САЙЁРАНИНГ “САЙЁРА”СИ

0
193
марта ўқилган
Уни кўрганимизда эсламаймиз, балки эслаганимизда кўргимиз келади! Ўйчан нигоҳию нимтабассуми Сизга таниш. мартабаю унвонлар талаб қилмайдиган бу ҳокисор актрисани шовқин-сурон давралардан қизғанасан ҳам киши. самимий, борича гўзал. Қисматнинг синовли йўлларида ўз “сайёра”сига содиқ яшашнинг уддасидан чиқаётган ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра Юнусова
1956 йили Тошкентда туғилган.
1977 йилдан буён Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик
драма театри)да ишлаб келмоқда.
Саҳнадаги илк роли “Рўйхатларда йўқ”
(режиссёр Баҳодир Йўлдошев) спектаклидаги Мира.
Элга Зебуннисо образи орқали танилган.
«Ҳамлет” спектаклида Гертруда, “Бир кошона сирлари”да Дилора, “Дарахтлар тик туриб жон беради”да Амелия, “Омон бўлгин, азизим!” асарида Она, “Тақдир синовлари”да Гулсум момо, “Ўткан кунлар”да Ўзбек ойим каби сиймоларни гавдалантирган.
“Чангак”, “Шайтанат”, “Сув ёқалаб”, “Кўзларинг маъюс”, “Сотқин”, “Опа-сингиллар” каби фильм ва сериалларда жонкуяр рафиқа, муштипар она образларини яратган.

“Артис” эмас, актриса бўламан

Онам шифокор, отам ҳарбий бўлган. Оилада икки фарзанд эдик – акам ва мен. Онам ниҳоятда талабчан, ҳатто телевизор кўришга ҳам рухсат бермасди. Тенгдошларимизга ўхшаб кўча-кўйда мундоқ ўйнамасдик. У ёқ-бу ёққа йўл олишгудек бўлса, эшикни ташқаридан қулфлаб кетишарди. Шунинг учунми, ўзимни болаликдан ташқи ҳаётга мослашмаган инсон сифатида биламан. Ўз хаёллари билан яшайдиган бир қиз: романтик, китоб ўқишни севадиган. Ҳозиргача шундай. Асарнинг бир бетида соатлаб қолиб кетишим мумкин. Моҳиятига етиб боришга уринаман. Образлар ўрнига ўзимни қўйиб кўраман. Балки мени актриса бўлишга ундаган нарса ҳам шудир. Ахир, ота-­онам санъаткор эмас, бироқ… Онам ёшлигида раққоса бўламан, деганида бобом қарши чиққан экан. Отам эса ёзувчиликка ҳавас­манд ўтган. Уруш туфайли ҳаётини ҳарбий соҳа билан боғлашга тўғри келган-да. Ўзи, ҳар ким қандайдир ноёб истеъдод билан сийланади. Фақат ўшани кимдир ўстира олади, бошқа биров эса ўлдириб қўяди.

Актриса бўлиш хоҳиши 8-синфда ўқиб юрган кезларимда уйғонган. Боя айтганимдек, телевизор кўришга чеклов борлиги боис фильмларни нуқул эшик тирқишидан томоша қилардим. Мен ҳам одамларни кулдириб-йиғлатадиган инсон бўлишни хоҳлайман деганимда, «булар актёр, роль ижро этади, холос» деб тушунтиришган.
Эсимда: уйда қийқимларни қураб-чатиб қўғирчоқ ясардим. Акам эса ниманингдир ихтироси билан овора бўларди. Кейинчалик у муҳандислик соҳасини танлади. Бола ёлғиз қолса шу экан, овунчоқ топиб оларкан. Акам иккимизнинг бошқа болаларникига ўхшамаган дунёмиз бўлгач, ўша олам ичида яшаганмиз.

Мактабни битирадиган йилим ота-онам “Қизим, қайси касбни танламоқчисиз?” деб сўради. “Актриса бўламан” дедим ҳеч иккиланмасдан. Қаршилик қилишмаган-у, бироқ отам “Қандай қилиб?! Актриса бўлишингиз учун санъаткорлар оиласидан эмассиз, ахир…” деганди. Қариндошларимиздан айримлари буни эшитиб, “Сен-а, сен “артис” бўласанми?” деб устимдан кулишган. Мана шу кулгилар сабаб мақсадим сари дадил интилганман. Қатъий туриб уларга “Мен “артис” эмас, актриса бўламан!” деганим ёдимда. Қаранг, ўша пайтда “артис” билан “актриса”нинг фарқига борган эканман.

Сўнг газетада берилган эълон бўйича ўзим мустақил бориб, Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)га ҳужжат топширдим. Бу пайт ота-онам дам олгани кетишган, қайтиб келишганида талаба қизи уларга пешвоз чиққанди. Онамнинг аччиғи келган. Маҳалла-­кўй олдида андиша қилган. Отам бўлса онамни юпатиб, “Ўз кучи билан кирибди, ўқисин. Вақтинчалик қизиқиш бу, турмушга чиқса, ҳаммаси унут бўлади” деганди…

Театрга хуш келибсан!

Битирувчи курсман. Журъат топиб, бош режиссёр Баҳодир Йўлдошевга театрда ишлаш истагимни айтдим. У киши бу масалани бир ўзи ҳал этолмаслигини, театр бадиий кенгашига курсимиз билан бирор-бир асардан парча тайёрлаб кўрсатишини тайинлади. Эсимда, буфет ёнида мўъжазгина декорация қургандик. Номеримиз яқинлашгани сайин юрагим гуп-гуп ура бошлади. Ҳаяжон зўридан ҳатто қочиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Курсдошларим тўхтатиб қолди. Устозлар ёнида ижро этиш ҳазилакам гап эмасди-да. Япон эртаги асосида парча ўйнаганмиз.

Бир пайт денг, кўзим Баҳодир Йўлдошевнинг ёш тўла кўзларига қадалди. У киши асардан шунчалик таъсирланганидан хонани тарк этди. Чиқишимиздан сўнг актриса Ойдин Норбоева кенгаш хулосасини айтиш учун пешвоз чиқиб: “Сайёра, табриклайман! Театрга хуш келибсан!” деганида севинчдан ўзимга сиғмай кетганман.

Ўз эртагингга, аввало, ўзинг ишон

Шовқин-сурон давралардан қочаман. Чунки уларда ўзимни кўрмайман. Яхшиси, менга бир роль берилсинки, руҳияти билан саҳнада яшай… Маликани ўйнасам – малика, гадони ўйнасам – гадо. Ўша давр ботинида ҳис қилай ўзимни. Мана бу завқ. Аслида, мени театрга етаклаган ҳам ана шу ташналик. Актёр саҳнага чиқди, гапирди, кетди эмас. Бу – жўн қараш. Чинакам актёр сеҳргар: томошабинни ўз ҳақиқати ортидан эргаштиради. Болалигидан мўъжизаю эртак­ларга ишонган Сайёра ҳануз ўша оламига содиқ. Бир куни жиянларим олдига Қорбобо бўлиб борганман. Улар Қорбобо борлигига шу қадар ишонганки, ўзим ҳам ҳаяжонланиб кетганман. Ишонтира олганимга ҳайратланганман-да. Тараққиёт минг ривожланмасин, бола барибир эртакка, мўъжизаларга ишонар экан. Ҳозир невараларимга эртак айтганимдаям образга кириб кетаман.

“Ҳамлет”ни яшагим келган

Чунки унда бирваракайига комедия, драма, трагедия мужассам. Ёшлигимда шу ролни таклиф қилишганда, балки ижро қилардим. Ҳозир ёшим тўғри келмайди. Ҳар бир актриса ўз қаҳрамонини ўз вақтида ижро этиши керак.

Эртага…

“Дарахтлар тик туриб жон беради” спектаклида мен ижро этган қаҳрамонга номаълум одамдан мактуб келади. Унда “Эртага…” деган сўз ёзилган бўлиб, мана шу биргина сўз аёлнинг ҳаётини ўзгартириб юборади. Ҳақиқатан мени ҳаётимда ҳам бу сўз алоҳида қадрга эга. Бу сўзда келажакка, ёруғ кунларга ишонч тантанаси яширин.

Бир гап оз, икки гап кўп

Қизим Ирода ҳозир йигирма икки ёшда. Унинг мисолида ёшлигим, қарашларимни таҳлил этиш имкони бор. Масалан, баъзида фикрини қоғозга ўраб ўтирмайди. Ўйлаб қоламан, уям худди ўзингга ўхшаган. Актрисаликни бўйинга олишнинг илк даврлари онам билан роса зиддиятга борардик, очиғи. Ўқишимиз қош қорайгунча давом этар, уйга кеч қайтардим. Онам саволга тутарди. Асло хавотир олмаслиги ҳақида айтардим-у, вазиятни тушунтириш ўрнига кўп бора гап қайтарардим.

Ўшанда балки мулойимроқ гапирганимда, деб қоламан ҳозир. Балки бу ёшликка хос бир зарда, жиззакиликдир. Билмадим… Ҳозир у пайтдагига қараганда анча вазминман. Йиллар тарбиялаб боравераркан. Ҳар неча мушоҳада билан, ўзингизни ортиқча зўриқтирмасдан фикр юритиб, кўнгилни юпатар экансиз. Ёшликда эса бир гап оз, икки гап кўп… Онам санъатга қизиқишимни ўтиб кетади деб юрган бир пайтда, театрга ишга кирганимни эшитиб баттар тутақди.

Бир куни институтда маҳорат дарсидан тайёргарлик кўриб, тонг­отар репетиция қилиб турганмизда онам кириб келиб, бизни обдон кузатди-да: “Бундан кўра қоровуллик қилсанг яхшийди!” деб жаҳл билан хонадан чиқиб кетди. Ойимдан роса ҳайиқишарди. Ҳатто бир курсдошим спектаклда роль бўйича юзимга шапалоқ тортгани учун балога қолган. Уйимизга келганида, ойим уни таниб қолиб, йўлакдан қувиб солганди (кулади). “Ойи, ахир бу роль, ёлғондакам урган”, десам ҳам тушунишни истамасди.

Совчилар келгандаям айрим қизларга ўхшаб “мулойимлик”ни эплаёлмасдим. Саломимни бериб чиқиб кетардим. “Суюнчи” фильмидаги Назира бор-ку, шундан нари-бери. Баъзан улар билан бемалол суҳбат қуриб ўтирардим. Бир куни совчи аёл “Ҳечқиси йўқ, ўқишини бошқа жойга ўтказамиз”, деб ҳаётимни ўзича ҳал этишга киришиб турган эди, чўрт кесдим: “Мен сизга буюммидим, бир ердан бошқа ерга кўчириб ўтказасиз?”.

Довдираб қолди. Агар ўша пайтда турмуш қуришни хоҳласам, “роль” ўйнаб бериш менга қийин эмасди. Бироқ бу табиатимга мутлақо ёт. Театрни танладим, бас, ярим йўлда мақсадимдан оғишмайман. Ўзбекчилик одатларига содиқ онамни ҳар доим “Ойи, ҳеч ким бу дунёдан ёлғиз ўтмайди. Пешонамга битгани бордир, вақти келади”, деб тинчлантирардим. Турмушга чиқишни аниқ пайтда содир бўладиган стреотип ҳодиса сифатида баҳоламаганман. Бу мавзу мен учун кўнгил иши… Онам “Вақтида турмушга чиқмасанг, ўзимни Ўрданинг сувига отаман!” деб қўрқитиб ҳам кўрган.
Отамда эса зиёлилик устун эди, ҳимоячим бўлган. “Актрисаларга алоҳида шароит керак, индама, ўзи истаганча яшасин!” дерди. Отам гапирганида “Сиз” деб мурожаат қиларди. Овозини унча-мунчага баландлатмасди. Шу жиҳатдан кўпроқ отамга тортганман, шекилли.

Мени чўчитадиган манзаралар

Фарзандларим театрда улғайган. Мени шу чўчитарди. Чунки театрнинг ҳавосини олган бола унга талпинади. Тўнғичим Жавоҳир актёр бўламан деганида қарши бўлдим. Тўғри, шу йўлни танлаш истаги бор, аммо у мақсад даражасига етмаса бефойда. Бундан ташқари, соҳада тайинли иш қилишга кўзи етиши керак. Ташқи қиёфа, бўй-баст ҳам ижро учун зарур. Жавоҳир новчадан келган, гавдали. “Ҳозир актёрликни ихтиёр этганинг билан Ромеони ўйнай олмаслигинг аниқ” деб очиқ айтдим унга. Ўз имкониятини чамалаб, ўзи учун фойдали мақсадга йўналтиришга ундадим. Ҳозир театр актёрларига талаб бошқа. Ташқи қиёфага кўпроқ суяниб қолишган.

Актрисалик ўз йўлига, лекин оиламни ҳеч қачон қаровсиз қолдирмаганман. Қизим Иродани илк бора бир ярим яшарлигида “Уфқ” спектаклида ўзим билан бирга оммавий саҳнага олиб чиққаним ёдимда. Эркак­ларни урушга кузатадиган эпизод бор эди. “Қизим, дадангга хайр дегин” десам, “Хайр, дадажон!” дегани ҳеч эсимдан чиқмайди. Раҳматли Жамшид Зокиров спектаклдан кейин “Эҳ, болани саҳнага ўргатиб бўлдинг!” деб койиб берганди.

Йиллар ўтиб, Жамшид аканинг тахмини ўз тасдиғини топди. “Ҳамлет” спектаклининг тақдимоти куни томошабинга таъзим қилиш учун чиққанимизда кулисда йиғлаб ўтирган Иродага кўзим тушди. Кимдир хафа қилдими, нима гап экан деган ўйда минг хавотир билан ёнига борсам: “Мен ҳам шундай бўлишни, саҳнага чиқишни истайман!” деса бўладими. Саҳнанинг қандайдир оҳанрабоси бор, ўзига тортаверади. Баъзида шу қадар жимлик чўкади залга, ишқилиб томошабин бормикан, деб ўйлаб қоламан. Бу лаҳзанинг оти – образда яшаш! Ана шу сукутни яхши кўраман. Томошабинни ўз ортингдан эргаштира олиш бахти.

Бир куни иш билан андармон бўлиб уйга кечроқ келдим. Шунда энди мактабга чиққан қизим, дафтар-китобини атрофига ёйиб, хаёлга берилиб ўтирган экан. “Ойижон, энди келмайсиз деб қўрқиб кетдим…” дея бағримга отилди-ку, кўз ёшларини тўхтатолмади.
Аёл азал шундай: қурбон бўлувчи. Гўзаллик, тотувлик йўлида. Турмуш ўртоғингиз санъаткор бўлса, бунинг залвори икки баробар ошади. Баъзида бозор-ўчар, қўйингки, рўзғор тарозу­сининг энг катта палласи ҳам аёл гарданига тушади. Турмуш ўртоғимнинг дарди-хаёли кино. Уйдаям кино ҳақида ўйлайди. Мен эса ишхонадаги гапни, кайфиятни уйга кўчирмаслик тарафдориман. Истардимки, фарзанд­ларим уйда отасини режиссёр эмас, ОТА образида кўришса…

Зебуннисони ижро қилганимда 27 ёшда эдим

Маҳобатли ёғоч ғилдираклар “Зебуннисо” спектаклини, ёшлигимни ёдга солади. Бу асар учун режиссёр Баҳодир Йўлдошевдан бутун умр миннатдорман. Рус мактабида ўқиган қиз ўзбек тилида равон сўзлашга тили келмай турса. “Зебуннисо”га таклиф олгач, мени ўйлантириб қўйгани шу. Аввалига бу менинг ролим эмас деб юрдим. Баҳодир ака эса репетиция жараёнида қаҳрамоним, унинг ўтмиши ҳақида қизиқарли ҳикоялар айтиб берарди. Бошида ролга у қадар кириша олмаганим рост. Партнёрларим актриса тайёрланиб олаверсин, деб саҳнадан секин чиқиб кетишарди. Бунинг маъносини кейин тушуниб етдим. Ёлғиз қолганда қалбда бир куч пайдо бўларканки, Зебуннисо моҳиятига шўнғиб кетганман. Ўшанда спектакль премьерасига келган онам саҳнада қизини кўриб, илк бора қувончдан йиғлаганди…

Театрга Мира келибди
Турмуш ўртоғим Жаҳонгир Қосимовни театрга кираверишда – актёрларнинг кун тартиби жадвали илинган йўлакчада учратганман. Қаймоқранг пальтода, бўйнида оппоқ шарф. У кезлар институтда режиссёрлик бўйича таҳсил олаётган талаба эди.
“Рўйхатларда йўқ” спектаклидан сўнг дўсти Халил Мингноровга “Бу қиз ҳали актрисами? Оёғи маймоқ-ку!” деб жуда раҳми

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here