Баҳодир Жалол — Рангга кўчган ҳикматлар

0
206
марта ўқилган

Баҳодир Жалол

 

 

 

И.Е.Репин номидаги Ленинград
(ҳозирда Санкт-Петербург) тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик институтида профессор Андрей Мильников устахонасида таҳсил кўрган (1968–1974).
Ўзбекистон халқ рассоми.
Ўзбекистон ва Қирғизистон бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси.
Россия бадиий академияси фахрий аъзоси.

 

Кўпинча бадиий асарнинг шаклига маҳлиё бўлиб, асл мазмун-моҳиятини унутиб ҳам қўямиз

Дейлик Лайлию Мажнун ишқи ёхуд Умар Хайёмнинг май ва маъшуқасини жўнгина муҳаббат дея тушуниб қўя қоламиз. Ваҳоланки, бу сатрларда аслида ишқи илоҳий назарда тутилган. “Туркистон” санъат саройи деворига нақшланган “Умар Хайёмнинг тушлари” асаримда, ва, умуман, Хайёмга бағиш­ланган ижод намуналаримда ўша туб маънони акс эттиришга уринганман. Зероки мусаввир иш жараёнида хаёлот билан бирга мантиқий тафаккурга ҳам асосланади. Хайём мавзусига қўл уришдан аввал бу зотнинг ҳаёти ва ижоди, у ҳақда ёзилган тарихий-бадиий асарларни синчиклаб ўрганганман. Чунки қаҳрамонинг ботинини ҳис қилиш ва акс эттириш жуда қийин, айни пайтда масъулиятли вазифа. Бунинг учун жуда катта вақт ва идрок талаб этилади. Ленинградда (ҳозир Санкт-Петербург) ўқиб юрган пайтимдаёқ хаёлимни ўғирлаганди Умар Хайём…

Умар Хайём тушлари”. “Туркистон” санъат саройидаги деворий суратдан парча. Тошкент, 1993 йил

1978 йили Италиянинг Калабрия шаҳрида ижодий сафарда бўлдим

Шаҳарнинг бош маъмурий биноси деворида “Машаққатдан юлдузлар сари” панносини ишладим. Ижодий сафар баҳонасида Леонардо да Винчи, Микеланжело, Рембрандтнинг шоҳ асарларини “жойида” кўрдим… Оҳ, бу туйғулар!.. Худди кечагидек юрагимни ўйнатиб туради. Ўша буюк санъаткорларнинг қабрига ҳам бордим. Микеланжело қабри тепасига келганда эса, “Мен ҳам рассом бўлдимми?!” деган ўкинч ёшларини ҳам тўкдим… Қандайдир ғалати ҳолатга тушиб қайтдим Италиядан… Бир йилча, балки ундан ҳам ортиқроқ қўлимга мўйқалам ололмай юрдим…

“Рақснинг туғилиши”. “Баҳор” концерт зали фойесидаги деворий суратдан парча. Тошкент, 1981 йил

Ҳар ернинг ўз ранги бор

Бу ўша жойнинг табиати, акраси, урф-одати, қадриятлари билан боғлиқ. Асар яратаёт­ганда шу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратаман. Аҳамият беринг, тоғ ён бағрида бўлгани учун Бойсунга қуёш ранглари, жўшқинлик хос; Фарғона водийсига эса сўлим боғлари, соя-салқин табиати учун ҳам вазмин ранглар ярашади. Бу ҳатто одамларининг феъл-атворига ҳам кўчган. “Тановор”, “Муножот”, қаранг, шундай сезилиб туради водийча лутф ва виқор. Шуни “Рақснинг туғилиши” деган асаримга сингдиришга ҳаракат қилдим. 1981 йили “Баҳор” концерт залининг ички деворларига ишланган маҳобатли рангтасвир: ўртада Мукаррамахоним, теграсида парирўй гўзаллар, сўлим “Тановор” ижро этиляпти. Афсуски, тасвир бугун йўқ… Концерт зали бузилганда “Рақснинг туғилиши” ҳам кетди…

“Инсон тафаккури тантанаси. Ибтидо”. Деворий суратдан парча. Тожикистон, Чкалов шаҳридаги 6-мактаб, 1988 йил

Рассом шунчаки ижодкор эмас, ўз қараши ва эътиқодига эга шахсдир

Мексиканинг Альфаро Сикейрос, Диего Ривера, Хосе Ороско каби атоқли рассомлари бутун умр халқ тинчлиги йўлида курашган. Асарлари орқали миллатнинг руҳини кўтариш, шижоатини оширишга ҳаракат қилган. Шу билан ҳам уларнинг санъати қийматли… Аслида тарихни рангга кўчириш дегани уни аввало чуқур билиш керак дегани. Саркардани отга миндириб, қўлига қилич ё найза тутқазиб қўйиш билан асар битмайди. Тарих бунчалар жўн ва ғариб эмас. Бунинг учун ижодкор қалбида Ватан севгиси жўш уриши керак. Ана шу туйғунинг кучи рангларни “гапиртиради”, тарихни жонлантиради.

Лермонтовнинг “Демон” асарига ишланма. “Иблиснинг Олтин фаришта билан суҳбати”, 2006 йил

Юртнинг ҳар қарич ери, ҳар манзарасидан завқ ола билиш керак

Айниқса, ижод аҳли. Илҳом чақириш учун бунга тенг келадиган воситанинг ўзи йўқ.
1982 йил­­­­­­­­ эди, адашмасам, Бутуниттифоқ археолог­лар йиғини бўлди. Ремпель, Пугаченкова, Ртвеладзе каби таниқли археологлар қатори биз рассомлар ҳам қатнашдик. Сурхон тарихини ўрганиб, уни рангтас­вирда ифодалаб беришимиз керак эди. Устоз Рўзи Чориев билан қадимий Далварзинтепа, Кампиртепа, Болаликтепани айландик. Искандар кўприги билан танишдик – Термизни Чағаниён ва Ҳисор билан боғловчи қадимги савдо йўлида қурилган экан. Сўнг ишга киришдик. Сафар мобайнида “Мовий Жайҳун жилоси” ҳамда “Икки шаҳзода”ни чиздим. Она табиат ва кўҳна тарих мен учун чексиз илҳом манбаи бўлди.

“Устахона шарпалари”, 2012 йил

1988 йили “Инсон тафаккури тантанаси”ни ишладим

Чкалов шаҳри (Тожикистон)даги мактаб деворида, маҳобатли рангтасвир. Бунда Ғарб ва Шарқнинг бадиий-фалсафий тафаккурини уйғунлаштиришга ҳаракат қилдим. Асар уч қисмдан иборат: чап қисми “Олтин аср”: итальян Уйғониш даври донишмандлари акс этган. Марказий қисми “Қирмизи-тилло Русь” деб номланиб, унда уч буюк рассом – Андрей Рублёв, Дионисий ҳамда Феофан тасвирланган. Суратнинг ўнг қисми “Ибтидо” деб аталиб, унда Шарқнинг буюк алломалари – Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Хондамир, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймолари акс этган. Берунийнинг қўлида устурлоб. Юқорида қизғиш фонда зирҳланган қора тулпор ва найзачан жангчи – замонанинг талотўпларига қарамай, мутафаккир аждодларимиз илм-фандан, маърифатдан чекинмаганига ишора… Мақсадим, болалар ҳар куни мактабга кириб келаркан, шу маҳобатли рангтас­вирни кўриб ўтмиш ҳақида, келажак ҳақида фикр қилсин…

“Болани зинҳор безов­та қилманглар”

Араб файласуфи Жуброн Халилнинг гапи бу. Яъни ўринсиз аралашувлар билан боланинг тоза оламини бузиб қўйманг, худо берган истеъдодини бўғманг. Эътибор қилсангиз, бола табиатан доим ўзини кашф қилади, ўзлигини топишга интилади. Бир нималар чизади, ясайди, йиртади… ижод қилади, хуллас. Шу “ижод” ни камол топтириш кўп жиҳатдан атроф-муҳитга, тарбия ва устозларга боғлиқ. Отам мендаги зиғирча истеъдодни пайқаб, ривожлантиришга қунт қилганлар, худо раҳмат қилсин. Болалигимдан расм чизишга қизиққанман. Шу қизиқиш ортидан катта даргоҳларнинг остонасини кўрдим. Тенгқурларим Жавлон Умарбеков, Алишер Мирзаев, Шуҳрат Абдурашидов билан бирга устоз Чингиз Аҳмаровнинг атрофида айланишиб юрардик. Устознинг гўзал ишларини кузатиб, ўрганиб, фикр алмашардик. Кейинчалик Абдулҳақ Абдуллаев ва Рўзи Чориев билан танишдим. Рўзи аканинг “Менинг замондошим”, “Чорвоқ” асарларидан роса ҳайратланганман… Мен ҳам қачондир шундай асарлар чизармиканман, деб ҳавас­ланганман.

Педагогик фаолия­тимни 1974 йили Тошкент театр ва рассомлик институтида бошлаганман

(Ҳозирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти – таҳр.) Ўша пайтлар институтимиз Ўрта Осиёда рассомлик соҳасидаги ягона таълим муассасаси эди. Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Аҳмедовга ассистент тушганман. Шунгаям қирқ йилдан ошибди… Йиллар мобайнида талабалар билан ишлаб, аввало ёшларнинг қалбига муҳаббат туйғусини сингдириш лозим, деб билдим, шундай қилдим ҳам. Негаки уларнинг юраги қоғоздек оқ: нима ёзилса, ўша “ўқилади”.

“Ғафур Ғулом”. Сарвиноз Қосимова ишлаган асар, 2015 йил

Шогирдларимга меҳр-муҳаббатли, самимий муносабатда бўлдим, улардан ҳам доим шуни талаб қилдим

Негаки, ижод муҳаббатдан, самимиятдан, тозаликдан бошланади. Кўнглида кири бор одамнинг ёзган-чизганида ҳам доғи билиниб қолади… Шогирдларим орасида Сарвиноз Қосимова дегани алоҳида ажралиб туради. Унинг “Лисон ут-тайр”, “Ғафур Ғулом” картиналаридаги ўзига хос ғоя ва ечимлар эътиборга лойиқ. Ҳозир Сарвиноз экология мавзуида янги асарлар яратиб, шахсий кўргазмасига тайёргарлик кўраяпти.

“Буюк йўл”. Меъморий лойиҳа

Вақт дегани зувиллаб ўтаркан

Атрофда бўлаётган ўзгаришларни кузата туриб, баъзан ақлим шошади. Замон нақадар тез, нақадар шиддатли. Ижодкор учун давр билан ҳамнафас бўлиш ҳам ниҳоят­­да муҳим. Айни пайтда архитектурага оид лойиҳалар устида ишлаяпман. Бу борада буюк архитектор Заҳо Хадиднинг ижодидан жуда руҳланаман. Унинг “Агар 360 даража мавжуд бўлса, нега энди фақат бир даражага таянмоқ лозим?” деган хитоби мени олдинга ундайверади… Даражотлар чексиз экан, инсон билиши, интилиши керак бўлган ҳикматлар ҳам чексиздир.

Матн: Нигора Умарова
Фото: Эрнест Куртвелиев

 

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here