Мақом йули

0
131
марта ўқилган

Бугун нималарнидир хиргойи қилиб, уч-тўрт жумлани бир-бирига улаб “қўшиқ” деб айтаётганларни санасак, саноқда адашадиган даражага келдик. Аммо санъатнинг нон-намагини оқлаш, чин ашулалар билан қалбларда узоқ йиллар яшаб қолиш – толенинг порлагани шу. Истеъдодидан мағрурланмай меҳнат қилганларгина ютади. Бундай юксак “ютуқ” эгаларидан бири – “Ниҳол” мукофоти совриндори, “Эътироф–2015” Миллий мукофотининг “Йилнинг энг яхши аёл хонандаси” номинацияси ғолиби Малика Эгамбердиева.

Меҳнатларингиз қадр топаяпти. Шу жойгача етиб келишнинг ўзи машаққат. Синовлардан қўрқамаганмисиз? 

– Болалигимни эсласам, кўз олдимга ҳовлимиз ўртасида турадиган, доим меҳмонларга мунтазир сўримиз келади. Пойтахтдан концерт бериш учунми ё бошқа юмуш билан шаҳримизга келган санъаткорларнинг кўпи уйимизда, шу сўримизда меҳмон бўлмай кетмасди. Баъзан санъатга кириб келганим табиий ҳолмикан, деб ўйлайман. Сабаби аҳли оиламиз билан санъаткормиз. Ота-онам ҳам шу соҳанинг одамлари. Икковлари Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтининг режиссёрлик факультетида ўқиб, бир-бирига кўнгил бериб, турмуш қуришган. Сўнг фаолиятларини ҳам ёнма-ён, елкама­­елка давом эттиришган. Отам режиссёр, чолғуларни ҳам дурустгина чалади. Куй, мусиқа билан доим ҳамнафас. Акам билан санъат йўлидан борамиз, деганимизда аввалига қароримизни хушламади. Эҳтимол, соҳанинг паст-баландини обдон кўриб-билиб юргани учундир. Қаршиликнинг маънисини йиллар ўтиб англаётгандекман. Аввалига отамнинг раъйига қарши чиқмай, бошқа касбни танлашга шайландим-у, ич-ичимда қандайдир овоз бунга “йўқ” деб турар, нимадир йўлимни тўсарди. Тақдир экан… шу олам ичида сарсари кезаяпмиз.

– Ҳаёт қизиқ. Кимнингдир ярқ этган таланти бўлади-ю, уни юзага чиқариш йўлини билмайди, истеъдодсизнинг эса негадир “ов”и бароридан келаверади…

– Санъат одами туғма бўлади. Бироқ мусиқа таълими, меҳнатсиз юксакликка кўтарилиш тоғни уриб талқон қиламан, деган хомхаёлга ўхшайди. Сиз айтаётган “истеъдодли”ларнинг давру даврони қисқа. Шамоллар гардида қолиб кетадиган барги хазондек. Лекин чин истеъдод тилладек ноёб. Уларни қўллаб-қувватлайдиган қўллар керак, холос.

Ҳар қандай иқтидор учун яхши устоз зарур. Бу борада ўзимни бахти кулганлардан, деб ҳисоб­лайман. Аллоҳ менга фақат сахий устозларни насиб этган. Мусиқадан таълим берган биринчи устозим Поп туманидаги 7-болалар мусиқа мактаби ўқитувчиси Аброр Дўстматов. Санъат йўлининг бошига чиқиб олишимда Аброр аканинг хизматлари бениҳоя. Туманда ўтказиладиган танловларда кетма-кет ғолиб бўлганимдан сўнг, дадам ҳам анча юмшадилар. Аброр ака сабаб бугун пойтахтда танилдим, халқимизнинг назарига тушдим. Тошкентга келгач, маданият коллежига ҳужжат топширдим. Бахтим кулиб, Ғанижон Ваҳобов, Ўлмас Расулов, Ўктам Расулов каби устозлар сабоғини тингладим, ўгитларини эшитдим. Коллеждан сўнг Ўзбекистон давлат консерваторияси эшиклари очилди. Мақом йўналишида Маҳфуза Каримова, Муножот Йўлчиева, Маҳмуд Тожибоевдек эъзоз­­ли устозлар мақом сир­­ларини, мусиқанинг нозик қирраларини, нафис пардаларини оғринмай ўргатди. Гулсанам Мамазои­това, Отабек Муҳаммадзоҳид, Озодбек Назарбековларнинг меҳнатини ҳам айтмасам бўлмас. Меҳридарё устоз­лар сабаб шу кунларга етдик. Энди ишончни оқлаб яшаш бахтидан мосуво қилмаса, бас.

 

– Одам санъаткор бўлиб туғилмаса ҳам санъаткор бўлиб шаклланиши мумкинми?

– Куй, оҳанг, мусиқа илоҳий. Назаримда, ҳар кимга ҳам санъатнинг қаттиқ нонини тишлаб, умр ўтказиш насиб этмайди. Баъзи талантлиларни кўриб, худо юқтирган-да деймиз ҳайратланиб. Бу бежиз эмас. Истеъдодлилар озгина меҳнат билан ҳам тез юзага чиқади, юксалади. Фақат санъатга иштиёқ, муҳаббат билан қараганларга қийин. Айтгулик натижага эришиш учун йиллаб меҳнат қилиши талаб этилади. Санъат учун туғилган ёки кейинчалик шаклланган санъаткорни фарқлаш қийин эмас. Одатда, иқтидори ҳаминқадарлар доим ўзига нимадир етишмаётганидан нолийди. Лекин ўша нарса нима эканини тузукроқ айтолмайди ҳам, тўкис идрок этолмайди ҳам. Истеъдодсизлигини ҳаққост тан олгувчилар эса санъат оламини тарк эта оладиган даражада жасоратли, кучли бўлишлари даркор. Бироқ бу жуда оғир…

 – Ҳиссиётларни юзага чиқаришга сўзнинг кучи етмайди баъзан. Мусиқанинг эса бағри кенг. Санъаткор сифатида сўз ва мусиқа қудратини қандай қиёслайсиз?

– Неча асрки, руҳ, руҳият, хаёлот тушунчалари одамзодни қизиқтиргани қизиқтирган. Инсон вужуди тайёр бўлиб, руҳ унга киришни истамаганида мусиқа ёрдамга келган экан. Ҳеч биримиз мусиқанинг илоҳийлигини рад этолмаймиз. Аммо сўз ҳам илоҳий! Баъзан яхши шеър эшитсак, ўз-ўзидан оҳанг билан қулоққа қуйилаверади. Куй тинглаганингда ҳам сўзлари шу равиш англашилаверади. Санъаткор куйни, шоир ё ёзувчи сўзни устун қўйиши табиий ҳол. Аммо мен уларни айрича, бири-биридан устун ё паст ҳолича тасаввур эта олмайман…

 – Сокинлик истеъдодга хос эмас. Негадир аксарият талантлиларнинг кечмиши талотумларга тўла. Истеъдод бахтга тўсқинлик қиладими ё улар иқболга зарурат сезмайдими?

Шундай ҳолатлар бўладики, фақат куйлайсан, бутун борлиқни, самони, ҳатто ўзингни унутасан. Аммо ҳеч кимнинг, санъаткорнинг ҳам бахтсиз яшашга ҳаққи йўқ. Ҳар қандай истеъдод, ижодий фаолият оилангдан, фарзандларинг, яқинларингдан афзалроқ, устунроқ бўлмаслиги лозим. Айниқса, аёл киши оиласидан ортсагина ва эпласагина санъат йўлини тутсин. Саҳна ҳеч кимга вафо қилмаган. Саҳнага кўтарилган одам ҳаволаниб кетмаслиги, кези келса, қандай тушишни ҳам билиши лозим. Акс ҳолда у қулайди, худди тоғдаги улкан харсанг жойидан кўчгандек шовқин солиб қулайди.

Аслида, бошимиздан ўтказаётганларимиз бошқа хонадонларда ҳам учрайди. Доим эътиборда бўлганимиз учун ҳам бахтимиз, бахтсизлигимиз кўзга тез ташланса керак…

 – Бу дунёда ҳамманинг ўз ҳақиқати мавжуд. Сизда-чи, англаган ҳақиқатларингиз серобми ёки ҳали буни ўйлашга фурсат етмадими?

– Нега энди? Инсон туғилибдики, нималарнидир тушуниб, хотирасига муҳрлаб яшайверади. Англаганларим бисёр. Ҳаммасини ҳам ошкор этиш ноўрин. Инсон ўзини фақат Ватани, ота-онаси, ҳақиқий дўстлари учун фидо қилиши мумкинлигини тушундим. Майда ташвишлар, арзимас муаммолар сабаб ёру биродар, аҳли оила охирги поғонага тушиши керак эмас. Қаршимиздаги бахтни кўролмай қолишдан Ўзи асрасин!

 – Бугун чала-чулпа, ярми нақоратдан иборат “қўшиқ”лари билан оммани, айниқса, ёшларни ўзига эргаштираётган, савиясиз, мазмун-мағзи бўш “ижод”и билан ҳаволанаётган хонандалар кўп. Аксар тингловчининг диди, дунёқараши ҳаминқадар. Баъзида санъатимиз эртанги куни, тақдири шугиналарга қолса-я, деб ваҳимага тушасан. Ўйлашга арзийди, а?

Санъаткор учун мухлислар, уларнинг муносабати жуда муҳим. Саҳнага чиққанимизда ҳам, бутун вужудимиз қўшиққа айланганида ҳам жон-жаҳдимиз билан тингловчиларни кузатамиз. Уларнинг юз ифодалари қай ҳолда, ашулаларимиз юракларига етиб бораяптими, қўшиқларимизни ҳис қилиб тинглаяптими…

Сизни эшитмаётгандай туюлдими, ҳафсала ўлади, иштиёқ сўнади. Бирдан шалвираб қоласиз. Баъзан жонли ижрода қўшиқ айтаётганимизда, ёнимизга келиб, фонограммада ҳам айтишимизни сўрашади. Бу ижодкорни маънан ўлдиради. Санъаткор табиий равишда мухлисларга ёқишга, улар мириқиб тинглайдиган қўшиқларни айтишга интилади. Бундай ҳол бошимдан ўтган. Мумтоз ашулаларни куйлай бошлаганимда кўпчилик мени тингламасди. Қанчалик оғир бўлмасин, руҳиятимни туширмасдан давом этардим. Одамлар қўшиқ руҳиятига секин-аста кўтарилар, кўзларини юмиб, бироз тебраниб, ўзлари ҳам завқланиб хиргойи қилишарди. Бир сафар “Рўмолим” номли ашуламни куйладим. Ҳамма жим. Қўшиқ авжига чиққанида таққа тўхташ керак. Тўхтадим. Саҳнани олқишлар, қарсаклар тутиб кетди. Бундан ортиқ мукофотни тасаввуримга сиғдиролмайман. Қўшиқнинг давомини худди бошқа дунёдан келгандай ижро этдим.

Тингловчилар диди, маънавиятию савиясини ўстириш санъаткор зиммасида. Сиз куйлайверсангиз, улар бугун бўлмаса эртага эшитишади.

– Ёш бўлишингизга қарамай, мақом куйлайсиз. Оғир эмасми?

– Тўғри, мақомнинг юки оғир. Мақом айтиш, тинглаш учун чуқур билим, юрак, руҳ керак. Негадир шу йўналишда куйласам, устозлар меросини тингласам, роҳатланаман. Мусиқа мактабидан бошлаб мақом йўналишида таҳсил олганман. Эстрада йўналишидан кўра мақомда ўзимни эркинроқ ҳис қиламан. Мумтоз ашулаларни юрак-юрагимдан ижро этаман.

Ўзбекнинг мусиқий бойлиги беҳисоб. Дунё санъат аҳли, санъатшунослари эшитса, тадқиқ этса, лол қолади. Консерваторияда ўқиётган пайтимда ансамблимиз билан бирга соатлаб Шашмақом куйлардик. Тўхтамасдан куйлашимизга қарамай чарчамасдик. Гўё руҳимиз куй билан парвоз этаётгандек, мусиқада яшаётгандек сезардик ўзимизни. Жаҳонда ўзбек санъатидек мураккаб санъат йўқ.

 

– Қайси қўшиғингиз эл тилида қолади, деб ўйлайсиз?

– Халқимиз орасида “Шукр қил” деб номланган қўшиғимнинг мухлислари жудаям кўп. Ушбу ижром ҳақида илиқ фикрларни ҳамон эшитаман. Мени санъаткор сифатида танитган ҳам шу қўшиғим. Алишер Навоийнинг “қолмасун” радифли ғазали асосида ижро этган ашулам ҳам мухлислар эътирофини олди. Айнан шуларимни мириқиб куйлайман. Ўйлайманки, одамларнинг қалбига ҳам етиб боради.

 – Сўз, мусиқа, оҳанг. Шу яхлит учликнинг биттаси жўн бўлса, меҳнат зое кетади. Сиз қўшиқ яратиш жараёнида сўзга қандай муносабатда бўласиз?

– Саҳнага чиқишнинг, куйлашнинг масъулияти оғир. Сўзга эътибор бермасликнинг иложи йўқ. Санъаткор куйни қандай тушунса, сўзни ҳам шундай англаши, дид билан саралай олиши зарур. Акси бўлса, бундай қўшиқнинг умри ҳам қисқа бўлади. Қолаверса, бу санъатга, саҳнага, мухлисларга ҳурматсизликдир. Қўшиқларимиз бизнинг юзимиз. Улар кимлигимизни, ички дунёмиз, маънавий қиёфамизни айтиб туради. “Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама”, дейишади-ку. Ушбу ҳикмат менга негадир истеъдоди йўқ одамларнинг ўзини тинмай санъатга ураверишини билдиради. Сўз қадрини тушириб юбораётган ҳам, оҳангни ҳар мақомга йўрғалатаётган ҳам… ана ўшалар.

Биз аёлларнинг қувончу дарди, муҳаббатию армонини, туйғуларини оҳангга соламиз, улар номидан куйлаймиз. Таъбир жоиз бўлса, саҳнага уларнинг шаъни, ибосини олиб чиқамиз. Шундай экан, аёллар обрўсига номуносиб сўз, оҳангдан келишга ҳаққимиз йўқ.

 

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here