TANLOVIMIZ – O‘ZIMIZ

0
149
марта ўқилган

Дунёга машҳур трансмиллий технологик компания – “Amazon”нинг асосчиси Жефф Безос тўққиз йил аввал Принстон университети битирувчилари олдида истеъдод ва танлов ўртасидаги фарқ, совуқ ақлдан кўра меҳрибонлик, покиза қалб муҳимлиги ҳақида нутқ сўзлаган. Қарорларимиз шамойилимиз ҳамда келажагимизнинг инъикоси эканига урғу берган тадбиркор ёшларга танлов ихтиёри хусусида муҳим маслаҳатларни беради.

Болалигимда бутун ёзни Техасда, бобом ва бувим яшайдиган қишлоқда ўтказардим. Тегирмон тузатишми, мол-ҳолни ўтлатишми, хуллас, нимани буюришмасин, индамай бажараверардим. Ҳар куни, тушликдан сўнг давомий операларни, айниқса, “Умримиз онлари”ни мириқиб кўрардик. Бобом билан бувим “Эйрстрим” карвон жамоасининг АҚШ ва Канада бўйлаб саёҳат қилиш имконини берадиган “Караван Клуб”и аъзоси эдилар. Гоҳи саёҳатчиларга қўшилиб дунё кезардик. Кўпинча, “Эйрстрим” карвонига бобомнинг уловида етиб олиб, қолган йўлни уч юзтача сайёҳ билан бирга босиб ўтардик. Бобом билан бувимга меҳрим беҳад эди. Бундай саёҳатларни интиқ кутардим. Сафарларимизнинг бирида, чамаси ўн ёшлар эдим, машинанинг орқасидаги кенг-мўлгина ўриндиққа баҳузур жойлашиб атрофни кузатиб кетардим. Бобом уловини маромида бошқарар, бувим эса унинг ёнида кета-кетгунча тинмай чекар, борган сари тамаки тутуни ғазабимни қўзитарди.
Ўшанда ўзимча арифметик ҳисоб-китобга ҳам, таъбимга ўтирган ишга ҳам дарров киришиб кетардим. Сарфлаган ёқилғимизни чамалаб, ҳисобот тайёрлагандим, жавоби худди баққолга беҳуда пул совургандек чиқди. Бир куни кашандаликка қарши кампаниянинг рекламасига кўзим тушганди. Аниқ тафсилотлари ёдимда эмас, аммо ўша рекламада тамакининг бир пуфлагандаги тутуни умримизнинг бир неча сонияларини ўғирлаши акс этганди. Адашмасам, тутуннинг ҳар халқаси умр соатингизни икки дақиқага қисқартиради. Нима бўлганда ҳам, бувим учун математик ҳисоблаб кўришга ботиндим. Ҳар куни чекиладиган тамакиларни, битта сигаретадан чиқадиган тутунни ва бошқа шунга ўхшашларни тахминий чўтладим. Ҳисоб-китобим якунланиб, керакли рақамларда тўхталгач, бошимни олдинга чўзиб, бувимнинг елкасини оҳиста туртдим. Сўнг ғурур билан: “Ҳар икки дақиқада чиқарилган тутун умрингизни тўққиз йилга қисқартираркан!” дедим.
Хотирам жуда мустаҳкам. Кутганим рўй бермаганини, ақлим балолиги-ю, арифметик қобилиятим мақталмаганини яхши эслайман. “Жефф нақадар ақллисан, а! Айёрона усулларинг билан йилларга тенг дақиқаларни ҳисоблаб, яна бўлиб ҳам чиқибсан, азамат!” деган мақтов ўрнига бувим пиқиллаб йиғлашга тушди. Жойимга чўкиб, ажабланганимдан каловланардим. Бувим йиғидан сира тўхтамас, охири, жимгина кетаётган бобомнинг тоқати тугаб, уловни катта йўл четидаги тепаликка кўндаланг тўхтатди. Машинадан тушиб, тўғри олдимга келиб, эшикни очди-да, ортидан юришимни сўради. Қўрқди, дейсизми? Асло. Бобом закий, ўта беозор инсон эди. Илгари сира сўкмаган, дакки бермаганди, эҳтимол, буниси биринчисидир? Балки ортимга қайтиб, бувимдан кечирим сўрашимни уқтирар? Бу дилхираликни ҳал этишга ақлим ноқис, оқибат қандай тугашини хомчўтлашга мадорим етмасди. Тиркаманинг ёнбошида таққа тўхтаб, юзимга хийла тикилгач, ўта мулойим ва сокин овозда: “Жефф, кун келиб меҳрибонлик ақлли бўлишдан-да қийинлигини англаб етасан!” деди бобом.
Бугун сизларга ҳадялар ва танловлар орасидаги фарқни нега шарҳламоқчиман? Ақллилик – бу ҳадя, меҳрибонлик эса танлов. Ҳадя олиш осон. Улар шундоғам берилаверади. Танловлар қийин. Чорасини кўрмасангиз, туҳфалар сизни осонгина маҳв этади ва ҳатто танловингизга зиён етказиши мумкин.
Бу жой кўпгина туҳфалар йиғилган маскан. Ораларингизда кимларгадир юксак қобилият ва ўткир ақл инъом этилган. Негаки, ҳақиқий курашларда – имтиҳонларда тобланмаганингизда, мураббийларингиз илмингизни муносиб баҳоламаганида, қаршимда ўтирмасдингиз.
Шу чоққача ўқиган-билганларингиз мўъжизалар оламига сайр-саёҳатга йўлланма. Барчамиз – ер юзида судралиб яшасак-да – ўзимизни ҳайратлантиргимиз келади. Тоза энергия манбасини олишга интилдик – уддаладик. Атомни атомдан ажратиб, жуда митти ускуналар яратдикки, улар ҳужайра деворларимизга қадар бориб, касалликнинг томирини қуритиб, шифо улашяпти. Келаётган ойлар ҳам бир-бирига ўшхамайди, бироқ онги-шууримиздаги ахборотни ўзгартириш имконсиз. Келажакда инсон хаёлидан ўтаётган фикр-ўйларни-да ўқий олишингизни сезаяпман. Жюль Верн, Марк Твен, Галилео Галилей, Исаак Ньютон – даврининг илғорлари айни шу замонада яшашни чин дилдан исташарди, назаримда. Ҳозир кўз ўнгимда қанчадан қанча истеъдодлар, бетакрор шахслар, иқтидорлар турибди.
Истеъдодингизни нимага, қандай сарфлайсиз? Ёки қарору иқтидорингиз билангина ғўддайиб яшайсизми?
“Amazon”ни яратиш ғояси ўн олти йиллар аввал туғилган. Ўшанда интернет фойдаланувчилари йилига 2300 фоизгача етиши мумкин, деган маълумот тасодифан қўлимга тушиб қолди. Фойдаланувчилар сони тез суръатда ўсишини тасаввуримга сиғдиролмай, миллионлаб обуначига эга онлайн китоб дўкони очиш – ҳақиқий ҳаётда ҳам бунга ўхшаш хомхаёлни амалга ошириш мушкул бўлган палла – тинчимни ўғирлади. Эндигина ўттизга кирган, уйланганимга йил ҳам тўлмаганди. Рафиқам Маккензига ишимни ташлашимни, то бу пуч хаёллар (кўпгина лойиҳалар бошланмай якунланади, албатта) амалга ошмагунича йўлдан қайтмаслигимни айтдим. Принстон университетини битирган, айни дамда иккинчи қаторда ўтириб, сўзларимни тинглаётган рафиқам таваккалига иш бошлашимни маслаҳат берди. Болалигимда ўзимча гараж ясаганман. Шиналарга тўлдирилган цементдан ўзи ёпиладиган эшик, соябон ва зарқоғоздан беўхшов ясалган қуёш плитаси, товадан эса чақирув сигнали ҳосил бўлганди. Ҳар доим ихтирочиликка қизиқардим. Рафиқам эса кўнглим амрига бош эгишимни таъкидлади.
Нью-Йоркдаги молиявий фирмада касбининг уддабуронлари билан ишлардим. Ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган, ишни дўндириб қўядиган бошлиғим бор эди. Унинг олдига бориб, интернетда китоблар сотишни бошлашимни айтдим. Марказий хиёбонда айланиб келмаймизми, деди-да, йўл-йўлакай: “Ғоянг ажойиб. Лекин кўпчиликнинг орзусидаги ишхона ходимини танлагани чакки бўлибди” деди. Ҳаммаси равшан. Қарорим ҳақида такрор ва такрор ўйлаб, якуний хулосага келишим учун қирқ саккиз соат муҳлат берди. Ҳақиқатда мушкул танлов. Бироқ буни амалга оширмаслик имконсиз. Муваффақиятсизликка учраш, омад юз буриши, бошлаган ишимнинг чаппа айланиши – булар ҳақида асло ўйламасдим. Ҳеч қурса бир мартага уринмай, афсусланиб яшашдан қўрқардим, холос. Узоқ режаю таваккалдан сўнг энг оқил йўлни танладим. Кўнглим буюрган ишни қиламан ва бу танловимдан ғурурланиб юраман!
Эртага ҳаётингиз бошланади – қарийб энг бошидан бошлайдиган ҳаётингиз.
Истеъдодингизни нималарга сарфламоқчисиз? Қандай қарорларни мақбул топасиз?
Эл қатори, сокин-беғам яшайсизми ё ичингизни қиздириб, тинчингизни ўғирлаган лойиҳаларга уннайсизми?
Жамиятда томир отган қолипларга эргашасизми ёхуд шахс эканингизни исботлайсизми?
Осон, енгил ҳаёт маъқулми ёки машаққатга тўла, аммо воқеа-ҳодисаларга бойими?
Танқид остида қолиб эзилиб яшаш дуруст­­­ми ёки эътиқодда собитлик?
Хатоларни тўғрилаш йўлини қидирасизми ёхуд афсус-надоматга кўниб қўяқоласизми?
Севгингиз рад этилса, жимгина кетаверасизми ёки курашасизми?
Хавфсиз, машаққатсиз йўл яхшими ёки бироз хавф-хатарга тўласими?
Қийин вазиятларда дарров четга чиқасизми ёки аксинча, қатъиятга суяниб олға юрасизми?
Вайронкорликни танлайсизми ёки бунёдкорликни?
Совуқ ақл соҳиби дейишлари яхшироқми ёки оқкўнгил, меҳрибон инсон?
Таваккални таклиф этардим. Саксонни қаршилаганингизда ҳам сокин гўшада ўй сурганча ўтмишингизни ҳикоя қиларкансиз, ҳикоянгизнинг энг қизиқ ва лўнда жойи, албатта, кўнгил буюрган ишларни бажарган даврингиз бўлади. Ниҳоят, биз – қарорларимизнинг шамойилимиз. Ўз тарихингизни, келажагингизни яратинг. Эътибор учун ташаккур, омад тилайман!

2010 йил.

 

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here