“Erta uchun, kelajak uchun nima qilding?”

0
271
марта ўқилган

Ушбу суҳбат эълон қилинганига 30 йилдан ошиб кетди. Ўша давр ёшларининг бугун фарзандлари ҳам етилиб бўлди, набиралари атак-чечак қила бошлади… Хулласи калом, ўзбекнинг ифтихорлари – академик Наим Каримовнинг Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов билан ҳув ўша ошкоралик давридаги ошкора суҳбатидан парча илиндик… Келажак ҳақида – бугунги кунларимиз ҳақида изтироб чекади улар – миллат ойдинлари…

– Ўзбек шеърияти жаҳондаги энг бой ва юксак миллий маданият турларидан бири сифатида ривожланиб келган. У ўзининг классик даври, Навоий ва Бобурлари билангина эмас, балки Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон сингари совет даврида туғилган чўққилари билан ҳам машҳур. Бугун ана шу чўққилар бағрида янги қоялар қад кўтармоқда. Шу қоялардан бири – Эркин Воҳидов. Унинг майдонга келиши қандай кечган?
– Ўзинг тўғрингда гапиришдек қийин нарса дунёда йўқ. Ўз елкангни қашлашдан ҳам мушкул. Яхшиси, мен ўзим тенги авлод тўғрисида гапирай.
Эллигинчи йилларнинг охири, олтмишинчи йилларнинг бошида бир авлод ёзувчилар адабиётга кириб келдилар. Улар уруш йиллари мактаб ёшида бўлган, у йилларнинг қийинчиликларини кўрган, қаҳатчилик, очарчиликни бошидан кечирган сўнгги авлод эди, – русча айтса, дай бог, ўзбекча айтса, иншооллоҳ, уруш нималигини билган охирги авлод бўлиб қолгай.
Ўн тўрт йил аввал ёзилган мақоладан кўчирма:
“Мен тенгдош ижодкор дўстим! Юртимиз бошига қора кунлар келганда, сен билан биз бола эдик. Биз “Алифбо” китоби ёнида Информбюро хабарларини ўқиб, савод чиқарганмиз, оталаримиздан келган учбурчак мактубларни таталаб, хат таниганмиз. Бизнинг мактабда тутган ҳуснихат дафтаримизда кўзёшларимизнинг изи қолган…”
– Ҳар бир шоир – муайян инсоннинг шеърият оламидаги давоми. У даставвал шеъриятда ўзининг инсоний сифатларини ифодалайди, ҳаётга шу сифатлари оша қарайди, баҳо беради. Шу маънода сиз болалик, ўсмирлик ва ёшлик чоғларингизда қандай ҳаётий ҳодисалар ва қайси кишилар таъсирида шаклландингиз? Сизнинг ижодингиздаги нафис, мулойим, дилбар оҳангларнинг манбаи қаерда?
– Мен ота-онадан тўққиз ёшимда етим қолиб, тоға қўлида тарбияланганман. Тоғам адлия ходими бўлса ҳам адабиётга қизиққан, классик шеъриятни биладиган одам эди. Мен тарбия топган хонадонга ўша даврнинг фозил кишилари – шоирлар, хонандалар йиғилиб туришар эди. Уларнинг ўтириши ичкиликсиз, фақат шеър баҳси, аскиялар билан музайян бўларди. Навоий, Бедил, Фузулий ғазалларини ўқиб, таҳлил қилиб ўтиришарди. Суҳбатларнинг бирида менинг ўша вақтда газетада босилган бир шеърим устида гап кетди. Ёши улуғ бир мулла одам бу шеърга бутунлай бошқача, мен сира хаёл қилмаган диний маъно бериб, шарҳ қила бошлади. Мен эътироз билдирмоқчи бўлиб гап бошлаганимда, тоғам мени тергаб: “Сен бола нарса нимани билар эдинг, катталар гапирганда, хўп, деб жим ўтир”, деган эди. Йиллар ўтиб, ҳозир ҳам баъзи мунаққидлар менинг ёзганларимга ўзларича талқин берсалар, ўша воқеа эсимга тушади.
Менинг шеъриятга ошно бўлишимда шоир Ғайратий тўгараги, устоз Миртемир семинари, дорилфунундаги ижодий муҳит катта таъсир қилган. Ёшлигимда мени қуршаган одамлар классик адабиёт муҳиблари эдилар. Агар мен ёзган шеърларда, сиз айтгандек, “дилбар оҳанглар” бўлса, бу ўша дилбар одамларнинг суҳбатлари меваси бўлади.
– Мен баъзан сизнинг шеърларингизни ўқиб, мабодо шоирлик санъати сизни ўзига мафтун этмаганида, ким бўлиб етишар эдингиз, деб ўйлаб қоламан. Бир куни ўзингиз шахмат санъати соҳасидан кетмаганингиздан ўксиниб гапирган эдингиз. Шахмат – ҳар ҳолда киши учун иккинчи бир касб бўлиши лозим. Масалан, Ботвинник, аслида, математик олим, Тайманов – пианист, Карпов эса журналист… Сиз-чи! Агар шеърият бўлмаганида, сиз ким бўлиб улғайишингиз мумкин эди?
– Шоир бўлмасам, ким бўлар эдим?.. Есенин: “Мабодо мен шоир бўлмасам, бўлар эдим безори, ўғри”, деган. Шахмат бўйича собиқ чемпион А. Карпов: “Мен шахматчи бўлмаганимда, бошқа бирор соҳада албатта биринчи бўлар эдим”, деб айтган. Менинг табиатимда на безорилик, на албатта биринчи бўлишга интилиш бор. Шоир бўлмасам, шарқшунос бўлишим мумкин эди, журналист бўлишим мумкин эди. Ким бўлсам ҳам, адабиёт атрофида бўлар эдим. Ҳатто шахматчи бўлганимда ҳам кўпроқ бу санъатнинг – “ақллар кураши, туйғулар жанги”нинг тарғиботчиси бўлардим.
Болалигимда техникага, физика, математика, астрономияга қизиққанман, кейинроқ тарих ва география мени банд қилган. Адабиёт бўлса, ўйлайманки, мени умр бўйи тарк этмаган. Ҳозир мен бошқа касб эгаси бўлишим мумкинлигини тасаввур қилолмайман. Мабодо ёзганларим элда эътибор топмаганда-чи? Унда… барибир шоир бўлардим. Шеърларини фақат ўзи учун, пинҳоний дафтарига ёзиб юргувчи, ўз ишидан ўзи завқланиб, ўзи билан ўзи гаплашиб юргувчи девона, бахтсиз шоир бўлардим. Аҳдим шуки, шеърим элга манзур бўлмай қолган кун, яъни хатлар оқими тўхтаган кун, китобим дўконда сотилмай қолган кун шеър ёзишни тўхтатаман. Прозага ўтаман. Энг бахтиёр дамларимни эслаб, хотиралар ёзаман…
Менинг икки тилагим бор. Биринчиси – ўшандай кун мумкин қадар кечроқ келса, иккинчидан, ўшандай кун келганда, менда уни илғаш туйғуси, айтилган аҳдни бажармоқ учун журъат, мардлик кўнглимда бор бўлишини тилайман.
– Мен – суҳбатимиз жуда жиддий тус олмаслиги учун – жиндек ҳазил-савол берган эдим. Сиз бу саволни қандайдир ғуссали бир кайфият билан, мен ўйлагандан кўра жиддий бир суратда қабул қилдингиз.
“Шоирлик – бу ширин жондан кечмакдир, Лиммо-лим фидолик майин ичмакдир…” Бу сатрларингиз устоз Миртемир хотирасига бағишланган. Лекин улар, айни пайтда, жамики шоирларнинг асл моҳиятини, шоирликнинг моҳиятини очишга сафарбар этилади. Ширин жондан фақат сўз, оҳанг, буёқ, мавзу топиш учунгина кечилмайди. Балки биринчи навбатда халқ манфаатини ҳимоя қилиш, улуғ ғояларга, адолат ва ҳақиқатга қалқон бўлиш учун кечилади. Сиз ана шундай, ширин жонидан кечган шоирлардан бири сифатида қайси асарларингизни кўпроқ қадрлайсиз? Қайси асарларингизда халқ дарди ва ташвиш­лари кўпроқ очилган, деб биласиз?
– “Тирик сайёралар” китоби, “Руҳлар исёни” ва “Истамбул фожиаси”. Фарзанднинг энг кичиги севимли бўлгандай, бу асарлар сўнгги йилларнинг меваси бўлгани учун ҳам менга қадрли. Лекин уларнинг олдида мен “Ёшлик девони”дан ҳам, “Муҳаббат”дан ҳам кечгим келмайди. Сизнинг “ширин жондан кечмоқ” ҳақидаги фикрингизда ҳозирги замон ада­­­биётшуносларининг ҳукмрон қарашини сезиб турибман. Яъни ҳақиқий шеърият халқ дарди, ташвишлари билан йўғрилган бўлиши керак. Бу фикрни инкор этмаган ҳолда, билъакс, йигирма беш йил аввалгидек (у пайтда “халқ дарди ва ташвиши” деган сўзни айтишнинг ўзи душманлик ҳисобланган) қўллаб-қувватлаган ҳолда, адабиётнинг санъат эканлигини унутмаслигимизни истар эдим. Бир замонлар ҳаётнинг ёруғ томонларини бўрттириб ёзиш қандай урф бўлган бўлса, бугун хато ва камчиликларни кўпроқ қаламга олиш одат бўлди. У пайтлар шеъриятнинг вазифаси “бахтли ҳаётимизни мадҳ этмоқ” деб белгиланган бўлса, бугун “халқ дарди, ҳаёт муаммолари ҳақида бонг урмоқ”, деб ҳисобланмоқда. Шоирлар ижодига баҳо берганда ҳам биринчи галда “у ўша замонларда бонг урган”, деб мақтаяпмиз. Шеъриятнинг санъат хусусиятлари авваллари қандай эътиборсиз қолган бўлса, ҳозир ҳам шундай. Бу – хафа бўлманг-ку – адабиётшуносларимизнинг бирёқламалиги. Мадҳ этиш ҳам, рад этиш ҳам – шеърият эмас. Эл кўнглидагини топиш ва эл кўнглига йўл топиш – бу шеърият, санъат. Мана бу йўлда ширин жондан кечмоқ керак… Эътироз билдирмоқчисиз, сезиб турибман…
– Чиндан ҳам, эътироз билдирмоқчиман. Гап шундаки, адабиётнинг, чунончи, шеъриятнинг вазифаси турли даврларда турлича бўлади. Бугунги шеърият бугунги прозадан, хусусан, Ч. Айтматов прозасидан ортда қолмаслиги учун кураш қуроли ҳам бўлиши лозим…
– Шеърият эл кўнглига йўл топмоқнинг ўзи эмас, демоқчисиз. Шошманг. Мен фикримни охиригача айтай. Тўғри, шоир – жамиятни олға бошловчи одам, у жангчи, фидойи, келажак хизматкори, ҳоказо, ҳоказо. Лекин буларнинг барчаси аввало шоир бўлишни, шоирлик санъатига эга бўлишни тақозо қилади. Сеҳр даражасидаги юксак санъат бўлмаган жойда қолган ҳаммаси – беҳуда кучаниш, қуруқ гап.
Афсуски, кейинги икки-уч ўн йилликда адабиёт билан журналистика ўртасидаги фарқ йўқолиб бормоқда. Тўғрироғи, санъат қадрсизланиб, яланғоч сўзнинг эътибори ошиб бормоқда. Насриддин Афанди: “Қофияси билан ишим йўқ, тўғрисини айтаман”, деб шоир подшони ютиб чиққандай, бугун улоқ ўнг-терсига қарамай қамчи солиб бораётган чавандозларники бўлиб қолди.
– Бу мулоҳазангизда жон бор. Менимча ҳам, ҳозирги шеъриятимизнинг нисбатан ёш авлоди қанчалик истеъдодли бўлишига қарамай, баъзан шеъриятнинг аввалом бор санъат эканлигини унутиб қўяётгандек туюлади.
Сўз бугунги ва кечаги шеърият ўртасидаги муносабатлар тўғрисида борар экан, мен сизнинг эътиборингизни яна бир марта кечаги шеърият манзараларига қаратгим келади. Маълумки, бундан бир қанча йиллар илгари “Украинани севгил” шеъри учун В. Сосюра “тошбўрон” қилинган эди. “Ўзбегим” деган шеърингиз учун сиз ҳам озмунча озор чекмагансиз. Аммо, айни пайтда, сизнинг хонадонингиз шу шеър туфайли улуғ ёшдаги кишиларга саждагоҳ бўлиб қолди. Оддий кишиларнинг ана шу меҳру
муҳаббати ўша кезларда сизнинг ярангизга малҳам бўла олдими? Ё ўша яра туфайли “ширин жондан кечиш” ҳунари сизга малоллик қилган ва изтироб келтирган дамлар ҳам бўлдими?
– Шеъринг ҳам фарзандинг. Бири туфайли раҳмат эшитасан, бири туфайли надомат. Ҳар икки ҳолда ҳам шоирга бардош керак бўлади – мақталганда ҳам, урилганда ҳам. Бир донишманд: “Бойлик, мартабанг жуда ошиб кетса ҳам, омадинг кетиб, гадо бўлиб қолсанг ҳам қабристонга бор. Биринчи ҳолда ҳовурдан тушиб, оқибат келадиган жойим шу, деб ўзингни босиб оласан, иккинчи ҳолда тириклар қаторида бўлганингга шукр қиласан, таскин топасан”, деган экан.
Ижодий меҳнатнинг ҳам кўтарилиш ва тушишлари кўп бўлади. Шоир омад чоғида ҳам, тушкунлик чоғи ҳам мувозанатни йўқотмаслиги учун қабристонга – китоблар қабристони бўлган Книготорг омборига бориб туриши керак. Ҳар икки ҳолатда ҳам ўзига-ўзи ҳисоб бериб қайтади. Шоир учун эл назаридан қочиш – энг олий жазо. Қолганини изтироб демаса ҳам бўлади.
– Қуллуқ қил, демасман,
Юрт тупроғин ўп,
Унга қуллар эмас, фидолар керак,
Унинг сену мендек шоирлари кўп,
Буюк элга энди даҳолар керак…

Бу сатрлар билан бошланган шеърингизда ҳам фидойи шоир образи қад кўтаради. Аммо сизнинг луғатингизда у энди даҳо тушунчаси билан ўрин алмашмоқда. Сиз бу шеър орқали нима демоқчи бўлгансиз? Даҳо деб қандай шоирнинг туғилишини орзу этмоқдасиз?
– Халқнинг қаддини у яратган моддий неъматгина кўтармайди. Халқ – улуғ фарзанд­лари билан улуғ. Тасаввуримда, ҳар янги авлод вояга етганда, халқ унга умид кўзи билан қарайди: қадримни бир поғона юқорига кўтарадиган фарзанд шулар орасида бормикин?.. деб.
Даҳо деганда, фақат даҳо шоир назарда тутилган эмас. У олим бўлиши мумкин, раҳбар бўлиши мумкин… Даҳо деганда, мен замон тафаккуридан илгарилаб кетган ақлни, даврни ва оммани олға ҳаракат қилдирувчи ақлни тушунаман.
“Ўзбегим” шеърини тилга олдингиз. Бундай шеърлар халққа ўз қадрини англаши учун керак. Лекин мен орзу қилган шоир шундай шеър ёзадики, халқ уни ўқиб, ўз қадр-қимматини билибгина қолмай, ўзини орқага тортаётган кучларни ҳам англайди, фикрий парвозлар учун чоғланади, халқ юрагида инқилоб пайдо бўлади. Халқни мақтаган шоир улуғ эмас, унинг ўзлигини ўзига кўрсатиб беролган, аёвсиз гапни айтолган шоир улуғ. Буни асло ясама камтарликка йўйманг. Бу менинг эътиқодим.
“Ўзбегим” ёзилганига йигирма йил бўлди. Бугун аср бошида: “Бизлар-чи ўйнаб тартарак сопқон отолмаймиз ҳануз”, деб ёзган Тавалло “Ўзбегим”нинг авторидан юз карра баландроқ кўринади менга. Рус халқи унга одалар ёзган Тредиаковский ва Сумароковлар эмас, Плюшкинларни, Обломовларни яратган Гоголь, Гончаровларга таъзим қилса ҳақли…
Мен ўзбеклар ичидан шундай даҳолар пайдо бўлишини, даҳо асарлар ёзилишини орзу қиламан. “Йўқолган шеърида шундай сўзлар бор: “Мен ёзмасам, Майли ёзса ким, У хоҳ ғазал, қасида бўлсин – Майли, менинг бор-йўқ ёзганим Ўша шеърга бахшида бўлсин”.
– Кейинги икки-уч йил орасида бўлган ва бўлаётган воқеалар ҳар қандай хато тарих томонидан тузатилмай қолмаслигини кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам виждон ҳамиша бедор ҳолатда яшамоғи лозим. Шеърият ва шоирлар эса, умуман, виждонга хилоф ҳолатда яшай олмайдилар. Виждон омон экан, шоир ҳақиқат учун разиллик ва унинг минг хил кўринишларига қарши курашиши зарур бўлади. Мана, сизнинг ижодингизда ҳам бир қанча йиллардан бери виждон бонги жаранглаб турибди. (Сизга “бонг” сўзи бошқа даврларни эслатса ҳам мен бу сўздан яхши маънода фойдаланаман.) Сиз бугунги ошкоралик ва адолат учун кураш даврида қайси иллатлар ва хатоликларга қарши, уларнинг такрорланмаслиги учун бонг урмоқчисиз? Қайта қуриш даврининг диққат-эътиборини қайси масалаларга қаратишни истайсиз?
– Биз инқилобга тенг бурилиш даврини бошдан кечирмоқдамиз. Тарих тажрибасига назар солсак, бундай бурилиш даврлари ҳеч қачон хатоларсиз, ҳаддан ошишларсиз бўлган эмас. Контрреволюцияга қарши кураш, коллективлаштириш даврини олинг, ё бўлмаса, эллигинчи, олтмишинчи йиллардаги экспериментларга назар ташлаб кўринг. Қанча бегуноҳ жонлар қурбон бўлди, қанча маблағлар беҳуда сарф бўлди. Бугунги қайта қуриш даврини ҳам биз бор кўлами ва аҳамияти билан кўришимиз учун вақт ўтиши керак. Ҳозир турғунлик даври туғдирган иллатлар билан бир қаторда демократия ва ошкоралик даврида пайдо бўлган иллатларни ҳам фош этиш керак. Бундай иллатлар биринчи навбатда демократия ва ошкораликдан ғаразгўйлик мақсадида фойдаланиш, фақат ўз манфаатини ўйлаш, бошқалардан ошкора қасд олиш ва ҳоказолар бугунги кунда қанча софдил одамларни инфаркт қилмоқда. Юмалоқ хатлар асосида қанча одамларнинг вақтини олиб, асабини эговлаб текшир-текшир қилишлар… Республикамизда айниқса, раҳбар кадрларга шафқатсизлик қилинмоқда. Сўнгги уч-тўрт йил ичида ишдан олинганларнинг ҳаммаси ҳам адолатли олиндими ёки тайинланганларнинг ҳаммаси ҳам муносиб одамларми? Бу саволга вақт жавоб беради.
Лекин биз ҳозир ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр бўлишимиз керак. Ўз жонимиз учун эмас, ёнимизда турган, биз тўғрилигига ишонган одамлар учун, уларни туҳмат ва ноҳақ жазодан ҳимоя қилиш учун ҳушёр бўлишимиз керак. Очиғини айтсам, шу борада бизларда шаҳдамлик етишмайди. Дўстимиз, яқинимиз бошига иш тушса, томошабин бўлиб тураверамиз. “Юқорида текширувчилар бор, адолат қилар”, деб ўз виждонимизга таскин берамиз. Ваҳоланки, у одамнинг кимлигини “юқоридагилар” эмас, биз, у билан ёнма-ён меҳнат қилганлар биламиз. “Юқоридагилар” туҳматнинг туҳматлигини аниқлагунча у одам ҳам тамом бўлиши мумкин. Ахир Абдулла Қодирий, Усмон Носирнинг тақдирини ҳам бир замон “юқоридагиларнинг адолати”га топширганлар. Билмадим, қачон кўзимиз очилади? Қачон дўст учун, ишонган сафдош учун кўкрак тутадиган бўламиз?
– Сизнинг бу куюнчак гапларингиз Абдулла Ориповнинг “Оломонга” деган шеърини ёдимга туширмоқда. “Нимасан! Қандайин сеҳрли кучсан! Нечун томошага бунчалар ўчсан!..” Чиндан ҳам, халқимизда уюшқоқлик деймизми, тарих олдида масьулият деймизми, ўзининг энг яхши фарзандларини ёвуз чангаллардан олиб қолиш қудрати деймизми, – қандайдир энг муҳим фазилат етишмаётгандек. Бугун ана шу нуқсон туфайли Орол денгизи буюк ҳалокат ёқасида. Ана шу нуқсон туфайли пахтазор ва экинзор далаларимиз бутифос билан заҳарланган…
– Бир замонлар республикамизнинг олий даражадаги раҳбарларидан бирига бутифоснинг келтираётган офатини айтишганда, у шундай деган экан: “Пахта ҳам фронт, фронт эса қурбонсиз бўлмайди”. Бу ҳам фалсафа. Сохта ватанпарварликка асосланган ғайриинсоний фалсафа. Агар биз бугун ҳам шу гапни янги шаклда такрорласак, “Қайта қуриш ҳам жанг, у ҳам қурбонсиз бўлмайди”, десак, ўша сохталикдан бир қадам ҳам олис кетмаган бўламиз. Пахта ҳам, қайта қуриш ҳам, ҳамма-ҳамма нарса аввало инсон учун.
Мана шу сўзларни айтиб турганимда, далаларда фарзандларимиз лой кечиб, пахта термоқдалар, зах баракларда истиқомат қилмоқдалар. Яна ўзимиз ҳайрон бўламиз – нега ёшларда бод касаллиги кўп, нега улар соғлом эмас, деймиз. Пахта бор экан, ҳашар бор, кузги сафарбарлик бор. Нега биз ҳар гал ўзимизни алдаб, ҳосилни ҳашарчиларсиз териб оламиз, деб кўкракка уриб, куз тараддудини қилмаймиз?
Колхоз ва совхозларнинг вақтинча ётоқ ҳозирлаш учун шу кунгача тасарруф қилган ёғоч ва тахталаридан минглаб жиҳозли иссиқ вагон уйлар қурса бўлар эди. Баллон ғилдиракли бундай уйлар кўчиб юриш шароитига жуда мос тушар, қанча вақт, қанча маблағ тежалган бўлар эди. Йўқ, биз фақат шу йилни ўйлаймиз. Беш йил, ўн йилни сира хаёл қилмаймиз. Афанди айтгандай, унгача “ё подшо ўлади, ё эшак ўлади, ё мен”. Биз ўзимиз-ку, дарвоза қурсак, ёғочи юз йилда чириши мумкин, деб сал қиммат­роқ бўлса ҳам темир дарвоза ўрнатишга ҳаракат қиламиз. Ҳа, энди бу уч-тўрт юз йил туради, деб ўзимизнинг пухта ишимиздан хурсанд бўламиз. Давлат мулки эса бизники эмас. Унинг кўпга чидаши, арзон тушиши, айниқса, ўн-ўн беш йилдан кейинги ҳолати бизни мутлақо қизиқтирмайди. Яна афандининг ўша гапи.
Қайта қуриш психологиямиздаги асосий иш ана шу фикрий ялқовликни йўқотиш бўлиши керак. Одамлардан “Бугун нима қилдинг?” дебгина эмас, “Эрта учун, келажак учун нима қилдинг?” деб ҳам сўраш керак. Она ўз фарзандини суйса, парвариш қилса, биров олдида ҳисоб бериш учун ёки бирор чақириққа жавобан қилмайди. Соҳиб ўз мулкини эҳтиёт қилса, “Мен ўз шонли бурчимни бажардим”, деб кўкрак кермайди, унвону нишонлар умидида қилмайди.
{…}

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1988/ 1

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here