Ёшлар экспедицияси: Оролбўйида 3 кун

0
211
марта ўқилган

Орол фожиаси бутун дунёга дахлдор глобал муаммо. Ҳар йили ушбу ҳудуддан атмосферага 15-75 миллион тонна атрофида чанг ва туз кўтарилиб, ҳавонинг ифлосланиши ва турли касалликларнинг авж олишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида умумий қиймати 4 миллиард сўмлик 50 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. 2017–2021 йилларга мўлжалланган дастур ижроси доирасида Мўйноқда кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Денгизнинг қуриган сатҳидаги 350 минг гектар майдонга маҳаллий иқлим шароитида ўса оладиган қандим, черкес, саксовул экилиб, тузли чанг-тўзоннинг олди олинмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошлаб берган илмий экспедиция эса ана шу эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

17–20 сентябрь кунлари “Ёшлар поезди” тарғибот акцияси доирасида ўтказилган мазкур экспедициядан кўзланган мақсад Орол денгизининг айни кундаги ҳолатини ўрганиш ва унга кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, биология, геология, экология йўналишларида илмий-тадқиқот олиб бораётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбга қизиқишини оширишдан иборатдир.

Шу ниятда ташкил этилган “Саёҳат кунлари”га ёш олим (эколог, шифокор, геолог, биолог)лар, гид-экскурсоводлар, журналист ва блогерлар, “Тараққиёт стратегияси” маркази мутахассислари жалб этилди. Экспедициянинг 25 нафар аъзоси уч кеча-кундуз Оролбўйи ҳудудида истиқомат қилиб, у ердаги ҳолат билан яқиндан танишди.

Экспедиция аъзолари Сургул гази негизида олинадиган табиий газ қувурлари жойлашган завод (сепаратор) ёнидан ўтиб, Устюрт текисликлари орқали Орол денгизига етиб келди. Тадқиқот ишлари гуруҳларга бўлинган ҳолда амалга оширилди.

Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар тўғрисида сўз борганда, минтақанинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. Айни шу масалага бефарқлик Оролнинг сувсираб қолишига сабаб бўлган. Бир вақтлар мавж уриб, қирғоғидан тўлиб-тошиб турган денгизнинг суви чорак аср мобайнида 15 мартадан зиёдга камайиб, сув сатҳи 29 метрга пасайгани, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдони ҳосил бўлгани чинакам фожиа. Оқибатда атроф-муҳит, одамлар ҳаёти ва ҳайвонот оламига мислсиз зиён етган.

Лойиҳа доирасида Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмасининг ходимлари ва муассаса даволанувчилари билан давра суҳбати ўтказилди. Унда тумандаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан махсус иш режаси ишлаб чиқилди.

Фото: Эрнест Куртвелиев

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here