CHILIM VA ELEKTRON SIGARETALAR

0
165
марта ўқилган

Хуфтон палласи эшитилган даҳшатли чинқириқдан бутун даҳа оёққа турди. Уч эшик наридаги ҳовлига бир зумда оломон тўпланиб, ғала-ғовур бўлиб кетди. Шуҳрат шоввознинг кенжаси Шерзоднинг вафоти ҳақидаги шум хабар калхат каби қанот ёзиб, етти маҳаллага тарқалди. Фожеа таъсирида эсидан оғаёзган она, ёқавайрон ота, нима қиларини билмай гарангсиб қолган жигар-лар, кўнгил сўрашга чиққан қўни-қўшни, нохуш хабар дарагини эшитиб йиғилган таниш-билиш – ҳамманинг хаёлида бир савол: эрталаб соппа-соғ эди-ку?!

…Шерзод анчайин шўх ва дангаса бола бўлди: на акаларига, на ота-онасига қайи-шади. Коллежга ўқишга кирдию, босар- тусарини билмай қолди. Ўқишга, деб эрта-лаб кетганча, оқшом уйга қайтарди. Онаси бир-икки марта бу ҳақда “мундоқ сиз ҳам ота бўлиб” деб эрига ёзғирганда Шуҳрат ака ўғлининг ёнини олди. “Эр киши кўчаники, катта ҳаётни ўрганади”, деб аёлини юпатган бўлди. Коллеждаги гуруҳ раҳбари ҳам бир неча марта ўғлининг тарбиясидаги ўзгариш-лардан шикоят қилиб келди. Бунга ҳам отанинг гапи тайёр: “Қуйилиб қолади, мени ҳам шоввоз дейишарди. Ота ўғил-да!”. Энди буларни эслагандан нима фойда?!

Шерзод шу куни ҳам коллежга бормади. Гуруҳ раҳбарига кўнғироқ қилиб, тоби йўқли-гини айтдию, кўча дўстлари билан уйдан анча олисдаги кафега йўл олди. “Ўқиб олим бўлар-мидим? Мана, отам… ўрта мактабни аранг тугатган. Ҳозир кимсан фалончи! Ёшликда ўйнаб-кулиб қолиш керак”. Шу хаёллар билан кафега кириб келганини сезмай қолди. Ўртоқлари билан юмшоқ ўриндиққа чўкар-кан, чўнтагини пайпаслаб қўйди. Яхшиям, отасидан ўқишга деб кўпроқ пул сўрагани, сал қолса дўстлари олдида уялиб қоларди.

Ораларида ёши каттароғи официантни чақириб, чилим олиб келишни буюрди. Бир зумда айтгани бажо бўлгач, атрофни унутар даражада кайф бўлиб қолди. Унинг роҳатла-ниб чилим тортишини кўрган Шерзоднинг ҳам қизиқиши ортди. “Мана буни эркакча иш деса бўлади, қиз болага ўхшаб қўлларини партага қовуштириб, доскага термулгандан нима наф?!” Курсдошлари кўз олдига келиб, кулгиси қистади. Ўз ҳолатидан ғурурла-ниб кетди. Чилимни қулдиратиб, тутунини чуқур-чуқур тортаётган окахонлари кўзига салобатли кўриниб кетди. Резина найчанинг бир учини унга ҳам тутқазишганида авва-лига довдираб қолди, қандай чекишни ҳам билмайди, уятга қолмасайди.

Бирдан Шерзоднинг юзига қон тепчиб, ўқчиқ тутди. Дўстлари унинг аҳволидан қотиб-қотиб кулиб, ландовур ва лапашанг-ликда айблай бошлади. Шерзод эса икки букилганича мармар полга йиқилди. Нафас олиши тобора қийинлашар, гўё томоғидан шиш ўсиб чиқиб, нафас йўлини тўсиб бораёт-ганга ўхшарди. Унинг тўлғонишини кўрган дўстларининг ҳуши бошидан учди, вазият жиддий эканини тушуниб, қўрқиб кетишди. Биттаси Шерзоднинг икки оёғидан, яна бири икки қўлидан даст кўтариб олди-да, кафе-дан чиқиб кетди. Ораларида ёши каттароғи “тез ёрдам”га қўнғироқ қилиш кераклигини айтди, шериклари кўнмади, айбдор бўлиш-дан чўчишди. Тўлғониб ётган Шерзодни кўча ўртасида ташлашди-ю, жуфтакни ростлаб қолишди.

Пиёдалар йўлагида ётган йигитни кўрган нотаниш йўловчи зудлик билан тез ёрдамга қўнғироқ қилди, шифокорлар етиб келмагунича йигитнинг тепасидан бир қадам ҳам жилмади. Минг афсус… йигитча шифохонага улгурмади. Жонсиз танани текширган дўхтирлар “аллергия, ўткир заҳарланиш” дея ташхис қўйди.

Бу қандай содир бўлди? Шерзод чилим тортган пайтда тамаки таркибидаги модда-лар буғ орқали нафас йўлларига, томоқ ва ҳиқилдоққа урилиб, аллергия қўзғатган, ҳалқум шиллиқ қаватлари таъсирланиб, ҳиқилдоқ шиша бошлаган. Охир-оқибат танглай ортида жойлашган кичик тилча ҳам шишиб, осилиб, нафас йўлини зич ёпиб қўйган. Натижада йигит умуман нафас олол-май қолган ва шифокорлар етиб келар-кел-мас ҳаво етишмаслигидан вафот этган…

Аттанг! Тамаки қай кўринишда бўлмасин, барининг таркибида ҳаммага маълум, қудрати отни йиқитишга қодир никотин моддасидан ташқари турли кимёвий қўшимчалар мавжуд. Юқоридаги ҳолат чекувчи ҳар бир инсон билан юз бериши мумкин. Кейинги йилларда “банги”лар орасида шуҳрат қозонган чилим ва электрон сигареталар ҳам бундан мустасно эмас. Кўпчилик кашандалар чекишнинг бу икки турини оддий сигареталарга қараганда хавфсиз деб ўйлайди. Фикрича, чилим сигаретага қара-ганда кам чекилади ва бу доимий одат эмас. Гўёки тамаки тутунидаги заҳарли моддалар сув тубига чўкиб, инсонга у қадар зарар келтирмайди. Чилимга ружу қўйганларнинг деярли барчасидан мана шу жавобни эшитсангиз, ҳайратланманг. Улар бу каби важлар билан ўзини овутиб, алдаб келаётганини пайқасалар ҳам, тан олги-лари келмайди. Яна улар тамаки зарари ҳақида гапи-раётганларни хушламайди, бу мавзудаги суҳбатларни насиҳатбоз ликдан ўзга нарса эмас, дея ҳисоблайди. Чилим ёки электрон сигарета чекиш оддий тамакибоз лик эмас-ку, дея таъна ҳам қилади. Аслини олганда, одамзодга бир лаҳзалик лаззат бағиш лаб, мияни карахт қиладиган бу маҳсулотлар қай кўри-нишда бўлишидан қатъий назар, бир хилда зарарли ва хавфли. Бутун дунё олимлари, соғлиқни сақлаш идоралари ходимлари бу маҳсулотларнинг зарари ҳақида зўр бериб гапирар эканлар, ўзларини эмас, энг аввало, кашандаларнинг саломатлиги учун қайғур-моқда, огоҳликка даъват этмоқда. Шунга қарамай, соғлигини текинга сотиб олгандай, тамаки кули каби кўкка совурадиган инсон-лар “Нега ҳамма чекишнинг зарари ҳақида гапириб чарчамайди, демак, бунда бир гап бордир-да!” дея мушоҳада қилиб кўрмай-дилар.

Ваҳоланки, чилим ҳам ҳудди гиёҳванд модда каби одамни ўз домига тортади ва организмни ичдан емириб боради. Негаки, чилим чекиш анча вақтга – ўртача бир соат-гача чўзиладиган жараён бўлиб, бу ҳолатда тамаки тутуни оддий сигаретаникига қара-ганда чуқурроқ тортилади. Мана шу ҳолат “ажабтовур” машғулотнинг энг хавфли тарафи ҳисобланади. Чилим чекканда ўпкага тортилади-ган тамаки тутуни юз дона сигарета чеккан билан баробар. Тамаки тарки-бидаги никотиннинг атиги беш фоиз кам қисмигина чилимдаги сувга чўкиши мумкинлигини инобатга олсак, 95 фоиздан ортиғи организмга сўрилади. Демак, тамакидаги хавфли моддалар сувга чўкиб, у қадар катта зарар келтирмайди, деб ўйлайдиган-лар қаттиқ янглишади.

Тамаки таркибидаги канцеро-ген моддалар саратон хасталигини чақиради, қатрон, оғир металлар нафақат ўпка, балки бутун оғиз бўшлиғи, нафас йўллари ва ички аъзоларни заҳарлаб, тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади. Чилим тортиш учун тамакини кўмир ёрда-мида қиздириш ҳам унинг нечоғ-лик зарарли эканининг белгиси. Маълумки, кўмир ёнганда ажра-ладиган ис гази одамни заҳарлаб, бўғилиб ўлишигача олиб боради. Энди чилим чекканда ажраладиган ис гази миқдори анчайин юқорилиги ҳақида ўйланг. Чилимнинг қўлма-қўл бўлиши, унинг резина ичагидан бир неча чекувчи “баҳра” олиши эса оғиздан-оғизга инфекция ўтишига, ҳаво-томчи йўллари орқали юқади-ган кўплаб касалликлар билан хаста-ланишга сабаб бўлади.

Электрон сигарета ҳам зарарку-нандаликда чилимдан қолишмайди. Бунда аккумуляторда ишлайдиган махсус буғлантирувчи мослама  хушбўйлантирилган ва никотин сақловчи ўзига хос таркибдан иборат суюқликни буғга айланти-риб беради. Атроф-муҳитга тамаки тутуни чиқармай ишлаши туфайли оммалаша бошлаган бу сигареталар, аслида, қатор кўнгилсизликларга сабаб бўлувчи моддаларни ўз бағрида яшириб ётиши кўпчиликни ажаблантирмаса керак. 2003 йили муомалага кириб келган ушбу сига-реталарнинг АҚШ, Канада, Брази-лия, Австралия, Европа, Туркия каби кўплаб ривожланган давлатларда тақиққа учрагани бежиз эмас.

Ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсуло-тини оддий сигареталарга қараганда безарар ва хавфсиз эканини, тутун чиқармаслиги туфайли жамоат жойларида ҳам ундан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида бонг уриб, ўз маҳсулотларини дунё бозорида муно-сиб ўрин топиши учун жон куйдириб ҳаракат қилмоқда. Мақсад битта: ПУЛ! Чекишга қул бўлиб, энди ундан воз кечолмаётган кашандаларнинг чўнта-гини қоқиб олишни ният қилганлар инсон саломатлиги ҳақида ортиқча бош қотиради, деб ўйлайсизми?

Чилим оддий тамаки қабул қилишнинг экзотик кўриниши, холос. Электрон сигареталар эса кашандалар умид қилганидек, чекишни ташлашга ёрдам бера олмайди. Уларнинг яна бир камчилиги, бундай сигареталар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан сертификатга эга эмас. Демак, бу маҳсулотнинг сифатига, таркибидаги моддаларнинг безиён-лигига ҳеч ким кафолат бермайди. Электрон сигареталарнинг тамаки тутунига ўхшаб буғланувчи суюқ-лиги таркибидаги пропиленгликоль моддаси энг хавфли аллергия қўзға-тувчи бўлиб, чекувчининг нафас йўлларида шиш чақириб, нафас олол-май ҳалок бўлишига сабаб бўлади. Шунингдек, улардаги турли таъм берувчи хушбўй моддар ҳам аллергия чақирувчи сунъий, кимёвий модда-лар ҳисобланади. Секин таъсир этувчи бу заҳар қачон ва қай ҳолатда бош кўтариши, қайси аъзони ишдан чиқа-риши фақат унинг ўзига аён. Сизнинг эса навбатдаги тамакини тутатиб, лабингизга қистирганча, ўз фожеан-гизнинг томошабини бўлишдан ўзга чорангиз йўқ. Сабаби, навқирон йигит Шерзод билан рўй берган бахтсиз ҳодиса тамаки билан “ўртоқлашган” ҳар бир одам бошига тушиши муқар-рар.

Чилим ва сигарета чекишни чеклаш тўғрисидаги саъй-ҳаракатлар давлат даражасига кўтарилиб, қонун билан мустаҳкамланишидан кўриниб турибдики, чекишни ҳаётининг асосий мазмунига айлантирганлар сони талайгина бўлиб, тарғибот-ташвиқот ишларининг ўзи уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш учун камлик қилган. Натижада аҳоли саломатлиги учун қайғуришни давлат ўз зиммасига олди ҳамда бу ҳолатни маълум бир меъёрлар орқали мўтаъдиллаштириш ҳаракатлари бошланди. Умид қила-мизки, бу саъй-ҳаракатлар албатта ўз мевасини беражак. Ҳар бир инсон нафақат ўзининг, балки туғилажак авлодларининг саломатлиги ҳам унинг ўз қўлида эканини тушуниб етади.

“Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Қуйидаги жойларда чилим ва электрон сигареталар чекиш Қонун билан тақиқланади:

–савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида;

–кинотеатрларда, театрларда, циркларда, концерт, кўрик ва кўргазма залларида;

–клуб, дискотека, компьютер заллари ва интернет хоналарида;

–музейда, ахборот-кутубхона муассасалари ва маърузахоналарда;

–поезд, автобус ва таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида, шунингдек дарё ва ҳаво кемаларида;

–ер ости ўтиш жойлари, транспорт бекатлари ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойларида;

–аэропорт, темир йўл, автомобиль вокзаллари ва сув транспорти бекатлари биноларида;

–корхона, муассаса ва ташкилотлар биноларида;

–соғлиқни сақлаш тизими муассаса ва ташкилотлари, таълим муассасалари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида;

–иш жойлари бўлган хоналарда;

–кўп квартирали уйларнинг йўлаклари ва уйлар олдидаги болалар ва спорт майдончаларида;

–хиёбон, боғ, кўча ва бошқа жамоат жойларида.

✓ Чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама қилишга йўл қўйилмайди.

✓ Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекмаслик бўйича назоратни ички ишлар органлари амалга оширади.

✓ Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгилан-ган тартибда жавобгар бўлади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here