Yurakka tikilgan bayroq

0
246
марта ўқилган

“Кундалик дафтарингизни йиғиб беринглар!”.
Ҳафта ўрталарига бориб гуруҳ сардоримиз тилига кўчадиган одатий хитоб эди бу.
…Лицейда ўқирдик. Орқа партада кундаликлар қалашиб кетар, бояқиш, баҳоларни эринмай қўшиб-ҳисоблаб чиқарди. Барча сардорлар шундай қиларди: натижалар ёзилган рўйхат пешинлаб навбатчи ўқитувчининг қўлига тегарди. Шу тариқа энг кўп балл тўплаган ўқувчи аниқланар, ҳар душанба эрталаб (дарсдан олдин) майдонда, унинг ким ва қайси гуруҳдан экани ўқиб эшиттириларди.
Бир гал ўша (бахтли!) ўқувчи ўзим бўлганим ёдимда. Тенгдошларим – уч юз чоғли ўғил-қиз қаршисидан ўтиб, байроқ ёнида туришим керак. Одат шунақа. “Бунинг нимаси қийин? Директоримиз “бошланг” деб ишора беради, мадҳияни куйлаймиз, мен эса байроқни баланд кўтариб, яна сафга қайтаман – тамом”. Аммо ҳаммаси ҳам ўйлаганимчалик осон эмаскан. Ўртоқларим, қизлар, устозлар – барчанинг ёнидан бирма-бир ўтиб бораётсам, директор сира кутмаганда “Тўхта!” деб буюрди.
– Бу нима юриш ҳўккайиб?! Гавдангни кўтар, бошингни тик тут! Бир парча мато ёнига бораётганинг йўқ, агар билсанг. Қара, дўстларинг мадҳияни куйлашга шай, – у киши қулочини кенг ёйиб майдонга имлар экан, тағин қўшиб қўйди: ­­­­­­­
– Ғурурланишингга бундан ортиқ қандай cабаб келтирай?!
Ўзи, ғурур дегани чўғдайин важ бўларкан: пуфласанг лов этиб ёнаркан, гуруллаб аланга оларкан. Энди ўйласам, директоримиз ўшанда юрагимга бир пуфлаб қўйган экан.

 

Абдулла Орипов:
Элимизнинг суюкли шоири;
Давлат мадҳияси матни муаллифи;
Ўзбекистон Қаҳрамони.

– Мадҳия қадим-­қадим замонлардан мавжуд. У наинки адабий, шеърий жанр ҳисобланади, балки унинг вазифаси бундан ҳам баланд. Ҳар бир давлатнинг ўз байроғи, мадҳияси бор. Булар бизнинг ота-боболаримизда ҳам азалдан мавжуд эди.
Маълумки, Амир Темур ҳазратларининг қўшинида байроқнинг аҳамияти ниҳоятда катта бўлган. Ҳатто шундай фармон берилганки, лашкар ичида туғ-яловни кўтариб кетаётган сарбоз ўқ еса ҳам, уни қўлидан туширмаслиги, эгилмаслиги керак. Эгилдими, душманнинг руҳи кўтарилади. Шунинг учун байроқни зинҳор қўлдан бермаслик, уни кўтариб фақат олға юриш шарт ҳисобланган. Худди шундай чорлов, ундаш маъносида қадимда ноғоралар мадҳия ўрнини босган. Аждодларимиз унинг садоси остида жангга кирган, Ватанни ғанимлардан ҳимоя қилган.
Собиқ иттифоқ даврида бизнинг байроқ, мадҳия ясама эди, мустақил эмасди. Гўёки Ўзбекистоннинг ўз байроғи ва мадҳия­­си бор деб ҳисобланарди. Аслида, улар қўғирчоқ байроқ, қўғирчоқ мадҳия эди. Шунинг учун уларни мустақил давлат рамзлари сифатида қабул қилиш сира мумкин эмас эди.
Мустақилликка эришгач, муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида жаҳонда ўхшаши йўқ гўзал, мантиқан мукаммал давлат рамзларимиз дунёга келди. Ўз конституциямиз, ўз байроғимиз, ўзимизнинг мадҳия ва герб яратилди. Булар осмондан тушгандек бехос қабул қилиниб қолмаган. Танловлар синчковлик ва холислик асосида кечган.
Жумладан, мадҳия матнининг танловида 74 та шоир қатнашди. Етмиш тўртта! Ўшанча композитор унинг мусиқаси устида узоқ ижодий иш олиб борди. Олий Кенгаш (ҳозир Олий Мажлис) комиссияси – депутатлар, ишчи гуруҳ, мутахассислар ушбу жараённи доимий равишда кузатиб, муҳокама қилиб турдилар. Танлов босқичма-босқич ўтди. Учинчи босқичга бориб ғолиб­ликка даъвогар иккита-учта ижодкор қолганди. Ана шундан биттаси ҳозир сизу биз куйлаб юрган; забардаст, буюк композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси билан яратилган мадҳия! У ижро этилганда, ҳали ярмига етмасдан туриб, депутатлар, жамоатчилик вакиллари – бутун зал оёққа қалқиб, қарсак чалиб юборди. “Ана шу мадҳия бизники бўлади”, деб қабул қилди… Шу тариқа юз фоиз овоз олиб, ҳозирги мадҳия­миз дунёга келди.
Мадҳияга қўйиладиган талаб жуда ҳам баланд. Ҳар бир мамлакатда шундай. Унда, аввало, халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам қиладиган шеър, оҳанг ифодаланиши лозим. Иккинчидан, у ниҳоятда кўтаринки руҳда бўлиши зарур. Токи ўтирган одам мадҳияни эшитганида ўрнидан оёққа қалқиши; халқига, юртига, Ватанига меҳр-муҳаббати яна бир карра барқ уриши керак. Мадҳиянинг ана шундай сеҳрли таъсири бордир. Бунинг учун эса мусиқа билан сўз уйғун келиши шарт.
Фикримизча, бу жиҳатдан дунёда энг кучли мадҳияларнинг иккитасидан бири – бизники! Башарти, битта бўлса, шубҳасиз, у ҳам бизнинг мадҳия – дилбар ва миллий! Унда халқимиз мусиқа хазинасининг унсур-элементлари, оҳанг­лари учрайди. Айтишим жоиз, бу каби фазилатлар танловда қатнашган 74 та мадҳиянинг ҳаммасида бор эди. Улар ҳам самимият билан, дилдан ёзилган. Лекин мадҳия битта бўлади-да! Танловдан бизники ўтди. Аммо бу – бошқа дўстларимиз ёзган сўз ёхуд мусиқалар ярамайди, деган маънони билдирмайди.
Мадҳия расман қабул қилингач, унга одатий шеър ёки мусиқадек қаралмайди. У энди шахсий ижод намунаси эмас, балки давлатнинг, халқнинг қонуний мулкига айланади. Мадҳия янграганида, жумладан, менинг ҳам қўлим кўксимда. Мен унга бўйсунаман! Чунки у муаззам давлатимизнинг олий рамзларидан бири.
Рамзлар – Ватаннинг тимсолларидир.
Улар – муқаддас.
Ватанни севиш авлодларимизга, ёшларга фарзу қарз экан, биринчи навбатда, улар Ватан тимсолларини эъзозлашлари зарур. Шу маънода мадҳия ижро этилганда ўнг қўлимиз кўксимизда туради.
Мадҳиямиз олдида барча фуқаро баб-­баравардир. Айниқса, ёшлар буни чуқур ва теран тушунишлари, англашлари керак. Орзум – шу!

 

Отаназар Матёқубов:
мусиқашунос олим,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат арбоби

– Ҳеч ким онаси қорнидан шоир ёки олим бўлиб туғилмайди, дейдилар. Эҳтимол, шундайдир. Бироқ композитор бўлиш учун, албатта, композитор бўлиб туғилиш зарур. Балки туғилишнинг ўзи етмас, тинмай меҳнат қилиш керак. Мутал Бурҳонов ана шундай – ижоди ва тақдири меҳнатда муштараклашиб кетган буюк композитор эди. Унинг буюклиги нимада? Энг аввало, миллийликда! Ушбу мақом ижодкорнинг қон-қонида, жон-жонида яшарди.
Мустақилликка эришилгач, аввало, давлат рамзларимизни қабул қилишга киришилди. Мадҳияга танлов комиссия­­си таркибида мен ҳам бор эдим. Ўша пайти ишчи-гуруҳдан бир-иккита вакил мадҳия куйи “Муножот”га ўхшаган бўлиши керак, деб фикр билдирди. Ахир “Муножот” дард, йиғи-ку! Мадҳия эса тамоман бошқа. Ҳолбуки, унинг туб моҳиятида миллий характер ётибди. Мутал Бурҳонов ана шу характерни оҳангга ўгирган. Миллийлик қонида бор эди-да!
У чўрткесар, дангал, шунинг баробарида ўзига ва ўзгаларга ниҳоятда талабчан инсон эди. Бундай ёрқин характер ва хислатлар, турган гапки, буюк композиторнинг ижодига ҳам кўчиб ўтганди. Қаранг, шу қадар талабчан эканидан у кишини “мусиқанинг виждони” деб аташар, аслида, ушбу таъриф эҳтиром эмас, айни ҳақиқат эди. Негаки, ул зот сўзни нозик ҳис қилар, мусиқани жон қадар севарди. Бутун умрини куйга, навога бағишлаган, таъбир жоиз бўлса, ҳаётини-да навога ўгира олган бундай фидойи зотни бошқа учратмадим.
Мутал Бурҳоновнинг асарлари кўп эмас. 120 дан хиёл ошади. Бироқ барчаси забардаст, мағизли асарлар. Бирорта пучи йўқ. Башарти, ижодкор шахсини асарлари ҳимоя қиларкан, бу жиҳатдан устозга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Чунки яна юз йил, икки юз, ундан ҳам кўпроқ вақт ўтмасин, унинг 120 дан зиёд ҳимоячиси бор. Улар орасида ижтимоий, сиёсий, тарихий аҳамияти жиҳатдан мадҳиянинг ўрни алоҳида.
Мадҳиянинг кучи, таянчи, илиги – оҳанг. Оҳангни тушуниш эмас, англаш (айнан англаш!) зарур. Бу эса камдан-кам инсонларга насиб қилади. Биз оҳангни қулоғимиз билан эшитамиз. Қалбимиз билан ҳис қиламиз. Қалб инсоннинг бутун вужуди: онги, ақли, заковати. Мадҳиямиз ана шундай улуғвор қалб закосидан яралган сарчашмадир.

 

Азиза Муҳаммедова:
Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри солисти,
республика ва халқаро танловлар лауреати

– Сўз ва мусиқа қудратини ўзида бирдек уйғунлаштира олган буюк оҳанглар кўп. Улардан иккитаси том маънода ғурурбахшдир. Бири – алла, иккинчиси – мадҳия. Назаримда, алла болани ухлатмоқ учун эмас, унинг ғурурини уйғотмоқ учун айтилади. Мадҳия эса ана шу ғурурнинг авжи гуллаган палласидир. Уни тинглар эканмиз, Ватанга нисбатан туйғуларимизни ўзимиз учун ойдинлатиб оламиз.
2011 йили Остона шаҳрида ўтказилган халқаро танловнинг опера йўналишида мени ҳам ғолиблар сафида эътироф этишди. Мадҳиямиз янгради. Тушуниб бўлмас бир ҳис – уни олдин сира пайқамаган эканман – бир туйғу юрагимга гупуриб келди. Ўша маҳалдаги ҳолатимни тўлиқ тасвирлашим қийин. Бироқ шуниси аниқ: у ғурурдан кучли нимадир эди. “Номаълум ҳислар ҳам бор экан-да”, деб ўйлаганман ўшанда. Менимча, устоз Мутал Бурҳонов умр бўйи ана шу туйғу билан яшаган. Бу – Ватан туйғуси! У асло номаълум эмас. Онамиз аллаларида онгу шууримизга сингишиб кетган. Эҳтимол, шунинг учун мадҳия оҳанги руҳиятимизни кўтарар.
Мадҳиямиз товуш-товушигача мукаммал сайқал топган. Уни ҳамма бирдек куйлай олади. Бунинг учун мусиқадан махсус сабоқ олиш шарт эмас. Алла айтиш учун оналардан мутахассислик талаб қилинмагани каби! Айнан шунинг ўзи учун ҳам устоз композиторимиз билан ҳар қанча фахрлансак кам.

 

Қаҳрамон Ғуломжонов:
Ўзбекистон давлат консерваторияси битирувчиси;
“Ниҳол” мукофоти совриндори, республика ва халқаро танловлар лауреати

– Оламда қўшиқлар кўп. Барида кимдир, нимадир мадҳ этилади. Уларни ҳар ким ўз кўнглига қараб саралайди, ўз ҳисларига кўра тинглайди. Аммо миллий ғурур даражасига чиқолган оҳангларгина замон ошади. Улар инсон шахсий кечинмаларидан анча устун, том маънода миллат ғурурини ифодалайди. Мадҳия ана шундай ифтихор тимсоли. Унинг сўзи ҳам, мусиқаси ҳам улуғвор.
Устоз Мутал Бурҳонов басталаган асарлар ўзининг такрорланмас оҳанги билан барчани ҳайратлантириб келган. Айниқса, мадҳия. Оркестрдан ўрин олган скрипка, альт, виолончель, контрабас, флейта, гобой, кларнет, труба ва бошқа чолғулар, эътибор берсангиз, баравар ижро қилади. Шу нуқтаи назардан мадҳияни ҳамжиҳатлик, тенгликнинг ўзига хос рамзий ифодаси десак, янглишмаймиз.

 

Замира Саноқулова:
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, бадиий гимнастика бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, республика ва халқаро турнирлар ғолиби

– Спортчи учун энг қадрлиси ғалаба эмас. Чинакам спортчи медаль ёки совринга кўз тикмайди. У фақат… ўз ғалабаси учун мадҳия садолари янграшини, юрт байроғи баланд ҳилпирашини кутади. Бу иккала ҳол ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Гуанжоуда бўлиб ўтган XVI Осиё ўйинларида буни илк бор юракдан ҳис қилганман. Ўшанда ҳали ўн олтига ҳам тўлмагандим. Етакчи бадиий гимнастикачилар – Жамила Раҳматова, Ульяна Трофимова билан бир жамоада юртимиз шарафини ҳимоя қилиб, иккинчи ўринни эгалладик. Олтин медаль қозоғистонлик рақибларимизга насиб этди. Япониялик бадиий гимнастикачилар эса шоҳсупанинг учинчи ўрнидан жой олган.
…Мадҳиямиз янгради. Ишонсангиз, ўша дам бутун стадион ўрнидан турган. Бундай эҳтиромдан кўнглинг ғурурга тўларкан. Бошқа давлатлар мадҳиясини асло камситмаган ҳолда шуни айтишим мумкинки, бизнинг мадҳияда мардонавор характер мужассамлашган.
2009 йили Германиянинг Падерборн шаҳрида ўтказилган халқаро турнирдан бироз олдин жиддий жароҳат олгандим. Мусобақага тайёргарлик чоғида чап тиззам чиқиб кетиб, бир ой даволанганман. Мураббийларим, шунга қарамай, ишонч билдирган ва мен Германияда ғалаба қозондим. Орадан тўрт йил ўтиб, жароҳатим яна икки марта қайталанди. Анча вақт залга боролмадим. Тиззам мўртлашиб, ўйноқи бўлиб қолган экан. Бадиий гимнастикани тарк этишим кераклигини кун сайин тушуниб борардим. Ҳеч кутилмаганда, ўн тўққиз ёшни қаршилаётганимда Президентимиз фармонига кўра “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирландим. Бу ғамхўрлик, оталарча эътибор ишончимни ўзимга қайтарди. Мураббий бўлишга аҳд қилдим. Бошқа шуғулланолмас эканман, ўргатишим мумкин-ку! Устозим Рима опанинг таклифи билан бадиий гимнастика бўйича тўгаракда бир муддат ишладим. Қизалоқларга билим ва тажрибам доирасида машғулотлар ўтдим.
Баъзан ўксинаман. Гарчи тиззамдаги жароҳат ҳозир оғримайди, бироқ спортга қайтишга ҳам изн бермайди. Кошкийди, гиламга яна ўзим чиқсам, ғалаба қозонсам. Олтин, кумуш учун эмас, асло медаллар учун эмас. Шунчаки… мадҳиямизни шоҳсупада тинглаш ёқимли. Ана шуни соғинаман, холос.

Oldingi sahifaHozirgi yoshlar
Keyingi sahifaMusiqaning Sevari
Ulushish

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here