Poyingda qolar everest cho‘qqisi

0
306
марта ўқилган

Шароф Эгамбердиев

Биохимик, биология фанлари доктори.
1981 йили туғилган. 2004 йили Ўзбекистон Миллий университетининг магистратура босқичини тамомлаган.
2008 йили номзодлик, 2015 йили докторлик диссертацияларини муваффақиятли ёқлаган. Ҳоббиси – саёҳатга чиқиш.
2013 йили “Сирли Ўзбекистон” туристик жамиятини ташкил этган. Шу йилнинг 18 июлида Европадаги энг баланд – Эльбрус чўққисига Ўзбекистон байроғини ўрнатди.

Бошидаёқ айтиб қўяй, альпинист эмас, тоғ сайёҳиман. Ҳозиргача кўплаб баландлик ва чўққиларни забт этганман. Баландликка кўтарилиш, уни забт этиш осон иш эмас. Бунинг учун одамдан тинимсиз меҳнат, метин ирода ва табиатга чексиз меҳр-муҳаббат талаб этилади. Ана шу хислатларни ўзингизда жо этсангизгина юксак чўққилар сизга бўйсунади.

Олманинг тагига олма тушади, деганлари ростга ўхшайди. Отам Шуҳрат Эгамбердиев физика-математика фанлари доктори, профессор. Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти директори. Отамнинг ишхонасига кўп борардим. Астрономик тадқиқотларни кузатиш, ойдаги доғлар, баландликлар ҳақидаги маълумотларни тинглаш жону дилим эди. Ўн икки ёшимда отамга қўшилиб тоғ чўққисига кўтарилганимни яхши эслайман. Мана шу саёҳат мени тоғ, табиат, виқорли чўққиларга боғлаб қўйди. Табиат гўзалликларига, ошуфта бўлиб қолдим. Тоғлар билан ошно этгани учун отамдан умрбод миннатдорман.
Табиатга муҳаббат мени ўқишга етаклади. Ўзбекистон Миллий университетининг биология-тупроқшунослик факультетида олти йил давомида соҳанинг сир-­асрорларини ўрганишга ҳаракат қилдим. Устозларимни ҳоли-жонига қўймай саволлар берардим. “Шароф, бугун яна қанақа савол ўйлаб келдинг”, деб сўрашарди ҳазил аралаш.
Факультетда изланишларимни давом эттириб, 2008 йили “Ўзбекистондаги элит навлар ва линияларга молекуляр-генетик паспортни яратиш” мавзусида номзодлик, 2015 йили “Ўзбекистонда ғўзани зарарсизлантирувчи FUSARIUM туркумидаги патогенларнинг молекуляр идентификацияси ва тавсифи” мавзусида докторлик диссертацияларини ёқладим.

“Сирли Ўзбекистон” туристик жамиятини ташкил этдик. 2013 йилгача турли баландликдаги тоғ ва чўққиларга чиқиб, юртимизнинг турли жойларига саёҳатларга бориб турардим. Мамлакатимизнинг кам тадқиқ этилган, ҳали кўп ҳам ўрганилмаган ерларига саёҳат уюштириш, бетакрор табиатимиз ҳақида юртдош­ларимизга янги ва яхши маълумотлар бериш учун бирон-бир сайёҳлик фирмасини очиш нияти туғилди. Шу тариқа “Сирли Ўзбекистон”ни очдик. Унинг тарихига қисқача тўхталсам. Отам Қумбел астрономик станцияси асосчиларидан. Қачон ўша ерга отланса, мениям олиб кетарди. Тоққа саёҳатга чиқишни, табиатни ўрганишни ўзим учун ҳобби қилиб олгандим. Шу тариқа туристик жамиятимизга асос солинди. Ушбу жамият мен учун пул топиш манбаи эмас, балки севимли машғулотим билан шуғулланиш, юртдошларимизга завқ улашиш истаги, холос.

Қаерда қизиқроқ макон борлигидан хабар топсам, ўша ерга саёҳатга чиқаман. Асосан ёдгорлик ҳамда кам ўрганилган маконларни тадқиқ этамиз. Кўпроқ эътиборни Сурхондарё вилоятига қаратамиз. Чунки у ерда сир-синоатга бой, “ташриф”имизни кутиб турган жойлар анча-мунча. “Сирли Ўзбекистон” туристик жамиятимиз томонидан, айниқса, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах вилоят­ларига кўп сафар уюштирамиз. Саёҳат асосан дам олиш кунларига режалаштирилади. Мисол учун, мамлакатимизнинг олис Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ёки Сурхондарё вилоятларига сафар ташкил этмоқчи бўлсак, жума куни кечки пайт йўлга чиқамиз. Шанба ва якшанба кунлари саёҳат қилиб, душанба куни Тошкентга қайтамиз.
Байроғимизни дунёнинг энг баланд нуқталарига ўрнатганимдан фахрланаман. Ватанимиз байроғини Эверест лагери жойлашган базага, Кала Патхар тоғига, Лобуч довони (Ҳимолай)га, Тукла довонига ва Европанинг энг баланд чўққиси Эльбрусга ўрнатдик. Бундай лаҳзаларда шу юрт, шу тупроқ фарзанди эканимдан ғурурланиб кетаман.

Афсонавий Ҳимолай тоғи – Эверест чўққиси… мана бизнинг мақсад. Уни забт этиш альпинист ва тоғ сайёҳларининг энг катта орзуси.
Бир кун келиб, Африка қитъасидаги Килиманжаро чўққисини ҳам забт этишни дилга тукканмиз. Чўққи ёки баландликни эгаллаш учун, аввало, тинимсиз изланиш керак. Жисмоний кучнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун ақлий салоҳиятни ишга солмоқ ва яна ҳар қандай вазиятга тайёр турмоқ керак. Асосийси, чекинмаслик, фақат ва фақат олдинга қадам ташлаш.

Ўзбекистонда альпи­нистлар, тоғ сайёҳлари кам, деган гаплар қулоққа тез-тез чалинади. Йўқ, улар етарли. Маҳоратли альпинистларимиз кўп. Бироқ юртимизда тоғ спорти бироз оқсаётгандек. Ушбу спорт тури ихлосмандлари камайиб кетаётгани ачинарли. Тўғри, саёҳат ёки ҳобби учун ҳаётни хавф остига қўйишда мантиқ йўқдек. Муҳими, инсон ўз касбини чин юракдан севсин. Шунда ҳар қандай хавф-хатарга чап бера олади. Ўзимга келсак, ишларни, забт этилажак чўққиларни олдиндан чамалайман, ҳисобини оламан. Шукр, ҳали хавфли ҳолат юз бергани йўқ. Бермасин ҳам.

Баъзан тоғ чўққиларида қаттиқ совуқда кунлаб қолиб кетамиз. Ҳаво етишмаслиги қийнайди. Ўшандай вақтларда ҳам севимли машғулотимдан юз ўгиришни ўйламаганман. Насиб қилса, мақсадимдаги чўққини албатта эгаллайман ва унга юртимиз байроғини ўрнатаман. Мени янги марралар, янги чўққилар ва афсонавий тоғлар этагига етаклайдиган куч ана шу завқ бўлади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here