ILM HUJAYRASI

0
156
марта ўқилган

Ҳар ненинг асосида илм мавжуд. Заррадан коинотгача муайян тартиб – илм ҳукмрон. Охирги икки асрдаги фан инқилоби одамзот неларга қодирлигини исботлади. Бугун тўқ, ҳам фаровон, бошқалар олдида музаффар, эркин яшашни истайдиган ўлка борки, илм-фанга юкинади. Илм фидойиларгагина сир-синоатини очади. Ҳозирда Хитой Халқ Республикасининг Жануби-ғарбий университетида (Southwest University) докторант, ихтиология бўйича етакчи ёш олим Бахтиёр Шералиев ана шундай илмга чанқоқ ёшлардан. У билан суҳбатимиз илм-фан доирасидаги муаммолар ҳақида кечади…

Бахтиёр Шералиев
Фарғона вилояти Риштон туманида
туғилган (1989).
Фарғона давлат университетининг биология йўналишини тамомлаган (2007–2011).
Биология (зоология) мутахассислигида магистр даражасини олган (2012–2014).
Хитой Халқ Республикасининг Жануби-ғарбий университети (Southwest University)да гидробиология йўналишида Фарғона водийси балиқларининг ДНК таксономияси бўйича таҳсил олган (2015–2016).
Айни вақтда ушбу университетда докторлик диссертацияси устида илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.
Hujayra.uz лойиҳаси муаллифи.

“Форобий, Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Бухорий авлодларимиз” деб кўксимизга уриб яшаймиз. Амалда-чи? Пуч, самарасиз, таг-
замини бўш илмий ишларни чалакам-чатти ёзиб ёқлаган кишим бўлиб, ота-боболарга “муносиб” авлодлигимиздан лаб-лунжимизни йиғиштиролмай юрибмиз. Ваҳоланки, илмда саёзликка, ўртамиёналикка, маҳдудликка ўрин йўқ. Бундай енгил-елпи муносабат (аксар ёш “олим”лар илм-фанга ҳисса қўшишдан кўра даража олиш, унвон, мансаб-мартаба илинжида юришади) қачон, қай тариқа шаклланди?
Илм-фанга суянмаган ҳар қандай жамият кун келиб, албатта, боши берк кўчага кириб қолади. Илм-фан инсоният йўлини ёритиб берувчи тенги йўқ зиё – Аллоҳ одамзотга инъом этган улкан неъматдир.
Айни замонда, хоҳ тан олайлик ёки йўқ, юртимиз илм-фанида турғунлик, ортга чекиниш юз берди. Тарих гувоҳ, бизда азалдан илм-фан бўйича кучли потенциал мавжуд эди. Айтганингиздек, илм-фанга енгил-елпи муносабат ўз-ўзидан шаклланмайди. Бевосита ва билвосита омиллар талай. Қадимда фан билан асосан зодагонлар, ўзига тўқ хонадон фарзандлари шуғулланган. Бу ҳолат Шарқу Ғарбда ҳам ўхшаш эди. Авомнинг илм қилишга, фан асрорини аниқлашга вақти бўлмас, фурсат топганида имкони етмасди. Сабаби, бу – қиммат соҳа. Истаймизми-йўқми, ҳамиша дурустгина маблағни талаб этган. Мустақиллик йиллари илм-фанни ривожлантиришга давлат бюджетидан кам маблағ ажратилган. Масалан, 2019 йил учун давлат бюджетидан ЯИМ (ялпи ички маҳсулот)нинг 0,13 фоизи илм-фан соҳаларини ривожлантиришга ажратилган, бу қарийб 0,05 млрд долларга тенг. Солиштирайлик: Россия ЯИМ нинг 1,132 фоизини (18,7 млрд доллар), АҚШ
2,7 фоизини (564 млрд доллар), Германия 2,9 фозини (120,8 млрд доллар), Жанубий Корея 4,3 фоизини (71,2 млрд), ҳатто қўшнимиз Қозоғистон ҳам 1 фоизини (1,95 млрд) илм-фанга сафарбар этади. Мана, нима учун жаҳон аҳли илмидан ортда қолаяпмиз! Таққослаб кўринг-а! Ниманидир тадқиқ этаман, яратаман, кашшофга айланаман десангиз, тадқиқотингиз учун энг сўнгги турдаги асбоб-ускуналари бор лабораториялар, тажрибалар учун алоҳида шароит керак. Буларсиз манзилга етармидингиз? Шароит ва муҳит ҳозирланмаган жойда рақобатбардош илмий тадқиқот ҳақида сўз ортиқча. Сохталик, юзакилик, кўчирмакашлик авж олади, холос. Юзакилик, кўчирмакашликни одатий ҳол, табиий жараён деган догматик фикр яралди. Бу вазиятда у ёки бу томонни айблашдан йироқман. Ақлли киши бир-бировини айблаб вақт йўқотмайди, аксинча, муаммони аниқлаб, уни бартараф этиш йўлларини излайди. Мана шуниси энг тўғри йўлдир.
Азага борган ўз дардини айтиб йиғлайди, деганларидек анчадан бери ўйлаб юрганларим бор. Ёш тадқиқотчи-изланувчилар учун асл манба, илмий адабиётлар, таржима материаллар етишмайди бугун. Яна миллий илмий адабиётлар, асосан, диссертацияларнинг электрон каталоги тўлиқ шаклланмаган. “Ziyonet.uz”, “Natlib.uz”лардаги диссертацияларнинг ҳаммасидан ҳам тўлиқ фойдалана олмайсиз. Бундай омиллар тадқиқотчининг шаштини сўндириб, ишининг чўзилиши ёки пухта чиқишига тўсиқ эмасми?
Бу борада сал бошқача фикрдаман.
ХХI асрда яшаб туриб, илмий адабиётлар етишмайди, дейдиган тадқиқотчининг ҳақиқатан ҳам илм дунёсига кирганига ишонмайман. Нимага? Боиси, танлаган мавзусида изланишни истаган ёш тадқиқотчи, энг аввал, соҳага оид илк фундаментал маълумотлар келтирилган адабиётлар билан танишади. Манбалар кам ва ундаги маълумотлар эски бўлса-да, ҳар тугул бор. Вилоятларда кутубхоналар ишлаб турибди. Ўз соҳам (ихтиология)га оид дастлабки маълумотларни мана шундай кутубхоналардаги китоблардан ўқиб ўрганганман. Фундаментал маълумотга эга бўлгач, соҳага оид тор йўналишдаги маълумотлар илмий мақолаларни аста-секин ўқиш орқали тўпланади. Ўшандай мақолалар халқаро илмий журналларнинг интернетдаги сайтларида турибди. Асосий муаммо – адабиёт камлигида эмас, балки чет тилини билмасликда! Тил билмайдиган илмий тадқиқотчи ўз қишлоғидан ташқарига чиқмаган сайёҳдек гап. Бутун бошли битирув-малакавий ишлари, магистрлик ва докторлик диссертацияларининг интернет тармоғига жойланишини эса унча ёқламайман. Кўчирмакашлик авж олади. Кўп гувоҳ бўлганмиз бунга. Энг тўғри йўл – жаҳон миқёсида чоп этилаётган соҳага оид илмий мақолалар билан мунтазам танишишдир.
Тўғри, илм-фандаги плагиаторлик энг оммабоп, кенг тарқалган қонунбузарлик. Бироқ “жиноятчи”ни ҳар доим ҳам жазолайвермаймиз. Қонуннинг сустлиги “плагиатор олимлар” занжирини ҳосил қилмоқда. Антиплагиат дастурининг тўлиқ жорий этилмагани, яна изланувчилар билимининг талаб меъёрида эмаслиги бунга сабабми? Эҳтимол, онгимизнинг қат-қатига виждон, ҳалоллик, ҳаққонийлик тушунчалари сингдирилмаганидадир?
Илм кишиси ўз номининг поклигини сақлашга жидду жаҳд қилиши шарт. Олим деган номга доғ тушдими, уни қайта тозалашнинг имкони йўқ. Ўша доғнинг энг каттаси – кўчирмакашликдир. Хорижда бир марта кўчирмакашлик қилган “олим”нинг айби аниқланса, обрў-нуфузини ўйлаган илмий нашр унинг кейинги ишларини чоп этмайди. Ҳақиқий олимлар ўз ишларида плагиатдан қочадилар. Бизда унинг икки тури кенг тарқалган. Биринчиси, бировнинг илмий-тадқиқот натижаларини кўчириш (бу энди сира оқлаб бўлмас илмий жиноят, шармандалик). Бундай беобрўликни елкасида кўтариб юрган “олим”ларимиз қанча! Чет элда эълон қилинган илмий ишларни таржима қилиб, ўз номидан чиқарадиган жуда кўп тадқиқотчиларни кўрганман. Очиғи, уларга ачинаман.
Кўчирмакашликнинг иккинчи тури “селф-плагиаризм” – ўз-ўзидан кўчиришдир. Тадқиқотчи ўзининг қайсидир илмий иши натижасини бирор журналда чоп этдими, демак, ўша мақола илмий журнал мулки. Энди ушбу мақоладаги маълумотларни муаллифнинг ўзи ҳам бемалол, бошқа ўринда тўғридан-тўғри ишлата олмайди. Ишлатса ҳам, албатта, журналга ҳавола бериши шарт. Жуда яхши танийдиган олима опанинг бир мақоласи номини сал-пал ўзгартириб, камида уч жойда чоп эттирганига гувоҳ бўлгандим. Кўряпсизми, муаммо нақадар чуқур илдиз отганини…
“Scopus”, “Web of Science” каби илмий базалардаги журналларда мақола чоп эттириш ходим учун юқори илмий потенциал. Ойлар давомида қайта-қайта таҳрирланган, уч-тўрт нигоҳ текширувидан ўтган, муаллифни тун-кун изланишга ундайдиган бундай базаларда номингиз кўриниши машаққат, бироқ илм шайдосига бу синовлар чўт эмас. Парадоксал ҳолат: аксар ёш тадқиқотчилар олдида хорижий тилни билиш, хориж журналлари талабларига мос келиш масаласи туради. Агар тилни билмаса, мақоласини таржимонга юмалоқ-ёстиқ қилиб ўгиртириб, таҳририятлар эшигида сарғайишига тўғри келади. Худди шу ҳолат охирги йилларда хийла кўпаймадимикан?
Масаланинг энг оғриқли жойи – мақолаларнинг сифатига эмас, сонига, қаерда чоп этилганига берилаётган эътибордир. Олий таълим муассасаларимизда фаолият юритадиган профессор-ўқитувчиларнинг ҳар бири йилига илмий-тадқиқот билан шуғулланиш ёки шуғулланмаслигидан қатъи назар, маълум миқдорда илмий мақола чоп эттириши шарт(!). Диссертация ёқлаётган илмий тадқиқотчи учун ҳам норма бор. Хорижда мақола чиқаришга ёрдам сўраб кўпчилик мурожаат қилади менга. Энг ёмони, сўровчиларнинг аксари амалда арзигулик ишни дўндирмайди, илмий тадқиқотининг мазаси йўқ. Лекин чет элда мақола чиқиши керак. Талаб шундай-да! Айрим профессор-ўқитувчилар мақола сонини кўпайтириш бобида анча-мунча халқаро номдор олимлардан ўзиб кетадилар. “Пойга”нинг олдида кетаётган бир ўқитувчимиз ўтган ўқув йили давомида салкам элликта (!) мақоласи чоп этилгани билан мақтанганди. Илмни ҳаётининг мазмуни деб биладиган олим буни эшитса, нима деркин! Мақолалар-чи, уларнинг мазмун-мағзи-чи? Дастлаб сон кетидан қувиш ҳолатларини бартараф этган маъқул.
Илмий-тадқиқот учун шароит яратилмаган ерда янгилик ёки тажриба жим туради. Тадқиқот ва тажриба йўқми, мақола ҳам даргумон. Лекин барибир мақола чиқсин! Мана, парадокснинг тайёр намунаси!
Таниқли файласуф олим Виктор Алимасов: “Илмий семинар, илмий кенгаш, ОАК чиғириқларидан ўтиш тадқиқотчини қуллуқ қилишга ўргатади, бу чиғириқдан ўтгунча, унда бирор нима яратиш иштиёқи сўнади. Тўғри, баъзи олимларимиз изланишларини давом эттиришади, китоблар чоп этишади, лекин улар ана шу чиғириқлардан ўтиш пайтида шаклланган тасаввурларидан ташқарига чиқолмайди”, дейди куйиниб. Ёш олим сифатида бунга нима дейсиз?
Илмий семинар, илмий кенгаш ва Олий аттестация комиссияси (ОАК) мантиқан ўйлаганда, керакли тузилмалар. Улар илмий-тадқиқотчининг илм йўлида тўғри йўналиш олиши, мавжуд қонун-қоидалар асосида ўз ишини тадқим этишини ташкиллаб беради. Бироқ айни вақтда Олий аттестация комиссиямизнинг тадқиқотчиларга нафидан кўра зиёни кўпроқ. ОАК қўядиган талабларнинг аксарияти илм қиламан деган унча-мунча ёшнинг шаштини сўндиради, илмдан бездиради. Масалан, диссертантлар учун автореферат тайёрлашни олайлик. Аслида, авторефератлар Совет иттифоқи давридан мерос. Ўша вақтларда бутун бошли диссертация ишларини кўпайтириб, илмий тақризчилар ва кутубхоналарга етказиш қийинлиги боис, унинг энг муҳим жойларини қисқартириб, жамлаб тақдим этиш учун шу усул танланган. Лекин бугун диссертация матнини кўпайтириш ёки узоқ масофага етказишда муаммо борми? Ахир, олдимизда интернет турибди. Нега ҳамон эски аравадамиз? Дунёнинг ривожланган давлатларида авторефератдан ном-нишон йўқ. Қолаверса, авторефератнинг биринчи саҳифасида – биология, кимё, тиббиёт, математика ёки геология бўйича диссертация ёқлайсизми, аҳамиятсиз – давлат раҳбарининг у ёки бу маърузасидан иқтибос келтириш шарт. Илмий-тадқиқот ишларида бундай бемаъни бюрократизм ўзбек илм-фанини халқаро доирада кулги қилмоқда. Иккинчи муаммо эса амалга оширилаётган ҳар қайси илмий-тадқиқот иши эртага иқтисодий фойда келтирсин, деган талабнинг қўйилаётганидир. Мантиқу ақлни ишлатсак, хатойимиз кўлами билинади. Фикримни асослайман. Илмий-тадқиқот ишлари умумий ҳолатда икки турга: фундаментал ва амалий тадқиқот ишларига бўлинади. Фундаментал тадқиқот ишларида фаннинг бир соҳаси соф илмий жиҳатдан ўрганилади. Одатда, фаннинг фундаментал соҳаси ўз замонасидан илгарилаб кетади. Ушбу тадқиқот ишидаги илмий хулосаларни амалда қўллаш имконсиз. Масалан, бобомиз Ал-
Хоразмий алгоритмни яратган вақтда ундан ҳеч ким илмий ишининг тадбиғини сўрамаган. Ўша вақтда бобокалонимиз ўз давридан минг йил илгарилаб кетади. Асрлар бўйи қўлланилмаган алгоритм мана, ҳозир турмушимиздаги ҳар қайси техниканинг асоси. Ёки туркиялик ва америкалик олим Азиз Санжарга 2015 йили кимё йўналишида Нобель мукофоти берилади. Олим ХХ асрнинг 70-йилларида ДНК молекуласининг тикланиш жараёнини тадқиқ этади. Фундаментал тадқиқотлар хусусидаги суҳбатларда у: “Мен 1970 йиллари ДНКнинг тикланиш жараёнини ўрганаётганимда унинг нима учун кераклигини ўйламаганман. Орадан 30 йил ўтиб, ишларим асосида саратонни даволаш мумкинлиги аниқланди. Лекин буни ўша вақтда тасаввуримга сиғдиролмасдим. Шу боис, мамлакатлар ўз олимлари олдига фундаментал соҳани чуқурроқ ўрганиш вазифасини қўйиши лозим”, деганди. Афсуски, бизда ОАК деган ташкилот барҳаёт экан, фундаментал соҳада тадқиқот ўтказишдан сўзламаган дуруст. Уларга ишингизни қаерда тадбиқ этиш мумкинлигини кўрсатиб бера олмасангиз, диссертациянгиз ҳеч қачон якунланмайди.
Илм-фанда чинакам рағбат кўрсатиш, жамиятга, халққа нафи етадиган ишларни қилиш учун нималарга эътибор қаратилгани, қандай йўллардан юрилгани маъқул?
Энг аввал, илмий тадқиқотлар учун давлат томонидан ажратиладиган маблағ миқдорини кўпайтириш керак. Илм-фанга пул тикадиган халқаро инвесторларга қўшимча имконият ва имтиёзлар берилсин. Илмий-тадқиқот ишлари учун замонавий лабораториялар сув ва ҳаводек зарур. Илмий-тадқиқот ишларига қўйиладиган талабларни миллийлаштиришдан қочиш ва айни жаҳоннинг стандарт талабларига мослаштириш ўринли. Тадқиқотчи илм баробарида оилавий аҳволини ҳам четга суролмайди. Рўзғор тебратиши учун етарли маош тўланмаса, илмни ташлаб кетворади. Чет элда малака ошириш, илмий тадқиқот учун юборувчи давлат тузилмалари талабгорга қўйиладиган талабларини қайта кўриб чиқиши, нореалларидан воз кечиши лозим. Қисқароқ айтганда, Жанубий Кореядаги олимларнинг кўрсаткичини талаб этишдан аввал, илмий тадқиқотчи учун ўша мамлакат яратиб берган шароитни ҳозирлаш мантиқли. Бизда-чи, илмий тадқиқот учун яратилган шароит Зимбабвеники, талаб эса Жанубий Кореяники!
Бир дугонам соҳаси бўйича PhD илмий унвонини олиш учун роса тер тўкди. Илм қаторида жамоатчилик ишларида, абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилишда қатнашди, хуллас, факультетнинг неки юмуши бор, барига кўмак­лашди. “Йўқ десанг бўларди-ку!” десам, “Айтдим. Такрор-такрор бош тортдим. Лекин нима қилай, раҳбариятга ойма-ой ҳисобот бериш, аттестациялардан ўтиш, ҳимояга чиқаётган олимнинг ишини ўқиш ва ижобий баҳо бериш уларга тақаляпти-да!” деганди. Ҳам куласан, ҳам ачинасан. Тадқиқотчи ёзаётган ишини иккинчи даражага суриб, энг аввал ташкилий, жамоатчилик ишлари билан шуғулланса?! Унда қачон ривожланган ўлкаларга бўйлашамиз? Ўзбек илм-фанига ғов бўладиган, шохтомирларини қирқадиган асосий хатоларимиз нима, сизнингча?
Бу саволингиз оғриқли нуқтага зарба берди, десам адашмайман. Олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида тадқиқотчилардан кўра ташкилотчилар, лаббайчилар, ҳар юмушга ҳозиру нозирлар кўпроқ йиғилган. Негаки, илм-фан тепасида турганларнинг айримига ақлли кадрлар эмас, оғзидан чиқадиган ҳар каломни маъқуллайдиган, қуллуқ қиладиган кимсалар керак. Эскича фикрлайдиган, дунёқараши тор аксар раҳбарлар билан илмда ҳам, жамиятда ҳам арзигулик ислоҳот қилиш муаммо. Айни вақтда ўзбек илм-фанидаги ўзгаришлар деярли барчаси косметик – юзаки. Ҳақиқий ислоҳот ўзбек илм-фанининг бўғзини чангаллаётган, қўлини ёқадан олмайдиган кадрларни камайтиришдан бошланади. Илм-фан танасига янги қон, тоза ҳаво ёш, хориж тажрибасига эга кадрлар кўмагида кириб келади. То улар келмайди, аҳволимиз ўзгармайди. Энг катта хатоларимиз – ёшларга ишонмаслигимиз, ваколатларни тақдим этмаётганимиздир.
Нега ёш олимларимиз халқаро тадқиқотларда кам иштирок этади? Ижодий қуввати, салоҳияти, иқтидори юқори ёшлар талай, ахир. Уларни қўллаб-қувватлайдиган бирор жамғарма, кўпроқ грант дастурлари керакмикан?
Аслида, халқаро тадқиқот лойиҳаларида иштирок этаётган ёш олимларимиз анчагина. Иқтидорли, илмий салоҳияти жуда катта ишларга етгулик ёш изланувчиларни танийман. Масалан, ёш физик олим Рустам Ашуров, биолог Бахтиёр Расулов, филолог Элдар Асановнинг ўз соҳалари бўйича қилаётган ишлари диққатга сазовор. Юртимизда ёш олимларни қўллаб-қувватлайдиган жамғармалар йўқ эмас, бор. Ёшлар иттифоқи, “Эл-юрт умиди” шулар жумласидан. Жараённи жадаллаштириш учун жамғармалар ва фондлар бошига эскича қарашлар тарафдорларини эмас, хориж тажрибасига эга, куч-қувватга тўла, салоҳиятли ёш кадрларни келтириш керак. Яна бир гап, чет элда ўқиган, билимли ёшларни соҳа раҳбарларига ўринбосар қилиш билан иш битмайди. Бу ўз-ўзини алдаш, холос. Гарчи ташаббус ўринбосардан чиқса-да, ҳамма нарсани соҳанинг биринчи раҳбари ҳал этиши кўпчиликка аён.
Ўзбек илм-фанининг эртасини қандай тасаввур этасиз? Қачон олимларимиз замон қаҳрамонларига айланади, болаларимизнинг танглайи қачон тадбиркор, банкир, иқтисодчи бўлсин деб эмас, профессор, олим, академик бўлсин, деб кўтарилади?
Ҳаётда оптимист ҳам, пессимист ҳам эмасман. Реалистик қарашлар тарафдориман. Ўзбек илм-фанининг эртанги куни мақтанадиган аҳволда эмас. Менингча, ҳали яна ўн йиллар ичи “ақлли бош”ларимизни четга кетишларини жимгина кузатамиз. Уларни ортга қайтариш осон эмас. Лекин ичкаридагилардан ҳам ўгайдек юз бурмай, етарли шароитни яратиб, бағримиздан жой берсак, ташқаридаги бир мутахассисни қайтаргунча ичкаридаги уч нафарини асраб қолармидик. Такрор айтаман, илм-фан арзон соҳа эмас, у жуда кўп маблағ сарфлашни талаб этади. Иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан эътибор берилмас экан асло ривожланмайди. Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш учун, энг аввало, моддий қўллаб-қувватлашни ташкиллаштириш керак.

Oldingi sahifaIjod Erkini
Keyingi sahifaIBROHIM MO’MINOV
Ulushish

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here