БЎЙСУНМАС КАРИМ МИРХОДИЕВ

0
127
марта ўқилган

1954 йили Бухорода туғилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.

“Ўн саккиз ёшлигим”, “Синов”, “Затюканный апостол”, “Магомед, Мамед, Мамиш” каби спектаклларда, “Юлдузингни бер, Осмон!”, “Бир қадам ўнгга, бир қадам сўлга”, “Эшик қоққан ким?”, “Кичкина табиб”, “Ҳур қиз”, “Иблис девори”, “Сўнгги лаҳза”, “Назар”, “Ота”, “Сабот”, “Чангак”, “Чархпалак”, “Шайтанат”, “Артист” каби фильм, видеофильм ва сериалларда яратган образлари билан машҳур.

Институтда ўқирдим. Режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг “Чангак” видеофильмига тақриз ёзадиган бўлдик. Устоз курсимизга савол ташлади: “Бош қаҳрамон Ўринбой қандай образ: салбийми ёки ижобий? Салбий дейдиганлар қўл кўтарсин”. Ҳамма бараварига қўл кўтарди.

“Чангак”нинг ҳар кадри, ҳар бир сўзи менга ёд бўлиб кетганди. Тараддудланиб турсам, устознинг кўзи менга тушиб:

– Хў-ў-ўш, Қобилова, қулоғим сизда, – деди. – Ўринбой мураккаб қаҳрамон. Қимор кўчасига кириб қолишининг сабаби оилавий муҳитга боғлиқ… Кейин бу йўлда адашиши акасининг ноҳақ айбловлари, ғурурининг топталишига бориб тақалади.

Ор-номус ҳақида ўйлаган одам қандай салбий бўлсин?

 

Табиатан бўриман.

Ёлғизликни яхши кўраман. Суҳбатлардан ўзимни олиб қочишимнинг сабаби ҳам шунда. Ижодкор ички “мен”и билан сўзлашгувчи инсон. Шунинг учун ўзим ҳақимда гапириш эриш туюлади.

Отам Самарқандда савдо соҳаси бўйича институтни тамомлаб, Москвадаги педагогика олий курсида малака ошириб қайтгач, йўлланма билан Бухоро кооператив техникумига раҳбарликка юборилади. Ўша техникумга ўқишга кирган Санъатхон деган қизга ишқи тушиб, оила қуришади. Икки қиз, икки ўғил бирин-кетин дунёга келганмиз. Бу орада отамни Тошкентга ишга таклиф қилишади.

Оиламизда санъаткор йўқ, лекин она томондан бувамнинг қўшиқ хиргойи қилиб юришлари эсимда. Болаликда жуда шўх бўлганман. “Сувга тушма!” деб тайинлашларига қарамай, ўзимни сувга отиб сузишни ўрганиб олганман. Мажбуран бир иш қилишни ёқтирмасдим. Шу феъл-атворим ҳеч ўзгармаган. Ўзбилармонлик қилиб, яна уйдагилардан бесўроқ… мактабни уч марта ўзгартирганимга нима дейсиз?!

Бир куни ота-оналар мажлисига йўл олдик ҳамки, отам бошқа кўчага бурилганимга ҳайрон бўлиб: “Яна мактабингни ўзгартирдингми? Нима қилаяпсан ўзи сен бола?” деб жеркиб берган. Рус мактабида ўқирдим. Гуманитар фанларни яхши кўрардим, аниқ фанлар билан “чиқишмасдим”. Шу сабаб аъло баҳоларга ўқиганман, деб ёлғон гапиролмайман. Аммо китоб ўқишни канда қилмасдим. Ана шу иштиёқ мени маданият уйига етаклаб борган. У ердаги муҳитга сеҳрланиб қолганман.

Илк бор 12 ёшда катта саҳнага чиқдим. Физика-математикадан дарс берган устозларимдан миннатдорман. Чунки улар иштирокимдаги спектаклларни кўриб, фикри ўзгарган. “Бола ўз йўлини топибди” деб менга ён боса бошлаган.

 

Синфдошлар

дарсдан қочиб, кинога борардик. “Одам-амфибия”, “Уч мушкетёр” севимли фильмларим эди. Шу қадар кинога мафтун бўлиб қолдимки, 8-синфдалигимда ҳатто ўқишни ташлаб кетмоқчиям бўлдим. Балки мустақил пул топиш истаги ҳам сабабдир. Ёзги таътил пайти пойабзал тикадиган корхонада ишлаб юрганимни билиб қолган отам “Мактабни тамомламасдан қандай қилиб артист бўласан? Артист биринчи галда зиёли бўлиши керак!” деганди. Бу гап менга қаттиқ таъсир қилган. Ўқишни давом эттирганман. Ўшанда ўзбошимчалик қилганимда, этикдўз бўлиб кетармидим . Хуллас, ҳужжатларимни Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)га топшириб, имтиҳонлардан эсон-омон ўтиб олдим. Олдинда иншо бор эди.

Рус мактабида ўқиганим учун ўзбек тилида “қоқилардим”. Абдураҳим Сайфиддинов раҳматли “Майли, бу йигитга имконият берайлик, диктант ёза қолсин!” деганди. Шунда ҳам 22 та хато чиққан. Менга билдирган ишончи учун устозимдан бутун умр миннатдорман.

…Диплом спектаклимиз намойишидан сўнг бизни табриклаш учун саҳна ортига ўтган Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёровнинг “Карим Мирҳодиев, Ҳусан Мусабоев, Малика Қаюмова, шу бугундан бошлаб сизлар “Ёш гвардия” театри актёрисизлар!” дея баралла эълон қилгани ҳамон ёдимда. Бахтиёр ака ўша кезлари театрнинг бош режиссёри эди. Отам ўшанда илк илк муваффақиятимдан ғурурланган эди.

 

“Ўн саккиз ёшлигим”

(Максим Каримов) пьесаси асосида саҳналаштирилган спектакль билан театрдаги фаолиятим бошланди. Бош роль билан “юриш” қилганим – омадим. 1980 йилдан эса бир вақтнинг ўзида “Илҳом” театрида ҳам ишлаганман. Чингиз Гусейновнинг “Магомед, Мамед, Мамиш” спектаклидаги ижромни кўрган кинорежиссёр Анатолий Қобулов “Бўйсунмас” фильмида бош қаҳрамон Турумбет ролига таклиф қилган.

Отангни ота бўлганда англаркансан… Балоғат палласи, ёшлик-бебошлик кўчасида ким ҳам адашмайди. Отам қилиқларим учун бирор марта қаттиқ койимаган. Аксинча, вазмин оҳангда йўл-йўриқ кўрсатарди. Асосий тарбияни эса ота-онамнинг бир-­бирига ҳурматидан олганман. Бу мен учун тенгсиз намуна эди. Бугун ўзим ҳам уч ўғил ва бир қизнинг отасиман. Қанийди, отамга ўхшолсам… Улардан фарқли, феълимда тезлик бор. Юлқинган, қаттиқроқ гапирган пайтларим бўлган. Ёш улғайгани сайин отани тушуниб боравераркансиз. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини олганимда отам ич-ичидан суюнган ва негадир “Ҳаётда сўзинг­­га эҳтиёт бўл, ўғлим…” деганди.

Тарбияда отам йўлини тутдим. Фарзандларимнинг касбий ё шахсий ҳаёт масалаларида қарор қабул қилишни ўзига қўйиб берганман. Мустақил ҳал қилсин, мустақил фикр юритсин. Ўз мулоҳазасини тўғри етказиб беришга одатлансин.

Эркак кишида қандай қусур бўлса, бари Карим Мирҳодиевда мужассам. Бироқ отанинг қилмишларига фарзандлар жавобгар эмас. Бу жиҳат ҳатто ролларимда бор: “Чархпалак”даги Эгамқул ёки “Бўйсунмас”даги Турумбет фожиасида ҳам ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларида адашган қаҳрамонларим охир-оқибат севгиси, оиласига қайтади.

Санъатда, актёрлик маҳоратида метод бўлмайди. Қолип борми, демак, у санъат эмас. Устозим Абдураҳим Сайфиддинов “Саҳна нутқи” фанидан Максим Горькийнинг “Қизалоқ” асарини ўқишни топширди. Асар моҳиятига тушуниб етмагунимча уни рус ва ўзбек тилида икки, уч марта қайта ўқиб чиқдим. Бир маҳал қарасам, мени зимдан кузатиб ўтирган устозим кўзига ёш олибди… Артист роль мағзини чақса, уни ақлан таҳлил қилса, юрак қувватга тўлади ва кутилган ижрога эришади. Энди ролнинг ўзи сизни бошқаради. Ортиқча чираниш, бақириқлар, ёлғонга ҳожат қолмайди. Сунъий ижролар кўп ҳолда образ моҳиятига етиб бормаслик ҳосиласидир.

“Нега фильмларда кўринмаяпсиз?” Кейинги вақтларда шу савол тинмаяпти. Жавоби оддий: “эгизак” сценарийлардан қочиб юрибман. Имконият қирраларини кўрсатиш учун актёрга янги нафас, янги руҳ керак! Ўзим ҳеч қачон режиссёрдан роль тилаб олмаганман. Бу табиатимга тамоман зид. Сценарий ёқса, гонорарига қараб ўтирмайман. Бир куни ёш дебютант режиссёр қўнғироқ қилиб қолди. Сценарийни ўқидим-у, ўзим қайта қўнғироқ қилдим. Маҳоратли режиссёр Умид Ҳамдамовнинг диплом иши учун суратга олган “Назар” номли қисқа метражли фильмидаги ижром шундай яралган. Бўйноқ номли итнинг эгасига садоқати ғоят гўзал акс эттирилган, сценарий шуниси билан ҳам юрагимни жизиллатганди.

Артист ўзлигини қидириб йўлга чиққан бир сайёҳ. Бу тоифа одамлар расмиятчиликлар билан келишолмайди. Эшитганим бор: “Театрнинг чекиш учун мўлжалланган махсус жойида актёрлар тамаки тутатиб, суҳбат қураётган экан. Бироз ўтиб, пештоқдаги радио­узатгичдан спектаклдаги баландпарвоз, жимжимадор ижролар қулоққа чалинибди. Йиғилганлар ичидан бири ҳамкасбларига қарата: “Ҳозиргина даврамизда бинойидек гаплашиб тургандилар-а, саҳнага чиқишди-ю, роль ўйнашни бошлаб юборишди! Афсус…” деган экан. Мағзини ўзингиз чақиб олаверинг.

“Затюканный апостол” спектаклида ўйнаганимда 26 ёш эдим. Китоб ва реал ҳаёт ўртасидаги мувозанатсизлик, номувофиқлик­ларга исёни бор болакайни ижро қилганман. У худди кичкина Гамлетни эслатарди. Гоҳ китоб жавонига нарвон қўйиб, саволларига жавоб излар, гоҳ ойнаи жаҳондаги мухбир билан тортишар, хуллас, ҳаёт фалсафасини чақишдан тинмасди. Ҳамдард тополмагач, уй деразасидан ўзини ташқарига отган кичкина файласуф бирдан ўзгаради-қолади. Исёнкорлигидан ўқилмаган асар ҳам қолмаган, барига кўнувчан, кўз юмувчан болага айланади.

Хамма кахрамонларимнинг ичи зиддиятга тўла.

Лекин мен учун улар яхши ёки ёмон эмас, ИНСОН, холос. Ўшани борича гавдалантиришим керак, тамом. Бироқ ижрода камчиликларим, танлов борасида эса уяладиган ролларим ҳам йўқ эмас. Бу ички таҳлилларим хулосаси, кимгадир қаратилган эътироз деб тушунманг.

“Чангак”да қиморбозлар тўдабошисининг “Бу йўлга кириш осон, чиқиш азоб” деган гапи бор. Ҳар ким бу йўлга бош суқиши мумкин, олдиндан ҳеч нима деб бўлмайди. Бу ўйинга пул эмас, тақдирлар тикилади. Тақдир! Ўйин ўшанда Ўринбойнинг фойдасига ҳал бўлганида, балки ҳаммасини йиғиб-териб қўйган бўларди. Сиз унинг ҳақиқатини яхши англабсиз: қариндошлари олдида қайтиб бу йўлга кирмасликка лафз қилган кўйи, яна унинг домига тушиб қолади. Оқибат, яқинларига юк бўлишдан ори баланд келиб, ҳеч кимга оғирлиги тушмай, дод-войсиз жимгина ўзига ўзи ҳукм ўқиб қўя қолади.

Актёр пул топарканман деб, санъат масъулиятини унутмаслиги керак. Ярашиқсиз рекламаларда кўриниш, бачкана фильмда суратга тушиш, бемаза сериалда пайдо бўлиш… Ундан кўра ўша пулни сал кейинроқ, қийинчилик билан топган яхши. Одам ҳар бир хатти-ҳаракати учун, аввало, ўзи жавобгар. Санъаткорми, ўқитувчими, шифокорми, савдогарми, ким бўлишидан қатъи назар, шу жавобгарликни ҳис қилиши зарур. “Нега бу соҳада ўралашиб юрибсан?” деб сўрасанг, “Тирикчилик” дейишади. “Пул топиш учун шу шартми?” десанг, яна “тирикчилик”ни важ қилади. Кейинги пайтда одамлар виждон олдида кечириб бўлмас хатоларини хаспўшлаш учун ҳам “тирикчилик”ка ёпишиб олди. Ҳаётни фақат пул, ейиш-ичиш билан қаричлаб бўладими? Мен ҳамма-ҳаммага эзгу ва самимий туйғуларга тўлиб яшаш бахтини тилайман!

 

 

 

 

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here