“Dugonalar” очилди

0
149
марта ўқилган

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил­­ 5-июлда қабул қилинган фармони мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Унга биноан қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда. Жумладан, “Dugonalar” журналининг таъсис этилиши ёшларни маърифатли қилиб тарбиялаш, замонавий намунали оилани шакллантириш ва қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган мақсадли  ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Гулжамол Асқарова, журналнинг бадиий муҳаррири:

– “Dugonalar” ўзбек матбуоти тарихидаги улуғ нашрлардан андоза олган, бироқ ўз руҳияти, ўз қиёфасига эга нашр сифатида халқимиз қалби ва мамлакатимиз ижтимоий ҳаётига кириб боришига ҳаракат қиламиз.

Ҳалима Худойбердиева ўз маърузаларида таъкидлаганларидек, уни мамлакатимиз аёлларининг бахт қўшиқларига жўр бўладиган,уларнинг ғам-қайғулари, изтиробларини ёритадиган журналга айлантириш йўлида ишлашни ният қилганмиз.

Ўша машҳур қўшиқдаги “Дугоналар, бормисиз, омонмисиз?” деган саволга “Биз бормиз энди!” деб жавоб бергимиз келади.

Шарифа Салимова, шоира:

– Аёл қалби – мўъжиза. Ана шу мўъжизани кашф қилиш, уни бор бўйича, ҳайратлари билан ўқувчига етказиб бериш, аёл қалбининг қадриятларимиз билан тўйинган уммон эканини яна бир қайта эслатиш журнал олдига қўйилган вазифалардандир. Саҳифаларни қандай бойитишни эса ҳаётнинг ўзи кўрсатиб беради, деб ўйлайман. Муҳими шундаки, ҳар бир аёлнинг шуурида ўз “мен”ини, жамиятдаги ўрнини намоён этишга эҳтиёж бор. “Dugonalar” аёлларни қўлидан етаклайдиган ана шундай йўлбошчига айланади, деб умид қиламиз.

Бахтинисо Маҳмудова, шоира:

– Журналнинг илк сонини қўлимга олиб кўнглим кўтарилди. Бадиий саҳифалар сизни ажиб оламга етаклаб киради. Ҳар сонда аёл қалбига дахлдор мактублар, шеърлар, умуман, жаҳон адабиёти намуналаридан бериб борилса, аудитория­­ни бефарқ қолдирмайди, менимча.

Журнал одамлар орасига кириб бориши учун чекка овулда яшаётган аёлнинг қарашлари, туйғулари, изтиробларини ҳам ёрита билиши керак, деб ўйлайман.​

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here