BIRINCHI PARTA

0
260
марта ўқилган

Тандирнинг ҳовури оз бўлса-да тарқасин деб Қумри пахса оша қўшни уй айвонига мўралади. Ковушини оёғига илдираётган аёлга кўзи тушиб:
– Орзигул, ҳой Орзигул! – дея қўл силкитди, уст-бошини тўғрилади, рўмоли учига юзини артди. Қўшниси етиб келганида эса пахса устига бўз халтачани қўйибоқ:
– Ўзимизнинг боғдан, – деди.
– Нима экан бу? – Орзигул халтачани силкиб кўрса, шиқир-шиқир товуш келди.
– Ўзимизнинг боғдан, дедим-ку, ўргилай, зардолиқоқи. Шу десангиз, маслаҳатингиз керак.
– Қоқисиз ҳам қулоғим сизда.
– Ўртанчимиз қўлингизда ўқийдиган, биласиз. Эртага парта танлашга боришаркан. Шунга… жойни олдинроқдан берсангиз деб…
– Олдинроқ деганингиз қаер, учинчими-тўртинчими?
– Олдинроқ, ўргилай.
– Иккинчими? – гарчи Орзигул қўшни аёлнинг шамасини тушунаётган эса-да, диққатини оширди.
– Иложи бўлса, яна бироз…
– Шундай демайсизми, қўшни. Нима, орқа қатордан илон чиқибдими?
– Ҳазил қиласиз-да, Орзигул. Ўғлим яхши ўқиса дейман.
– Орқароқда яхши ўқимас эканми?
– Гап унда эмас! – Қумри пахсага яқинлаб, ўнг-сўлига қарагач, шивирлашга ўтди. – Анави Шокир оқсоқолнинг тўнғичи бор-ку, Мақсад, дипломат бўлиб кетибди. Инглиз тили ўқитувчисига бориб учрасам: “Кўз ўнгимда, биринчи партада ўтирарди”, дейди. Ўшанга…
– Шокир оқсоқолнинг қизлари ҳам бор, Қумри, биласиз. Лутфияси юрист, Моҳираси таржимон. Иккаловиям ўзимда ўқиган, тўртинчи партада ўтиришарди. Отаназар боғбоннинг набираси Достон – тунов куни докторлик ишини хорижда ёқлаб келган-чи, биринчи синфдан то тўққизни тугатгунича орқа партада ўтирган.
– Шундайликка шундайку-я, биринчи барибир биринчи-да.
Шу дам Қумрининг нон ёпаётгани ёдига тушиб, гаплари қийилди.
– Ҳовури тарқамасин, ўргилай, маслаҳатга ҳалироқ ўтаман, – Қумри зувалани ёйиб, тикочлаб, хамирни рапида юзига қўйди-да, сув сепгач, елкасигача тандирга кириб, тап этиб урди. Халтачадаги қоқилар пахса устида дўппайиб қолиб кетди.
Пешин бориб ўн-ўн беш уй нари-бериси Сарагул момо муаллимни йўқлаб келди.
– Орзигул, набирам сенга тушибди – исми Жамила.
– Шундай, момо.
– Набирам орқада ўтирмаса дегандим, яшил тахтанг кўринмайди. Кўринмагандан сўнг ўқишиям тузук бўлмайди.
– Ёмонсиз, момо, кўп нарсани биласиз. Лекин… яшил тахтанинг тагида ўтириш шунчалик муҳимми?
– Тагида ўтирмасин, кўринсин. – Сарагул момо гапниям саралаб айтарди. – Кемани биласан-а, Орзигул, елканли кемани. У денгиз тўлқинларини қандай кесиб ўтишиниям биласанми? Олди учқур, кескир бўлгани учун. Биринчи қатор ҳам кеманинг олдидай гап. Жамиламнинг билими зўр бўлса, ҳар қандай тўлқинни кесиб ўтса дейман…
– Сиз айтаётган кеманинг елканиям бор, момо, лангариям, – Орзигул бир пиёла чой узатаркан, Сарагул момо хиёл ўйга толди. Чойини ича солиб ўрнидан қўзғалди. Эшикка етмай тўхтади. Ним қайрилиб:
– Елкан бўлса, елкан-да, – деди. – Муҳими, тўлқинларни кесиб ўтишда нафи тегсин.
Шомга яқин бўсаға томондан тақа-туқ товуш келди. Раис отидан тушиб, жониворни жиловидан ушлаб турарди.
– Кўпам вақтингни олмайман. Кенжамнинг ули олдинроқда ўтирса, яхшироқ ўқиса, дегандик…
– Ҳурматингиз бор, Мардон ота, – Орзигул раиснинг от жиловини қўйиб юбормай ушлаб турганидан шошаётганини фаҳмлаб ичкарилади, патнисда нон ола чиқди. – Эшитишимча, партасиз ўқиган экансиз, ота? – деди-да, патнисни раисга узатди.
– Шундай, қизим, шундай. – Мардон ота тасдиқ маъносида бош ирғаб, нондан ушатиб олди. Муаллимнинг нима демоқчи эканини илғаб, зиёд сўз қилмай, узангига оёқ солди. Жонивор уч-тўрт туёқ отмаси “др-р-р-р” деб сувлуқни ўзига тортиб тўхтатди.
– Партасиз ҳам ёзиб-чизганмиз, қизим, партасиз ҳам! – дея отини чуҳ-чуҳлади.
Бу орада Қумри қўлида бўз халтача ва иккита нон билан кириб келди:
– Орзигул, шугинани унутиб қолдирибсиз. Чин кўнгилдан, ўргилай. Боя гапимиз чала қолувди…
– Тугамовди денг?
– Кўрмайсизми, Назар устанинг ўғлиям зўр архитектор бўлиб етишибди. Сўраб билдим, уям биринчи партада ўтирган экан.
– Ўлманг, Қумри, бор бўлинг! – Орзигул жилмайиб чой қуйди. – Юринг, сизга бир нима кўрсатаман.
Қумрининг пиёладаги чойни ичишгаям сабри етмай, қўшнисига эргашди.
– Мана буларни кўраяпсизми? – муаллим ҳовли ўртасидаги дарахтларга ишора қилди. – Бўй тортиб боравергани сайин ўйларим кўпаяди, қўшни, ўйларим. Қаранг, улар япроқларини қуёшга тутаётгандай туюлмаяптими сизга?! Ҳов анави дарахт, олдинроқдаги, унинг ёнидаги – барчаси… Парталар ҳам шундай. Биринчи бўладими, иккинчими ёки охирги – фарқи йўқ, бағрига олган ўқувчисини улғайтиради. Кимгадир сабаб, кимгадир баҳона бу парталар. Аслида, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Мана масалан, сиз…
– Менми, ўргилай?! – Қумри гапнинг қаёққа қараб бораётганини тушунмай шошиб қолди.
– Ҳм-м, айланай, ўзингиз! Нечанчи партада ўтиргансиз?
Қумри кўзларини чирт юмиб эслашга уринди: ана, оқ фартук ва оппоқ ленталарда синфхонага кириб келди, дугоналари билан сўрашди, орқа қаторларда тўхтамади, юриб бораверди. Учинчи, иккинчи… Хаёлида ўзини бошқаришга ҳарчанд уринмасин, доскага яқинлаб қолди. Сумкасидан қийиқча олиб, биринчи партанинг чангини артаётганида кўзларини очди…

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here