Барзу Абдураззоқов: … ва сен ул эмассен

0
225
марта ўқилган
“Отелло” спетаклини шу сафар бошқача томоша қилдим. Компьютерда кўраётганим учун бўлса керак, деб ўйладим аввалига. Бироқ аксар режиссёрлар спектакль марказига бош қаҳрамон сифатида олиб чиққан мавр Барзу ака талқинида “дўст”и Яго қўлида оддийгина “лўтти”га айланган ожиз қаҳрамон. Шунда режиссёрнинг бошқаларга хос бўлмаган дунёқарашидан ҳайратландим. Сўнг интернет орқали у саҳналаштирган бошқа асарларни ҳам топиб томоша қилишга тутиндим: “Манқурт”, “Синфдошлар”, “Кунда”, “Кўчки”… Барида Инсон “ўз қобиғини ёриб” ҳаракат қилади. Ана шу эркинлик илдизларини режиссёр Барзу Абдураззоқовдан изладим.

  • 1959 йили Душанбеда туғилган.
  • 1988 йили Тожикистон давлат санъат институтининг режиссёрлик бўлимини тамомлаган.
  • Тожикистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби.
  • Кирилл Лавров номидаги мукофот лауреати.
  • Шекспирнинг “Отелло”, Гоццининг “Бахтли гадолар”, “Қарға”, Мольернинг “Зўраки табиб”, “Дон Жуан”, “Скопен найранглари”, “Тартюф”, Айтматовнинг “Кунда”, “Манқурт. Абадий қул”, Чеховнинг “Уч опа-сингил” каби асарларини саҳналаштирган.
  • “Капалак туши”, “Макка сари олис йўл” спектакли Чехов фестивалида қизғин кутиб олинган.
  • Спектакллари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Франция театрларида намойиш этилган.
  • 2015 йили “Синфдошлар. Ҳаёт сабоқлари” АrtОкраина халқаро фестивалида совриндор бўлган ҳамда Олмаотадаги энг яхши спектакл деб тан олинган.
  • Олмаота шаҳридаги Байтен Омаров номидаги “Жас саҳна” театри бадиий раҳбари.
Барзу ака, Сиз учун репетиция, театр, режиссёрликнинг моҳияти нимада? Машғулотлар жараёнида ўзингизни устоздек эмас, мисоли…

…суҳбатдошдек тутдим. Мен иш жараёнида устоз эмас, балки атрофимдагилар билан фикр алмашувчиман, холос. Моҳият масаласига келсак, ҳар доим барвақт туриб нима учун театрга боришимни аниқ айтиб бера олмайман. Бунга кўп маротаба жавоб излаганман. Театр ўзимни эркин ҳис қиладиган ягона жой. Оғриқларимга, дардимга икир-чикир хаёллари мени тамоман тарк этадиган ягона маскан. Театр шунинг учун ягонаки, бу ерда “Мен ўзи кимман? Нима учун яшаяпман?” деган саволларга жавоб топгандек бўламан. Эҳтимол, бу “Худо инсон қалбини қандай яратган?” деган саволга жавоб топиш учун қилинаётган ҳаракатдир…

Театр ичида яшар экансан, манфий ва мусбат қутблар – қайғу ва шодликнинг бир нуқтага туташганини тушунасан. Эзгулик ва ёвузлик бирлашиб учинчи қатламни юзага келтиришини биласан.

“Режиссёр спектаклни ўзгартиради” деган гап эса катта хато. Спектакль режиссёрни ўзгартиради. Режиссёрлик ишини Сизиф чеккан машаққатга ўхшатаман. Уфққа қараб кетаверасан… кетаверасан… йўлнинг поёни кўринмайди.

Репетицияга келсак, унинг нималигини ҳанузгача тўлиқ билмайман. Репетиция бу худди минг тонна тупроқни кавлаб, бир грамм тилло топишдек гап. Излаган нарсангни топмагунингча барча мавзуни ўрганиб чиқасан, актёрлар билан ишга шўнғийсан, фикрини ўрганасан, ўз фикрингни уларники билан таққослайсан…

“Мен театрни севиш билан бир қаторда ундан нафратланаман!” дегансиз. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Актёрлар оиласида туғилиш… шу хонадон нонини еб улғайиш… театр синоатларининг парда ортидан тўғри уйингга кириб келиши… Актёр топган нондан кўзёш таъми келади. Уни тез ва осон юта олмайсан. Театрни эса маккор аёлга ўхшатаман. Уни бир вақтнинг ўзида ҳам севасан, ҳам нафратланасан. Нафратланишинг билан бир қаторда “театрга муҳаббатим чексиз” деб айтасан. Ўспиринлик даврингдагина “Мен театрни севаман ва у менинг борлиғим!” дея оласан. Унинг ичида яшар экансан, манфий ва мусбат қутблар – қайғу ва шодликнинг бир нуқтага туташганини тушунасан. Эзгулик ва ёвузлик бирлашиб, учинчи қатламни юзага келтиришини биласан. Сен энди ҳаётнинг бир қанча оҳанги устида эмас, туйғулар уйғунлигида иш олиб борасан. Биргина нота устида эмас, бутун бошли симфония устида ишлайсан. Аввал нота, сўнг мелодия, сўнг гармония тузиб, буларнинг барчасидан ягона композиция ишлайсан.

Мен агар “Театрни севмайман!” десам ишонманг, дейсиз-а?..

“Театрни севаман!” десам ҳам ишонманг! Мен айтган барча гапга ҳам ишонаверманг. Мен бир нарсани айта туриб, ўйлаётган бошқа қарама-қарши нарсам билан бирлаштиришим мумкин. Амалга оширган ишларимнинг барчасини қарама-қарши кучларни бир-­бирига бирлаштириш орқали қилганман. Яъни саҳна асарларим. Мусбатнинг ёнида доим манфий юради ва улар ажралмасдир. Отелло Дездемонани қанчалик севишини билмаймиз. Унда қўрқув кучлими ёки муҳаб­бат? Отеллонинг Дездемонани севишига сабаб балки Дездемона Отеллони севиб қолганидир?! Билмайман. Эҳтимол, биз театрда бирлаштириб бўлмайдиган туйғуларни босқичма-босқич бирлаштирармиз. Худди нур ва соя ўйинини бирдан ҳис этганимиз каби. Мана шу “бир он” руҳиятимизни поклашга хизмат қилади.

Сизга Фарҳоду Ширин, Лайли ва Мажнун муҳаббатини тилаймиз” дейишади. Ўйлаб қоламан, бу одам ҳақиқий муҳаббатнинг нималигини билармикан? Агар оддий инсоннинг тана ҳарорати 36,6 даража бўлса, ИШҚқа мубтало бўлган доимо 40-42 даража ҳарорат билан юради.

Театр қалбнинг туб-тубидаги туйғуларни уйғотиб юборади. Бунда ҳислар тўқнашади ва ҳеч ким бунинг учун сени жазоламайди. Бунда оловга ёғ сепиб, сўнг уни яна бирнималар билан аралаштириб, хуллас, учинчи, тўртинчи, бешинчи “модда” билан қориштириб – масаланинг моҳиятини англамагунингча изланаверасан. Театрга “мен буни биламан” деб келмайсан, йўқ. Ҳиссиётларингни жунбушга келтирган саволларга жавоб топаман деб қадам қўясан. Сен учун аввалига ҳамма нарса мавҳум: осмон билан ерни, жаннат билан дўзахни туташтирасан. Буларнинг ортида нима бор экан деб қизиқасан. Кўриниб турган уфқ эмас, унинг ортида нима борлиги сени ўзига тортади. Уфқ ортига ўтолгач эса буни англадим, чунки кўрдим, деб айта оласан. Қаҳрамоннинг ҳолатини нафақат кузатасан, у билан бир стол атрофида ўтирасан, суҳбатлашасан. “Нима учун бундай бўлди?”, “Нега?”, “Фалончи нима учун фалончини кўрмади-ю, воқеа бундай айланиб кетди?” каби саволларга жавоб топгачгина саҳна асари яралади. Режиссёр бундай сўроқларни очиқ қолдирмаслиги керак. Шунинг учун у ҳолатни олдиндан кўра олиши, дейлик, Мольернинг “Дон Жуан”и билан Сицилияда ғойибона сайёҳат қилиши керак. Бундай кез қарашларинг замон ва маконга бўйсунмайди. Тарихга юқоридан қарагандек назар ташлайсан. Ана шундагина томошабин эътиборини тортадиган асар ярата оласан. Репетиция мана шу хатти-ҳаракатлар кўламини ушлаб қолиш учун керак.

Репетиция жараёнида режиссёрни, умуман, ижодкор шахсини “қароқчи” ҳам деган эдингиз…

Мен буни мажозий маънода, аниқроғи, яхлитлик хусусидаги фикримни ифодалаш учун қўллаганман. Худонинг шаклу шамойи­лини олинг – миллион-миллиардлар унинг зарраси-ку, бироқ ҳеч бири У эмас. Алишер Навоийнинг “Муножот”ида ҳам “Ҳар негаким ташбиҳ қилинса ўхшамассен, яхши боқилса ул сандин дурур ва сен ул эмассен” дейилган. Тўғри, ижодкор қайсидир жиҳатдан “қароқчи”. Худо яратган беҳисоб хил-хусусиятни бирлаштириб, ҳайратга солади. Бироқ одамларда бу ҳайратни уйғотиш қийин. Шунинг учун ҳам мен билан ишловчи режиссёр ёрдамчилари, рассомлар менда қандай фикр уйғониши, эртага нима устида ишлашимни билмайди.

Режиссёрнинг иш режаси бир-икки йил илгари тузилади, қайси асарни саҳнага олиб чиқиши олдиндан маълум бўлади, деган гаплар ҳам бор. Аксарият машҳур режиссёрлар шу тахлит ишлайди.

Режиссёр саҳнага нимани олиб чиқишни белгилайди-ю, қандай ёритишни очиқ қолдиради. Пьесани илк ўқиганидаёқ, “Шуни саҳналаштираман!” дейди-ю, қолгани онгостида кечаверади. Образнинг қайсидир жиҳатлари саҳнада сайқалланади, қайсидир жиҳатлари онгостида тиниқиб туради. Кейин хаёлот меваси амалиётга қалқиб чиқади. Ички овозим “Асар сеники!” дея садо бергачгина спектаклга – театр саҳнасида жиддий киришаман.

Мен севадиган спектаклларимга томошабин кам келади. Шундай пайтда саҳна ортида туриб йиғлагим келади.

Румий, Жомий, Низомий, Навоий… Бу буюкларнинг асарларидаги қарашидан бошқа, менинг ҳам алоҳида – томошабинга етказмоқчи бўлган нигоҳим бор. Баъзан тўйда икки ёшга тилак билдиришаётганда “Сизга Фарҳоду Ширин, Лайли ва Мажнун муҳаббатини тилаймиз” дейишади. Ўйлаб қоламан, бу одам ҳақиқий муҳаббатнинг нималигини билармикан? Агар оддий инсоннинг тана ҳарорати 36,6 даража бўлса, ИШҚқа мубтало бўлган доимо 40-42 даража ҳарорат билан юради. Севги – дард. Ўша дардни мухлисга етказмоқчи бўлган актёрнинг сўзни қуруқ ёдлаб, 36 даража ҳарорат билан саҳнада ўйнашга ҳаққи йўқ! Керак бўлса, ўз ролини 360 даража ҳароратда ижро этсагина унинг қалбидан чиқаётган тафтни томошабин ҳис эта олади.

Буюк муҳаббат…

…у доим фожиа билан тугайди! Икки инсоннинг қалб ҳарорати чақмоққа айланади. Саҳнада муҳаб­батни тарошлаб-силлиқлаб кўрсатмай, унинг аччиқ азобларидан тортиб нафратигача, жамият чегарасини бузувчи нуқталаригача кўрсатиш керак. Фарҳоднинг ҳам, Мажнуннинг ҳам муҳаббати жамият қоидаларига бўйсунмаган. Шунинг учун уларнинг ҳаёти фожиали. Ошиқ кўзига маъшуқидан ўзга кўринмайди: на пиёдаларнинг ўтиш йўлагию, на светофорнинг қизил, сариқ, яшили. Боши деворга тегмагунича кўз олдида маъшуқ тимсоли намоён.

Спектаклларим – кундалик дафтарим, саҳифалари – қарашларим. Севги, дўстлик, аёллар, болалар, табиат­­га нисбатан ўз муносабатим бор. Тафаккур жараёнида бекитадиган фикрларим йўқ.

Кейин…ҳамиша фикрлашдан юқори турадиган, мураккаб асарлар танлайман. Чунки бунинг моҳиятига етиш – чўққига чиқишдек гап. Қандайдир тепаликка чиқиб қулашдан кўра, тоғдан қулаш завқли. Эътибор берганмисиз, нўшхўрлар майни дарров ичиб юбора қолмайди. Аввал ҳидидан баҳра олади, сўнг бир-икки ҳўплаб таъмини сезади. Ҳид ва таъм уйғунлашгандагина лаззат яралади. Навоийни ўқиганда ҳам сўз лаззатини ҳис қиласиз. Театр одамларининг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати ҳам шунда – сўзни ҳис эта ва талқин қила олишида.

Жонни жабборга бериб, бор кучингизни спектаклга сарфлайсиз-у, бироқ томошабин қабул қилмаган ҳолатлар бўлганми?

Албатта. Мен учун ғоят қадрли бўлган спектаклларим бор, томошабин севиб томоша қилмайди. Ўзим ёқтирмайдиган, лекин томошабин илиқ қабул қилганлари ҳам бор. Шундай пайтда менга оғир ботади. Ахир унда томошабин ўзига бир нима олсин, деб кўп куч сарфланган. Тушунаяпсизми? Жўн муқояса қилсак, саримсоқпиёз ва “Сникерс”­дек гап. Саримсоқнинг фойдали эканини ҳамма билади, бироқ шираси учун кўплар шоколадни танлайди. Мен севадиган спектаклларимга томошабин кам келади. Шундай пайтда саҳна ортида туриб йиғлагим келади.

Томошабинни театрга қайтариш учун нима қилиш керак?

Қийин савол бердингиз. Ҳар куни репетиция тугагач, меҳмонхонага қайтишдан олдин овқатлангани “Райҳон”га борамиз. Кўпинча мени ўтқазишга жой тополмай қийналишади. Ошхонадагилар хўрандаларга атайлаб бир нима ваъда қилмайди, бироқ одамлар яна шу ерга келаверади. Нега? Чунки у ерда лаззатли таомлар бор, озодалик, “лаббай” бор. Талаб ва таклиф қонунига қатъий амал қилинади.

Театрдагиларнинг “маҳсулот”и нима? Тафаккур, муҳаббат, ҳарорат ва маҳорат. Томошабин гоҳида кўча-кўй ташвишларидан чарчагани учун, кўпинча эса маънавий эҳтиёжини қондириш учун ёки санъат аҳлига ихлоси туфайли чипта олади. Назаримда, томошабин бизни эмас, биз томошабинни ҳурмат қилмай қўйдик. Меҳрга меҳр, муҳаббатга муҳаббат билан жавоб қайтарилади. Агар томошабин спектаклга келмаса, демак, қайсидир саҳна нотўғри бажарилаяпти. Айб ўзимизда! Томошабинни ишонтира олмаяпмиз.

…Актёр қаҳрамонини юқори даражага чиқариши, унинг масштабини кенгайтириши учун кўпроқ ўқиши, изланиши, ҳаётни кузатиши керак. Шуларни бажармас экан, қаҳрамони рамақижонга айланиб қолади-ку. Ўз навбатида, режиссёр ҳам актёр қалбига уруғ қадаркан, кун келиб, унинг бақувват дарахт­­га айланиши ёки қовжираб қолиши “тупроқ”нинг унумдорлигига, яъни актёрнинг ўзига боғлиқ.

Нимадан қўрқасиз?..

Ҳар инсон туғилганидан бошлаб Худо томонидан ўзига хос яратилган. Яратгувчи унга сифат, фазилат ҳамда сон-­саноқсиз йўллар ато этган. Танлаш имкони инсоннинг ўзида. Раҳмон ёки шайтон? Икки йўлдан бири. Хатти-ҳаракатимиз ички маданият ҳамда маънавиятимизни кўрсатади. Буни ҳатто эшик табақасини қандай очишидан ҳам билиб олса бўлади. Энг ёмони, руҳни синдириш. Умуртқа поғонаси синган инсон қаддини тик кўтариб юра олмаганидек, руҳан чўктирилган инсоннинг ҳам ўзини тиклаши қийин…

Ҳа, яна… агар кимдир Оксфорд, Йель каби нуфузли университетларни тугатган бўлса-ю, ўзини манқуртдек тутса, жамият учун хавфлидир. Манқуртлик радиация­­га ўхшайди. Ундан нурланиб, касал бўлиб қолганингиз ҳамда ўзгарганингизни сезмай қоласиз. Биринчи ўринда нимага эътибор бериш керак дейишса, авваламбор, таълимга, сўнг маданиятга диққатни қаратиш керак дердим. Чунки мамлакат тараққиёти – унинг иқтисоди ва ҳатто қуролли кучларининг салоҳияти ҳам мана

шу йўналиш­ларга боғлиқ. Мен атрофдаги одамлар, воқеа-­ҳодисаларга бефарқ кимсалардан ҳамиша қўрққанман.

Бундан илгари Ўзбекистонга 1996 ва 2007 йилларда келгансиз. Орадан ўн йил ўтиб, мана, яна Тошкентдасиз.

Биз “Тошкент – нон шаҳри” таъсирида улғайганмиз. Ушбу фильм туфайли Тошкентни севиб қолганман. Бу ердалигимда ўзимни ҳеч нимани ўйламай сайр этиб юрган ёш боладек ҳис қиламан. Шаҳар гуллаб-яшнаяпти, чор-атрофингда хушбўйлик. Бу лаззат гул ёки ифордан эмас, табассум ва меҳрдан. Билсангиз, Дао фалсафасида “ички табассум” деган тушунча бор. Репетициядан уйга қайтиш, уйдан театрга бориш жараёнида одамлар билан мулоқот асносида мен мана шундай ички меҳр, ички табассумни ҳис қилдим. Бу – ўша,“менинг” Тошкентим!

Матн: Нигора Умарова
Фото: Эрнест Куртвелиев

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here