Ўзбекистон – Россия ёшлар форуми

0
215
марта ўқилган

Ўзбекистон – Россия ёшлар форуми ўтказилди. Иккинчи бор ташкил этилган ушбу анжуман Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Россия ёшлар иттифоқи ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандумига мувофиқ 12–18 февраль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтди. Форум икки мамлакат ёшларининг бизнес, туризм, илм-фан бўйича қарашларини қамраб олди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Россия ёшлар иттифоқи раиси Павел Красноруцкий ва бошқалар навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш ҳар қайси мамлакатнинг эртанги кунини белгилаб берадиган, жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборига таъсир этадиган долзарб масала эканини таъкидлади.

Ҳафталик мобайнида россиялик меҳмонлар ва ўзбекистонлик иштирокчилар Ёшлар иттифоқи фаолияти билан яқиндан танишди. Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқбол­­ли кадрларни тайёрлаш институти, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида, Самарқанд вилоятидаги МЧЖ шаклидаги “Sam Antep Gilam” Ўзбекистон–Туркия қўшма корхонаси ҳамда “JV Man Auto–Uzbekistan” Ўзбекистон–Германия қўшма корхонасидаги бошланғич ташкилотларда бўлди.

Форум дастуридан ўрин олган учта йўналиш – “Россия ва Ўзбекистонда ёш тадбиркорлар”, “Ёшлар сиёсати, таълим ва фан”, “Россия Федерациясида ёшлар туризми ривожланишининг истиқболлари ва механизмлари” каби мавзуларда давра суҳбати ва муҳокамалар уюштирилди.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ўтган давра суҳбатида туризм бўйича ҳамкорликнинг асосий йўналишлари хусусида сўз борди. Икки давлат вакиллари ёшлар туризми ривожига қаратилган таклиф – тур-пакетларни тақдим этди. Россия – Ўзбекистон ёшлар туризми марказини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ёшлар туризми соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши муҳим воқеалардан бири бўлди.

Ҳафталик дастури доирасида иштирокчилар учун Ўзбекистон давлат амалий санъат музейида миллий наволар жўрлигида ёш ўзбек дизайнерларининг коллекциялари намойиш этилди.

Ёшлар симфоник оркестри ижросида тақдим этилган илҳомбахш концерт дастури эса форум иштирокчиларини росмана ҳаяжонга солди.

Форум якунида келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган қўшма лойиҳа ва тадбирлар юзасидан келишиб олинди. Муҳим таклифлар умумлаштирилган ҳолда ҳамкорлик режаси имзоланди.

Матн: Мирзаёр Эркинов

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here