Шарофат Исмоилова: “Синовлардан асраманг мени”

0
204
марта ўқилган

Пахта йиғим-терими бошлангани боис, бир парча қоғозга “Кутубхона соат 17:00 дан кейин ишлайди” деб ёзилган ёрлиқ ойнанинг ташқарисидан елимлаб қўйилганди. Шарофат бир ҳафта-ўн кун то қош қорайгунча кутди. Кутубхонанинг эшиги очилмади. Кутубхоначини кутиб кўзлари нигорон бу қизча “Айтинг-чи, менга она, қайси кун ишлар кутубхона?” дея ҳаваскор машқини қоғозга туширди. Бу мисралар устозлар таҳриридан ўтиб, “Камолот” семинарида янгради.

Янградию ғавғо бошланди. 4-синф ўқувчисини ҳокимлик обориб-опкелди. Гарчи бу ҳол ҳақиқат, бироқ қизининг митти жасорати шу билан синиб қолишидан ҳайиққан ота “шунчаки ёздим” деб айтишини уқтирдиям, вазият юмшамади. Ўшанда кутубхона эшиги ёнида соатлаб кутиб қолган, бироқ китоб ўқишдан кўнгли совумаган, кўнглини совутмаган бу қизалоқ “Ёш китобхон – 2018” кўрик-танлови ғолиби Шарофат Исмоилова. У билан суҳбатимиз танлов таассуротлари, адабиёт, шеърият хусусида кечди.

Эсимни танибманки, ота-онам, ака-­опаларимнинг қўлида китоб-дафтар кўриб улғайдим. Китоб ўқишга қизиқишим шундан бўлса керак.

Бир куни телевидение орқали жаҳондаги машҳур эртакчи Андерсен ҳақида эшитиб қолдим. Кейин исмини аниқ эслолмасам-да, уни ўзимча таърифлаб, китобини олиб келиб беришларини сўраганман. Эртасига отам “Олтин бола” номли китоб кўтариб келган. Ҳали ўзим ўқишни билмайман, шунинг учун ҳам опам ва акам ўқиб беришарди. Иркит ўрдакча ҳақидаги эртак менда бошқача таассурот уйғотди. Бу эртак фақат болалар учун эмаслигини кейинчалик англадим.

Ўзим ҳам улуғ шоирларимизга ҳавас қилиб, шеърлар ёза бошлаганман. Гоҳ шеърий оҳанг­ларга қизиқиб, гоҳ Она табиат берган завқлардан туғилган тўмтоқ қораламаларим… уларга биринчи устозим Баҳодир Исо сайқал берган.

2007 йилдан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими қошидаги “Олтин қалам” тўгараги аъзосиман. Бундай тўгаракларда кўпинча шеърлар ўқилиб таҳлил қилинади. Бизнинг тўгаракда эса дастлаб назария ўргатилиб, сўнг таҳлилга ўтилади. Менга шеър илмини ўргатган шоира Энахон Сиддиқова, Маъмура Абдураҳимова, Ойдиной Темирова ва Ҳанифа Умматқуловани устозларим деб биламан.

2011 йили Тошкент шаҳридаги Дўрмон ижод уйида ўзим болалигимдан ҳавас қилганим, мен учун чинакам қаҳрамон санаганим улуғ устозлар Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Азим Суюн, Ойдин Ҳожиева ва Фарида Афрўз билан учрашиш, улардан маҳорат дарсларини олиш бахтига мушарраф бўлдим. Ҳозир Қўқон давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиё­­ти йўналишида ўқияпман. “Навоий ва ундан кейинги даврда форс-­тожик адабиётининг ўзбек адабиё­тига таъсири” мавзуида битирув малакавий иши ёзаяпман.

Олдинлари жаҳон адабиётининг дурдона асарларини кўп ўқирдим. Тадқиқот мавзуимни ўрганиш асносида классик адабиёт­­га ҳам қизиқишим ортди. Асрлар ўтса ҳамки, баҳосини йўқотмаган мумтоз адабиёт намуналарини ўқиганим сари унинг уммонига ғарқ бўлиб кетаяпман, янги хулосаларга келаяпман. Англадимки, жаҳон адабиётидаги дурдона асарларнинг дунёга келишида ҳам мумтоз адабиётимизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Масалан, Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидаги бағдодлик йигитнинг прототипини Пауло Коэльонинг “Алкимёгар”идаги чўпон йигит Сантьягода кўрдим.

Классик матнларни ўқишга уқувим бор. Бунинг учун Дурдона Зоҳидовадан миннатдорман. У бизни Навоий асарларини аслича ўқишга ўргатган.

Омадим чопдими, танловнинг Республика босқичида иккита шарт ҳазрат Навоий асарлари бўйича тушди. Лекин ҳакамларнинг қуйидаги саволи мени довдиратиб қўйди: “Навоий комил инсон даражасида яратган образ – Фарҳоднинг учта камчилиги қайси?”.

Ўйлаб, мулоҳаза билан шундай жавоб бергандим:

биринчиси – Чин мамлакати шаҳзодаси Фарҳод отасининг таклифини, яъни шоҳ бўлишни рад этади;

иккинчиси – у Ширинни излаб Арманистонга боради-ю, ватанига қайтмайди;

учинчиси кучли ва руҳан баркамол тасвирланган Фарҳод ўз жонига қасд қилади.

Жавобим ҳакамларни қониқтирди.

Охирги шартда “Хазойин ул-маоний” девонидаги исталган бир ғазални ифодали ўқиш ва таҳлил қилиш тушди. Ушбу шартни ҳам кўнгилдагидек бажардим чоғи, ғолиб деб топишди.

Танлов олдидан ҳаяжон, қўрқув бўлмади, деёлмайман. Пойтахтга йўлга чиққач, довондан ўтиб, яқин қолганимиз сайин вужудимни оғир юк қамраб олди: вилоят шаънини ҳимоя қилишнинг масъулияти қийин бўларкан. Авваллари конкурсларда ҳеч ким орқамдан эргашиб бормаслигини хоҳлардим, агар боришса, гўё менга ёрдам бериб қўйишаёт­гандек, буни уддалашга ўзимнинг кучим етмаётгандек туюларди. Ҳатто бир шеъримда дадамга қарата “Синовлардан асраманг мени”, деб ёзганман. Бу сафар бутун руҳим билан яқинларимнинг далдасига эҳтиёж сездим.

Шу кунларда Амирийнинг нодир қўлёзмаларини ўқияпман. Биламизки, Амирий Қўқон адабий муҳитининг йирик намояндаларидан. У Бедил, Жомий сингари машҳурлар қаторида форс адабиётининг кўпчиликка нотаниш шоирлари ғазалларига ҳам мухаммаслар боғлаган. Шундан билса бўладики, Амирий форс назмини чуқур ўрганган.

Амирийда бошқаларда кузатилмаган савол-жавоб шаклидаги ёзишмаларни учратамиз. Кўпинча бундай баҳсларда ғазалнинг бир байтини Амирий, бир байтини Нодира айтган.

Ўтган йили Амирийнинг форсий ва туркийда битилган мингдан ортиқ шеъри жамланган девони нашрдан чиқди. Президентимиз ташаббуси билан Қўқон шаҳрида “Алломалар музейи” ташкил этилиб, Амирийнинг авлодлари қўлида сақланаётган нодир қўлёзмалар йиғилаяпти.

Имкониятдан фойдаланиб, қадимий қўлёзмаларни ўқиб-­ўрганмоқчиман. Ниятим Амирий ва унга замондош бўлган, лекин адабиёт тарихи, унинг ихлосмандларига нотаниш ижодкорларнинг шеърияти бўйича алоҳида қўлланма яратиш.

Салимжон Исмоилов,

Шарофатнинг отаси:

– Шарофатни тўрт яшарлигида Тошкентга олиб келганман. Ўшанда катта қизим “Машҳура”да ўқирди, тикувчилик курсида. Қайтишда эса Тошкент – Ўш йўналишидаги пурвиқор тоғларнинг сўлим ҳавосию гўзал табиатига мафтун бўлиб “Тоғлар” ва “Шалола” номли ҳаваскор қораламалар ёзган. Ушбу шеърий машқларини Баҳодир Исо ва Шуҳрат Аҳмедовга кўрсатганимда, қизингизда нимадир бор, дейишганди.

Шарофат мактаб даврларида ҳам кўп танловда қатнашган бўлса-да, ҳали ёзганлари ғўрлиги туфайлими, республика босқичига сира чиқолмасди.  Бу гал маррага анча яқинлашди.

Ғолиблар орасида қизим номини эшитгач, қувончим ичимга сиғмай, бу хабарни бўлишиш учун онасига дарҳол телефон қилдим…

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here