Саодат йўлида нур изладим…

0
177
марта ўқилган
Ўзбекистон фан арбоби, академик Оқил Салимов дунё жамоатчилигига яхши таниш. унинг хайрли ишлари, самарали меҳнатидан кўпчилик баҳраманд бўлган. Феъл-атворида тўртта муҳим жиҳат бор: тўғрилик, меҳнатсеварлик, ўзгаларни тинглай олиш ва қўлидан келганича яхшилик қилиш. У кишини яқиндан билганлар адолатли одам деб айтишади. Оқил Умрзоқович билан суҳбатимиз давомида ушбу мулоҳазалар яна бир бор ўз тасдиғини топди.
– Устоз, Сиз босиб ўтган йўл ёшлар учун катта ҳаёт мактаби. Шунинг учун ҳам суҳбатимизни ўқиб-изланиш йилларидан бошласак…

– 1928 йили Тошкентда туғилганман. Фарғона шаҳридаги 10-ўрта мактабни битириб, Ўрта Осиё индустриал институти (ҳозирги Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети)нинг механика факультетига ўқишга кирганман. 1950 йили институтни тамомлагач, таҳсилни Москвада аспирантурада давом эттирдим. Сўнг Тошкентга қайтиб, ўзим ўқиган институтда ишлай бошладим – аввал ассистент, кейин доцент, кафедра мудири, декан… Ўша пайтлар механика факультетида ўқиётган истеъдодлар орасида Ислом Каримов ҳам бор эди. Биринчи Президентимиз таҳсил кўрган даргоҳ бугун унинг номи билан аталмоқда…

– Илмий ишлар, тадқиқотлар, институтдаги фаолият… Улар бир-бирига халал бермаганми?

– Йўқ, ҳаммасига улгурардим. Ўша пайтда двигателларнинг ички ёниш жараёнини ўрганиш ҳамда уни такомиллаштириш борасида олиб борган тадқиқотларим ўзини оқлаган. У маҳалда автомобиль двигателлари мукаммал даражада эмасди. Замон талабларига жавоб бермасди, ишлаганда, 15-20 фоиз ёнилғи буғланмасдан ҳавога чиқарди. Двигателга келадиган уюқлик­дан тўла ва самарали фойдаланиш йўлида бош қотирардик. Биз унинг сиртқи босими коэффициен­тини ўзгартира олмасдик, чунки у ўзгармайди. Бошқа йўлларни топиш керак эди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, суюқликка уни электростатик арралаш йўли билан қандайдир таъсир ўтказиш мумкин экан. Яъни биз бу муҳитга зарядланган шайбани жойлаштирдик. У электрли майдондан ўтиб, янада майда бўлакларга бўлиниб кетди, битта эмас, 10-15 минг даражали томчи ҳосил бўлди. Шу тариқа буғланиш юзаси кенгайиб, ёниш тўлалиги ошиб, қувват ортди. Ёнилғини 15-20 фоиз тежашга эришдик. Изланишларимиз Москва физика-техника институти томонидан юқори баҳоланди. Шундан кейин уни двигателларда қўллай бошладик ва суюқлик тўла ёниши учун махсус улама қурилмалар яратдик. Ўша вақтларда Тошкентда самолётсозлик заводи ишларди. Улар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Завод тадқиқотларимизни синаб кўрди. Натижа чакки бўлмади. Саъй-ҳаракатларимиз самараси ўлароқ, механика факультети қошида кечки самолётсозлик факультети очилди ва кўплаб яхши мутахассислар етишиб чиқди.

– Оқил Умрзоқович, салкам етмиш йиллик меҳнат фаолия­тингизга назар ташласак, ҳамиша долзарб ғояларни илгари сургансиз, уларни амалга ошириш учун имкон излагансиз…

– Ҳар қандай давр фаоллик ва меҳнатсеварликни талаб этади. Эътибор берсам, ўша пайтларда Ўзбекис­тондаги болалар боғчаларида 140 минг нафар бола тарбияланаркан. Совхоз ва колхозларда бирорта ҳам боғча йўқ деса бўлаверади. Биз ушбу муаммо билан жиддий шуғулландик, олти йил ичида колхоз ва совхозларда болалар боғчалари қурдик ва уларга 1 миллион 400 минг нафар бола қатнай бошлади.
Яна диққатимни тортган нарса шу бўлдики, республикамизда туғиш кўрсаткичи уч фоиз экан. Педиатрлар эса дўхтирларнинг умумий саноғига нисбатан бор-йўғи беш фоизни ташкил этарди. Бу нима дегани? Шунча аҳолига шугина фоиз. Олдимизда тиббий таълимни ривожлантириш ва касалхоналарни кўпайтириш масаласи турган эди. Марказдан бир амаллаб рухсат олингач, Тошкентда педиатрия институти ишга тушди. Шунда бир шарт қўйишди: бу институтда 25 нафар тожик, 25 нафар туркман, шунча қозоқ ва қирғиз ёшлари ўқиши керак эди. Рози бўлганмиз. Ҳали айтганимдек, касалхоналарнинг камлиги масаласи. Шаҳарларда катта шифохоналар бор эди, аммо чекка ҳудудларда ундан асар ҳам йўқ эди. Шунинг учун раҳбарият билан келишган ҳолда, бир қанча маҳаллада 30-35 ўринли касалхоналар очилди.

– Домла, сизни кўпчилик яхши китобхон сифатида ҳам ҳурмат қилади. Уйқуга ётиш олдидан албатта китоб ўқиркансиз. Бугун давлат сиёсати даражасигача кўтарилган ушбу масалага муносабатингиз қандай? Бу ҳам биз учун қизиқ…

– Тўғри, бир ойда камида иккита бадиий асар ўқийман, албатта, бу илмий адабиётлардан ташқари. Инсонда ҳам фундаментал, ҳам замонавий билим бўлиши керак. Замондан ортда қолишга ҳаққимиз йўқ. Бир пайтлари респуб­ликамизда бор-йўғи етти мингта кутубхона бор эди. Бу масалада ҳам кўп елиб-югуришга тўғри келган. Бунинг натижасида кутубхоналар сонини 14 мингтага етказдик. Қўғирчоқ театрлари мутлақо йўқ эди. Ахир, улар ҳам болага кўп нарса беради. Бу борадаги изланишларимиз сабаб ҳудудларда 12 та қўғирчоқ театри ишга тушди. Театрлар кам эди. Актёрлар, костюмлар етишмасди. Драматурглар нимани ёзишни билмасди. Қисқа фурсат ичида булар ҳам йўлга қўйилди ва болалар маънавияти, маданиятига ўз таъсирини ўтказди. Бунда Шароф Рашидовнинг хизматлари катта бўлган эди…

– Дарвоқе, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини халқимиз катта мамнуният билан кутиб олди. Шароф Рашидов билан елкама-елка ишлаган инсон сифатида у киши билан боғлиқ хотираларингиз ҳақида ҳам икки оғиз тўхталсангиз…

– Ҳозирги ёшларимиз бундай улуғ шахслар ҳақида кўпроқ ўқиб-ўрганишлари, тарих ҳақиқатидан хабардор бўлишлари керак. Ўтмишни билмай туриб эса бугунги кунга баҳо бериб бўлмайди. Яхши биласиз, ўша даврларда ҳар қайси иттифоқдош республика раҳбари собиқ марказ чизиғидан чиқмасдан фаолият олиб боришга мажбур эди. Шунга қарамай, Шароф Рашидов республикамиз, халқимиз равнақи учун ўзини аямасдан меҳнат қилди.

Менга ёлғон, адолатсизлик ёқмайди. Одам тоза бўлса, муваффақиятнинг ўзи уни қувади.

Мамлакатимиздаги жуда кўп иншоотлар, муҳим объектлар қурилиши айнан унинг номи билан боғлиқ. Энг муҳими, буларнинг барчаси нафақат ўша давр, балки келажак учун ҳам амалга оширилган. Бир мисол: ўша пайтларда Мирзачўл, Қарши, Жиззах, Ёзёвон, Сурхон-Шеробод чўлларининг ўзлаштирилиши натижасида миллионлаб гектар қўриқ ерлар очилди, пахтазору буғдойзорлар, боғ-роғлар барпо қилинди. Бугун бу ҳудудлар халқимизнинг фаровон ва тўкин ҳаёти учун хизмат қилмоқда. Унинг раҳнамолигида бугун мамлакатда катта аҳамият касб этиб турган Навоий, Зарафшон, Янгиер, Гулистон каби ўнлаб шаҳарлар бунёд этилди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг табиий бойликларини қайта ишлаш борасидаги йирик индустриянинг бунёдга келишида ўша вақтлардаёқ пойдевор қўйилган десак, хато бўлмайди.
Яна бир жиҳатни таъкид­лашим керак: Шароф Рашидов улкан давлат арбоби, таниқли адиб бўлишига қарамай, ниҳоятда камтар, самимий, одамларга меҳрибон инсон эди. У юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларида, қурилиш майдонлари ва далаларда, саноат корхоналарида бўлиб, турли касб эгалари, оддий одамлар билан мулоқот қилишни хуш кўрарди. Халқимиз Шароф Рашидовнинг пойтахт Тошкентнинг бугунги салоҳияти ва замонавий қиёфасини яратишда улкан хизматлари сингганини яхши билади. Ҳозир бир нарса кўз ўнгимдан ўтаётир: 1966 йилги зилзила оқибатида вайрон бўлган турар-жойлар, маъмурий бинолар, корхоналарни тиклаш, бошпанасиз қолган ва яна узоқ ўлкалардан кўчиб келган одамларни уй-жой билан таъминлашнинг ўзи бўлмаган. Бугун пойтахтимиздаги метрополитен, театрлару музейлар, санъат саройлари ё сайилгоҳларда бўлган ҳар бир инсон унинг хизматларини ёдга олади ва Шароф Рашидовнинг порлоқ хотираси олдида бош эгади.

– Билишимизча, Шароф Рашидов Имом Термизий қабрини тез-тез зиёрат қилиб, бу масканни обод этиш йўлларини излаган экан.

– Ҳақиқатанам Шароф Рашидов қачон Сурхондарёга борса, тонг саҳарда Имом Термизий қабрини зиёрат қиларди. Ўша зиёратларнинг бирида мени секин четга тортиб, бир гапни айтди: “Шундай улуғ алломамизнинг мангу оромгоҳи, қаранг, қандай хароб аҳволда… Бу жойни обод қилишимиз керак, фақат бу ташаб­бус маҳаллий аҳолидан чиққани маъқул”. Аввалига ҳеч нимага тушунмадим. Сўнг: “Шу ерлик одамлар номидан марказга респуб­лика раҳбарияти ушбу тарихий масканга эътибор бермаяпти, деган мазмунда шикоят уюштирсангиз” деди. Хаёлимга “мени синаяптими?” деган ўй ҳам келди ва кескин жавоб қилдим: “Кечирасиз, Шароф Рашидович, мен бундай қила олмайман”. Кўнглимга келганини сезди-да, оҳиста жилмайди: “Садоқатингизга заррача шубҳам йўқ, лекин шундай қилмасак бўлмайди”. Орадан кўп ўтмай, марказдаги катталардан бири Шароф Рашидовга қўнғироқ қилибди-да: “Қанақа раҳбарсиз, ўртоқ Рашидов, Сурхондарёда қандайдир бир олимнинг қабри хароб бўлиб ётганидан аҳоли норози, бизга кетма-кет шикоят ёзишаяпти. Шу қабрга сал қараб қўйсангиз бўлмайдими?” дебди. Шу тариқа Имом Термизий зиёратгоҳи бироз тартибга келтирилди. Дарахтлар, гуллар экилди. Лекин, ҳар қанча хоҳламайлик, бундан ортиғи хавфли эди. Шароф Рашидов шундан ҳам анча таскин топиб юрди.

– Кўп йиллик тажрибангиздан келиб чиқиб, бугунги ёшлар билан ҳаётий хулосаларингизни ўртоқлашсангиз.

– Ҳамиша таълим стандартлари, таълим дастури тарафдори бўлдим. Ёшларга таълим-тарбия беришни ёқладим. Тарбия бўлмаса, боладан яхши инсон чиқмайди. Таълим бўлмаса, юксалиш йўқ. Бу иккиси бир-бирига уйғун. Менга ёлғон, адолатсизлик ёқмайди. Одам тоза бўлса, муваффақиятнинг ўзи уни қувади. Яна бир муҳим гап: одамларга ёрдам бериш ва кечиримли бўлиш керак. Шу ўринда мен ота-боболаримиз билан жуда фахрланишимни айтиб ўтмоқчи эдим. Чунки улар бебаҳо мерос қолдиришган. Яқинда буюк аждодларимиз ҳақида ёзган “Саодат йўли” номли китобим нашрдан чиқди. Ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги мазкур тўпламнинг 1300 нусхасини мактаб, кутубхона, олий таълим муассасаларига бепул тарқатдим.
Ҳаётий хулосам шуки, аввал инсон бу дунёга келгани учун шукр қилиши керак. Ота-онасини эъзоз­лаши шарт. Вақт – бу ҳаёт тақвими. Ҳар бир киши ўзининг қандай яшаётганини, ҳар бир онини суратга олгандек ўтган умрга муҳрлаши керак. Инсоннинг оптимал ҳаёти бор. Шу муддат ичида одам одамлигини, инсонлигини исботлаб яшаши даркор. Охир-оқибат, тақдири кўп яхшилик, эзгу амал билан якун топиши керак.

Одам одамлигини, инсонлигини исботлаб яшаши даркор. Охир-оқибат, тақдири кўп яхшилик, эзгу амал билан якун топиши керак.

Ҳозир янги давр. Чорак аср давомида Ўзбекистон катта марраларга эришди. Аммо яхши ислоҳотлар ҳам охиригача етказилмаган. Шуни ҳам таъкидлашни хоҳлардимки, тарихий қонуният бор – барча буюк ўзгаришлар биринчи шахсларимиз томонидан амалга оширилганда, улар доим халқ билан бирга бўлган, улар ичдан кўтарилган. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур шундай қилган. Айни пайтда Шавкат Мирзиёев ҳам кўп хайрли ишларни амалга ошираяпти. Бу янги Ренессанснинг белгиси. Ана шундай буюк ўзгаришлар бардавом бўлсин…

Интервью: Абдукарим Мирзаев
Матн: Холида Файзиева

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here