Lutfung ozi jon olur…

0
243
марта ўқилган

Алишер Навоий ижоди баҳри уммон. Маъно чуқурликларига шўнғир экансиз бу дунё йўқлик суратига тушади. Хира ранглар билан оламни алдаб юрган мусаввирдек ҳис
қиласиз ўзингизни.
Нашримизнинг эъзозли рукнида Ҳазратнинг “Ғаройиб ус-сиғар” девонига кирган ғазаллардан шарҳлар ҳавола этишда
давомлимиз.

 

Қаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга,
Лутфунг ўлса, юз менингдекдин фароғатдур санга.

Эй мени саргаштадин гаҳ фориғу гоҳи малул,
Қаҳринг ул, лутфунг бу, ёрабким, не одатдур санга?

Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурур,
Булъажаб ҳоледурур, оё не ҳолатдур санга.

Панд эшитмай севдинг они, эй кўнгул, чек дарду ранж,
Оздурур ҳар лаҳза гар юз мунча офатдур санга.

Ваҳм эт оҳим ўтидин, эй гулки, даврон боғида
Кўз ёшимдин бу қадар лутфу тароватдур санга.

Эй қуёш, меҳр аҳлини куйдурма бу водийдаким,
Гармравлар оҳидин мунча ҳароратдур санга.

Эй Навоий, истама васл ул қуёшдин заррадек,
Чун неча ул қилса истиғно, ҳақоратдур санга.

 

Луғат:

Малолат – малол келиши, хафа бўлмоқ.
Фориғ – осойишта, эҳтиёжсиз.
Малул – хафа, ранжиган.
Булъажаб – ғалати, тушунарсиз.
Панд – ўгит, насиҳат.
Ранж – азоб, қийинчилик.
Гармрав – бир ишга қаттиқ киришган, собит турувчи.
Истиғно – ҳожатсизлик.

НАСРИЙ БАЁНИ
Қаҳринг келса, менинг барча ишларимдан хафа бўлиб ранжийсан. Меҳрибон бўладиган пайтларинг мен кабиларнинг юзтасини ҳам эсингдан чиқарасан.
Мен бечорадан гоҳи ғазаблансанг, гоҳида эсингга ҳам келтирмайсан. Бунақа қаҳру ғазаб ва лутфу марҳамат кўрсатишга қаердан одат қилдинг?!
Қаҳрингнинг кўпи ҳам, озгина лутфу марҳаматинг ҳам кишини ўлдирур. Бу ҳолатинг нақадар ажойиб!
Эй кўнгил, насиҳатга қулоқ солмай, уни севдинг, энди дарду ранжига чида. Бунақа офатлар ҳар лаҳзада юз чандон бўлса ҳам, сенга асли кам.
Эй гул, оҳимнинг ўтидан андиша қилки, даврон боғида сенинг гуллаб-яшнашинг менинг тўккан кўз ёшларим туфайли эрур.
Эй қуёш, меҳр водийсида саргардон бўлганларни бу қадар куйдурма. Негаки, сенинг ҳароратингнинг манбаи аслида шуларнинг оҳи ўтидир.
Эй Навоий, заррадек бўлсанг-да ул қуёш васлини истама. Унинг ҳожатсизлиги қанча аёнлашса, сенинг ночор ва ҳақирлигинг шунчалик яққол кўринур.

МАЗМУНИ
Тасаввуф манбаларида келтирилишича, барҳақ авлиё Зуннун Мисрийнинг зиёратига келган бир вазир суҳбат асносида шундай деган экан:
Мен подшоҳимни жуда яхши кўраман. Ҳазратимнинг кичик бир марҳамати кўнглим гулшанини яшнатиб юборади. Шунинг баробарида шоҳимнинг ғазабидан жуда қўрқаман. Подшоҳимнинг ғазаби тиғи остида жоним япроқдек қалтираб яшайман.
Зуннун бу гапни эшитгач, йиғлаб айтибди:
Қанийди сен султонингдан қўрққанингчалик мен ҳам Оламлар Подшоҳидан қўрқсам эди…
Таҳлил қилмоқчи бўлганимиз ушбу ғазалнинг дастлабки уч байтида ҳам ёрнинг меҳри ва қаҳри ҳақида сўз юритилади. Ёр ғазабга келганда ошиқнинг барча қилмишларидан малолланса, лутф ва марҳамат кўрсатадиган чоғларда балокашларини эсидан чиқариб қўяди. Ёрнинг қаҳрига учраган ошиқнинг наздида бўстон биёбонга айланса, лутфидан баҳраманд бўлган чоғда гулхан гулшанга эврилади. Муҳаббат синовларида кўп марта итоб ва иқобга дуч келган, озгина лутфу марҳамат кўрса, хурсандчиликдан кўтаролмай ҳалокатга етадиган ошиқ ўз ҳолидан кўра ёрнинг ҳолатини билиши муҳимроқ. Бошқача айтганда, у ўз жонини ўйламайди, балки бундай ғалати ҳолат, яъни қаҳрнинг кўпидан ва лутфнинг озидан ҳалок бўладиган ошиқ ҳолати ёрнинг кайфиятини бузмаслиги муҳимроқ:

Эй мени саргаштадин гаҳ фориғу гоҳи малул,
Қаҳринг ул, лутфунг бу, ёрабким, не одатдур санга?

Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурур,
Булъажаб ҳоледурур, оё не ҳолатдур санга.

Бундай “булъажаб ҳол”га тушишга асосий сабабчи ақлнинг насиҳатини эшитмай, севги дардига мубтало бўлган кўнгил. Энди у дарду ранж чекишга мажбур. Ҳар бир лаҳзада юз чандон дарду ранж етса ҳам, унинг учун озлик қилади. Шиблий Бағдодий айтганидек, бало ошиқларнинг неъматидир. Парвардигор ҳикмати билан бандага балою офат етса, инояти туфайли шу балони бартараф этишга имон ва қувват ҳам берилади. Офат висол ва қурбат ҳосил қилувчи синовдир:

Панд эшитмай севдинг они, эй кўнгул, чек дарду ранж,
Оздурур ҳар лаҳза гар юз мунча офатдур санга.

Кейинги икки байтда “гул” ва “қуёш” сўзлари маҳбуба истиоралари бўлиб хизмат қилган. Байтдаги талқинга кўра, даврон боғида гулларнинг ҳусну таровати ошиқларнинг кўз ёши туфайли, осмон қуёшининг ҳарорати эса ҳижрон даштида қолганларнинг оҳининг тафтидандир. Оламнинг нуру рўшнолиги, замоннинг гуллаб-яшнаши ҳусн ва ишқ аҳли туфайли экан, ҳусн аҳли ҳам ишқ аҳлини буткул эсдан чиқармай, ҳар замон уларга илтифот кўрсатиб туришлари керак:

Ваҳм эт оҳим ўтидин, эй гулки, даврон боғида
Кўз ёшимдин бу қадар лутфу тароватдур санга.

Эй қуёш, меҳр аҳлини куйдурма бу водийдаким,
Гармравлар оҳидин мунча ҳароратдур санга.

Мақтаъда Навоий висолни талаб этмаслик кераклиги ҳақида сўз юритади. Унинг талқинида зарра қуёшга интилиши қанчалик ноўрин бўлса, ошиқнинг ҳолига бепарво маҳбубадан висол тамаъ қилиш шунчалик нотавонлик нишонасидир. Бу талқинга кўра, висол талаби муносиблик даъвоси ва ошиқлик иддаоси яширин. Ишқ аҳли эса иддао ва даъводан йироқ зотлардир. Зотан, даъво йўқолган кўнгилдагина муҳаббат макон тутади:

Эй Навоий, истама васл ул қуёшдин заррадек,
Чун неча ул қилса истиғно, ҳақоратдур санга.

Oldingi sahifaDARSLIKLARGA DARS KETMASIN
Keyingi sahifaIjod Erkini
Ulushish

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here