To hirsu havas xirmani barbod o‘lmas…

0
268
марта ўқилган
Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов билан суҳбат

– Рус мактабида таълим олиб, Пушкин, Лермонтов, Толстой, Достоевскийларни ўқиб катта бўлгансиз.
– Ҳа, буни бошқача айтсак, ўзимизнинг адиблар, ўзимизнинг адабиётдан сал четлашиб қолгандик. Давр тақозоси шунақа эди. КПССга кирмасангиз, рус аёлига уйланмасангиз – сизнинг “карьера” мавҳум бўлиб қоларди. Қачонки Навоий ижоди билан танишгач, мен ёшлигимда ютоқиб ўқиган Пушкину Лермонтовлар ҳазрат олдида ёш йигитчалардек кўриниб кетди.
– Навоий ҳаммани ҳам ўзига яқинлаштиравермайди.
– Бунинг сабаби – тил. ХV аср забони ҳозирги ўзбек тилимиздан анча фарқ қилади. Ўзим ҳам илк бор мумтоз адабиёт­­ни ўқиганимда луғат варақлардим.
– Шундайликка шундай-ку, бироқ Рус драма театрида “Хамса” асосида “Дегонимни улусға марғуб эт” асари (“Иди, моё творение, в народ!…”)ни русийзабонларга ўша аср тилида, ҳеч бир таржимасиз ўқиганингизда томошабинлар тушуниб қабул қилишди, чамамда…
– Ўлманг, нишонга урдингиз. Навоий асарларини етказиб беришнинг мағзи шу. “Ҳар бир байтни ўқигач, насрий баёнини ҳам келтиришингиз керак, бўлмаса уни тушунишмайди”, деб фикр билдиришганди. Мен эса “Йўқ, Ҳазратни аслиятда ўқийман”, деб оёқ тираб туриб олдим. Бежиз айтмадим буни. Қачонки аслиятдан ўқилса, моҳиятдан йироқлашилмайди.
Қолаверса, Навоий асарларини симфоник оркестр билан ўқиганимга гувоҳ бўлгансиз. Оркестрнинг аксарият созандалари европа миллатига мансуб, ўзбек тилини деярли билмайди. Репетиция пайтида скрипкачи аёл (ўзи русийзабон) ёнимга келиб, асарнинг рус тилида таржимаси бор-йўқлигини сўради. Албатта бор, дедим. Қаранг, ўзбек тилини билмагани ҳолда қалбининг қаеригадир Навоий мисралари тегиб ўтган.
– Навоийни рус тилида ўқиб кўрганимда ҳазрат асарлари бу тилда унчалик чиқмас экан, дердим.
– Доғистонлик шоир Расул Ҳамзатовни машҳурликка олиб чиққан нима, биласизми, асарларининг рус тилидаги таржималари ниҳоят даражада яхши эди. Навоийни таржима қилиш эса ниҳоятда қийин. Бироқ шу ҳолида ҳам у НАВОИЙ!
Бундан ташқари, аруз рус тилига мўлжалланмаган. Араб ва форсийга хосдир. Ҳазратнинг ютуғи эса ҳам туркий, ҳам арузга мос нозик, нафис шеърий асарлар яратиш мумкинлигини исботлаб берганида эди. Навоийгача туркий тил авом тили, омма тили дейиларди. Бу тил худдики маиший ҳаётга нисбатланган-у, унда шеър ёзиб бўлмайди, деган тушунча бор эди. Ҳазрат бу гапларни чил-чил қилиб, туркийни шеърият осмонига олиб чиқди.
– Ана шу “осмон”ни ёшлар кўрмаётгандек…
– Ёшлар! Қаерга учрашувга борсам, уларга Навоий асарларини албатта ўрганинг, ўқинг деб таъкид­лашдан чарчамайман. Ҳам руҳан, ҳам фикран юксаласиз. Ёшларнинг аксари ҳозир ташқи кўриниш билан андармон. Ташига эътибор беради, ичи бўм-бўш. Баъзан чиройнинг тагида оғу, тўғри йўлдан оғдирувчи ғоялар ётадики, ёшлар кўпинча шуларга учади. Оқ-қорани, яхши-ёмонни ажратиш учун Навоийни ўргансак, ана шу “осмон”ни тайинмиз.
– Навоий ҳам ёш бўлган… Мени бир жиҳат доим қизиқитириб келади: етарлича зиддияларга бой жамиятда қалбни бунчалар тоза сақлаб қолиш мумкин эдими?
– Бирдан-бир сабаб – Сўз.
– Сўз дегангизга ёдга келди. Сўзни тинглагувчиларга етказиб беришда, назаримда, бугун сизга етадигани йўқ.
– Сўз эгасини топиши учун, аввало, уни айтаётган одам маънисини, таъсирини идроклаб олиб, сўнг тилга суриши шарт. Агар юракдан, ақл чиғириғидан ўтказиб гапирилмаса, ҳеч зоғга таъсири етиб бормайди. Биров ёзган сўзни ўзингизникидек етказиш янаям мушкул. Сўз етказиш қуроли – тафаккур ва қалб уйғунлигидир. Восита фақат шу.
– Сизнингча, бугунги замон қаҳрамони ким? Саволни бошқача шаклга ўгирсам, бугун аксарият кишилар (айниқса, ёшлар!) тадбиркор, инвесторларни замон қаҳрамони сифатида кўрмоқда. Ҳеч кимнинг ишчи бўлгиси йўқ?
– Ҳамма замоннинг қаҳрамони битта. Бу – ОНА! Жамиятдаги ўзгаришлар ҳам онанинг фарзандига берадиган тарбиясига боғлиқ. Боя тил ҳақида гаплашдик-ку, она тили деб ҳам бежиз айтилмайди. Русларда “родной язык” бизда аниқроқ қилиб “она тили” дейилади. Она қандай тарбияласа, бола жамиятда ўз ўрнини шундай топади.
– “Ҳамма замоннинг қаҳрамони” деганингизга яна бир эътироф ёдга тушди. Гамлет. Бу ўша – сизга ижро этиш армон бўлиб қолган образ. Кимдир уни барча замоннинг қаҳрамони деса, кимдир атрофидаги яқин инсонларига фақат бахтсизлик келтирувчи шахс сифатида кўради уни…
– Гамлетни ижро этишни талабалик давримдан орзу қилганман. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир актёр унда роль ижро этгиси, яшагиси келади.
– Гамлетни комил инсон деб бўлмайди-ю…
– Унинг талқинлари кўп. Шекспирнинг ўзида “Полнота ему мешает” деган гап бор. Демак, жисмоний ҳаракати кам, фақатгина ўқиш билан овора бўлган.
– Биз Гамлетни қадди-басти келишган, деб тасаввур қилардик. “Полнота ему мешает” эса унинг тўлақон инсон (вазн маъносида эмас) бўлганлиги ўз жамиятида ўрнини топишига ҳалақит берган деб юрардик. Чунки “ақли ҳар балога етадиган инсон”ни яшаб турган жамияти ўзига сиғдирмайди.
– Гамлет пьесада қилич билан олишадиган саҳнада Шекспир “полнота ему мешает”ни битган. Гамлетнинг ҳаёти ички ва ташқи зиддиятларга тўла. Ҳаёт – бу кураш. Мукамалликка эришиш йўли зиддиятларсиз бўлмайди. Ҳаётнинг моҳияти шундан иборат. Инсон ҳар куни аслида эрталабдан кечгача ўзи билан ўзи курашади. Ривожланиш доимий иккиланишдан, “Ё ўлиш, ё қолиш – шудир ҳақиқат”дан келиб чиқади.
“Гамлет”ни шундай қўйиш мумкинки, Клавдийни оқлаш мумкин. Клавдийнинг тахтга чиқишига сабаб Гамлетнинг отаси катта Гамлет Дания мамлакатини таназзулга олиб келади. Ҳаётининг кўп вақти айшу-ишрат билан ўтади, маънавият билан деярли қизиқмайди. Ука қарасаки, ака қирол мамлакатни хандаққа олиб бориб тиқмоқда. Нима қилиш керак? Акасининг қулоғига заҳар қуйиб қўя қолади. Клавдий катта Гамлетни заҳарлаб давлатни эпақага келтирмоқчи бўлган. Гамлет эса бунга қарши чиққан. У ўзини ўзгалардан устун қўйиб, онасига ақл ўргатади, Полонийни мазах қилиб, уни ўлдириб қўяди. Сен аввал вазиятни тушуниб, уни англаб етишга ҳаракат қилиб кўр, деган ўй-фикр унга ёт.
– Энди ўзингиз ҳақда икки оғиз. Авиация техникумида самолётсоз­лик қурилиши йўналиши таҳсил олгансиз. Тақдир кори актёрлик соҳасига қандай қилиб олиб кириб қўйди?
– Техникумда яхши ўқиганман, самолётсозлик заводида ишлаганман. Актёрликка ўтишим тасодифан рўй берган. Газета ўқиб туриб, “Тошкент театр ва санъат институти қуйидаги йўқналишларда абитуриентларни қабул қилади: Драма ва кино актёри” деган эълонга кўзим тушди. “Ия, бу касбга ўқиб бўларканми?” деганман. Чунки наздимда “актёр бўлиб туғилиш керак” деган тушунча бор эди. Ўшанда 16 яшар ўсмир эдим. Шу билан шу касбга ишқим кетди.
Хонадонимизда доим санъатга аҳамият берилган: отам ғижжак чалардилар, онам дутор чертарди, тоғаларим катта ашулани авжига олиб ижро қилишарди. Бу орзу кўнглимга тушгач, оила аъзоларим “Нима қиласан, яхши ўқийсан-ку” деб мени фикримдан айнитишга ҳаракат қилишган. Рост, аълочилар қаторида эдим. Бироқ актёр бўламан деб аҳдимда қатъий туриб олдим. Ахир, институтга ҳам уч йил кираман деб ҳаракат қилиб, ўхшамаган. “Ҳамза” театрига саҳна ишчиси бўлиб ишга кириб, у ерда саҳна ортида устоз актёрлар қандай ишлашини кўриб пишганман. Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраева… Ана улар менинг университетларим бўлган.
– Раҳматли Обид Юнусов ҳақиқий театр актёри бўлиш учун саҳнанинг бир энлик чангини ютиш шарт, деб кўп
таъкидларди.
– Бу энди мажоз. Обид аканинг бу нақли замирида фидокорона заҳмат чекиш ётади. Акс ҳолда, театрга келувчи кимса борки полига ётиб олиб яласа, буюк актёрга айланиб қоларди. Қисқаси, 1969 йили 21 ёшимда институтга кирганман, саҳналарда чиқа бошладим…
– Сизда “фалончи актёрга ўхшаган машҳур бўламан” деган ҳавас бўлганми ёки “Афзал Рафиқов сифатида намоён бўламан” деган мақсад устунлик қилганми?
– Станиславскийда шундай мазмунда гап бор: “Ўзингизнинг санъатни эмас, санъатдаги ўзингизни севинг”. Институтга кираётганда “Мен нима учун актёрликни танладим?” мавзусида эркин иншомда “Ўзбек театр санъати ривожига баҳолиқуд­рат ҳисса қўшиб, театр тарихида ўзимнинг муносиб саҳифамга эга бўлиш олий орзуим ва шу сари интиламан” деб ёзгандим. Иншом учун “2” баҳо олиб, ҳамманинг олдида “Одам деган сал камтар бўлади” деб койишган. Бутун хатти-ҳаракатим мана шу интилиш билан боғлиқ эди. Актёр бў­­­лишимнинг асосий сабаби ҳам шу эди. Бутун умр ота- онамга “Афзалдан яхши актёр чиқмайди” деган гапларнинг ноҳақ эканлигини исботлаш учун яшагандекман. Ҳозир ҳам шу.
– Ички МЕНни енгиш ўзликнинг намоён бўлишига ҳалақит бермайдими?
– Институтга киришдан олдин
1969 йилгача киностудияда киномеханик бўлиб ишладим. Энг яхши кўрганим кино тугаганидан кейин залдан ёғрилиб чиқётган томошабинларни кузатиш эди. Одамларнинг кўзларига қарайман. Уларда таассуротларни ўқийман. Бу менга завқ берарди. Ичимдан фойдали иш қилдим, деб хурсанд бўлардим. Саҳнага чиқиб роль ижро этаётганимда ҳам энг олий мақсадим шу – томошабинга таъсир этиш. У театрдан чиқиб кетаётганида кўрган спектаклини мутлақ унутиши эмас, уйга боргунича ва ундан кейин ҳам мен ижро қилган қаҳрамонимнинг хатти-ҳаракатларини мушоҳада қилиб ўйлаши, ҳатто тушларида ҳам кўришини истардим. Шу ўй мени доим илҳомлантириб, қайта-қайта ишлашга ундайди.
– Саҳнада роль ижро этаётганда томошабин билан қаҳрамонингиз ўртасидаги мулоқот муҳити Сизда қандай кечади?
– Актёр сифатида менга томошабиннинг нияти қизиқ. У спектакл­ни кўриш учун нима мақсадда келган – дам олиш учунми, ўзига керакли мулоҳазани олиб кетиши муҳим. Ният ҳиссиёт билан боғлиқ, фикр тафаккур билан. Актёрларга ҳамиша ҳиссиёт қизиқроқ. Шарқда актёр ижро услуби Россия, Европа актёрлар ижро услубидан фарқ қилади. Бизлар материални олиб, ўрганиб, юракка жо айлаб томошабин қалбига таъсир қилишга ҳаракат қиламиз. Томошабин таъсирланганидан кейин фикрлай бошлайди. Европада эса аввал фикр орқали мияга таъсир қилиниб, сўнг у орқали ҳиссиёт уйғотилади.
– Яна тил масаласи. Бугун ёшлар хорижий тилни мукаммал билишга урғу бермоқда-ю, ўзбек тилидаги саводхонлик даражаси ҳаминқадар…
– Она тилини билмаган ўзлигини йўқотиб қўяди. Чет тилини ўзлаштиришга ҳеч бир эътироз йўқ. Фақат, бирини ўрганишга муккасидан кетиб иккинчисини унутиб юбормаслик учун инсон тафаккур юқори бўлиши керак. Қайси тамаддун вакили эканлигини эсдан чиқармаслик тил билишдаги мувозанатнинг бузилиб кетмаслигига имкон беради. Навоийни ўргангунимга қадар менда иккиланиш ниҳоятда кучли эди. Шу даражадаки, ўзбек ва рус маданиятини бир-бирига қовуштира олмаганман. Ўзаним, илдизим қаерда деган саволни ўзимга бераверганман. Ишонсангиз, 1990 йили театрдан бўшаш учун ариза ёзиб кетаётгандим. Навоийгина қолишимга ёрдам берди. Унгача театрда ишлаб, ўйнаган ролларим номини айтсам ўзингиз тушуниб олаверасиз: Волков, Плужников, Долгов, Виктор, Прохор… “Мен ўзбекманми ёки рус? Кимман ўзи? Ўзбек қаҳрамонлари ролини ижро этмай қандай қилиб ўзбек қалбига йўл топа оламан?” деган саволни кўп бердим ўзимга. Баҳодир Йўлдошевга раҳмат, ҳазрат Навоий ролини бериши мени театрда олиб қолди.
– Актёрлик фаолиятининг театрда давом этиш-этмаслиги режиссёр қўлида экан-да!
– Актёрнинг театрдаги фаолияти кўп омилларга боғлиқ. У қарам касб: режиссёр театр директорининг хоҳиш-иродасига… Актёрнинг ролдан-ролга ўсишида бош режиссёр, театр маъмуриятининг таъсири катта. У босқичма-босқич тарбияланиб борилади. Шундан сўнгина етук актёр етилади, шахс юзага келади.
– “Маънавият” сўзи охирги ўн йиллар мобайнида шунчалик кўп қўлландики, эшитган одамнинг энсаси қотадиган бўлиб қолди.
– Тумов бўлиб қолдингиз: йўталяпсиз, аксиряпсиз. Шамоллаш аримагунча тузалмайсиз барибир. Унинг даврийлиги икки, уч, беш кун бўлиши мумкин. Бемор ўша жараённи барибир босиб ўтади. 1991 йилдан бир ижтимоий тизимдан бошқа ижтимоий сиёсий тизимга ўтдик. Илгари Райкомдан, Москвадан қўрқардик. Ҳозир кимдан қўрқамиз? Ҳозир дод-вой солишга ҳожат йўқ. Одамлар доим маънавиятга талпинади. Маънавиятнинг қадри моддият қадридан кўра анча устун эканини тилдамас, дилда англайди.
Ёшларга “Маънавиятга этибор бермаяпсан” деб баланддан келиш ноўрин. “Менга қараб ҳаракат қил” деган ўрнак-тарбия услубидан фойдаланиш мумкин. Боламиз маънавиятли, нуқул пул кетидан қувмаслигини хоҳлаяпмизми, аввало, ўзимиз шундай бўлмоғимиз шарт. Адабиёт эса маънавиятни ривож­лантиришга ёрдам берадиган энг қувватли куч. Тарбия замони ҳеч қачон ўзгармайди.
– Тарбиянинг замони?!
– Тарбия замон танламайди. Жамият ахлоқи унинг ривожланишига таъсир қилади. Шакл ўзгаради-ю, маъно-моҳият қолаверади.
– Тарбия бобида Афзал Рафиқов мактаби, шогирдлари борми?
– Мен актёрман, устоз эмас. Устозлик қўлимдан келмайди. Театр ва рассомлик институтида уч ой дарс берганман, бироқ қўлимдан келмаган. Баъзан менга “Афзал ака, сизни устоз десам майлими?” дейишади. Майли, дейман. Маҳоратимни четдан туриб кузатиб ўрганиш мумкин. Ўзимники ҳали ўрганиш жараёнидаман, деб ҳисоблайман.
– Юқоридан Афзал Рафиқов ўз дикторлар мактабини яратсин, деган топшириқ ҳам бўлганди.
– Қўлимдан раҳбарлик, ташкилотчилик келмайди. Мен матнларни диктор эмас, актёр сифатида ўқийман. Спектакль пайтида томошабин диққатини ўзингизга жалб этиб сукунатда матн ўқишингизга ҳеч нима етмайди. Шунинг учун ҳам тўйга юрмайман. Тўйда менга керак бўлган сукунатни бор маҳоратингизни ишга солиб ҳам тополмайсиз.
– Рус драма театрида Эркин Аъзам қаламига мансуб “Танҳо қайиқ” спектаклида Оролбобо ва турк драматурги Тунжер Жужан ўғлининг “Кўчки” спектаклларидаги бобо образингиз бир-биридан фарқланади. Бири ўз ақидасига содиқ, дангал бўлса, иккинчиси фикрини билдиришдан қўрқадиган, бор гапини шивирлаб гапирадиган тимсол. Бир ёшдаги икки чол образида икки хил талқин…
– Ҳаётда ранг-барангликни ёқтираман. Бир хилликдан қочаман. Образларим яратишда ҳам шу. Актёрлик касби инсон феъл-атворига сайқал беришдан иборат. Ролингизни бир хил, қолипда ижро этдингизми, бу ўсишдан тўхтаганингизни билдиради. Ҳар иккала ролим ҳам мен учун талқин жиҳатдан қадрли. Иккала отахон қисматида ҳам ўзлик орқали ўзакни сақлаш фазилати мужассам. Хуллас, ўзбек тили, Навоий, ижром, образларим – барида ўзагимни, ўзимни, ўзлигимни кўраман. Шунга интиламан.

Oldingi sahifaTILIMIZNING ISHLANISHI
Keyingi sahifaSAID & SAIDA
Ulushish

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here