Musiqaning Sevari

0
163
марта ўқилган

Севара Мирсиддиқова
1998 йили туғилган.
Тошкент шаҳридаги 17-болалар
мусиқа мактабида ўқиган.
В. Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа
академик лицейида таҳсил олмоқда.
“Салют талантов” халқаро фестивали лауреати (Париж, 2013 йил).
Кўзи ожиз мусиқачилар ўртасида ўтказилган халқаро танлов дипломанти (Курьск, 2015 йил).
Кўриш имконияти чекланган мусиқачилар кўрик-танлови совриндори (Санкт-Петербург,
2016 йил).

Ҳаётнинг ранглари кўп. Йўқ, фақат мойбўёқ тахталарида жилвалангувчи ранглар эмас, ундан-да бетакрор, бири иккинчисига ўхшамаслари сероб. Айниқса, мусиқа оламиники бўлакча. Кўз кўрмаганни қалб танийди, тафаккур илғамаганини вужуд сезиб, сувратини чизиб бораверади. Бунда на ақлнинг, на математик амалларнинг ҳукми ўтади. Ўн саккизни тўлдириб, ўз дунёсидаги турфа рангларни ўн саккиз ёш ҳайратлари-ла ҳис этаётган Севара ҳам мусиқанинг чин шайдоси. Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейидаги дугоналари, дўсту устозлари “Мусиқасевар Севара” деб эркалашади. Ўзи-чи, ўзи эса “Мусиқанинг Севариман, холос!” дея жилмаяди.
Тўрт йил аввал “Салют талантов” халқаро фестивали Парижда ўтказилади. Кўзи ожизлар мактаб-­интернетидан вакил Севара ҳам андак ҳаяжон билан фаранг юртига йўл олади. Синчков ҳакамлар, бошқа ўлкалардан келган ўртоғу рақиблар олдида маҳоратни кўрсатишнинг ўзи бўлмайди. Ҳаяжонга қўрқув қўшилиб, пианинога узатилган қўллар-да қалтирайди. Яна шунча йўлни босиб, устозларнинг ишончини ортмоқлаб келганга яраша, айтилган куйни маромида чалиш керак. “Хато” деган сўзга ўрин йўқ! Хайрият, ҳаммаси кутилганидан-да соз ўтди. Сергей Рахманиновнинг “Элегия”сини тенгдошларидан ўтказиб ижро этгани учун биринчиликни беришади. Кейинги йили эса ўқувчилари зукко, устозлари моҳир “Успенка”да чинакамига сабоқлар бошланади. Ҳеч қанча вақт ўтмай, Курск шаҳрида, ундан сўнг Санкт-Петербургда кўриш имконияти чекланган мусиқачилар кўрик-танловларида ота-онаси, устозларини фахрлантиргувчи ўринларга муносиб топилади. “Мусиқасевар Севара” номи тиниб-тинчимаслиги, ҳатто бўш вақтларида ҳам фортепиано олдидан кетмаслиги сабаб берилади.
Севара пианинонинг оқ-қора клавишларинигина эмас, шахмат тахтасининг оқ-қора катакчаларини ҳам суяди. “Мия ҳужайраларини мойлаб, тозалаб туриш керак”, дейди кулиб. Шахматга қўшиб инглиз тилини, яна компьютерда мусиқа ёзишни ўрганаётганига ҳавас қиласиз. Устози Игорь Пинхасов сабоқлари мусиқа басталаш чоғи қўлланмадек гап.
– Инсонларни тушунишни, атрофимдагиларни сезиш, англаш илмини мусиқа ўргатди. Табиат гўзалликлари, одамларнинг кулган, меҳрибон, хушчақчақ, табассумдан ёришган юзларини кўриш насиб этмаганидан афсус чекмайман. Пешонага ёзилган экан. Лекин айтсам ишонмайсиз, теварагимдаги воқеаларни чунон сезаманки, гоҳи дугоналарим “Биз буни билмадик ёки кўрмадик-ку!” деб ҳайратланишади. “Қайдам, шуларни сезаяпман, ҳис этаяпман”, дейман. Табиатда мен эшитадиган овозларни айтмай. Ҳар бир жисм, ҳодиса, ҳатто инсонларда ҳам яшаш оҳанги мавжуд экан. Тош, булут, ҳайвонлар, қушлар, ҳаммасини мусиқа орқали кўраман. Хоҳласангиз, уларнинг кўринишини фортепианомда ижро этиб берай…
Беш ёшимда ота-онамга пианино олиб беришларини сўраб, хархаша қилганларим эсимда. Худди севимли ўйинчоғим каби у билан ҳам тез дўстлашиб кетдим. Кўзи ожиз болалар мактаб-интернатининг иккинчи синфига ўтганимдан сўнг мусиқа мактабига бордим. Устозим Гулнора Пўлатова бошида роса қийналдилар. Негаки, бармоқларим клавишларни пайпаслаб, оҳангни топишда жуда секин ҳаракатланарди. Кейин мусиқа мактабининг иккинчи синфига зўрға, кузда қайта синов топшириш шарти билан ўтказишган. Гулнора опанинг “Мен учун муҳими, Севаранинг мусиқани апил-тапил ўрганиши эмас, фортепиано билан сирдош бўлиб, унинг миридан-­сиригача билиб олиши. Шунда билимни пухта эгаллайди” деган далдалари катта куч берган.
Мусиқа билан фортепиано – сирдошларим. Тушкун пайтларим Моцартнинг 14-сонатасини чалиб, қайтадан ўзимга куч йиққандек бўламан. Сонатадаги оҳанглар худди икки кишининг сўз талашувига ўхшайди. “Сенинг гапинг тўғри, менинг гапим тўғри”, деяётгандек. “Қайсар ва сипо Севара”нинг ички баҳси шу мусиқа сабаб барҳам топади охири. Яна ҳам кучли бўлишимда Шопеннинг “Инқилоб этюди” ёрдамга келади. Уни чалаётганимда куч-қувват, энергия қонтомирларим бўйлаб аста оқаётганини сезаман. Фаранг композитори, импрессионист Дебюссининг мусиқаларини жуда ёқтираман. Асарларини тингласам, қандайдир янги ғоялар, ўйлар ёпирилиб келаверади.
Танни яйратувчи баҳор кунларининг бирида оилавий дам олишга отландик. Албатта, табиат қўйнига! Кўзлаган манзилимизга кета-кетгунча нотаниш куйлар ҳаловатимни олди. Ахийри, “Яйловдаги булоқча” куйини басталагач, ўз ҳолимга қўйди. Қуёш эндигина кўтарилаётган, апрель ёмғиридан кейинги мусаффо ҳаво димоққа урилади, жимир-жимир оқаётган сув саси эса сени аллақаерларга олиб кетаётгандек. Куйим шундай туғилди. Шубертнинг серенадасига ўхшаш мусиқалар ёзгим келаверади. Чунки яшаётган ҳар бир кунимиз, уйғонишимизнинг ўзи байрам…
Китоб ўқиш жону дилим. Лицейимизда ўтказилган навоийхонлик кечасида Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Нигорим келгай” ғазалини ўқиганимда ғазалдаги ҳижо-ритмлар мусиқа ноталарини эслатди. Ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларни тўғри баҳолашда баъзан китоблар тайёр кўмакчи. Менга Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта”си, Чехов ҳикоялари, айниқса, “Олтинчи палата” ҳикояси, Элинор Портернинг “Шодлик ўйини” романи жуда ёқади. Уларда яшаш ҳикматини топгандекман. Олти ёшимда дадам ёрдамида “Ромео ва Жульетта” драмасини ёдлаб, опам билан уйда спектакль қўйганимизни эслайман. Боя номини айтганим “Олтинчи палата”да доктор Андрей Ефимичнинг шундай сўзлари бор: “Китоблар – ноталардир, суҳбат эса қўшиқ куйлаш” ёки бўлмасам, “Донишманд инсон ёки тафаккурли инсон қайғуни оддий қабул қилиб, шукр келтиради ва ҳеч қачон ўзини йўқотиб қўймайди”. Одамларнинг ачиниб қарашлари асло ёқмайди. Ҳатто зинадан тушаётганимда дўстларим: “Вой, қўлингни бер, ёрдамлашаман”, дейишса ҳам, йўқ дейман қатъий. Йўлимни ўзим топишга ҳаракат қиламан.


Ҳаётда инсонлар яхши ёки ёмонга бўлинмайди, назаримда. Кимдир кучли, кимдир ожиз. Шундай тасаввур этаман уларни… Ёқтирмаган суҳбатдошлар билан гапни қисқа қиламан. Севимли китобларимдан Элинор Портернинг “Шодлик ўйини”даги Поллианага ўхшагим келади. Поллиана қайғу-алам чоғларида доим яхшиликка интилиб, хурсанд яшайди, ёмонликдан ҳам ҳикмат излайди. Масалан, хона қоронғи, кўзгусиз бўлса, “Жуда яхши-да, мен ўзимнинг сепкилларимни кўрмайман”, дейди. Ота-она ғамхўрлигидан мосуво етим қиз қачонлардир отаси ўргатган “шодлик қидириш ўйини” орқали қийинчиликларни енгади ва атрофидаги инсонларни ҳам ҳаётни хурсандчилик билан кўра олишга ўргатади.
Ҳаёт ўйин эмас. Бироқ ҳар кимнинг ўз “рол”и ва “сценарий” асосида ёзилган китоби бор. Уни трагедия ёки комедия, драмага айлантириш ўзингизга ҳавола. Ҳар бир улкан дарахтнинг ўз сояси, ҳар бир қайғунинг шодлиги бор. Кимдир стаканнинг ярми бўш деса, кимдир ярми тўла, дейди. Меҳр кўрсатишингиз ва хушмуомалалигингиз сабаб тунд, қайсар, ёмон бўлиб кўринган инсонларни яхши томонга ўзгартириш ҳеч гап эмас. Яхши амаллар, “шодлик ўйини” ва меҳр-оқибат барча орзуларнинг дарвозасини очади! Мен орзунинг рангини оппоқ ва менга тасвирлаб беришган қуёшнинг рангида кўраман.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here