Обид бошидан…  

0
115
марта ўқилган

“Бу соҳага қандай кириб келгансиз?”, “Нега бу касбни танлагансиз?”, “Устозингиз ким?”, “Фалончи бўлмаганингизда ким бўлардингиз?”… Хуллас, машҳурроқ одамлар билан суҳбатнинг сийқа саволлари, саволларига яраша жавоблари ҳам кўп.

Кулги устаси Обид Асомов билан “ромкасиз” суҳбатимиз болалик ҳақида кечди. Аслида, биз дунёни, дунё бизни таний бошлаган ўша пайтдан бошланади катта ҳаётга қадам. Шундай экан, ўзбекнинг машҳури

Обид Асомовни яқинроқ билиш учун унинг болалигига саёҳат қиламиз.

 

Маърифатпарварим

Отам раҳматли оилани боқаман деб ўнинчи синфни битирибоқ ишга кириб кетганлар. Темирйўлда ишлардилар: беш кун йўлда, беш кун уйда бўлардилар. Тошкент – Москва – Тошкент поездида проводник эдилар. Йўлдан қайтадиган кунлари онам раҳматли мени, Собит акамни ювинтириб-тарантириб, эшик тагига табуретка қўйиб ўтқазиб қўярдилар. “Бугун аданг келадилар”, дердилар. Ростанам, адам келардилар –қўйни-қўнжилари тўлиб…  Қора печенье, килоли шоколад опкелардилар, у маҳаллар Тошкентда камчил бўларди бунақа нарсалар…

Отамнинг фарзандларига маърифат улашиш йўлидаги битта ишларини айтай. Поезд манзилга етгач, проводник вагонларни айланиб, бир сидра йиғиштириб чиқади. Йўловчилар узоқ йўлда китоб ўқийди, газета-журнал ўқийди. Отам вагонларда ташлаб кетилган газета-журналларни ахлатга ташламай уйга опкелардилар. Жуда кўп – мана шу-унча! “Ўқинглар буларни!” дердилар. “Всемирная литература” сериясидан катта-катта  китоблар бор эди орасида. “Советское кино”, “Искусство”, “Студенческий меридиан” деган журналлар… Шуларни олиб келиб ўқитардилар бизга. Рус тилини яхши билишимнинг сабаби ҳам шунда. Ўзбекча мактабда ўқиганман, боғчам ҳам ўзбекча эди. Отамнинг Москва – Тошкент йўлларидаги “маърифий курьер”лик хизматлари билан СССР миқёсида чиқадиган катта нашрларни ўқиб катта бўлдим.

Бола бўш юриши керакмас, дердилар отам. 4-синфгача болалик – пошшолик давримиз бўлган. Бошланғични тугатишимиз билан Собит акамни радио­техника тўгарагига олиб борганлар, акам берилиб шуғулланиб кетган. Бир йилдан кейин Ўзбекистон чемпиони бўлган. Икки йилдан кейин совун қутичага радио йиққан! Тасаввур қилинг, совун қутичага-я! Акам “Радиотехника” деган журнал оларди. Шу журналда берилган схемаларга қараб мустақил радиоприёмник йиққан. 1970-йиллар учун фантастика-да бу!

 

Варрак учирмаган бола бормикин?

Маҳалладаги Алижон, Баҳром, Шуҳрат, Равшан, Фарҳод деган ўртоқларим билан ҳар фаслга мўлжалланган аниқ машғулотимиз бўларди. Масалан, баҳор келса варрак ясардик. Варракни ҳозиргига ўхшаб пулга сотволмасдик. Бўйра бўларди – уйда норин ё шилпилдоқ қилинадиган бўлса, пиширилган хамир қайноғида ўшанинг устига ёйиларди. Гиламдеккина эди. Биз катталарга билдирмай, бўйрадан қамиш суғуриб олардик варрак ясаш учун. Рихсивой ака деган қўшнимиз бўларди, ўша киши ўргатганди “лайлак” ясашни. Газетадан қилардик ёки хитой қоғозидан. Технологиясини пухта билардик; қамишни суғуриб олиб, тўртга бўлардик, кейин эгиб-букиб… хуллас, пешонамизни терлатиб ишлардик. Кейин “асар”ларимизни олиб, тепаликка қараб чопардик. Шамол ҳам зўр бўларканми дейман ўша пайтлар… Варрак учгани сари “ип қў-ўй, ип қў-ўй, тортвотти-и-и!” деб яйраб югурардик. Ип бераверардик, варрак ҳам учганча кетарди… Дарду ташвишимиз шу эди. Қизиқиб кетганимиздан охири ип қўлимиздан чиқиб кетганиниям билмай қолардик. Ке-етди лайлак! Қидириб нариги маҳаллагача борардик. Бировнинг уйига кириб қолган ё бир нимага илиниб йиртилиб қолган… Айниқса, шу жойи алам қиларди… Шом пайти симларнинг орасидан ўтқазиб-ўтқазиб тортиб келиб, болохонага бойлаб қўярдик. Шамол ўзгармаса, осмонда бир хилда турарди, ўзгарса, эрталабгача тушиб қоларди. Эрталабдан кўз ишқаб яна варрак қидиргани кетардик.

 

“Волсапит”да катта бўлганман

Ўша пайтдаги ўғил болалар ҳаётидаги катта воқеалардан яна бири волсапит (велосипед) эди. Катта бўлгунимча тўртта волсапит минганман – “22”, “24”, “26”, “28” деганлари бўларди. “Весна”, “Кама”, “Орлёнок”… “Школьник” деганини биринчи минганман.

Маҳалламизда, ҳув тепароқда Рихсивой ака деган одам турарди (ҳалиги «лайлак» ясашни ўргатган одам-чи). Ўзи шофёр, лекин волсапитни яхши кўрар эди. Ишқибозчилик шу даражада эдики, ўзи трубадан эгиб-букиб руль ясаганди. Кейин кичкина фара ўрнатиб қўйганди – ғилдирак айланганда ишқаланиб ток берадиган генератор. Маҳаллада  битта унинг волсапитида катта фара ёнарди. Ҳаммамизнинг ҳавасимиз келарди. Кейин ғилдиракнинг ҳар битта спицасига рангли симлардан чиро-о-ойли қилиб ўраб қўярди. Жуда қарарди волсапитига, ҳатто радиоприёмник ҳам ўрнатганди.  Битта шу Рихсивой аканинг волсапитида приёмник бор! Кап-катта, уйланадиган йигит, грузовой мошина ҳайдайди… Қисқаси, ўша одам бизнинг “раҳнамо”йимиз эди-да. Волсапитимизни балони тешилиб қолса ҳам адам борардилар: “Рихсивой, ука, шунинг балонини қараб бер!”. Бизни ёнига олиб, ўргатарди балон ямашни – чин дилдан, ҳафсала билан. Балон тозаланиб, сув тўла тоғорага солинади, сувдан чиқаётган пуфакчаларга қараб тешилган жойи топилади, кейин калишдан “ямоқ” қирқиб, яхшилаб қумқоғоз билан тозалаб, елимни икки марта унга-мунга суртилади, қуритилади. Учинчи мартасига суртиб, бир-бирига ёпиштирилади, кейин устига саккиз-ўнта ғишт бостириб қўйилади: энди қотиши керак. Эртасига қотади. Балонда, ишонсангиз, соғ жой қолмасди – йигирмата-ўттизта ямоқ. Кўчаларда мих-пих, шиша синиғи кўп бўларканми, хуллас, кўп тешиларди-да. Кунимиз волсапитга қараш билан ўтарди. Уям бир иш-да, балон тешилса, ямаш керак, кейин барабанини сочиб, ичини мойлаб, бошқатдан йиғиб, «сеп»и (занжири) чиқиб кетмаслиги учун уни орқароқ тортиш керак. Ҳозирги болалар волсапит тузатишни билмайди. «Ключ»и йўқ волсапит жониворнинг! Ҳозирги Хитой волсапитларининг “запчаст”иям йўқ! Биз олган волсапитларнинг ёнида махсус чарм кармони бўларди: ичида ключлари бўларди, олти-еттита, спицага алоҳида ключ, “многоразовий” битта ключнинг ичида ўн хил, ўн беш хил функцияси бор, отвёрткаси ҳам бўларди. Кейин махсус пластмасса идишда тайёр закладкалар бўларди. Балон тешилса, ямаш учун елими бўларди, қумқоғоз бўларди – алоҳида упаковкада. Ўшаларнинг ҳаммаси бирга сотиларди.

Эски волсапитнинг балонини ташлаб, ғилдирагини ўзига чўп ўрнатиб, спицаларини опташлардик, шуни ғилдиратиб учириб юрардик. Шуям бир иш экан-да, демак! «Тарр-тарр-тарр» қиларди. Кимники зўр учади, кимники узоққа боради деб кўчама-кўча югурардик. Ҳозирги болаларга ўхшаб махсус залларга бориб, гимнастика ё бошқа спорт машғулотларига қатнашмасдик – шусиз ҳам жисмонан жуда фаол эдик.

Айтганча, самокат ҳам учганман болалигимда. Волсапит, самокат, варрак, коньки… шу-унча нарса!..  Ҳозирги болаларда нуқул компьютер-компьютер-компьютер… болалиги йўқ буларнинг…

Яна битта зўр машғулотимиз – чиллак ўйнардик. Онаси бўлади, учта боласи бўлади: отиб уриб, ким ютса, кейин маҳаллама-маҳалла зувиллатиб юрардик. Зувиллатиш дегани, чиллакни кичкинасини олиб, каттаси билан урасан-да, қаерга бориб тушса, ўшаққача бир оёқлаб сакраб “зу-у-ув!” деб бориши керак ютқазган бола.

Комсомол кўли

Сал кун исий бошласа Комсомол кўлига бориб, калла ташлардик. Уйимизга бир қадам эди: пиёда ҳам борардик, троллейбусга осилиб ҳам борардик. Ўқишдан келишимиз билан папкамизни айвонга отиб, Бешёғочга чопардик. Чўмилардик. Чўмилгандаям ҳозирги болаларга ўхшаб плавка кийиб оҳанжамаси билан чўмилиш қаёқда! Қора турсик.

Чўмилгандан кейин қорин очадими? Шуниям йўлини топгандик. Пляжда бутилка кўп бўларди – лимонад, пиво, “Тошкент” сувидан бўшаган. Ўша ернинг ўзида дўконча бўларди, бутилкаларни йиғиб, ўша ерга олиб бориб топширардик. Бутилка ўн тийин турса, биз етти тийиндан топширардик. Ўша ерда нон заводи бўларди, туйнукчасиям бор, 15-20 тийинга иссиқ бўрсилдоқ бўлка нон олардик. Бўлишиб-бўлишиб ердик лунжимизни шишириб. Бутилкамиз кўпроқ чиқиб қолса, 21 тийинга бир сих шашлик берарди… Устига пиёзини қўйиб… маза қилиб ердик. Ёки уйдан чеснок опкетардик-да, ўшани бўлка нонга ишқаб ердик – бўлди, шунинг ўзи бизга овқат.

Бир ишкал жойи бор эди: чўмилишга борганимизни уйдагиларга билдирмаслигимиз керак эди. Рухсат беришмасди, негаки кўлда чўмилиб чўкканлар кўп эди. Хуллас, «Комсомольский»дан чиқиб, олдимиздаги 128-мактабнинг стадионига келиб югурардик. Нимага? Чунки кир бўлишимиз керак эди-да!.. Куни бўйи чўмилавергандан кейин “шўралаб” қоласан, тирноқ билан чизсанг, терингда из кўринарди. Кўлга борганингни осонгина сотиб қўярди бу. Югуриб терласанг, ҳалиги шўралаш йўқоларди. Терлаш ҳам майли, ердан тупроқ олиб турсигимизга сочардик. Шундай қилмасак турсик қоп-қора – чўмилганимиз билиниб қоларди. Обдон югуриб, терлаб-пишиб, турсикни кир қилиб уйга кирардик.

Ланка

Ёз сув билан ўтса, куз келгандан кейин ланка тепиш бошланарди. Бувим раҳматлини икки-учта қўй терилари бўларди, устида ўтирардилар. Яхшилаб ювиб тозаланган тери. Ўшанинг бир четидан билдирмай қирқволардик. Билиб қолган пайтлари хафа бўлардилар, неча марта уришганлар ҳам… Энди унга қўлом керак – тош босиши учун… Қўломни қаердан олардик? Ўша пайтлари Тошкентда телефонлаштириш авж олган, маҳаллалардан кабеллар ўтарди. Қўлом ўралган йўғон сим, ичида юз хил “узуксим”. Ўшани устида қўлом қопланган бўларди. Кечаси бориб, хоҳлаган жойимиздан болта билан чопиб опкелардик, газга ё ўчоққа қўйиб эритардик. Кейин ўн тийинли ё йигирма тийинли тангадан лойга қолип ясардик. Тангани олиб, иккита гугурт чўп қўярдик-да, кейин қўломни эритиб қуярдик. Унга худди ўша ўлчовда ланка қирқиб, узуксим билан икки жойидан қадаб ўрнатардик… қисқаси, ланка тайёр! Оғир бўларди, зўр тепиларди. Уни юнгларини тароқ билан тараб, чиройли қилиб… Мактабда тепсак, ўқитувчилар йиғиштириб оларди. Сабаби бир оёқлаб ланка тепилаверса, оёқлар орасида без пайдо бўларкан, шу зиённи деб ланкамизни опқўйишарди…

 

Коньки

Қиш келганида эса бошқа “иш”ларимиз бошланарди. У пайтлари қаттиқ совуқ бўларканми, мактабга бир ҳафталаб бормаган пайтларимиз ҳам бўлган. Аниқ эсимда, мактаб ёпилган! Биринчидан, синф совуқ – ўтиролмайсиз, иккинчидан, кўча қор, изғирин – юролмайсиз. Қор жонивор нақ ярим метр! Мактабимиз деразасини қор билан кўмганини кўзим билан кўрганман. Шу даражада қалин ёғаркан-да ўша пайтлар…

Кўча юзидан бир ойлаб муз кетмасди. Биз нима қилардик? Албатта, коньки учардик! 1 сўм 20 тийинга “Снегурочка” деган коньки сотиб олардик. 3 сўмга хоккейчиларнинг ростакам конькисини сотарди “Канадка” деган. “Спорттовар” дўкони шундоққина олдимизда! 1 сўм 50 тийинга клюшка олардик,

4 сўмга эса ҳақиқий хоккейчиларникини берарди, бақувват. Пулимиз етмагани учун… мана, яна зиёнимизни айтаман-да… ўзимизга етгунча шум бўлган эканмиз-да… Синфда ўтирадиган стулларимизнинг суянчиғини кечқурун ечволардик ё синдирволардик. Буни олиб туриб ёғочга шундай қоқсанг, тайёр клюшка-да! Хоккей ўйнашимиз керак-ку, ахир! Ўзи копток билан ўйналарди, лекин биз “коньки усталари” бўлганимиз учун ўзимизча ҳақиқий хоккейчи бўламиз деб каучукдан ясалган ростакам шайба билан ўйнардик, 35 тийин турарди.

У ўлгур қаттиққина эмасми, у ер-бу ерингга тегса, кўкартирарди, ёмон оғрирди. Лекин воз кечиш йўқ – ростакасим хоккейчилармиз, ахир! Ҳандалакдай келадиган резина копток бўларди, ҳозир йўқ бўпкетган, иккига бўлсанг, шундоқ тиззани кўзини қоплайди. “Варатар” йиқилганда тиззаси шилинмаслиги учун ўшани ёриб, икки тиззасининг кўзига шимининг ичидан танғиб боғлаволарди. Хулласи калом, вазиятни ҳаётга мослаштириб кетаверганмиз.

Кўпинча Баҳром деган ўртоғимиз “варатар” бўларди: онасига айтиб, қалин пахталик шим қавитиб олганди. “Варата”ниям ўзимиз ёғочдан ясаганмиз. “Майдон” зўр бўлсин деб кечаси билан тўрт-беш бола челаклаб сув ташиб сепардик. Катталар ҳай-ҳайласаям парво қилмасдик. Ойим раҳматли мени бир куни устунга боғлаб қўйганлар – кўчани яхлатганим учун. Уч-тўртта эшик орасича масофани яхлатардик­­да ўзиям, мошина ўтолмасди (муҳими, хоккейимизга ҳеч ким халал бермасди!). Адам йўлдалар, бир ҳафта хоҳлаганча ўйнаволиш мумкин эди-да! Шумликларимизга қарши чора сифатида ойим бечора дафтар тутгандилар: адам йўқ пайтлари қилган тўполонларимиз, айбларимизни ёзиб қўярдилар. (Адам уни ўқимасдилар, буниям билардик!)  Масалан, “Бугун, 25 январь, душанба куни Собит уйга кеч келди, Обид мошина йўлга челаклаб сув ташиб яхлатди”, деб бизга кўрсатиб-билдириб, “регис­трация” қипқўярдилар.

Мактаб

Лекин шаталоқ отсам ҳам, мактабда фақат “беш” олиб ўқиганман. Саккизинчи синфгача бирорта ҳам «тўрт» бўлмаган, ҳеч қайси фандан! Ўйинқароқлик ўз йўлига, лекин кўчадан келгандан кейин дарс қилмай ухламасдик.

Жаҳонгир ёмон шумтака эди. Зоология хонасидамиз: ҳамма ўқув кўргазма қуроллари бор, қотирилган жониворлар, баъзилари кислотага солиб қўйилган. Жаҳонгир бир куни қизиқиб, шу кислота қанақа бўлар экан, полни тешармикан деб… ўқитувчи йўқ пайти ҳалигини биттасини очиб, полга қуйди. Пол вишиллаб кетди! Иккинчи қаватдан биринчи қаватгача тешиб оқиб тушибди кислота! Ана тўполо-он! Қизиғи, шу Жаҳонгир кейин Фармацевтика институтига кириб, дорихоначи бўлиб кетди.

Ҳамид деган ўртоғимиз ҳам мана шунақа ақлга сиғмайдиган ишларни қиларди. Нуқул бир нарсаларни бир нарсаларга қўшиб ясаб портлатарди мактабда. Икки-уч марта динамитга ўхшаган нарса ясаган-да ўзи. Шу бола ахийри Тошкент кимё-технология институтига кирди. Химияни зўр биларди, жуда ақлли бола эди.

Ҳаётимда из қолдирган биринчи ўқитувчим Шарифа опа Турдиева бўлади. Яхши аёл эди, 4-синфгача бизни ўқитган. Ўша пайтда ҳам сергап бўлган эканман-да, ота-оналар мажлисида ҳам Асомов ҳаммаси “беш”, фақат сергап, оғзи тинмайди болангизни, деб арз қилардилар. Доскага чиққан бола нотўғри жавоб берса, чидаб туролмасдим-да. Биринчи қаторда ўтираман, жойимдан луқма отиб ўтирардим.

Абдулла ака деган домла бўлар эди, раҳматли, математикадан кирарди. Ёзма ишни биринчи ёзиб бўлсам, шундай оларди-да, “Асомов, нотўғри қилибсан-ку ҳаммасини!” дея туриб “беш” қўярди, лекин синфга “икки!” деб эълон қиларди. Бу дегани болалар кўчириб олмасин. Лекин мен секингина узатворардим, бутун синф кўчириб чиқарди, кейин дафтар ўзимга қайтиб келарди. Буни Абдулла ака билиб қолди-да, дафтаримни опқўядиган бўлди.

Ишонсангиз, бир кунда ўн саккизта «беш» олганман! Ҳамма фандан ҳам оғзаки жавоб, ҳам ёзма иш натижаси, ҳам дафтар текшириш… Гулчеҳра опам билан мусобақа ўйнардик, ким кўп “беш” олишдан. Кундалигимни очсангиз, “беш”, “беш”, “беш”, “беш”… ҳаммаёқ «беш»! Ўша кундаликларимни биринчи синфдан саккизгача ҳаммасини йиғиб қўйгандим. Укам иморатни бузганда, ҳаммасини ташлаб юборибди… Жуда ичим ачиди.

Рассомлик

…Садриддин Зиёмуҳамедов деган қўшнимиз бўларди, кино рассоми. Ўғли Фаҳмиддин мен билан ўқиган, ота-бола иккови оламдан ўтиб кетишди, худо раҳмат қилсин. У оператор бўлиб етишди, Ўзбекистон телевидениесида ишларди… Садриддин Зиёмуҳамедов “Абдуллажон”, “Тангалик болалар”, “Алибобо ва қирқ қароқчи”да постановкачи рассом бўлган. Ҳиндистонгача бориб келишган…

Биз Сафдор кўчасида турсак, Фаҳмиддин Парвоз кўчасида турарди. Олдига кўп чиқардим. Адасининг болохонасида кўп ўтирар эдик. Ўша ерда Садриддин аканинг чизган расмларини кўриб, катта альбомларни кўриб, ўз-ўзимдан расмга қизиқиб қолдим. 3-синфда ўқиётган пайтларимдан чиза бошладим. Чизганда ҳам қандай расмлар эди: китоб-альбомларни олиб, ўзимга ёққан сувратлардан нусха кўчирардим. Адам қарасалар, расм чизганим-чизган, Респуб­лика пионерлар саройига олиб бордилар. Ўша ерда айланма зина бор, иккинчи қаватда рассомлик тўгараги жойлашган эди. Зоя Абурская деган кекса аёл тўгарак раҳбари эди. Машқларимни кўрди-да, “Ну, конечно, это детские рисунки!” деди. Кеч қолибсиз, 1-синфдалик пайтидан  олиб келиш керак эди, бола катта бўлиб қолибди – энди кеч, деди. Адам у-бу десалар, йўқ, мен жон деб олардим, аммо фойдаси йўқ, деди. Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушди… Лекин бироз туриб,  майли, қатнайверсин, деб қолди. Кўзига ёқдимми, билмайман, меҳри тушди-да.

Шу билан адам менга расм дафтар, рангли қалам, бўёқ олиб бердилар, тасвирий санъат тўгарагига қатнай бошладим. Ҳафтада уч кун мактабдан келиб расм тўгарагига бораман. 20 тийин берадилар йўлкирага. Мени энг кичик гуруҳга қўшиб қўйди – мактабга бормайдиган ёшдаги болалар билан бирга чизаман. Лекин жуда тез ўзлаштириб кетдим. Чунки ёшим улардан катта, 4-синфда ўқийман. Хуллас, ярим йилда ўрта гуруҳга ўтиб олдим…

Энди натюрморт чизишга ўтдим. Шакллар ўйинини озгина тушуна бошладим. 6-синфда эса катта гуруҳга ўтиб олдим. Орада “Юный художник” деган журнални варақлаб, ундан ўргана бошладим. Кутубхонадан соҳага тегишли китоблар олиб ўқидим. Қисқаси, саккизни битиргунча тасвирий санъатга қаттиқ берилдим.

Бир галги рейсда Виталий Жданов деган рассом Москвадан келаётган бўлган. Ўша вақтларда йилда бир марта рассомларнинг съезди бўларди. Ҳамма республикалардан энг яхши рассомлар йиғиларди. Виталий Жданов шу тадбирдан қайтаётган бўлган; аччиқ чой ичар экан, адам чой дамлаб кираверганлар, гапдан-гап чиқиб танишишган. Гап касб-корга келиб тақалганда, адам хурсанд бўлиб кетганлар, рассоммисиз, ия, мени ўғлим ҳам расм чизади, деганлар. “Беньков номидаги республика рассомлик билим юртида дарс бераман”, деган. “Ия, мени ўғлим худди шу ерга кирмоқчи, келаси йил, худо хоҳласа!” деганлар адам. “Майли, келсин, шуғулланамиз”, дебди. Шундай қилиб, параллел равишда расм тўгарагига, ҳам Ждановнинг уйига машғулотларга қатнадим. Уйи ҳам яқингина экан – шундоққина Оқтепада, “Спорттовар” магазиннинг тепасида. Икки жойда дарс олиб, Беньковга яхши тайёрланиб олдим.

Беньков

Билим юртига ўз кучим билан кирдим 8-синфни битириб. Мактаб директоримиз, Азиз ака деган роса жаҳл қилди, кетмайсан деб. Чунки олтин медалга номзод эдим – ҳамма ёқ “беш”. Ўғлингиз медаль соҳиби бўлади, нима қиласиз училишега олиб, деб адамни роса койиган. (Училише деган сўз у вақтларда қуйироқ даражани англатарди-да). Билмайдики, бу билим юртига махсус имтиҳон топшириб кирилади. Баҳоларим “аъло” бўлгани учун она тили ва адабиёт фанларини топширмаганман. Фақат ихтисослик фанларидан имтиҳонга кирганман.

Рассомлик тўгарагига олиб бормаганларида балки мен расмга қизиқмай кетардим. У пайт ўйламаганман ким бўлишимни – бор-йўғи ўн яшар бола эдим.

…Билим юртини битирдим, битиргандаям қизил диплом билан! Бутун билим юртидан икки киши қизил диплом билан чиқдик: мен билан Ҳасан деган ўртоғим. Целевое направление дейиларди, ўн бешта республиканинг ҳар бир олий ўқув юрти Москвада биттадан талаба ўқитишга ҳаққи бор эди. Масалан, Ўзбекистон учун СССРнинг марказий шаҳарларидаги исталган олий ўқув юртида битта жойи бор. Ўша жойга йўлланма берилди менга. Ҳасан ВГИКка ҳужжат топширди, мен Суриков номидаги бадиий академияга.

Суриков

Чизган ишларимни ортмоқлаб Москвага йўл олдим. Ҳужжат топширишдан олдин чизмаларингни кўрсатасан, маъқул келса, кейин ҳужжатингни қабул қилади. Ишларим маъқул келди, ҳатто ректор Богдановнинг ўзи шахсан қабул қилди мени. Қайсига кирмоқчисан, деди. Мен рангтасвирга, дедим. Рангтасвиргамас, реставрацияга кирақол, деди. Ўзимча мағрурлик қилиб “Нет, только в “живопись!” дедим. Хўрлангандек сездим-да ўзимни. Рассомларни орасида шунақа гап бор, расм чизишни билмайдиган рассом реставратор бўлади. Энг сусткашларини майли, шу ерда юрақолсин деб, реставрацияга олади. Топшириб юборсам ҳам бўларкан, кейин “перевод” қилиш мумкин экан… шунга каллам ишламабди. Йўқ, ғурурим жўш уриб, рангтас­вир йўналишига топширдим: “уч”, “уч”, “уч”, битта “икки”, билмайман нимадан. Шу… қайтиб кетдим.

Тошкентга келсам, ғирт бекорчи, ўқимаган болалар ҳам институтга кириб олибди. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг рассомлик факультетига кам ҳужжат топширилган, Беньковдан чиққан болаларнинг деярли ҳаммаси ўқишга қабул қилинган. Рассом адасининг бўёқларини олиб келиб бизга сотадиган, пиво ичиб юрадиган, расм чизишни билмайдиган болалар ҳам кириб олибди. Ҳаммаси устимдан кулди. “Ўл, Обид!” деди, “Ажаб бўпти, Тошкентни менсиб ўқисанг, ўлармидинг! Ўзингча Москва-Москва, деб кетувдинг.. мана сенга Москва! Сен қизил дипломли бўптуриб кўчада юрибсан, биз «икки»чи бўптуриб институтда ўқияпмиз!”.

Роса алам қилди. Жаҳлим чиқиб, кейинги йили шу институтга ҳужжат топширдим. Энди аввалгидек шижоат йўқ… Рангтасвирни биламан, графикани ўргана қолай дедим. Графика факультетига топширдим, кирдим.

Рассомликдан артистликка

Бешинчи курсга ўтганимизда режиссёр Латиф Файзиев ҳинд режиссёри Умеш Меҳра билан ҳамкорликда “Овчи” деган кино оладиган бўлди. “Юнайтед Продюсерс”, “Игл-фильмз” (Ҳиндистон), “Шарқ-Фильм” (Ўзбекистон) ролларга танлов эълон қилди. Бош ролда Митхун Чакраборти, ролларда деган жойда биз ҳам бормиз. Яхлит образ бор – цирк директори, мен ўшани ўйнайман, “хотиним” – Ноила Тошкенбоева, кулгили чиқсин деб паст бўйли билан баланд бўйлини эр-хотин қилишган.

Институтимизга келиб, ролларга тўғри келадиган одам қидиришди. Мени ёқтириб, “Ўзбекфильм”га чақиришди. Келдим, кийинтиришди, расмга олишди. Шунча артист туриб, мени ким ҳам кинога оларди, деб бепарво кетдим. Уч-тўрт кундан кейин уйга телефон бўлди: “Пробадан ўтдингиз, зудлик билан ҳужжат топширинг, Ҳиндистонга кетасиз”.  Ҳайрон бўпқолдим. Кинопробага уч киши топширган: Учқун ака деган кичкинагина одам бўларди, ҳув “Севги афсонаси”да Регистон майдонида “пятьсот динар, пятьсот динар!” деб Маржонани қўлидан тортиб олиб кетмоқчи бўлади-ю, ўша киши, кейин Фарҳод Абдуллаев ва мен. Хуллас, шу уч киши орасидан мен танловдан ўтиб қолдим.

Деканимиз қабулига кирдим. Домла, дедим, бир ойга рухсат берасиз, кетаман, дедим. Оллоберди Эгамов деган киши эди, худо раҳмат қилсин. Сиз туппа-тузук рассом бўлсангиз, нима қиласиз шу артистларга аралашиб, деди. Рухсат бермади. Домла, атиги бир ойга, бораман-келаман, бошқа бўлмайди бунақа имконият, илтимос, дедим. Эй, расмингизни чизиб юраверсангиз-чи, деди, кинога аралашсангиз, одам бўлмайсиз, деди. Жуда тегиб кетди шу гапи. Одам бўлмайманми, бўпти-да, кўрсатиб қўяман ҳали, деб кетвордим… Ариза ҳам ёзмадим, шартта кетвордим.

Ў-ў-ў! Ҳиндисто-он! Нақ йигирма беш кун! Катта лойиҳа эди, Москва, Рига, Юрмалада съёмкалар бўлди. Кинода тушдим, ўхшади. Кино ҳам зўр чиқди, муваффақият!

Тошкентга қайтгач, мени “Ўзбекконцерт» ишга чақирди. Яна бир-икки кинога чақиришди, телевидениедаги кўрсатувларга ҳам… Ҳазил-ҳазил билан артист бўлиб қолдим. Ўз-ўзидан рассомлик иккинчи планга ўтиб қолди…

Хуллас, бу ёғи ўзингизга равшан. Кўнглим буюрганидан қолмадим. Одам бўлдимми, йўқми, билмадим. Аммо, ҳайтовур, босиб ўтган йўлимга бунда-ай разм солсам, нималаргадир эришган кўринаман. Бунга болалигимдаги саргузаштларим, сабоқларим, тажрибаларим сабаб бўлган десам, ишонаверинг!

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here