аслиятини яшириши, китобини кимлардир ўқишини инобатга олиб, иш тутиши мумкин. Аммо-лекин кўнглига яқин инсонига хат ёзаётганда ортиқча “шоирлик” қилишга ҳожат йўқ. Бунда сўзлар янада самимийроқ жаранглайди, туйғулар эса пардозланмаган ҳолда қоғозга тўкилади. Катта мақсадлар, ширин орзулар билан оила қуриб, умрлари баҳорини ҳижронда ўтказган икки ижодкор қалб кечинмаларини, орадан ярим аср ўтгач, бўяб-бежамоққа, турфа тахминларимиз билан “бойитмоқ”қа на ҳожат. Бинобарин, бири Тошкентда, иккинчиси Андижонда туғилган икки садоқатли рафиқ – ёзувчи Саид Аҳмад ва шоира Саида Зуннунованинг самимий ёзишмаларини таҳрирсиз, талқинсиз асл ҳолича ҳукмингизга ҳавола қилишни ихтиёр этдик.

Соғинчли салом! Меҳрибон Ойижон! Ҳурматли Саидахон!
Мен соғ-саломатман, юборган хатларингиз ва совғаларингиз бехато етиб келяпти. Раҳмат. Аҳволим яхши. Иш оғир эмас. Ёшлигимда қўшимча ҳунар деб ўрганиб қўйганим рассомлик қўл келиб қолди. Рассомлик устахонасида ишлайман. Машқ билан туппа-тузук рассом бўлиб қолдим. Ишлаган расмларим бу ернинг катталарига жуда маъқул бўляпти. Мойли бўёқ билан катта-катта сувратларни ишлай бошладим. Эртадан кечгача турли бўёқлар орасида севган ҳунарим санъат билан овораман. Санъат билан машғул бўлган даврларимда бироз бўлса ҳам ўзимнинг айни замондаги маҳрумиятларимни унутаман-у, бўёқлар жонлантирган сеҳрли манзараларга берилиб кетаман. Бу машғулот мени овутади, руҳимни енгиллатади.
Мендан ортиқча ташвиш тортманглар. Ейиш-ичиш яхши. Уч маҳал қуюқ-суюқ овқат бор. Нон эса кўпинча ортиб қолади. Чекиш масаласида танглик бор холос (гугурт ҳам шундай). Посилкага кўпда зўр берманглар.
Саидахон!
Нимаики имкониятингиз бўлса кийинг, енг-ичинг. Дўст-душман олдида ғариблик ошкор бўлмасин. Хотинлик номига номуносиб бўлган, аммо ўзини аёлларнинг зийнати деб биладиган муршидалар олдида мағрур бўлинг (қалбнинг ўртанишларини яширмоқ қанчалар қийин бўлса хам ирода кучи блан енгмоққа мажбурмиз, ахир). Дунёда яшамоқ ҳуқуқи инсонга фақат бир марта берилган, энг гуллаган, яшайдиган, ҳаётнинг гўзаллиги, бор жамолини тўйиб-тўйиб кўрадиган бир даврда сизни ҳасрат-надоматга солиб қўйган гуноҳкор сифатида сўзлаётирман (аслида, мен гуноҳкор эмасман). Тақдирнинг беомон чангали бу гал адашди, жазога сазовор бўлмаган ошиқ ўлжасини қурбон қилди. Мен на ватан олдида, на инсоният олдида айбдорман. Фақат сизнинг олдингиздагина гуноҳкорман, холос. Ҳа, фақат сизнинг олдингизда!.. Чунки айни замонда чекаётган азобларингиз фақат мен туфайли. Мен бўлмаганимда балки сиз бунчалик қийналмаган бўлардингиз. Хаёл кучи билан сизни қай шароитда яшаётганингизни кўриб турибман. Шодлик ва қайғуларимга шерик бўлган, ғариб масканимда сиёҳдонимнинг етимлигини сездирмаган чинакам дўстимни унутмайман. Шодлигини кўрмай ғамига шерик бўлган кимсани унутиб бўладими, ахир. Ширин хаёллар, эзгу ниятлар ўрнига фақат ғам-андуҳ кўрган хотинни унутиш мумкинми, ахир? Йўқ! Менинг бу сатрларим ўз хотинини мақтаган маддоҳ шоирнинг мадҳияси эмас. Ўз кўзим билан кўриб, қалбим билан ҳис қилиб турганим хақиқатни қандай қилиб яширай, ахир.
Ўз тақдиримни ким билан баҳам кўришиш кераклиги ҳақида фикр қилган кунимдан бошлаб кўпларни синаб кўрдим, кўплар мени синаб кўрди.
Узоқ изланиш сўнгида сизни топдим. Шу билан овундим. Бутун борлиғим, келажагим, тақдиримни баҳам кўраман, ҳаётнинг абадийлигига қўл кўтарамиз деб турган айни қизғин-ширин, завқли бир пайтда айрилиқ бошга тушди-ю, икки ёш, навқирон қалб, порлоқ ниятлар бирла бошлаган ҳаракатини ярим йўлда тўхтатиб қўйди. Афсус, минг афсус…
Мен сиз билан ғурурланаман. Айтинг-чи, “Ҳамма нарсадан кечди-ю, айтганини қилди” (ўз хатингиздан) деган хотин билан ғурурланса арзимайдими, ахир. Бу сўзлар билан сизни мақтаётганим йўқ, ёлбораётганим ҳам йўқ.. Ҳеч қачон, ҳеч вақт, айниқса, сизга сира-сира ёлбормайман. Ёлбориш умиднинг сўнгги нуқтаси. Ёлбориш ожизликнинг асл маъноси (айни замонда тубанлик ҳам). Агар мен сизга ёлборганимда эди, руҳингизни ҳақоратлаган, дилингизга озор бериб қўйган бўлардим.
Ёзган хатингизда “Ҳасратимни ёзай десам, қаламга ўт тушиб, қоғоз куйиб кетди”, дебсиз. Ўша куйган қалам билан қоғознинг ёлқини менинг ҳам қалбимда аланга олиб кетди. Қаламни куйдирманг. Ҳижрон ўтида тоблансин, чиниқсин. Қалам қанча қора бўлса, оппоқ қоғоз бетида жонли манзараларни янада жонлироқ яратади. Мана шу қоғозларда тасвир этганимиз манзаралардан пояндоз қилиб келажакка бормоғимиз керак. Ҳа, бирга бормоғимиз керак. Руҳан туша кўрманг. Китоб билан қалам улфатингиз бўлсин. Мен худди шундай қиляпман. Расм соламан, китоб ўқийман ва рус тилини ўрганаман. Бу менинг кундалик одатий машғулотим бўлиб қолди.
Мендан Зуҳур акамга, поччамга, Фароғат опамга, келинойимга, Машҳура опамга, Мудирага, Далилага, Дилбархонга, Мафраткага, Ҳотамга, Ўмакага, Севар пучуққа, Ширинка-артисткага, Фаридунга, Элдор оловга, Улфат ва унинг укаси ҳам адасига, Уйгушага, Мастиркага салом айтиб қўйинг.
Бошига бемаҳал ташвиш тушган куёвнинг Андижондаги қайнонаси, қайнотаси ва қайнсингилларига гуноҳкорона саломимни етқизинг. Мендан ранжимасинлар.
Ойша опам, Пўлат, Арслонни дадасининг ўз уйига соғ-саломат етиб келиб рўзғорига бош бўлиши билан табриклаб қўйинг. Саломимни айтинг.
Бийим бечоранинг нияти холис экан. Ниятига етди. Узун кечалар ухламай чеккан руҳий азоблари зое кетмади. Бундай бахтли ҳодисадан ниҳоятда севинганимни кампирга билдириб қўйинг. Қози бувамга кўпдан-кўп салом.

Ҳурмат билан Саид Аҳмад
05/05.51
Адресим: Казахская ССР Карагандинская обл. Джезказганский рудник п/я 392/4

 

Ҳурматли Саидахон!
Салом!

Бугун айрилиқнинг бир йилу бир ойи. Китобларда ўқиганимиз, эртакларда эшитганимиз, хаёл ва тасаввур кучи билан ҳис қилганимиз, тўғрироғи, босинқираб кўрган тушимизда кечирганимиз ҳодисаларнинг мана шу давр ичида жонли шоҳиди бўлдим. Нима қилай, инсон боши тошдек қаттиқ, десалар, ишонмасдик. Тош эмас, энди пўлатдан десалар ҳам, ишонмоқ керак. Дарёлар ва саҳролар ортида қолиб кетган ғариб масканимни обод қилиб, тақдирнинг ҳамма оғир жабру жафолар юкини ўзининг ожиз елкасида муттасил кўтариб келаётган мунис, мушфиқ-меҳрибон онамни овутиб ўтирганингиз учун сиздан ниҳоятда миннатдорман.
Бу ерларда баҳор гиёҳлари ердан қандай бош кўтарган бўлса шундайича қовжираб қолди. Атроф нохуш манзаралар билан тўла, на дарахт, на майса бор. Ҳар куни уфқ қизариб ботади. Малларанг саҳро тепасида қуюн кезади, баъзан бу қуюнлар юксалиб қуёш бетини тўсиб қўяди-да, узоқ-яқин кулранг тусга кириб ҳаво лойқа сувга ўхшаб қуюқлашиб кетади.
Шундай кезларда кўзни юмиб фақат хаёл оламида яшайман. Хаёл менга рангли, жонли манзаралар яратиб беради. Биз бу ерда фақат хаёл билан кўрадиган манзаралар, ҳар куни, ҳар дақиқа сизнинг атрофингизда мавж уриб туради. Баҳор, ёз ва кузни дарахтсиз, кўкатсиз тасаввур қилиш мумкинми?
Саидахон, сиздан тўрт хат, икки посилка, бир телеграмма ва бир пул переводи олдим. Йўқлаб юборган совғаларингиз учун чексиз раҳмат.
Телеграмма қўлимга теккач, ўйлаб, фикр қилиб, менинг соғлиғимни телеграмма орқали билишга қизиқишингиз сабабларини билмоққа қизиқдим. Шунда сизни қаттиқ изтиробга тушган, руҳий қийноқлар вужудини эзиб ташлаган, ўзини овутмоқ учун атрофдан бирорта ҳамдард тополмаган бир қиёфада тасаввур қилдим. Ҳеч қачон бундай қийноқларга сазовор бўлиши мумкин бўлмаган бир кишини шунча қийноқларга солиб қўйганим учун ўзимни лаънатладим. (Менинг бошимга шунча савдолар солган киши ҳам қилмишига пушаймонмикин? Балки у вақтинча ғалабасидан бениҳоят шоддир.)
Туҳмат лойқадек қуйига чўкмоғи, ҳақиқат булоқ сувидек қайнаб юзага чиқмоғига ишонган киши ҳеч қачон умидсиз бўлмайди. Яхши кунларнинг бирида юз кўришмоққа умидим катта. Соғлиғим яхши. Рассомлик устига ҳайкалтарошликни ҳам аллақачон ўрганиб олдим. Хатингизда бу ерга келиб-кетиш ҳақида сўрагансиз. Бу ният мени қанчалар шодлантирганини биласизми? Афсус, бунда кўришмоқ мумкин эмас. Мендан ҳаммага салом. Ёзни яхши дам олиб ўтқазинг, мен учун ҳам ўйнанг, кулинг. Ўзгаларнинг таънаси билан ишингиз бўлмасин. Кўпдан-кўп салом. Ваҳобга алоҳида салом айтиб қўйинг. Адресим эскича.

Сизга ҳамиша ҳурмат билан айбсиз айбдор Саид Аҳмад
10/06.51.

 

Ҳурматли Саид Аҳмад ака!
Салом!

Биз тинчмиз. Ҳамма сиҳат-саломат. Бизда ўқишлар ҳам тугади. Энди мутлақо дарс бўлмайди. Ҳозир экзамен бермоқдаман. Ўнинчи февралда экзаменлар тугайди, қолган вақт диплом ёзишга. Дипломни май ойида ёқлаймиз, июнь ичи эса госэкзамен бўлади. Март ойида эса тақсимот бўлади. Ана ўшаниси бошимни қотиради. Майли, бир гап бўлар. Тақдир қайси йўлга бошласа, шу-да. Тақдир деган гапга ишонмас эдим, энди эса фалсафа ўқиб туриб ҳам, баъзан ишониб кетаман. Ахир, Андижонда туғилиб ўсганлигим Тошкентда тортадиган кўргулик­ларимдан мени сақлаб қололмади-ку!
Саид Аҳмад ака, севинганимдан эмас, Сизни севинтириш учун худди болалардек яна баъзи нарсаларни хабар қилмоқчиман: ўқишни битиришимга ўзим кўйлак олдим, бувим крепдешин кўйлак олиб берди, Фароғатхон опам ҳам ҳозир тайёргарлик кўраётган бўлса керак. Яна ўзим туфли ҳам буюриб қўйдим. Ана, чинакам бола бўлдим-а? Ҳа, янги дастурхон олдим, салфеткалар тикдим. Сиз келганингизда биринчи йиғилган меҳмонларга ёзаман, деб ният қилдим. Эсингиздами, кўрпалик олган эдик. Қоплатиб ҳам қўйдим. Сервизимизнинг камини тўлатдим. Саид Аҳмад ака, нима қилай, ўзимни ўзим шундай қилиб овутиб ўтираман. Бўлмаса, қандай ҳаракат қилмай, қандай йўл тутмай, барибир боши берк кўчадаман. Агар ўз аҳволимга фақат ақл кўзи билангина қарасам, жинни бўлиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун баъзан бўлаётган нарсаларнинг ҳаммасини унутишга ҳаракат қиламан: кийимларингизни оламан, тозалаб қайта қўяман, рўмолча тикаман, пайпоқларингизни ямайман. Шундай пайтларда Сиз ҳозир кириб келаётгандай бўлиб туюлади менга. Лекин бирдан чинакам ўйлай бошлайман-да, яна олдинги аҳволимга тушиб қоламан. Яхшики, бахтимга ойим яхши. Агар ойим ҳам ана унинг шериги бўлганда, унда нима қилар эдим. Ҳарқалай ачинади, қизғонади, билади. Шунинг учун ҳам ойим бечорани ўз ҳолига қўймайдилар. Кеча Фароғатхон опамникига кетган эди. Зуҳурхон акамникига кирган бўлса керак, келмади. Бугун бориб олиб келмоқчи эдим, дарсимни тайёрлаб, улгуролмадим. Эртага қаердан бўлса ҳам олиб келаман. Жуда ўрганиб қолибман. Агар Сиз билан бирга яшаган пайтларимизда ойим ҳам биз билан хамма вақт бўлганда, яхшигина яшаган бўлар эканмиз. У вақтда мен ойимни билмас эдим. Энди билсам, жуда ўхшашликларимиз кўп экан. Эсингиздами, тўйдан олдин менга, олдин бир ўз ойингизга эркалансангиз, энди улар иккита бўлади, бу ойингизга ҳам эркаланасиз, мен ҳам шундай, деган эдингиз. Мана, мени эркалигимни Сизнинг ўрнингизга ҳам ойим кўтариб ётибди. Билмадим, Сиз қачон Андижондаги ойингизга эркаланар экансиз. Куёвни ҳамма ерда яхши кўрадилар, лекин келинни ёмон кўрадилар. Бувимнинг қанча-қанча орзулар билан ўстирган, кўп умидлар боғлаган қизининг эри, бош кўрган куёвисиз, ҳам менга куяди, ҳам сизга. Навойи шундай бир ғазал ёзган экан:

Эй фироқингдан менга ғам рўзию меҳнат насиб,
Оҳким ҳажрингда ўз шаҳримда бўлмиш мен ғариб.

То ғариб эрдим насибим ғам емак эрдию, бас,
Шаҳринг ичра доғи ғам бўлса насибим ёнасиб.

Саид Аҳмад ака, нега хат ёзмайсиз, хавотир оламан. Адресларингиз ўшами? Иложи бўлса хатни узоқтирманг. Хайр.

Ҳурмат билан: Саида.
Қўни-қўшни, маҳалла-кўйлар ҳам тинч. Ҳаммадан салом.
23/01.52.

Ҳурматли Саид Аҳмад ака!
Салом!

Қимматли соғлиғингизни сўраганимдан кейин, саломатлигимни билдираман. Биз тинчмиз, ҳамма қариндош-уруғлар саломат.
Саид Аҳмад ака, ўтган баҳор (йўқ, ундан олдинги баҳор бўлса керак) шундай шеър ёзиб қўйган эканман:
Эккан гулларингиз очилди қийғос
Сизсиз завқ бермади менга сира ҳам.
Ахир, мен Сиз билан биринчи марта
Ҳамнафас, ҳаётга қўйганман қадам.
Босган изингизни излаб кўчада
Довдираб, тентираб юрганларим бор.
Мен одамман, ахир, балки биларсиз,
Эҳтимол, бўлмассиз сира миннатдор.
Эҳ-ҳе, нималарни гапирмадилар,
Барига чидадим, қилолдим бардош.
Ишондим, бир куни кириб келасиз
Кечанинг кетидан чиққандай қуёш.
Бу баҳор эса гулларингизни чаман-
чаман очилганини кўрганда янги шеър ёзмадим-у, ўша шеъримни эсладим. Чунки ёзсам, барибир юқоридаги сўзларни қайтарган бўлар эдим. Атиргуллар жуда авж олиб кетган. Ҳозир ҳовлининг ҳамма ёғи гул. Ўзингиз кўрсангиз эди, қанчалик севинардингиз. Сиз учун ҳам, сизнинг ўрнингизга ҳам уларни парвариш қиламан, асрайман. Мана, ҳозиргина бир дона қизил гулни китоб орасига солиб қўйдим, Сизга деб. Посилкага солиб қўярман. Ўзим эса югура-
югура ҳамма нарсадан ҳафсалам пир бўлиб, бундан кейинги оғирликларга ҳам чидашга, кўп умрим ҳисобига бўлса ҳам, жуда мушкул бўлса ҳам, оғир бўлишга қасд қилдим. Майли, мен ҳаммасини Сиз ва ўзимнинг поклигим учун кўтараман. Фақат ўйлайман, ўқишим тугаса, ҳамма келган студентлар кетсалар, мусофирлик яна ҳам қаттиқ сезилса керак, деб. Хулласи, икки жаҳон овораси бўлиб қолдим. Жуда сиқилган кезларимда уйга бориб келай десам, яқин эмас. Бир ёқдан Сиз йўқсиз. Бир ёқдан онам ва укаларимни соғинаман. Борганимга, мана, бир йил бўлиб қолибди.
Шоирлик билан энди бутунлай хайрлашдим. Бу касб менга кўришга улгурмаган бахтиёрлигу бир умрга бадбахтлик бағиш­лади. Шунинг учун у билан хайрлашиш у қадар оғир бўлмади, десам бўлади. Энди ўз қалбим сўзларини бировларнинг шеърларидан қидирадиган бўлиб қолдим. Мана, Муқимийнинг шу байтларини ёд олдим:

Кўнгилни ғунча янглиғ таҳ-батаҳ қон айладинг-кетдинг,
Халойиқ ичра маъюсу паришон айладинг-кетдинг.

Отиб тийри жафо дилларга, ҳар ёндин солиб раҳна,
Нечук султонки сен мулкингни вайрон айладинг-кетдинг.

Шунақа гаплар.
Саид Аҳмад ака, тўғри, сочимда оқ толалар кўпайган. Тезроқ келмасангиз, бутунлай оқариб кетади. Унда нима қиламиз. Сочингизни бўянг, десангиз мен эпчилроқ ҳам эмасман. Яхшиси, тезроқ келинг. Баъзида ойим ҳазиллашади. Мен “Агар шундай қилса, мен ҳам бир қийнайман, ўғлингизнинг ҳам сочи оқаради. Ундан кейин тенг бўламиз”, дейман. Саид Аҳмад ака, иложи бўлса хат ёзиб туринг. Мен ўша ердамисиз-йўқми, билолмаяпман. Жуда кўпдан хат йўқ…

Ҳурмат билан: Саида.
Кўрпа-ёстиқ масаласи қалай? Кўрпангиз эскитиб кетгандир. У ерда қанақа беради, билмайман. Керак бўлса ёзинг, бир илож қилиб юборарман.
1952 йил.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here