Ўзбекистон ёшлар иттифоқи 1 ёшда!

1
211
марта ўқилган

Шугина муддат ичида ёшлар ҳаётига татбиқ этилган лойиҳалару янгиликларни бирма-бир санайдиган бўлсак, саҳифалар камлик қилади. Муҳими, яратиб берилаётган имкониятлар чинакам маънода амалий жараён эканини кузатиб турибмиз. Ёшлар бандлигига кўмаклашиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, иқтидорли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш… – хуллас, Ёшлар иттифоқи қулочини кенг ёйган. Ана шундай хайрли ишлардан бири ташкилот фаолларининг олий таълим муассасаларига тегишли тартибда имтиҳонсиз, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинишидир. Хўш, ушбу имконият кимларга насиб этади?

Ўзбекистон Республик­аси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ёшлар иттифоқининг сардорлари, бошланғич ташкилотларидаги йўналиш етакчилари ва икки йиллик меҳнат стажига эга фидойи ёшлар ОТМга кириш учун тавсияномага эга бўлишлари мумкин. Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, шу йили март ойининг 25 санасигача туман ҳамда шаҳар комиссиясига жами 5492 талабгордан ариза келиб тушган. Шундан 815 нафари Ёшлар иттифоқи сардорлари, 1908 нафари бошланғич ташкилотларидаги йўналиш етакчилари, 2769 нафари икки йиллик меҳнат стажига эга фидойи ёшлар.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 нафар энг муносиб йигит-қиз саралаб олинди. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига тақдимнома киритилиб, уларнинг педагогика таълим йўналишларига тест синовларисиз ва ижодий имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши учун тавсияномалар тақдим этилди. Ушбу бахтга муяссар бўлган ёшлар билан суҳбат қурдик.

Фарангиз Худоёрова

Республикса ёшлар маркази Самарқанд вилояти бўлинмаси қошидаги

“Ёш флекторлар” тўгараги раҳбари

Ўн уч йиллик саъй-ҳаракатим ўз даражасидан кўра юксак баҳоланди. Ич-ичимда кечаётган ҳисларни сўз билан баён этишим қийин. Ўқишга қабул қилинганим ҳақдаги хабар… ўша пайтдаги севинч ва ҳаяжон вужудимни ҳали ҳам тарк этмаган. Бу имтиёз етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Бироқ умидим ва ишончим бор эдики, мана, Ёшлар иттифоқи томонидан рағбатлантирилдим. Ўқишга кириш кимлар учун хамирдан қил суғургандек осон “юмуш”, яна кимлар учун оғир синов. Талаба бўлишдек бахтни беш йил кутдим. Ўқишга киролмаётганимдан задалик одамни тушкун ҳолга ташлаб қўйган бир пайтда ва кутилмаганда ушбу имконнинг берилиши ҳаётга қизиқишимни орттирди. Уни катта қувонч билан қабул қилдим.

Ён-­атроф кўзимга шунчалар рангин туюлдики! Яна, ҳеч кимга оғирлигинг тушмай, давлат гранти асосида ўқиш… мен учун йилнинг энг яхши туҳфаси бўлди.

Фаолиятимни сардорликдан бошлаганман. Инглиз тили тўгараги волонтёри, кейинчалик раҳбари ва “Ёшлар туризми” тўгараги раҳбари ва ниҳоят Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти Кенгаши фаоли. Самарқанднинг туризм салоҳияти юқори. Бу ерга чет элдан келаётган меҳмонлар оқими ҳавас қиларли. Улар билан экскурсияларга чиқамиз. Обидалар билан таништирамиз. Диёримизга қадам ранжида қилаётган сайёҳлар учун кичик-кичик гуруҳлардан иборат волонтёрлар тайёрладик. 2014 йили инглиз тилини ўрганувчилар учун “Step by step” қўлланмасини яратдик. Умуман, ички туризмни ривожлантириш учун қўшган шу ва шу каби ҳиссаларимиз, Ёшлар ташкилоти сафида кечган йилларимиз ўз сўзини айтди. Ижтимоий ҳолатимиз ҳам инобатга олинди, чамамда.

Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, Ёшлар ташкилоти менга кўп имконлар берди. Ҳамиша ҳаракатда, меҳнатда бўлишга ўргатди. Ўрганган шугина сабоғим ҳам бутун умримни тартибга солишга, мудом изланишга ундайди. Яқин дугоналарим, тенг-тўшлар бир гапни сақичдек чайнайверарди: “Вақтингни бекорга совураяпсан, Иттифоқ сенга нима беради, қуруқ тадбир. Ундан кўра, ўқишга тайёрлансанг бўлмайдими? Балки ҳам ишлаб, ҳам ўқиётганинг учун университетга киролмаётгандирсан”.

Вазиятга четдан баҳо бериш осон. Телевизор қаршисида лўла болишга ёнбошлаб олганча, футбол томоша қилаётган мухлисга разм солганмисиз?! Гиламга мушт қўйиб юборгани камдек, “тўпни мундоқ қилиб устидан ошириб ўтсанг ўласанми!” деб қўяди жиғибийрони чиқиб. Аслида, ҳамма гап ўша “мундоқ”ни амалга оширишнинг қийин эканида эмасми? Шунинг учун ҳам айтдим-да, четдан баҳо бериш осон. Қисқаси, ўз йўлимни белгилаб олдим. “Вақтингни бекорга совураяпсан” дейдиганларга жавобим шу: одам аниқ мақсад билан меҳнат қилса, интилса, белгилаган йўлининг заҳматларидан оғринмаса, нолимаса, иши албатта юзага чиқади. Аксинча, ўзини ўйлаб иш кўрса, ўз манфаатини кўпникидан устун қўйса, ишидан барака қочади. Қачонки бажараётган амалимизга қалб қўримизни бера олсаккина, юксалиш бўлади. Ўйлайманки, Ёшлар иттифоқининг бугун яратиб бераётган имкониятларидан самарали фойдаланиб, унга лаббай деб жавоб бериш зарур.

Моҳидил

Қурбонова

 Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби:

Оилада иккита фарзандмиз. Укам Қиличбек – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи сардори. Оилавий “иттифоқчимиз” десам ҳам янглишмайман. Олти йиллик фаолиятим бевосита ёшлар таш­­килот­­и билан боғлиқ. Ўқишдан бўш пайтларимизда таълим муассасаларида мунозара клубларини ташкил этардик. Ана шу тадбирларда орттирган озми-кўпми тажрибаларим сабаб, 2015 йили “Мунозара” турнирида, 2016 йили “Ёш сиёсатчи” танловида республика миқёсида ғолибликни қўлга киритдим. Мазкур ўқув йилидан эътиборан мусиқа фани ўқитувчиси сифатида фаолият олиб бормоқдаман. Ютуқларим шу билан тўхтаб қолгани йўқ.

Вилоят Кенгашида “Энг ёш бўлим мудири” деб топилганим мени икки карра қувонтирди. Тавсия­номага эга бўлганим ҳақидаги хушхабарни эса “Лочин” оромгоҳида эшитдим. Кўзёшимни яшира олмадим. Бутун бошли вилоят ёшлари орасидан танлаб олинганимдан тўлқинланиб кетдим. Бу каби муваффақиятлар зиммамдаги бурч ва масъулият­­ни сезишга ўргатди. Ёшлар иттифоқидан айнан шунинг учун ҳам миннатдорман. Муаммо билан тўқнашилса довдираб қолмасликни, катта довонлар олдида чекинмаслик, ўзни йўқотиб қўймасликни ўргандим. Ҳамжиҳат ҳаракат қилсак, кўпдан қуён қочиб қутулмаслигини билдириб қўйганинг учун ҳам раҳмат, Ёшлар иттифоқи! Байраминг муборак! Бу ёғига қадамларинг янаям шаҳдли бўлсин!

Муҳаммаджон Комилжонов

 Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши Бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси

Фикримча, тенгдошларим қаторида ушбу имтиёзга эга бўлишимда яқинларим ва дўстларимнинг ишончи ахамиятли бўлди. 2008 йили сардорлик фаолият­имни бошлаган бўлсам, аввалига шаҳар, вилоят, кейинчалик республика сардорлар Кенгаши аъзоси сифатида иш олиб бордим. Ёшлар ташкилоти билан ўтган уч йиллик фаолиятим мазмунли, хотираларга бой бўлди. Сардорлар билим кўникмаларини ошириш, фаолиятини такомиллаштириш, “Kamalak” болалар ташкилоти тарғибот ишларида фаол қатнашдим. Бундан ташқари, UNIСEF халқаро болалар жамғармасининг “Маҳаллий масалаларни ҳал этишда ёшлар иштироки” лойиҳаси координатори сифатида вилоятдаги имконияти чекланган 50 нафар боланинг тасвирий ва амалий санъат кўргазмасини ташкил этдик. Уларнинг ижодий ишлари аукцион тарзда сотишларига амалий кўмаклашдик. Ушбу имтиёзга лойиқ деб топилишимга ана шулар асос бўлди, деб ўйлайман.

Мақсадим – Бухоро давлат университетининг психология факультетида таҳсил олиб, шу соҳа ривожига ўз ҳиссамни қўшиш. Ўсмирлар ва болалар билан индивидуал шуғулланиш ниятидаман. Улар орасидаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, ечим излашга ҳамда таклифларини ўрганишга астойдил киришаман. “Инсон қачонки ҳаракатдан тўхтаса, у орзу қилган, интилаётган муваффақият­­га эриша олмайди”, деган экан аҳли донишлар. Шундай экан, ҳаракатдан тўхтамаслик йўлидан борамиз. Ана шундагина бизни мақсадларимиз кулиб қаршилайди.

 

 

Oldingi sahifaФЕРМЕР
Keyingi sahifaHOY, KITOBXON QIZ!
Ulushish

1 izoh

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here