ФЕРМЕР

0
121
марта ўқилган

Бугун юртимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликларининг 12 мингтасига ҳали ўттизга тўлиб-тўлмаган ёшлар бош-қош. Улар қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида жонбозлик кўрсатаётир. Бўка туманидаги “Темур” фермер хўжалиги раҳбари Зафар Тоиров ҳам ана шундай фидойи, меҳнаткашлардан. Ёш фермернинг иш тутумлари, фаолияти билан танишиш мақсадида йўлга чиқдик. Машина магистраль ёқалаб пахта майдони қабатида тўхтади. Дала бетида мўъжазгина шийпон – салқин, ораста. Суҳбатимиз айни шу далада, ғўзани культивация қилаётган тракторнинг тариллоқ шовқини остида кечди.

Зафар Тоиров

 Бўка туманидаги “Темур” фермер хўжалиги раҳбари,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман Кенгаши аъзоси  

Деҳқон табиат билан ҳисоблашишга мажбур. Бу йил ҳаво инжиқ келди. Ўтган мавсумга қараганда салқин. Ёз ёзлигини кўрсатмаяпти. Биз эса агротехник тадбирларни муддатида бажариб, ҳосилдорликни оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Эътибор беринг, ер майдонимиз қирликдан иборат. Бундай шароитда ғўза бирданига авж олиб кетмайди. У табиатан иссиқсевар – ҳаво қизигани сайин ривожга киради.

Кўриб турганингиздек, ғўза биринчи яганадан чиқди. Бир-бир сепалаб ўтаётган ёмғир ғўзани ширалатиб юбораяпти. Бу эса ўсимликнинг эмин-эркин ўсишига, шох олишига халақит беради. Буни кимёвий йўл билан бартараф этиш мумкин, албатта. Бироқ табиатнинг табиий мезонларига ҳам путур етмаса деймиз. Ширани йўқотаман, деб ўсимликдаги фойдали ҳашаротларни нобуд қилиб қўйиш ҳеч гап эмас. Натижада қора шира, ўргимчаккана, кўсак қурти каби зараркунандаларнинг кўпайишига имкон туғилади.

Ёмғир-ширанинг йўқолиши осон. Ҳаво ҳарорати 35 даражага кўтарилса, ўзи ёрилиб кетади. Мана бу ҳашаротларга қаранг, шира билан озиқланаяпти. Улар ёмғирдан сўнг пайдо бўлди. Химик воситалар эса уларни нобуд қилади. Қолаверса, ўсимликларга кимёвий йўл билан бир марта ишлов берилдими, ҳосил пишиғигача маҳаллий усулларнинг ҳеч қайсиси кор қилмайди. Ернинг кучини ҳам олиб қўяди. Бу эса кейинги мавсумда ҳосилни йўқотиш дегани.

Шукр, кунлар исияпти. Энди ўргимчаккана кўриниб қолди. Дарҳол зарур чора кўрилмаса, у бир мавсумда тўрт марта, ҳар бири уч мингтадан авлод қолдиради. Тезроқ ҳаракат қилмасак, ҳосилни йўқотиб қўямиз. Бунда биз оддий усулни қўллаймиз: қайнаган сувга олтингугурт ва совун солиниб, масса тайёрланади. Аралашма ўсимликка пуркалганда ўргимчаккана бутунлай нобуд бўлмайди, албатта. Бу билан у фақат жонсизлантирилади ва уруғланишига йўл қўйилмайди. Хонқизи, трихограмма сингари ҳашаротлар ўсимлик учун фойдали, зарар кўрсатмайди. Булар унинг авлоди, ҳали ривожланмаган, жуда нимжон. Шу боис, айни даврида чора кўрамиз. Август ойининг ўрталарида қуёш ҳовури қайта бошлагач, ўз-ўзидан у ҳам ривожланмай қолади.

Деҳқончиликнинг шунақа синоат­лари бор. Фермер бу илмни билмаса, барча ҳаракати ҳавога учади. Иқлим ўзгараяпти. Мисол учун, ўтган йили шу даврда олиб борилган агротехник тадбир бу йилга тўғри келмаяпти. Тажрибам етишмаган вазиятларда ўзимга устоз деб билган Бобоқул Бекназаров (“Офарин Мойтепа” фермер хўжалиги раҳбари)га маслаҳат соламан.

Фермерликни 2015 йилдан бошлаганман. Фаолиятимизда инновацион ғояларни татбиқ этаётганимиз ҳосилга барака келтирмоқда. Ҳаражатлар камайиб, йилдан-йилга даромадга кириб бораяпмиз. Давлат режасини ортиғи билан бажараяпмиз. Ҳеч қандай ташкилотдан қарзимиз йўқ.

Хўжалигимиз асосан уруғлик ғалла ва пахта етиштиради.

42 гектар майдоннинг 22 гектарида ғўза. Сувсизликка чидамли “Султон” ва 20 гектар майдонда ғалланинг серҳосил “Гром” навини парвариш­лаяпмиз. Мавсумда пахтадан

40, ғалладан 60 центнердан хирмон кўтариш ниятидамиз.

Шу билан чекланиб қолиш йўқ. Чорвачилик ва пиллачилик каби қўшимча тармоқларни йўлга қўйганмиз. 30 бошдан ортиқ қорамолимиз бор. Яқинда хўжалигимизда ипак қурти боқилиб,  давлатга 120 килограмм пилла топширдик.

Хўжалик фаолиятини қўшимча тармоқлар эвазига янада кенгайтириш бўйича изланаяпман. Яна, автомашиналарга техник хизмат кўрсатадиган сервис очмоқчимиз. Бунда фермер хўжалигимиз майдони серқатнов автомагистрал йўлнинг шундоқ биқинида экани қўл келади. Лойиҳасини тайёрлаб қўйганмиз. Бироз моддий кўмак бўлса, ишга тушириб юборамиз.

Асли, мутахассислигим иқтисод­­чи. Бизнес-режа тузиш чўт эмас. Яқинда балиқчилик бўйича лойиҳа ишлаб чиққандим, банк ходимлари маъқул топишибди. Ёшлар иттифоқи кўмагида 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилмоқда. Насиб этса, балиқ боқишнинг интенсив усулларидан фойдаланиб, эл дастурхонини сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаймиз. Балиқчиликни бошлаб олгач, кластер усулини қўллаб, фаолиятимизни кенгайтириш, даромадни ошириш ҳаракатидамиз. Қуйи Чирчиқ туманида ташкил этилган “Ёшлар агрокластери”даги бўлиб ўтган маҳорат дарслари ушбу хулосага келишимда туртки бўлди.

Кластер – бу маҳсулотни етиштиришдан тортиб то товар ҳолатига келтиргунгача бўлган жа­раён. Бунда фермер ўзи етиштирган хомашёни қайта ишлаб, қадоқлайди, сотади ва экспорт қилади. Агрокластер эса фермерликнинг келажаги.

Ишчиларимизга келсак, аксари ёшлар. Уларнинг ҳам кўпчилиги Бўстонлиқ қишлоқ ҳўжалиги касб-ҳунар коллежини тамомлаган. Шу ерда амалиёт ўтаб, ишда қолган. Бир-бири билан иноқ. Қўлдан келган ёрдамимни аямайман. Хўжалигимиз механизатори Фозил Жўраев Тошкент давлат аграр университетининг менежмент факультети 1-курс талабаси. Трактор бузилиб қолса, техникка ҳожат бўлмайди. Фозилнинг ўзи қойиллатади. Оиласига дастёр. Яқинда унинг иккинчи ярим йиллик тўлов-шартнома пули фермер хўжалигимиз ҳисобидан тўлаб берилди. Чунки Фозил “ғайрати иш битганда қўзийдиганлар”дан эмас. Меҳнатда пишган.

Умуман, киши қадрини меҳнат оширади. Неки топган бўлсам, бари ҳалол меҳнат ортидан.

 

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here