QAYG‘URMA, QUVONIB HAM KETMA

0
260
марта ўқилган

Темур Умаров
1997 йили Тошкентда туғилган
2018 йили Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетини тамомлаган
Мутахассислиги бўйича иқтисодчи
“GroundZero Kitob Olami” коворкинг
маркази раҳбари
Германиянинг Магдебург
университети магистранти

Оддий зиёли оиламиз. Ойим ТошМИда ўқитувчи, сўнг кафедра мудири бўлиб ишлаган, доцент. Отам ҳарбий хизматчи бўлган, ҳозир нафақада.

Тўққиз ёшда эдим. Пойтахтимиздаги Ойбек номидаги 1-сон мусиқа ва санъат мактабига қатнардим. Бироқ ўзим истаб эмас. Ҳар гал дарсдан чиққач, фортепиано синфига қатнадим. Нақ беш йил! Устозим Вячеслав Ивановичдан сабоқ олдим. Ҳозир улар нафақада, 83 ёш. Қўнғироқ қилиб тез-тез йўқлаб бораман. Ҳозир ҳам ҳафтада икки бора репетиторга қатнайман. Мусиқа билан шуғулланиб тураман. Рости, олдинига мусиқага уйдагиларнинг мажбурлови билан кўнганман, бундан сира афсусланмайман. Мусиқа фикрларингга тартиб беради, мақсадга эришмагунча ҳаракатланишга ўргатади. Бошда алам қиладигани, тенгдошларим футбол ўйнагани чақиришганда мен нуқул уйда клавишлар билан банд ўтирардим. Бах, Чайковскийдан чалардим. Хаёлимда эса болалигим болалик эмас, тергашлар остида ўтиб бораётгандек. Опаларим Азиза ва Малика жуда талабчан эди: токи дарсимни якунига етказмагунимча ёки мусиқадан уйгавазифани бажармагунимча тепамда хабар олиб туришарди. Чунки сал кўзини узишса, тамом, дангасалигим ё ўйинқароқлигим тутиб, ташқарига – ўртоқларим сафига қочиб қолишим аниқ эди-да…

50-мактабда тўққиз йил рус синфида ўқидим. Лицейда ўқиб юрганимда инглиз тилига эътиборни кучайтиришим шартлигини тушуна бордим. Чунки тил имкониятларга кенг йўл очадиган восита. Ўша дам Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети талабаси Жаҳонгир ака ҳафтанинг пайшанба, шанба кунлари мулоқот-дебат клубини ташкил қилганди ва унда 50 га яқин одам қатнардик. Ҳар бир спикерга икки дақиқа ажратилар ва унга иккита мантиқий савол беришга имкон бериларди. Инглиз тилидаги оғзаки нутқимни ушбу дебат клубида такомиллаштирганман. 2014–2016 йилларда эса Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг 4-қаватида ўз дебат клубимизни ташкил қилгандик. Клубнинг аксарият аъзолари ҳозир инглиз тилида бемалол сўзлашади, нуфузли халқаро университетларга ўқишга кирган.

Бир муддат шахмат тўгарагига ҳам қатнадим. Шахмат ва мусиқадан танлов эълон қилинса, мактаб ва лицейимиз номидан мен борадиган бўлиб чиқардим. Бу эса менга тобора ишонч берарди.

Ҳаракат, аввало, боланинг ўзида бўлсин. Ота-она, яқинлари унга имконият яратиб берувчи позициясида турса, кифоя. Фарзанди ўрнидан ўзини ўққа-чўққа ураверса, у биринчи навбатда ўзи эришолмган, ўзи учун армон бўлиб қолган орзуни ушалтиришга тиришаётган бўлади. Ўғил-қизининг олдидан чиққан ҳар зил тошни ота сифатида олиб қўйишдан тийилмас экан, бола ҳам бунда одатланиб бораверади. Бола қанчалик асраб-авайлаб ўстирилгани сайин, мустақил қарор қабул қилишга қийналади.

Синфдошларимга ота-онаси кунлик уч-тўрт минг сўм бериб юборганда, ота-онамдан қўлимга тегадигани минг сўмгина эди. Улар хот-дог, кола харид қилаётганда икки дона булочка билан қаноатланардим. Сувни эса доимгидек ўзим билан уйдан олиб келардим. Ота-онам нега пулга бунчалар қаттиқ деб ўйлаб қолардим баъзан. Бироқ шахмат, мусиқа, математикадан тўгарак, қўшимча дарсларимга пулни аяшмаяпти-ку! Ҳа, буларга озмунча пул кетмасди. Шунда уларга ёрдам бериш истагида ёз палласи боғимизда ғарқ пишган мевалардан териб қўни-қўшниларга сотардим.

Шахматдан дарс бера бошладим. Ўшанда ҳали 16 ёшман, ҳафтада бир марта, қирқ минг сўмдан уч соат дарс ўтганман. Ўша қирқ минг сўм ҳафтага етиб ортарди. Бориш-келиш, тушлик – ҳаммасини чамалаб олгандим. Лицейдалик чоғимда ўзимни ўзим шундай таъминлаганман.

Опаларим ўз пайтида Буюк Британия ва АҚШ университетларига грант ютиб таълим олган. Оилавий анъанамизга содиқ қолиб, магистратура тизимида таълимни давом эттириш учун опамлардан фарқли, Германияни танладим. 2016 йилнинг июнь ойидан Тошкентдаги Гёте институтига қатнаб немис тилини жиддий ўргана бошладим. Кейинчалик университетнинг ижтимоий фаолиятига аралашиб, халқаро лойиҳаларда қатнашдим, ўз навбатида IELTSдан имтиҳон топшириб 7 балл олдим.

Ниҳоят орадан уч йил ўтиб, Германия ҳукуматининг тўлиқ стипендияси билан таъминланадиган (DAAD) дастури асосида магистр­атурага қабул қилиндим. Ўтган йили иккинчи босқичдан – суҳбатдан ўтолмаган эдим. Бу йил пухта тайёрланганим боис ушбу вазифани ҳам уддаладим. Магдебург университетининг Халқаро менеж­мент, маркетинг, тадбиркорлик йўналишига ўқишга қабул қилиндим…

Вестминистр университетининг биринчи босқичини тугатгач, ҳам инглиз тилида мулоқотимни ўстириш, ҳам пул топиш ниятида ёзги таътилда илк марта чет элга чиққанман. Ўшанда 18 ёшда эдим. АҚШнинг Висконсин штатидаги Мэдисон шаҳарчасидаги чоғроққина юнон кафесида ишлаганмиз. 250 минг аҳоли бор Мэдисон асосан талабалар яшайдиган шаҳарча ҳисобланиб, унинг қарийб 50 мингини дунёнинг турли бурчагидан келган талабалар ташкил қиларди. Шаҳарчадаги дўкон ва овқатланиш шохобчаларида асосан талабалар хизмат қиларди. Кафенинг талаба-официантлар юрадиган йўлаги бўлиб, ҳар ерга турли афоризмлар илиб ташланганди. Улардан бири ёдимда. Мазмуни мана бундай: “Инсон пляждагидек хаёл суриб ўтираверса, такомиллаша олмайди. Агар ҳаётда катта бурилишлар ясамоқчи бўлса, энг илғор ғояларни ҳаётида қўллаши шарт. Мувафаққиятга эришиш тўғри қарор чиқара олишдадир”. Ҳаётда доим шу шиорга амал қилиб келаман.

Ўша кезлар катта маросимларга мўлжалланган (сиғими 2000 кишидан кўпроқ) ресторанда хизмат кўрсатишни ўрганганман. На пиёз арчиш, на овқат тайёрлашдан бохабар боланинг ҳолини энди тасаввур қилаверинг. Америкада бирор маросим ё тўй-тантана ўтказилишидан аввал меҳмонларга махсус электрон таклифнома юборилади. Бундан мақсад улар нимани хуш кўради – балиқ, товуқ, гўштми ёки мева-сабзавотли таомлар, гўштхўрми ё вегетариан – шулар ойдинлаб олинади. Бирор нимага аллергияси борлар учун махсус глютен-фри таомлар ҳозирланади. Юнон кафесида уч кун кетма-кет халқаро конференция бўлгани туфайли ресторанда уззу-кун хизмат қилган дамларим ҳам бўлган. Кўпчилик мени юнон деб ўйларди.

АҚШга боришда асосан уч мақсадни кўзлаганман:
Шахсий бизнесимни йўлга қўйиш;
Ўзганинг қўлига қараб қолмасдан, ўз пулимни ишлаб топиш;
Ғарб маданияти ҳақида кўпроқ ўрганиш.

Дўстим билан ижарага уй олиб яшай бошладик. Майда-чуйда харажатлар ҳам нақ икки юз эллик долларни ютиб юборди. Қарасак, пулсиз қолиб кетадиганмиз. Иш излашга тушдик. Резюмелар ҳеч қандай натижа бермади. Биз борган шаҳарчада иш берувчи юзма-юз мулоқотдагина ишга қабул қиларкан ёки йўқ. Юнон ресторани ва боя айтганим маросимлар ўтказиш ресторанига ишга киришим ҳам юзма-юз мулоқот натижаси.

Пул тежаш мақсадида кўчадан умуман овқатланмасдик. Нонуштага АҚШда энг арзон ҳисобланган банан, ерёнғоқ мойи, қиёмли нон ердик. Кечликка эса макарон, тухум, чипс, гўшт сотиб олардик. Тақдир тақозоси билан шу тарзда тежамкорликка ҳам, овқат тайёрлашга ҳам ўргандик. Уйда ота-онангга суяниб оғир-енгилнинг фарқига бормас экансан, ҳаёт пулсиз қолиш нима эканини англатиб қўйди. Шундай дамларда Эзопнинг “Пулинг кам бўлса қайғурма, кўп бўлса ҳам қувониб кетма” ҳикмати далда бўлган, қийин вазиятлардан олиб чиққган.

Бўш вақтда шаҳардаги кутубхонага боришни ёқтирардим. У ерда мингдан ортиқ китобларни ўқиш, интернетдан фойдаланиш, онлайн шахмат ўйнаш имкониятига эга эдим. Мусофирчилик менга ўз-ўзимни, нималарга қодирлигимни англатди, яқинларим қадрига етишни ўргатди.

Келажакда тадбиркор ёки менежер бўлишимни вақт кўрсатади. Ўзимни негадир кўпроқ менежерлик соҳасида кўраман. Феъл-атворим жиҳатдан интровертман. Менга жамоатчилик билан ишлаш ёқади. Кимки диққат-марказда бўлишни истаса, ҳамма ерда саҳна ярата олади. Бунга мисол тариқаси OPEN-AIR мусиқа дастурини олинг. Энг қийини шу – одамлар диққат-эътиборини жалб эта олиш. Бу мезон тадбиркорликда ҳам муҳим рол ўйнайди. Охирги иш жойим “GroundZero Kitob Olami” коворкинг марказида ҳамма учун қулай ўзаро мулоқот майдонини ярата олдим, деб ўйлайман ва кўпчиликда фикр алмашиш имкони туғилди. Бу имконнинг кун сайин кенг қулоч ёйишини, одамлар ўз келажаги учун астойдил қайғуришини истайман.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here