IBROHIM MO’MINOV

0
177
марта ўқилган

Эл орасида “Шофиркон – олимлар диёри” деган лутф бор. Бу гап ҳақиқатдан узоқ эмас, албатта. Чиндан, Бухоронинг бошқа туманларига нисбатан Шофиркондан кўп олим етишиб чиққан. Бунинг сабаблари эса ҳар хил. Мана, Тезгузарни олайлик. Шофирконнинг шимоли-шарқидаги бу қишлоқ Жилвон чўли этагида жойлашган. Биз томонларда илм-фан ва олимликдан гурунг кетганда, аввало, шу қишлоқ тилга олинади. Тумандаги илмсеварлик ва илмий даражаларга соҳиб бўлиш дастлаб Тезгузарда анъанага айланган. Болаларининг кўп вақти қўй боқиб, пода ҳайдаб ўтган бу кентда ё фарзанди ёки қариндош-уруғи олимлар қаторига қўшилмаган оила топилмаса керак. Бу ғаройиб ҳодиса марказида эса Мўминовлар сулоласи туради. Унинг илк машҳур вакиллари Мусо ва Иброҳим Мўминовлардир.

Шарқда зўр олим шахси ва фаолиятига алоҳида умид, алоҳида бир эҳтиром билан қаралган. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ўғли Султон Валад “Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир”, ҳадиси хусусида баҳс юритиб, илм тармоқлари шу қадар кўпки, уларни юз минг йилда ҳам ўрганиб бўлмайди, аммо ҳақиқий илм соҳиблари анбиё ва авлиё мақомига юксалган зотлардир, дейди. Чин олим ва аллома қалбидаги самимият, илмидаги теранлик ва ҳаққоният валийларникидан унча фарқланмайди. Зеро, нур офтобнинг, ҳарорат оловнинг, ширинлик болнинг сифати бўлганидек, илм ва маърифат зиёси ҳам олимнинг кўнгил сифати ва хусусиятидир. Шунинг учун ҳар бир улкан олим миллат руҳи, миллат тақдиридан йироқлашган таълим-тарбия шахс етиштириш учун эмас, балки фикр савияси жуда чекланган, иродаси суст ва моддий манфаатдан бошқасини тан олмайдиган ҳар хил касб ёки ҳунар эгаларини тайёрлашдан нарига ўтолмаслигини бехато англаган. Дарҳақиқат, руҳсиз, идеалсиз бир ўқиш кучли ва мустақил характерни – шахсни шакллантириш ўрнига, уни майдалаштиради, охир-оқибатда эса ёшликни лоқайдлик, тақлид ва маслаксизликка қурбон қилади.
Ўзининг миллий салоҳияти ва тафаккур куч-қувватига ишонч кучайишини истаган халқ биринчи навбатда Шахсни вояга етказадиган таълим-тарбия тўғрисида ўйлаши зарур: токи унинг фарзандлари тарих бағрига эркин кириб бориб, тарихий-маданий муаммоларни ўзича бемалол ҳал қилсин; токи ҳар бир ҳаракат ва уринишнинг ахлоқий-маънавий мазмуни мавжудлигини аниқ англасин; токи ўқиш-ўрганишдан одамийликни севган покиза юраклар камол топишига ҳеч шубҳаланмасин. Ана шунда Ватан ишқи ва миллат тушунчаси юракда янги бир нафас, бетакрор бир ёлқин билан жонланиб, руҳоний уйғоқлик ўз-
ўзидан кучланиб боради. “Илм – ўзни англаш”, дейилишининг ҳам, катта олимларни ўзлигини англаган шахс сифатида улуғланишининг бош сабаби – ибратга лойиқ фазилати ҳам ана шу. Бизнинг тарихимизда эса фикр-қараши фавқулодда баланд, илми эл-юрт муҳаббати ва қисмати билан уйғунлашиб кетган алломалар сони оз эмас. Шулардан бири йигирманчи аср ўзбек файласуф ва мутафаккирларининг пешвоси академик Иброҳим Мўминовдир.
Иброҳим Мўминовнинг ҳаёти, шахси, илмий-маърифий фаолияти тўғрисида сўзлаш – фикр эркинлиги бўғилган, мафкура ханжарлари доимо ярқираб турган энг қаҳрли замонларда ҳам миллий маслак ва эътиқодга содиқликдан сўзлаш демак. Унинг фикр ҳаётига кириб бориш – олимлик нақадар зўр ақл, кучли ирода, ўткир мушоҳада ва шижоатга таянишига тан бериш демак. Иброҳим Мўминовнинг илмий мероси – давр ва мафкура таъсирида туғилган айрим хато ва чекланишларига қарамай, бизу сизни Форобий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Бедил, Аҳмад Дониш каби ўнлаб алломаларнинг илм ва тафаккур оламига олиб ўтадиган ишончли бир кўприк. Иброҳим Мўминов китобларини ўқиган киши Шарқдан туриб Ғарбга қарашга, дейлик, Гегель таълимотини ўрганиб, Шарқ фалсафасининг ҳаётий куч-қувватини яна ҳам теранроқ ўзлаштиришга майл сезади.

Бухоро заминида туғилган ва Бухоро ҳавосидан нафас олиб улғайган одамда битта туғма имтиёз бор: Аллоҳ ундан фаҳм-фаросатни дариғ тутмаган бўлса, у ҳеч бир нарсани илму донишдан юқори ва афзал ҳисоб­ламайди.
Қайси даражада бўлмасин, болаликдаёқ илм завқидан бебаҳра қолмайди: оила бўлмаса, маҳалла, маҳалла бўлмаса, қишлоқ ё мактаб унинг мурғак қалбида билимга ҳавас уйғотади. Шофиркондаги қарияларнинг, адашмасам, ўнтадан саккизтаси ҳозир ҳам болаларни: “Илоҳо, зўр олим бўлгайсан!” деб дуо қиладилар. Чунки улар зўр олимликни, ҳеч шубҳасиз, Иброҳим Мўминовга издош бўлиш, худди унга ўхшаб Шофиркон шаън-шавкатини баландлатиш деб тушунадилар. Мен, айниқса, ўрта мактабда ўқиб юрган кезларим буни яхши ҳис қилганман.
Дарвоқе, Иброҳим Мўминов ўзи қандай олим? У киши нималарни ўрганиб, қанақа китоблар ёзган? Ушбу саволларга ўзим мустақил жавоб топишга интилганман. Домла билан ҳали юзлашиб гаплашганим йўқ. Аммо тасаввуримда – хаёлий кўришиш ва сўзлашувлар кўп кечган.
Бухорода институтда ўқирдим. Иттифоқо, Аҳмад Дониш “Наводир ул-вақое”сининг ўзбекча таржимаси қўлимга тушиб қолди. Иброҳим домла унга сўзбоши ёзган эканлар. Дониш бобомизнинг китобини ҳали ўқимаган бўлсам-да, Садриддин Айнийнинг “Эсдаликлар”идан унинг кимлигини, ҳарқалай, билардим. Асар сўзбошиси билан танишгач, Донишнинг вазмин ва нуроний сиймоси кўз ўнгимда тамоман ўзгача тарзда ёришиб-гавдаланиб кетди. Ўшанда биринчи бор Иброҳим домлани мен тафаккур ва моҳият талқинчиси сифатида танидим. Бу “танишув” Аҳмад Донишга ихлос ва меҳримни нечоғлик кучайтирган бўлса, Иброҳим Мўминов асарларига қизиқишимни ҳам шунча орттирди.
Орадан унча кўп вақт ўтмади, домланинг Мирзо Бедил фалсафий қарашлари таҳлилига бағишланган китобини ўқишга киришдим. Ростини айтсам, илк мутолаада ундаги асосий фикр-мулоҳазаларга унча тушунмадим. Китоб саҳифаларига қайта-қайта кўз югуртиргач, Бедил фалсафасининг марказий масаласи нима, унинг фавқулодда кучли ва ибратли жиҳатлари қаерда, Бедил олам ва одам сир-
асрорини билишда қандай ҳақиқатларни кашф қилган эди – аста-секин буларнинг мағзини чақиш енгиллашганди. Мабодо ўша китоб дин қораланмаган, тасаввуфни ўрганиш тақиқланмаган бир шароит­­да яратилганда борми, нисбатан ўзгача асар дунёга келарди. Лекин шу ҳолида ҳам унинг ўрнини босадиган, унга тенглашоладиган тадқиқот ўзбек тилида ҳануз яратилгани йўқ.
Иброҳим Мўминов ҳаёти – илмидан, илми – шахсий ҳаётидан ажралмаган олим. Унинг табиатида Донишга хос хокисорлик ва билағонлик томир ёзган. Айний сабоқлари унинг фазилатларига фазилат қўшган. Бошқа бировникига ўхшамайдиган энг нозик, энг хосиятли хусусиятлари билан у инсон қадр-қимматига мардона куйинган Мирзо Бедилни эслатиб туради. Аслини олганда, илмнинг аввали – инсоншунослик. Инсонни ботиндан танимаган уни севолмайди. Инсон руҳини англаш – уни қадрлашнинг биринчи шарти. Кимда ким Иброҳим Мўминовга хусумат, маломат, таънаю танқид тошларини ёғдирган бўлса, у ҳасад оловида қоврилган, тўғри деб эгрига, эзгулик деб ёвузлик ва зўравонликка суянган. Бундайлар Иброҳим Мўминов қалбида тўлиб-
тошган диёнат зиёси ва маърифат нурини тасаввур ҳам қилолмаган кимсалардир. Шу боис улар домлага ўзлари каби нафсга қул, обрў-эътиборга асир, манфаатга таслим бир риёкор банда деб қарашган. Ва қаттиқ адашишган. Бундай адашувнинг зарару зиёни эса ҳазилакам эмас…

Иброҳим Мўминовнинг ҳаёт ва ижод йўли, Ўзбекистонда ижтимоий фанларни ривожлантиришдаги беқиёс хизматлари, устозлик ва раҳбарлик маҳорати борасида кўп ёзилган. Уларда мақтов, эътироф, шарафлаш ва миннатдорлик – барча-барчаси мавжуд. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки у илм-фан тақдирига ҳар доим виждон ва бурч нигоҳи билан қараган. Болаликдаги беғуборлик, қишлоқ кенгликлари, она қишлоғининг қадрдон манзаралари, қишлоқ одамларига хос табиий ва ҳассос туйғулар унинг кўнглини бир умр тарк этмаган. Ўлимидан озгина муддат аввал Иброҳим домла машинада қишлоғига борган. Кўришишни кўзлаган одамлар билан дийдорлашган. Зиёратгоҳ жойларни зиёрат қилган. Тошкентга қайтишда бир пайтлари қўй боққан Жилвон барханларидан қопда қум олиб келган. Кўнгли сезганми-йўқми, бир нима дейиш қийин, аммо худди шу сафар домланинг жонажон Тезгузари ва қариндош-дўстлари билан видолашув сафари бўлган. Оёқ оғриғи учун келтирилган қумнинг бир қисми эса кўп ўтмай домланинг қабри устига элтиб, сепилган экан. Бу воқеани мен ўзимча шарҳлаб, ундан бир маъно чиқармоқчи эмасман. Демоқчиманки, Иброҳим Мўминов Бухородами, Самарқанд ё Тошкентдами – қайси шаҳарда яшаган бўлмасин, она қишлоғидан асло кўнгил узмаган, қандай баланд мартабага кўтарилмасин, шофирконликларнинг энг ишонган фарзанди эканини ёддан чиқармаган. Бундан ҳар қанча ибрат олса, арзийди.
Йигирма йилга яқин Ўзбекистон Фанлар академиясида вице-президент лавозимида ишлаш, тарих, фалсафа, ҳуқуқ, адабиётшунослик, тилшунослик каби бир қанча илм соҳаларига бош-қош бўлиш – буни айтиш осон. Олим қавми орасида худбин, ҳарфчайнар, товламачи, фитнабоз ва риёкорлар ҳам оз эмас. Шуларнинг деярли ҳар бири “Мен” деган, қўйиб берса, айтарли ҳар қайсиси иғводан ғавғо чиқаришга уринган. Бундай пайтда нима қўл келади – майдалик ва майдакашликка тўппа-тўғри “ташхис” қўйиш; нафсоний ва шайтоний ҳамлаларни тез фаҳмлаш, ҳақиқатни рўёбга чиқаришда чайналмаслик.
Айнан шу ва шунга монанд хусусиятлари учун ёшу қари Иброҳим Мўминовга қойил қолган десам, хато бўлмас. Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтай. 1973 йил март ойида Ўзбекистон партия фаоллари йиғинида филология фанлари доктори Эргаш Рустамов мақолалари назарда тутилиб, Хожа Аҳмад Яссавий адабий меросини халққа қайтаришга уриниш кескин қораланганди. Шу муносабат билан академия­нинг биринчи қаватидаги кичик мажлислар залида йиғилиш ўтказилди. Асосан Тил ва адабиёт институти жамоаси қатнаш­ган бу анжуманни Иброҳим Мўминов бошқарган эди. Ўзларича сиёсатдон, тили бурро олимлар минбарга чиқиб аввалдан маълум, ҳақиқатга тескари фикрларни таталай бошладилар. Шунда улардан бири ҳеч кутилмаганда Машрабга “тош” отишга киришди. Унингча, Машраб ҳам Яссавийдай диний-мистик шоир, унинг шеъриятида дунёвий муҳаббат эмас, илоҳий ишқ устуворлик қилади. Жумладан, “Ўртар” радифли ғазалида ҳам Аллоҳ ишқи тараннум этилган. Унинг қўшиққа айлантирилиб, радиодан янграши коммунистик тарбия учун зарарлидир…
Домла чидаб туролмади, шекилли, ўрнидан туриб: “Навбат Машрабга келдими? Машраб нима учун ва қандай жабр тортганини биласизларми? Мен Машрабни болаликдан буён севиб ўқийман. Машраб – халқники. Уни элдан ажратишга ҳеч уринманглар…” деди. Хаёлимда залдан аллақандай ёқимсиз рутубат кўчиб, кўпчилик енгил нафас олгандай бўлди.
Аниқ ишонаман, Иброҳим Мўминов бир сўз ёки бир жумлада ҳалиги нотиқнинг танқидини қўллаб-қувватлаганида эди – тамом: эртасигаёқ Машраб ижодини “ревизия” қилиш бошланарди. Чунки шўро мафкурасига шу ёқар, даллол олимлар эса “асос” топиб “кашфиёт” яратишарди.

Иброҳим Мўминовнинг бир қатор тадқиқотларини теранроқ ўргансангиз, дунёнинг айрим ҳодисотларига беихтиёр Ибн Сино, Беруний ёки бошқа алломалар кўзи билан қараб, фикр юритгингиз келади.
Айниқса, жамият ва инсон тақдири, шахс ва давлат муносабати сингари масалаларни эркин, жайдари бир тарзда талқин қилишни хоҳлаб қоласиз. Масалан, мана бундай: ҳар бир мевали дарахтнинг ҳаёти, яъни ўсиб-улғайиши, ҳосилдорлиги боғу чорбоғнинг умумий аҳволига боғлиқ. Иқлим яхши, парвариш ва эътибор жойида бўлса, умри тугагунча дарахт – дарахт­лик моҳиятини кўрсатаверади. Ундан фойда етади, лекин зиён тегмайди.
Инсон тақдири ҳам шунга монанд: ижтимоий-сиёсий, маданий ва ахлоқий ҳаёти соғлом жамиятда одам одамдек камол топиш заруриятини жуда эрта ҳис қилади. Ва табиий равишда жамиятни ич-ичидан нурлантириб, унга хотиржамлик бағиш­лай олган маслак атрофида бирлашишга интилади. Чунки шу миллий маслак уни ҳар жиҳатдан эркин яшаб, эркин ишлашга илҳомлантиради. Бундай шароитда фуқаро давлатдан, давлат фуқаросидан ранжу азият чекмайди. Орадаги ҳар қандай англашилмовчилик ва ихтилоф адолат қўли, қонун кучи, тўғрилик ҳукми ила ҳал қилинади.
Асрлардан асрларга ўтиб, кенг миқёс касб этиб борган зулм, ҳақсизлик, йўқсиллик ва кулфат тарихи унда қандай пайдо бўлган? Тарих – ҳам тараққиёт, ҳам таназзул. Тарих, бу – ҳақ ва ҳақсизлик, қувонч ва ғам-ғусса, қўрқув ва жасорат, кенглик ва маҳдудлик тинимсиз ўрин алмашадиган улкан бир жараён. Одамларнинг кечаги ҳаётни келажакка боғлаш, истиқболдаги турмушни яхшилаш истаги – тарихни ҳаракатлантириб турувчи сирли куч мана шу. Лекин тарих сабоқлари ниҳоятда аччиқ ва оғриқли. Тарих шахсни – шахс, майда одамни – майда одам қиёфасида танишга чорлайди; тарих – дунёга ёлғиз манфаат, нуқул қорин кўзи билан қарайдиган кимсалар сонининг ортиши миллат ва мамлакатга қандоқ зиён етказишини англашга ўргатади.
Билиш нимага керак? Дунёда ҳамма нарса очиқ, аниқ ва англашиларли бўлганида илм эгаллаш, демакки, билишга эҳтиёж қолмасди. Илм – илмсизликдан туғилажак ҳар қандай кулфат ва жаҳолатга чек қўйиш, гумроҳлик ва маҳдудлик сўқмоқларида сарсон бўлиб, сандироқлаб юришдан қутулиш учун зарурдир. Аммо ўз қобиғига ўралган илм-фан миллат характери ва тафаккурига ижобий таъсир кўрсатолмайди. Иброҳим Мўминов бундай илмни ҳеч вақт назарга илмаган алломаларимиздан. Гап кўп илишдамас, энг керакли ва зарур нарсани билишда. Менинг назаримда, Иброҳим Мўминов биринчи галда инсонга, халққа қайси нуқтадан қараш, ўтмиш ва замон ҳақиқатларини тушуниш, илмий талқин қилишда нимага суянишни деярли бехато белгилаш заковатига эга устозлардандир.

1974 йилнинг июли. Мен академиклар шаҳарчасидаги аспирантлар ётоқхонасида турардим. Бир куни жўраларимдан бири Иброҳим Мўминовнинг хасталаниб қолганлиги ва даволанаётганлигини айтди. “Иссиқ жон иситмасиз бўлмас” деганларидек, мен унинг гапига унча аҳамият бермадим. Яқингинада домлани кўргандим – соппа-соғ, хасталик аломати сезилмасди. Орадан бирор ҳафта ўтди ё ўтмади, “Иброҳим Мўминов вафот этибди” деган хабарни эшитдим. Энди бу шум хабарга ишониш қийин эди… “Наҳотки… Наҳот, ўлиш шунчалик осон…” деб ўйладим. Ҳеч кимга ўлим шафқат қилмаслигини, ўлим қаршисида катта-кичик, шоҳу гадо теппа-тенглигини англасам-да, домланинг вафотига дилим кўнмасди.
1974 йил 22 июль. Бу – домланинг вафот санаси. Мен шундан икки йил муқаддам Тошкентга келгандим. Менинг кимлигим, Тил ва адабиёт институтида ишлашимни домла билганлари ҳам йўқ. Мен эса у кишига яқин бориш ёки ўзимни танитишга ҳеч уринмаганман. Кўнглимда агар номзодлик диссертациясини ёқласам, Иброҳим домлага албатта автореферат олиб бориб бераман, деган ниятим бор эди. Афсуски, бу ният амалга ошмади.
Домланинг ўлимларидан сўнг у киши тўғрисида янада кўпроқ ўйлай бошладим. Иброҳим Мўминов наинки Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг фидойи ва ардоқли фарзанди. У халқ онги ва идрокини илм-маърифат нури ила мунаввар айлашга муносиб ҳисса қўшган сермаҳсул олим, беназир устоз ва жамоат арбобидир. Унинг илмий-ижодий фаолияти ва фикр ҳаётида тарих, фалсафа, адабиёт “халқа”лари ўзаро мустаҳкам боғланган. Мумтоз адабиётимиз ижтимоий-фалсафий моҳиятини ёритишда Иброҳим Мўминов ғайрат ва сабот билан тер тўккан. Мутасаввифлар нафс таъсиридан фориғ бўлмагунча, сўзлашдан кўра сукутни афзал ҳисоб­лайдилар. Иброҳим Мўминов тасаввуф аҳлидан ибрат ва сабоқ ўлароқ нималарнидир ўзлаштирган бўлса, бу – аввало, нафс таъсирига берилмасдан холис фикрлаш, фикр ифодасида безакбозликка ҳеч рағбат кўрсатмаслик бўлган. Домла қандай ўйласа, ўшандай – зўр бермасдан ёзган.

Азиз ўқувчи! Она замин устидаги муборак қабр ва мақбаралар биз учун ватан тимсолларидир. Уларнинг бошида абадийлик байроғи ҳилпирайди. Улуғлик руҳи ана шу мозорларда тупроққа қўшилиб ётибди. Улар фаноликнинг эмас, бақоликнинг муҳофизлари, ўлимнинг эмас, тирик­ликнинг карвонларидир. Мен ҳар гал Чиғатойга бориб, Иброҳим домланинг қабрларини зиёрат қилга-нимда, бунга тўла ишонаман. Ва кўнглимда “Домла, Сиз миллий руҳимизнинг муршиди, фалсафамизнинг устодисиз. Сизни таниш, Сиз ёдгор қолдирган илмий меросни билиш келажак авлодлар учун ҳам Ўзликни англаш мактаби бўлиб қолаверади”, деган фикр кечади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here