10 yil yengilmagan 9 karra chempion

0
276
марта ўқилган

Қудратов Истам Сафар ўғли
1990 йили Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида туғилган.
2010–2014 йиллар
Навоий давлат кончилик институтида таҳсил олган.
2012 йили Тошкентда ва
2016 йили Туркманистонда бўлиб ўтган самбо бўйича
Осиё чемпионати ғолиби.
2011 йили Литвада ва
2015 йили Марокашда бўлган жаҳон чемпионатларининг мутлақ ғолиби.
“Мард ўғлон” Давлат мукофоти соҳиби.

Тўрт ўғилдан кейин ҳам “бўри бўлди”. Гулсара опа лоақал шу фарзанди қиз туғилишини жуда хоҳлаганди. Болаликдан курашга қатнаб улғайган Сафар ака учун эса бу айни муддао эди. Ҳайдовчи бўлиб ишласа-да, қалбида кураш ўти ва шижоати сўнмаган ота ўғиллари яна биттага кўпайганидан севинди. Ишдан қайтгач, улар билан кураш тушар, билганларини ўргатишга ҳаракат қиларди. Шундай кезларда кенжа икки ўғлида спортга қандайдир иқтидор борлигини сезарди.

Улар Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги кўпқаватли уйларнинг тепа қаватида туришар, ҳар куни болаларнинг ур-йиқити, “гурс-гурс”идан қўшниларга тинчлик йўқ эди. Пастки қаватдаги қўшни бугун яна эшик қоқди: “Уйда меҳмонимиз бор, бир соатгина жим туринглар”. Сафар ака вазият бу тарзда давом этиши мумкинмаслигини англаб, Рустам ва Истамни самбо тўгарагига олиб борди. Ўшанда кичиги Истам ўн бир ёшда эди. Кун келиб, у беш карра Ўзбекистон, икки марта Осиё ва икки карра жаҳон чемпиони бўлишини ҳеч ким ўйламаганди.

– Мураббийим Чингиз Тахмазов балки менда нимадир борлигини ҳис этгани учунми, бошқалардан кўпроқ вазифа бериб, беаёв “қийнарди”. Бироқ машғулотларда гуруҳнинг олди бўлганим билан мусобақаларда негадир ўзимни кўрсата олмасдим. Баъзан жисмонан кучим етмаса, баъзан руҳан тайёр эмаслигим аён бўлиб қоларди.
Мусобақаларда нақ ўн йил фақат иккинчи, учинчи ўрин насиб қилар ёки умуман ўрин ололмай қайтиб келардим. Ўша куни ҳам омад менга кулиб боқмади. Ютқазиб қўйганимни қандай айтишни билмай, уйимиз атрофида узоқ айландим. Ниҳоят, эшик қўнғироғини босдим. Кулиб чиққан отамга лом-мим демай, ичкари кирдим. Отам ҳам дарров тушунди. Юзидаги ифода бирдан ўзгарди, бироқ буни сездиргиси келмади. “Кейинги мусобақада албатта ютасан, ўғлим”, дея кўнглимни кўтарди. Аммо бу гап менга янада оғир ботди. Ундан кўра, уришганлари афзал эди. “Наҳотки, мендан чемпион чиқмаса, ўн йиллик машғулотлар, шунча меҳнат, ҳаракатнинг натижаси бўлмаса!”. Кўнглимдан шу гаплар ўтар экан, алам билан ютиндим. Кўзимга қалққан ёшларни ҳам ичимга ютдим.

2010 йили Урганч шаҳрида ёшлар ўртасида самбо бўйича республика биринчилиги бўлиб ўтди. Ўшанда ўзимга ваъда бердим: ё ютаман, ё спортдан кетаман. 68 килограмм вазнда майдонга чиқдим. Финал жанги ниҳоятда оғир кечди. Сезиб турардимки, кўпчилик енгилишимни башорат қилмоқда. Аммо охирги дақиқаларда бор кучимни тўплаб, рақибимни чалқанча йиқитдим. Бир неча сония чангалимдан чиқишга уриниб, типирчиладию, ниҳоят тинчиб қолди. Ғалаба қозондим. Шу сафар биринчи марта суюнчи олиш учун отамга қўнғироқ қилдим. У кишининг “Раҳмат сенга, ўғлим!”, деган сўзларини эшитиб, йиғлаб юбордим.
Бундан кейин ҳам яна тўрт марта Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Тўғри, мамлакат чемпионига айланишнинг ўзи бўлмайди. Бироқ жаҳон чемпионатида ўз давлатида энг “зўр”лари йиғилади. Улар орасида ғалаба қозониш, жаҳон чемпиони бўлиш – бутунлай бошқа масала. Айтишадики, спортчининг икки рақиби бор. Бири – майдондаги рақиби, иккинчиси – унинг ўзи. Ўз-ўзини, ўзидаги қўрқув ва ҳадикни енган спортчигина рақибни енга олади. Буни яхши биладиганлардан бири – мен. Ўн йиллик мағлубиятлар роса дарс бўлган, ахир. Ўзбекистон чемпионатида ютқазсам, зарафшонлик йигит ютқазди, дейишади, холос. Жаҳон чемпионатида мағлуб бўлсам, ўзбекистонлик спортчи енгилди, дейишади. Ўртада юрт шаъни бор. Жаҳон чемпионатида қатнашдингми, албатта, ютиш керак, йўқса, қатнашмаган маъқул. Шу сабаб бу мусобақаларга икки ҳисса кўпроқ тайёргарлик кўраман. 2011 йили Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида биринчи марта жаҳон чемпиони бўлдим. Финал жангида германиялик рақибимни атиги ўн икки сония­­да енгиб, рекорд ўрнатдим. 2015 йили эса Марокашнинг Касабланка шаҳрида яна бир марта жаҳон чем­­пиони деган номга сазовор бўлдим.

Мени кўпчилик самбочи деб билса-да, бошқа ҳунарим ҳам бор. Навоий давлат кончилик институтининг кон электромеханикаси факультетини тамомлаганман. Ҳозир Навоий кон-металлургия комбинати Марказий бошқармасининг электр чилангарларидан бириман. Кўпчилик қатори эрталаб ишга отланаман. 8.00 дан 17.00 гача иш. Уйга қайтаётиб йўл-йўлакай болаларимни боғчадан оламан. Русланни бир қўлимга, Раънохонни иккинчисига кўтариб келавераман. Ҳадемай рафиқам ҳам ишдан қайтиб, дастурхон ёзади. Овқатланиб бўлиб, “Алпомиш” спорт мажмуасига – тренировкага кетаман.
Спортда тўхтаб қолиш йўқ. Самбо ҳаётимнинг бир бўлагига айланиб қолган. Мен спортчиларни оддий одамлар билан тенглаштирмаган бўлардим. Чунки спортчилар ғалаба нашидасини ҳам, мағлубият аламини ҳам тотиб кўришади. Доим шу икки ҳис уларга ҳамроҳлик қилади. Қолаверса, спортчининг ҳаёти ҳам тақдирнинг турли синовлари, муаммо ва қийинчилик­ларидан айро тарзда кечмайди. Биз ҳам спортдаги қийинчиликлар, ҳам ҳаёт синовларини баробар енгиб ўтишимизга тўғри келади. Энг муҳими, ким бўлганда ҳам ўзликни эсдан чиқармаслик керак.
Айтганча, яқинда “Мард ўғлон” Давлат мукофоти билан тақдирландим. Жуда хурсанд бўлдим. Мукофот эгаларига бюджет асосида имтиҳонсиз бакалавриат ва магис­тратура босқичларига кириш ҳуқуқи бериларкан. Шу имконият­дан фойдаланиб, магистратура босқичида ўқишни давом эттириш ниятидаман.

Яхши мутахассис бўлиб, Навоий кон-металлургия комбинати ривожига ҳисса қўшсам дейман. Қолаверса, халқаро ареналарда юртимиз байроғини баланд кўтариш ва худди шундай Ўзбекистон номини жаҳон чемпионатларида янгратадиган чемпионларни тарбиялашни хоҳлайман. Орзуим эса Президентимизнинг қўлларидан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвонини олиш.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here