Ўзингни аяма!

0
192
марта ўқилган

Илгарилари табиати бой мамлакатларни бадавлат ҳисоблашган. Ҳозир эса одамлари ғайратли давлатлар бой саналади. Қаранг, ҳар икки мезон ҳам Ватанимизнинг бойлигидан дарак бераркан. Юртни янаям бой қилмоқнинг ягона шарти ўзни аямасликдир. Зеро, ўзини аямаган инсондан тантироғи йўқ. Саҳифамизда ана шундай танти, санъату ижодга қўшиб, эзгу қадриятларни ҳам бойитадиган фидойи ёшлардан бир гуруҳи – “Мустақилликни мадҳ этиб” бадиий кўргазмаси ғолиблари.

Малика Жўраева,
графикачи рассом

– Отам рассом, графика устаси. Чизган суратлари, ижод техникаси билан мени ҳамиша ҳайратга солган. Ҳар бир асар қаршисида “Буни қандай яратди экан?” деб туриб қолардим. Чинакам санъат шунақа: томошабинни ўзига тортиб турувчи магнити бўлади, ўйга толдиради, баъзан эса ўзига тамоман михлаб қўяди. Тасвирий санъатни айнан ўша оҳанрабоси орқали “ўқиш” мумкин.

Ижодга тўғридан-тўғри киришиб кетдиммикан, дейман гоҳида. Аниқ йили, нима туртки бергани эсимда йўқ. Муҳими, оилавий муҳит шуни тақозо этарди. Болалик чоғимда чизганларим… содда, беғубор. Улар мен учун ижодий машқ эмас, балки ижоднинг ўзгинаси эди. Ноннинг ушоғиниям нон деймиз-ку.

Асар ўйлаганингдек шаклга келиши учун ҳафталаб, ойлаб, гоҳо йиллаб вақт кетади. Кўнглинг тўлмаган жойлари бўлади, албатта. Ўшандай пайтда асарга қалам теккизмасдан, тин олдираман. Мавриди келганда уни қайта бойитаман. Баъзан ижод жараё­нида узоқ қолиб кетиш ҳам ўзини оқламайди: нима демоқчи эканинг бир чеккада қолиб, фикринг бошқа томонга бурилиб кетиши мумкин. Мазмунга қўшилиб шакл, шаклга қўшилиб мазмун ўзгаради. Шу оис фикримни иссиғида қоғозга тушириб олишнинг пайида бўламан.

Иш усулим оддий: хаёлимда акс этган тасвирни хомакилаштириб, худдики уни хаёлдан чиқариб ташлаган киши бўламан. Аслида, ижод мен учун ўша ерда жиддий тус олади… бундан ортиқ завқ борми рассомга?! Менга илҳом берадигани шу.
“Чойхона”, “Тулпорлар”, “Эски шаҳар”, “Байрам” – темир юзасига кўчирма қоғоз (калька) орқали туширилган асарлар. Тасвирий санъатда бу офорт дейилади.
“Чойхона”ни бугунги кун мисолида тасвирлашдан чекиндим. Ўқиган, кўрган, эшитган-билганларимга таяниб, донишмандона муҳитни акс эттиришга уриндим: сўрию супага соя ташлаб турган қалин ишком, ишкомга осиғлиқ тўрқовоқлар, беданалар сайроғидан сармаст ўтирган чоллар… Манзарани, чойхона кайфиятини улар қиёфасига жойладим… Соҳада изланишларимни давом эттириб, асарларим салмоғи ва савиясини ошириш ниятидаман.

Ботир Ҳакимов,
ҳайкалтарош

– Илк ўйинчоғим машина, самолёт ёки танк эмас, оддий пластилин эди. Ундан турли шакллар ясардим. Сўнг ғижимлаб бузиб ташлардим-да, яна янги шакллар ўйлаб топардим. Шу билан овунардим. Уч-тўрт ёшимда мультфильм қаҳрамонлари, от, бургут… ясаганим ёдимда. Жиянларимга ҳам у-бу нарса ясаб берардим. Қаранг, шуларни тоғам ташлаб юбормай асраб юрган экан. Ўн йилча ўтиб, “Мана буларни тўрт ёшингда ясаган эдинг”, деб қўлимга кичик, қинғир-қийшиқ ҳайкалчаларни тутқазганида, ғалати бўлиб кетдим. Ўзлари тасвирий санъатга ихтисослашган лицейда дарс берарди. Ҳеч кутилмаганда “Бизда ўқигин”, деб қолди. Мен бўлсам, тоғамнинг битта гапи билан ҳаммаси ҳал бўлади, деб калта ўйлабман. Бунинг ўрнига, “Чизишга қачон қўлинг келишса, ўшанда қабул қиламиз!” деган таклифни эшитдим. Ўша пайтлари мактабдан чиқиб, лицейга югурардим, қўшимча машғулотларга қатнардим… Ниҳоят, қабул қилишди.

Рости, танлову соврин изидан қувишни хушламайман. Ижод билан ёлғиз қолсам, шунинг ўзи етади менга. Баъзан ҳайкалимни бузиб ташлаб, қайта ясашга киришаман. Шундаям кўнглим тўлмаса, ундан биратўла кечиб қўя қоламан. “Карнай­чи”, “Озодлик навоси”, “Байрам” менинг кечилмаган асарларим.

“Карнайчи”ни ишлаш учун узоқ кузатдим. Карнайчи бир гал осмонга тик боқиб, карнайни ушламай чаларди. Шунақасини ҳеч кўрганмисиз? Ана шунда асар ғояси миямга ярқ этиб урилди. Менда, одатда, шундай кечади: бирор ғоя хаёлимда пайдо бўлиб, сўнг пишиб етилмагунича уни чизиб ҳам, ясаб ҳам кўрмайман. Қачонки, композиция ақлимда тугал яралади – қўлим ўз-ўзидан лойга югуради. Ўша лаҳзани кутаман. Бояги карнайчи ўз маҳорати билан ишимни тезлатиб юборган эди. Карнай­чи бошини Ер шаклида яратдим. Карнайнинг ўзи эса тўй-томоша, тинчликдан нишона. Моҳиятан олганда, ушбу асар дунёнинг ҳамма жойини тинчлик эгалласин, деган маънони беради.

“Озодлик навоси”. Бу асарим орқали фисқу фасодлар қурбонига айланган, қатағонга учраган маърифатпарварлар ҳолатини фалсафий тасвирлашга уриндим. Мисол учун, юздаги доғлар – ўқлар, жароҳат рамзи. Қафас кўринишидаги дўппи воситасида миллий қадриятларимизнинг турли тазйиқлар остида жон сақлаб келганидан дарак. Қафаснинг бир бурчаги очиқ. Ундан учиб чиққан қуш жўшиб сайрамоқда. Бу сайроқ тафаккур ҳурлиги маъносида ҳам келади.

Портрет жанридаги ишларимда инсон қиёфаси анатомия қонуниятларига тўлиқ жавоб бермайди. Яъни, улар реал шаклдан йироқ, бироз бўрттирилган. Менимча, ҳар қандай асар ўз муболағаси билан фалсафий аҳамият касб этади. Энди бу шунчаки безак, кўрк учун ҳайкал ясаш дегани эмас. Агар безак учунгина, фақат шунинг учунгина ижод қилганимда, шу пайтгача ҳамма ёқни ҳайкалларга тўлдириб ташлаган бўлардим. Ҳолбуки, ишим бу эмас!

Дамир Бакиров,
фотограф

Дадамнинг эски фотоаппарати бўларди. Уни “қўлга киритиб”, мактабда ўртоқларимни суратга ола бошлаганимда 5-синф эдим. Талабалик пайтимда уяли телефон мен учун беминнат дастёрга айланди. Курсдошлар: “Бунча кўп расмга олмасанг?” десалар, “Ҳали раҳмат айтасизлар, эсдалик бўлиб қолади”, дердим. Шу-шу, Ўзбекистон Миллий университетининг география факультетида кечган олтин давримиз гўзал хотира бўлиб кадрларда муҳрланиб қолди. Ўқиш мобайнида Photoshop дастурини мустақил ўргандим. Азбаройи қизиққанимдан, веб-дизайнер бўлиб ишга кирдим. Биринчи фотоаппаратимни маошимдан йиғиб-жамлаб сотиб олганим ёдимда. Аммо унинг имкония­­ти ҳозиргисига қараганда анча паст эди. Шунга қарамай, буюртмалар чиқиб турди. Фотоаппаратнинг “кучлироғи”ни олмасам бўлмасди барибир. Яна пул жамғаришга тушдим ва янгисидан, яхшисидан харид қилдим. Табиат рангларини у билан тиниқроқ ва тўлиқроқ ҳис этаман

Фотография – мен учун ҳобби, ишдан кейин ёки дам олиш кунлари шуғулланадиган севимли машғулотим. Шаҳримиз ва унга ёндош ҳудудларни кўпроқ суратга оламан. Баъзи бировлар “Сураткашликдан даромад олишга қандай қарайсиз?” деб сўрайди. Бунга салбий қараш мумкинми, айтинг? Ўзингни бағишлаб, бор меҳрингни бериб ишлайдиган машғулотинг даромад келтириб турса, нимаси ёмон?! Қайтанга, шу ишдан топганингда барака бўлади. Бироқ ҳоббидан мақсад фақат пул топиш бўлиб қолмаслиги керак. Агар шундай бўлса, унинг завқи татимайди. Худди тузсиз таом еяётгандек бўласан-қоласан, вассалом.

Ижодга келсак, россиялик фотограф Дмитрий Зверевнинг ишлари, қиёфа яратиш маҳоратига қойил қоламан. Сурат ичига кириб кетасан. Ҳар бир юз­­­қиёфа ўз соҳибининг тарихидан сўзлайди. Мен ҳам ўшандай асарлар яратишга интиламан. Токи, уларга қараганда инсон ўз ҳаётини бир муддат бўлсаям тафтиш қилсин, суратлардан ўзини таниб олсин.

Нуриддин Расулов,
ўймакор уста

– Санъат деганда, кўз олдимга нима келади? Шу ҳақда кўп ўйлардим. Вақт ўтиб, уни бир минора тимсолида кўришимни ҳис этдим. Минг йилларки, миноралар Шарқ маданияти устуни бўлиб келмоқда. У фақат азон айтилиб, башарни ибодатга чорловчи жой эмас, балки илоҳий нур манбаи ҳамдир. Санъат, ўймакорлик мен учун ўшандай азиз ва мўътабар.

“Бирлик назарияси” деб номланган лойиҳа устида ишладим. Тотувлик, ҳамжиҳатликка чорлов бор унда. Бунда халқамисол ўйиб ишланган ёғоч қисмлари ўзаро жипслашиб, давлатлар, халқлар, умуман, инсониятнинг қалбан бирлашувини англатади. Тотувликка тўсқинлик қилувчи “халқа” эса – Низо. Бутундан ажралиб қолган ушбу халқа доимо кучсиз ва ҳимоясиздир. Инсоният­нинг кучи – бирликда, муҳаббат ва уйғунликда. Лойиҳамнинг бош мақсади шу.

Яна бир асарим – “Интилиш”. Қадим-қадимларда Одам Ато жаннатда яшаган ва жаннатий гўзалликда ҳаёт кечирган. Аммо у Ерга қувилгач, ўша гўзалликни қўмсайверган, асло унута олмаган. Айтишларича, ўша кунлар хотираси санъатнинг пайдо бўлишига олиб келган. “Интилиш”да шуни акс эттиришга ҳаракат қилганман.

Мен учун илҳом манбаи безаклар билан ишлаш (орнаментика)дир. У орқали кўнглим ва хаёлларимни ошкор этаман. Умуман, санъат деганда қалбан тозариш ва юксалишни тушунаман.

Зуҳриддин Қиёмов,
рассом

Ранг ва тасвир яхлит композиция сўрайди. Бунда рангларни “гапиртириш”га, уларнинг ҳар бирига алоҳида маъно юклашга эътибор қаратаман. Мисол учун, туба чалиб турган мусиқачи тасвири. Ушбу асарда мусиқа жарангини қизил, сариқ, яшил, оқ ҳамда қора рангларни “ўйнатиб” тасвирладим. Суратни астойдил томоша қилган одам, унда ҳатто қандай мусиқа янграётганини ҳам айтиб бериши мумкин. Бунда айрим белги-рамзлар: оч ва тўқ ранг, чолғулар, созандалар ҳолати – бунинг бари тасвир очқичи вазифасини ўтайди.

Кўпроқ куй оҳангида ижод қилишни яхши кўраман. Балки, шунинг учун ҳам асарларимда чолғулар ўрнашиб олар. Аммо гап созларни акс эттиришда эмас. Менга шеър ва мусиқа илҳом беради. “Сени эслайман” (Ботир Зокиров) қўшиғининг ҳар бир мисрасини чизишга уриндим: баҳор, гуллар, узоқ-узоқда бир қиз кўринади… сувда эса Унинг акси осмон билан туташиб кетади. Мусиқа ритми, оҳанги, авжи – ҳаммасига ранг топишга уриндим.

Жўшқин ранглардан кўпроқ фойдаланаман. Кўк, қора, қизил орқали сурат товланишига эришиш мумкин. Улар кишига кайфият бағиш­лайди.

Портрет ёки манзара чизишда миллий куй-қўшиқларимиздан руҳланаман. Бундай пайти, айниқса, жаҳон классикларидан Бетховен, Шопен, Чайковский кучингга куч, ғайратинг­­га ғайрат қўшади. Уларни тинглаб яратган асарларим кўпроқ муваффақият келтирганини кузатганман.

Умуман, ҳамма нарса ижодга ундайди. Бироқ кўзимни қувнатган манзарани чизиб кетавермайман. Фикримча, манзара табиатдан нусха кўчириш эмас, балки илҳомланишдир. Шунинг учун ҳам бу жанрда ижод қилувчилар кўпроқ гўзаллик шайдоси бўлади. Табиат­нинг ҳар неъмати – савалаётган ёмғир, олдинига ҳавода учқунлаб, сўнг гуппа-гуппа ёғаётган қор, том таги бўйлаб тизилган сумалак, булут тўсган ой – хуллас, барча-барчаси болаларча қувонч бахш этади.

Матн: Бобур Элмуродов
Фото: Дамир Бакиров

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here