TILIMIZNING ISHLANISHI

0
369
марта ўқилган

Абдулҳамид Чўлпоннинг (1897–1938) ушбу мақоласи ёзилганига ва босилганига қарийб 100 йил тўлди. Уни ўқийтуриб, шу муддат ичида она тилимизнинг бошидан кечирганларини ҳис қилиб, ичингиз узилади.
Шоядки, ушбу дилгир мақола бугуннинг миллионлаб тармоқпарастлари “тил”ини сал бўлса-да ислоҳ қилса…

“Бухоро ахбори”* йўлдошимизнинг шакли: босилиши ҳозир хийла текислашди. Сўнг вақтларда бу газетанинг ўз вақтида мунтазам чиқиб турғани кўруладир.
Қоғозларининг яхшилиғи, ҳарфларининг очиғлиғи, расмлик чиқиб туриши жиҳатидан бу газеталаримиз орасида биринчи ўрунни тутадир. Халқимиз нодон, китоб мутолаага рағбатсиз. Уни шунга ўргатмак ва қизиқтирмоқ учун матбуотнинг очиқ, аниқ, чиройлиқ босдирилиши жуда аҳамиятликдир. Туркистон, Бухоро ва Хива газеталари бунга айрим диққат қилишлари керак.
“Бухоро ахбори” йўлдошимизнинг бу тўғридағи ғайратини олқишлаймиз. Локин йўлдошимизнинг доим кўзга қадалатурған битта зўр хатоси бордирким, уни хайрихоҳлиқ билан айтиб ўтмасак бўлмайдир. Бизнинг кўрсатмак истаганимиз камчилик тил, шева камчилиги, тўғриси, тилга аҳамият бермаслик хатосидир. Бош сарлавҳаси ёнида “адабий жаридаи туркия” деб ёзилған бу газета, маълумдирким, ўзбек шевасида чиқадир. Бухоро ҳукумиятининг расмий тили ҳам ўзбекчадир. Бухородек форс-эрон таъсирига ортиқ ютулуб кетиб, ўз тилидан ажралиб қолған бир ўлка учун, у ердаги кўпчилик авом учун тилнинг аҳамияти жуда зўрдир. Ҳолбуки, “Ахбор” йўлдошимизда бу жиҳатга сира диққат этилмайдир ёки этила олмайдир. Унинг ярим татар ва чала-була ўзбек шевасида босилатурған мақола ва хабарларидан бир неча мисол кўрсатай.
“Ахбор” йўлдошимизда “шунлиқдан”, “тишдан”, “ўздирмоқ”, “тули”, “ничка”, “топқир”, “кабик”, “ортидан”, “соқчилари”, “юнди”, “қотнашдир”, “бик”, “кўб”, “тевиш”, “олу”, “ясов”, “ясалаж(ч)ақ”, “олинажақ”, “қолдирилажақ”, “келачак”, “сиза” каби шевамизга ёт бўлган сўзлар жуда кўб ишлатиладир. Фақат сўзларгина эмас, (айнан) “Бутун саройдағи ғўзани қалай маорифга бериб қўямиз?”; “Оиласи ёнида тунларда йўқласа…” каби жуда ёт, жуда қўпол, ўз эмас жумлалар бор. “Ахбор”нинг 142-сонида “Ўртоқ” деб бошланатурған бир хитоб бор, ундан бир неча жумла кўрсатай (айнан): “Сан дўкончи (?) бўлсанг, тинч савдо (?) қилишқа тиласангдур (?), деҳқон бўлсанг, меҳнат билан йиғнаған (?) ғалланг ҳам қўй, дава; ҳўгиз (?) ва бошқа хил молларингнинг ўғрилар томонидан зўрлиқ билан олинмоқини (?) устамайсангдур” (?)
“Ахбор”нинг бош муҳаррири ўртоғим Қори Йўлдошнинг Масков ва Петроградға бориб келиши муносабати билан ёзиб босдираётқан “Йўл хотиралари”да Петрограддағи “3-нчи Александр мавзаси” тўғрисида (айнан): “3-нчи Александр Русия ҳукуматининг (хориждан кейин ўтирилган) 2-нчи Ниқолай олдида подшолиқ қилған ва рус тарихида ғоят қора жой қутқучи бир золимдур”, дейилган шу қўпол ва англашилиши қийин жумладан бошқа мавза залининг таърифинда: “Қизиғтим рангликдаги мирамирдан”, “биргина тош¬дан ясалған катта ва нафис истўлбалари бор” каби ажиб, атала ибора ва жумлалар бор.
Бу – тилнинг ишланиши!
Энди адабиётнинг (тил билан бирга) ишланишига келайлик: сўнг вақтда “Моиқий” деган бир “шоир”нинг шеърларига йўлуқатурған бўлдиқ.
“Ахбор” шоири биродаримиз ўзининг “Қизил милиция учун” сарлавҳали бир “шеър”ида милиция йигитини (айнан):

Сан бу юртнинг боқчиси (?),
Сан инқилоб соқчиси…
Отанг санинг Арслон,
Сан ҳам ундан қолишманг… (?!)” –

деган бузуқ сўзлар билан таъриф қиладир. Моиқий ўртоқнинг Бухоро деҳқонларига қилган шу:

Қани, деҳқон қариндош,
Кунинг қандай таланғоч… –

хитобини ўқуш билангина дарров онглаб бўлмайдир.
Бу ёш “ўзбек” шоирининг миллий байрамимиз – Наврўзни қутлаб ёзган бир шеъридан кўпрак кўчириб кўрсатмакка мажбурман (айнан):

Наврўз қутлуғ бўлсун янги келган!
Бу кундир биринчи кун Янги йилдан,
Ортидан яна бир кўп йил йиллар келиб –
Кутайлик кўб хайрият ҳар бириндан.
Кечурган неча қалай қайғу-ҳасрат –
Мундан сўнг унутулуб битсун бари.
Одашқан, йўлдан ёзған халқмиз кўб:
Юрупди йўл топа олмай кўзи кўрдан
Айтсанг-да, қичқирсанг-да гап эшитмас
На кўзи, на қулоғи, сўзи бирдан.
Хўш келдинг, Наврўз ака, бугун бизга,
Кўпдан-кўп бағишлайман салом сизга.
Туркман, қорақалпоқ, қозоқ, ўзбек –
Ҳаммаси бош эгади ўзингизга…

Бу йўл тил ва адабиётимиз учун жуда зарарликдир. Бошқа тўғриларда яхши ишлаб келаётқан “Ахбор” йўлдошимиз бу тўғрида ҳам дурустрак бир қадам босмоғи лозим. Бировнинг риоя-хотири учун тилни бузушдан бошқаға ярамайтурған бузуқ шеърларни газетанинг чиройлиқ юзларига чиқариш тўғри эмас. Моиқий ўртоқнинг ўзи ҳам шу ҳақиқатни тушунмаги керак.

Шеърингиз тилни бузар, Моиқий ака,
Бир қадар ҳурмат керак газетага.
Тил учун ишлашингиз “Ахбор” билан!
Самимий саломимиз иккингизга!..

“Бухоро ахбори” – 1920 йил сентябридан 1923 йил октябригача Бухорода ўзбек тилида чиққан газета (кейин “Озод Бухоро”, “Бухоро ҳақиқати”). Чўлпон 1921 йил июлидан 1922 йил февралига қадар шу нашрга муҳаррирлик қилган.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here