ТОР КЎЧА 2 Аёллар колонияси

0
221
марта ўқилган

Шўхлигу бебошлик ўғил болага ярашади, деймиз. Бирор ножўя қилиқ чиқаргудек бўлсаям “Ҳа энди…” деб қўямиз. Ҳатто буни “йигитчилик”ка йўядиганлар учрайди. “Эр бошига тушган синов-да!” деб ўзни овутиб, аслида, бурчак-бурчакда йиғлаб оладиганлар йўқ эканми? Ана бу йиғининг чин эгаси Аёл бўлади. Бироқ… не ҳолки, Унинг ўзи қинғир ишга аралашиб турса! Қабул қилиш қанчалар қийин бўлмасин, ён-веримизда рўй берган қуйидаги ҳодисотларда Аёлнинг қўли бор. Ҳукм ҳам ўқилган. Мақсадимиз –“ҳукм”лар ортида ётган аччиқ изтироб, пушаймон ва қисматларни варақлай туриб, қадам олиши бежо айрим ёшлар вақт борида ақлини йиғиб олса…

Озода Каттаева, Хоразм вилояти, 32 ёш

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Эсимни танибманки, оиламизда етишмовчилик. Уч қиз, бир ўғилни ўстираман, уйли-жойли қиламан, деб отам бозорда арава тортади. Қора меҳнатдан боши чиқмайди. Мен эса мактабда яхши ўқирдим. Ҳисобчи бўлмоқчи эдим. Университетга кираман, диплом оламан, деб ўйлардим. Биласизми, синф сардори эдим. Одамга ўхшаб ўқишга вақтим етмасди. Бир сўм бўлсаям оиламизга ёрдам бўлсин, деб югурдим. Ёзги таътил бошланди дегунча сочимни ўғил болачасига олдириб, эркакча кийиниб арава тортардим. Велосипед миниб, юк таширдим. Янги ўқув йилига дафтар-ручка, мактаб формаси учун пул тўплардим. Рости, таътил вақти ўйнаб-кулганимни эслолмайман. Кунимиз бу аҳвол бўлиб тургандан сўнг ўқиш қаёқда…

Қўшнимиз тўй берадиган бўлди. Эрим билан ўша баҳона танишиб қолгандик. Севишдик, аҳд-паймон қилдик. Беш йил гаплашиб юрдик. Орада уйимизга саккиз марта совчисини жўнатди. Лекин отам билан онам қаршилик қилаверди. Нимаси ёқмади, десам онамга “Қўй, бу боладан яхшилик кутма!” дерди нуқул. Воз кечиб ҳам кетолмадим, охири, уксус ичдим. Шундан кейин уйимдагилар қўрқиб кетдими, ишқилиб, ҳовуридан тушди.

2003 йили тўйимиз бўлди. Суйганимга тегаётганимдан бахтиёр эдим. Икки йилгача бўйимда бўлмади. Эрим бу орада ҳар кун ичиб келиб жанжал кўтарадиган, мени уриб-тепадиган одат чиқарди. Нима учун бунчалар ичади?! Боламиз бўлмаётганиданмикан деб ўйласам, ҳомиладор бўлганимдан сўнг ҳам ичиши қолмади. Тинмай ураверарди. Бир оғиз гапимга қулоқ солмасди. Туғишимга яқин қолганди. Яна ичиб келди. Қўлида пиво. “Озош, мана буни ич! Боламиз чиройли туғилади”, деди. “Йўқ, ичмайман! Кўнглим айнияпти. Роддомга боришимиз керак”, деёлдим зўрға. “Ичмасанг, мана!” деб қўлидаги яримлаб қолган баклажкани қорнимга қараб отди. Йиқилдим. Оғриқдан букчайиб қолдим. Ҳушимни йўқотибман. Кўзимни очсам, Хивадаги туғуруқхоналардан бирида ётибман. Болани операция қилиб олишибди. Ўрнимдан туриб, деворни ушлаб-суяниб, болам ётган хонага бордим. Қарасам, бир тарафи кўкариб кетган. Шундай туғилган экан. Уч кун ўтиб жони узилди. Туғуруқхонадан тўғри ота-онамникига кетдим. Ажрашасан, дейишди гапни кўпайтирмай.

Орада эрим қамалиб чиқди. Қамоқдан чиқиб, тўғри уйимизга келди. Бирга яшаймиз деб туриб олди. Ота-онам қарши бўлишига қарамай, яна қайтиб бордим. “Таёқ есам ҳам чидайман. Уни яхши кўраман. Ҳаётимга аралашманглар!” деб терс гапирдим.
2011 йили қизим Лайло туғилди. Эрим қамалиб ҳам тирноқча ўзгармабди. Ўша-ўша ичишлар, тепишлар… Бир куни шунчалик қаттиқ урди, яна ҳушимдан кетиб қолдим. Ўзимга келсам, шифохонадаман. Кун бўйи комада ётдинг, дейишди. Ойнада юз-кўзимга қараб, ўзимни таниёлмадим…

Иложсиз ота-онамникига қайтдим. Жиноят рўй берган куни ухлаб ётгандим. Соат тунги уч ярим. Йигирма етти марта қўнғироқ бўлибди. Эрим! Бир маҳал маст ҳолда бостириб келди. Ётган жойимда сочимдан бураб ташқарига судради. “Нега телефонни олмайсан? Мен билан кетасан!” деб бақириб уйни бошига кўтарди. Яшамайман, дедим. Шовқинни эшитиб, акам югуриб чиқди. Иккиси ёқалашиб кетди. Отам ҳам пайдо бўлди. “Озода, сен хонангга кир. Чиқма!” деб иккисини ажратишга уринди. Четга ўтдим. Юрак ҳовучлаб кузатдим. Отамни қаттиқ силтади, чидаб туролмадим. “Бўлди, қўйинг, илтимос! Яхши, сиз билан яшайман! Сиз билан кетаман!” дедим сабрим тўлиб. Ҳамма жимиб қолди. Кўзимга ҳеч нима кўринмасди. Ошхонага кирдим-да, пичоққа ёпишдим. Шу бўйи нималар қилдим – билмайман. Синглим дод-войлаб “Озода, нима қилиб қўйдинг?! Қара, қон!” деди. “Қани, қон?!” дейман ҳеч нимани англамай. Синглим юзимга қаттиқ ургач, ўзимга келдим. Қарасам, бу гап. Тез ёрдам, тергов-­суриштирув. Кейин эшитсам, юраги, ўпкасига, яна қаеригадир уч марта пичоқ урган эканман. Узоққа бормай жони узилибди.
Гоҳида ўйлаб қоламан, ўшанда эрим билан кетсам, бу гаплар йўғийди. Лекин бўлар иш бўлди. Бу ерга уйдагиларим деярли йўқлаб келмайди. Имкони етмайди. Синглим хат ёзиб, янгиликларни айтиб туради. Отамнинг чап кўзи кўрмай қолибди. Ҳар куни дастурхон устида суратимга тикилиб ўтириб, кўзёшини яширолмасмиш. “Орамизда ўтирса, нима қиларди?” дермиш. Бу ердан эсон-­омон чиқволай, буёғига ота-онам, яқинларим, қизим Лайло учун яшайман. Тикувчилик қиламан. Бу ҳунарни шу ерда ўргандим. Насиб қилса, орзуларимни бирма-бир амалга ошираман…

Сожида Валиева, Сурхондарё вилояти, 29 ёш

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми, 131-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Туғилганимдан кейин отам бир муддат қамалган экан. Ота уйга сиғинди бўлиб қолиб, онам иккимизни кўчага ҳайдашди. Ўшанда билдим: отамнинг бошқа рўзғори ҳам бор экан. Ота-онам ажрашишди. Жарқўрғонда – бувимникида яшай бошладик. Орада онам йиқилиб оёғи синди. Анча вақт даволанди-ю, лекин ногирон бўлиб қолди. Шунга қарамай, яшашимиз учун пул топаман деб Термизга ишлагани кетди. Мен эса тоғамникида қолдим. Уйда мен сабаб тез-тез жанжал бўлар, янгам болаларининг насибасини қияётганим учун кун бермасди.

Мактабда тарих, ҳуқуқшуносликни севиб ўқирдим. Тенгсизлик жон-­жонимдан ўтгани учун келажакда юрист бўламан дердим. Ожизларни ҳимоя қилгим келарди. Ҳатто дарсдан кейин кураш тўгарагига қатнардим. Уйга бормасдан, балки боргим келмагани учундир, залда қолиб шуғулланган пайтларим кўп бўлган. Машғулотлар билан ичимдаги дард-алам, салбий ўйлар чиқиб кетарди. Хўрлигим босиларди.

Саккизинчи синфда ўқирдим. Бир куни уйга келсам, тоғам маст. Роса калтаклади. Келмасимдан аввалроқ янгам менга қарши “қайраб” қўйган экан. Ўша куниёқ чиқиб кетдим. Кўча-кўйда яшаб, одамларнинг ишини қилиб юрдим. Қорин тўйдириш учун оғирми, енгилми – фарқи йўқ, ҳаммасига кўз юмиб бажараверардим. Муҳими, ҳалол ишлаяпман-ку. Орада бир йигит ёқтириб қолганини айтди. Ўн беш ёшида кўчада ёлғиз, бошпанасиз қолган қиз учун кимдандир яхши гап эшитиш, меҳр кўриш мўъжизадай гап.

Уйидагилар йўқ деб оёқ тираб туриб олганига қарамай, у сўзининг устидан чиқди. Кичикроқ тўй қилиб, хонадонидан жой берди. Қайнонам мени кўча кўрган, деб нафрат билан қарарди. Тақдирнинг ишлари қизиқ экан, оғзим энди ошга етдими десам, ҳаммаси чаппа кетди. Уч йил ўтди ҳамки, фарзанд бўлмади. Шифокорлар эрта турмуш қургансан, бироз кут, албатта бола кўрасан, дерди. Бу орада эримнинг аҳволи оғирлашди.

У қассоб эди. Тунлари безовта ухларди. Камига уйғониб кетиб, дўппослайдиган одат чиқарди. Кимдир буни фарзандсизлик аламига йўйди, кимдир эса эскичиликка. Умид билан кириб борган хонадонимдан ноумид чиқиб кетдим…

Термизга келдим. Ижарага уй топдим. Ошхонадан эса иш. Шу ерда кўриб билдим: одамнинг ҳар хили бўларкан. Бирови еб-ичиб бўлиб индамайгина “сурворади”. Яна бирлари бўкиб ичиб, охирида тўлашга пули етмай, чўнтагини ковлашдан нарига ўтмайди. Ҳафта охирида маъмурият ишчилар билан ҳисоб-китоб пайти топган пулимни камомадни ёпиш учун олиб қоларди. Баъзан бир ҳафта тинимсиз ишлаб ҳам ўзим қарзга ботиб қолаверардим. Бунинг чегараси йўқдек эди. Кафедаги қизларнинг баъзилари енгилтабиат, ўша “иш” билан шуғулланарди. Бошида мени ҳам ундашди. Йўқ, дедим қатъий. Бироқ… кейин мажбур бўлдим.

Бир куни кўрикдан ўтиш учун клиникага бордим. Зал охирида бир аёл ҳолсиз ётарди. Ҳамма ўзи билан овора. Шифокор қабулига кирмай, ўша аёлнинг ёнига бордим. Қарасам, онам!!! Неча йиллик айрилиқдан сўнг уни топдим – касал, абгор. Тезда шифохонага жойладим. Онамни топганимда гўё янгидан туғилгандек эдим. Қилаётган нопок ишларимни тўхтатдим. Аҳволимизни ўнглаш учун Россияга ишлагани кетдим. Онамга “Тошкентга кетаяпман” деб қўяқолдим. Уч-тўрт ой мусофирчиликда кўрганларим қурсин. Кунлик юмуш қилардим. Бир кун иш чиқса, ҳафталаб ишсиз юрардик. Зўрға йўл пулимни ишлаб ортга қайтдим. Энди анча дийдам қотган, негадир кўнглимда раҳм-шафқатдан асар сезилмасди. Қайтгач, ижарага уй топдим. Ўзимга ўхшаган, ҳаётда қийналган, чорасиз қизларни йиғдим атрофимга. Қўшмачиликка ўтдим…

Ўша пайтда автоҳалокатга учраб, уч марта операция столига ётдим. Қарзларим кўпайиб кетди. Қизлар билан топганимиз ўртада, кимга пул керак бўлса, тортинмай олаверарди. Орамизда учта боласи билан яшайдиганлар ҳам бор эди. Онаси “иш”га чиқиб кетса, бошқалар унинг болаларига қараб турарди.

Буларнинг ҳеч бирини онам билишини истамасдим. Бир куни ҳаммаси якун топди. Қўшни аёл онамни қандай “боқаётган”имни ўзига айтиб берибди. Қанчалик рост ва аччиқ бўлмасин, бу гапни кўтаролмадим. Кўзимга ҳеч нима кўринмади. Уни урдим. Иш судгача етиб борди…

Ўтган ишларда онам негадир ўзини айбдор сезади. Йўқ, айб онамда эмас, ўзимда. Уқувсизлигимда. Бу ерда катта кутубхона бор. Ҳафтасига икки-уч китобни ўқиб тугатаман. Насиб қилса, ўқимоқчиман. Онам иккимизнинг ҳаётимизни яхшилаш учун режалар тузаяпман. Ёшларга имтиёзли кредитлар берилаётганини эшитдим. Озодликка чиқсам, озроқ ер олиб, деҳқончилик ёки чорвачилик қилсам дейман. Термизда катта-катта корхоналар қурилаяпти, ишга туширилаяпти. Балки ўшаларнинг бирида ишларман. Қабул қилишсин!

Ёкутхон Давронова, Фарғона вилояти, 30 ёш

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мақсадларимнинг қайси бирини айтай?! Дадам “Шифокор қиламан она қизимни!” дерди доим. Кўзлари ёниб турарди. Дадам биздан ташқари икки амакимнинг ўғлини боқиб олиб, ўқитди. Акамга гал келганида ўқишни истамади. Мен эса истардим. Лекин… мактабни тамомлашим билан ўн олти ёшимда “Тенги чиқди!” деб узатиб юборишди. Эрим билан яхши яшардик. Уй-жойимиз, рўзғоримиз бўлак эди.

Баъзан ухламай чиқаман. Қанийди ўша кун бўлмаганида, деб.

9 сентябрь эди. Дугонам уйга келди. Қўлида бир тўда тилла тақинчоқ. Шуларни қўшнингга сотиб бер деди. Қаердан олдинг дедим шу-у-нча тиллани. “Ойим касал, дори-дармонга пул керак!” деди йиғламсираб. Бояги тиллаларни олиб, қўшнининг уйига чиқдим. Тақинчоқларни унга бериб, дугонам икковини телефонда гаплаштириб ҳам қўйдим.

Орадан тўрт ё беш кун ўтиб, уйимизга милиция келди. “Ўғирликда гумонланасиз!” деганида нафасим ичимга тушиб кетди. “Ундай қилмадим…” дедим фақат. “Булар ўғирланган мол”, деди. Қарасам, мен пуллаб берган ўша тиллалар. Ўғирликка шерик бўлиб қолдим. Сўнг воқеани ипидан игнасигача айтиб бердим. Қўшни аёлни ҳам чақиртиришди. Дугонамни қидириб борсак, аллақачон Россия­­га қочиб кетибди. Суд бўлди. Айбдор деб топишди.

Ўшанда ҳомиладор эдим. Болам шу ерда туғилди. Ҳали эмизикли бўлгани учун ҳозирча ишламайман. Уни кунига етти маҳал кўргани бораман. Ўзим ногиронлар, қариялар бўлимида ёрдамчилик қиламан.

Уйдагилар уч ойда бир келиб-­кетади. Бошқа пайт хат ёзишамиз. Ростини айтсам, кимга ишониб, кимга ишонмасликни ҳам билмай қолдим. Энди ҳар кимнинг деганига юриб кетавермайман. Кўзим очилди. Қатиқниям пуфлаб ичадиган бўлдим.

Насиб қилса, озодликка чиққач, бошқача ҳаёт бошлайман. Биринчи галда ўғлимни боғчага бериб, унинг келажаги учун қайғураман…

Нигора Садирова, Кашкадарё вилояти, 33 ёш

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қизимни ўлдириб қўйдим. Ўлдирмадим, сабабчи бўлиб қолдим. Ахир қайси она жигаргўшасини ўлдираман, деб қасдланади. Авлодимизда йўқ ишни қилдим…

Зиёли оилада туғилганман. Олти фарзандмиз. Ўзим ҳуқуқшунос-иқтисодчиман. Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматчи. Уч болам билан тинч-тотув, ғалваларсиз яшаб юргандик. Оиламизнинг тўкислигига ҳамма ҳавас билан қарарди. Элдан камми-кўпми, кунимиз ўтаётганди. Бу воқеа қандай юз берди, нимага бу ишга қўл урганимни тузук англолмайман.
Қизалоғим 2006 йили туғилганди. Ўшанда хонанда Гулсанам Мамазоитова энди-энди оғизга тушаётган вақтлар эди. Санъаткорга ҳавас қилиб, исмини Гулсанам деб қўйгандик. Мактабда ҳам аълочи ўқувчи эди. Бидир-­бидир саволлар бериб тинмас, сўроғига жавоб бермагунингизча ҳоли-жонингизга қўймасди.

Бир ярим йил аввал оналик таътилида эдим. Унгача хўжайиним билан ҳарбий қисмда ишлардим. Катта ўғлим Ўрта Чирчиқ туманидаги спорт мактабига қатнарди. Қизгинам “Kamalak” болалар ташкилотининг Тўйтепа шаҳридаги бўлимига аъзо эди. Болаларимни сира бўш қўймасдим. Доим банд эди. Дарсларидан ташқари тўгаракларга қатнашарди. Уйдаям, кўчадаям беҳуда ўйинларга қўшмай, китоб ўқитардим. Ўшанда Чирчиқда яшардик. Қизимни офицерлар уйидаги рақс тўгарагига олиб бордим. Чоршанба куни эди. Рақс тўгарагидагилар душанбадан келишини айтишди. Ишимиз битгач, кўчада айланган бўлдик, сўнг уйга кирдик. Негадир мазам қочиб, ўзимни беҳол сездим. Варикозим бўлгани учунми, сал кўп юрсам, оёқларим қақшаб оғрирди. Қизимга эртанги дарсларини тайёрлашини тайинлаб, ётоқхонага ўтдим. Ўғлим спорт тўгарагига бораётгани учун баъзи машқларини DVDга диск қўйиб, видео машғулотлар билан бажарарди. Унга ҳам қизимнинг дарсига ҳалал бермаслигини тайинлаб, кўзим илинибди. Қанча ухладим, билмайман. Менимча, беш дақиқадан кўп эмас. Туриб шу ишни содир этганман. Ҳеч нимани эслолмайман. Айблов хулосасида фақат етти яшар ўғлимнинг кўрсатмаси келтирилган. Уйғониб ўғлимга пичоқни олиб кел, деб бақирганман.

Қонни кўриб кўзимдан учқун чиқиб кетди. Ҳатто рўзғорда у-бу жойимни кесиб олиб қонатганимда ҳам кўнглим айнирди. Қонга қарашга журъатим йўқ. Боламни бағримга босдим. Шоша-пиша шаҳар тез тиббий ёрдам марказига олиб кетдим. Кейин республика шошилинч тиббиёт марказига бордик. У ерда операция қилишди. Бу пайтда мени Чирчиқ шаҳар ички ишлар бўлимига олиб кетишди. Қизим вафот этганида ёнида эмасдим.

Ҳозир катта ўғлим учинчи синфда ўқияпти. Кенжаси тўрт ёшга тўлди. Бир ярим йил ўтдики, икковини ҳам кўрганим йўқ. Ўғлим агар пичоқни олиб бормаганимда аяжоним шу ишни қилмасдилар, деб ўзини айблаб юрган экан. Буни билиш юрагимни янада эзади.

Турмуш ўртоғим менга ишонганидан кейин аста-секин ўзимга кела бошладим. Ўла-ўлгунча у кишидан миннатдорман. Олдинига ҳамма мендан воз кечди, энди ҳеч кимга керагим йўқ, деб ўйладим. Айниқса, онажоним мени кўришни ҳам истамайди, деб қўрқдим. Йўқ, онам ҳаммадан яхши тушунди, юпатди. Бу синовми ёки бошқа ҳукм, ҳозиргача билолмайман…

Материални тайёрлашда яқиндан ёрдам берган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳамда
Зангиота туманидаги аёллар колониясига миннатдорлик билдирамиз.
Интервью: Акмал Жумамуродов
Матн: Фарҳод Умаров, Чарос Низомиддинова
Фото: Эрнест Куртвелиев

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here