Элга достонлар

0
232
марта ўқилган

Достон Ҳамдамов
1996 йили Бекободда туғилган.
“Бунёдкор” клуби ярим ҳимоячиси.
Ўсмирлар ўртасида U–16 Осиё чемпионати ғолиби (Эрон, 2012).
Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси (2015).
U–23 Осиё чемпионатининг энг кўп вазият яратган ўйинчиси (Хитой, 2018).

ҳаммамиз даврни ўзимизда намоён этиб яшаймиз. Янаям соддалаштирсак, орамиздаги бир одам нималарга эришди? Жамият ё халқнинг салоҳияти ўша одам эришган ютуқ миқдоричадир. Чунки ҳар бир одам – кенг маънода авлод – халқнинг руҳий қувватидан куч олиб оёққа туради. Руҳий қувват бир заминда яшаётган одамларнинг орзу-умид ва армонлари, ҳаёт тажрибаси, англаган ҳикматларию тортган машаққатларидан томчи-томчилаб йиғилади.

Айтайлик, ичимиздан чиққан қаҳрамонни кимнингдир қайсидир гапи руҳлантирган ё унга муваффақият ғоясини берган. Кимдир уни бирор хатти-ҳаракати билан қўллаб-қувватлагандир… Айтишади-ку, “Навоий даврининг улкан чўққиси эди, лекин ёнидаги тоғлар бўлмаса, бу чўққи бўлмасди”. Шунақа! Одам бирданига чўққи бўлиб қололмайди. Бу даражага у даври ва авлодлари қуввати, савияси билан етиб келади. Охирги воқеа­лар – жамиятимизни ларзага солган Оқтўбе фожеаси ва футбол бўйича U-23 терма жамоамизнинг Осиё майдонларидаги ғалабасини кўриб кўнгилдан халқ қуввати улкан, халқ руҳи ўлмаслиги борасидаги ўйлар кечди. Ҳалок бўлган йигитлар фожеаси туфайли Қувватнинг улкан оқими бир муддат тинди Ва азобдан тўлғаниб, ногоҳ пўртана билан тошди. Пўртана футболчи йигитларимизнинг – авлод вакилларининг қонида қудратга айланди.

Нега мусобақани мағлубият билан бошладик? Аниқ билмайман. Болалар билан бир неча йиғин ўтказган эдик. Таиланддаги турнирда қатнашиб, ўзимизни кўрсата олдик. Лекин негадир ўйинимиз дастлаб қовушмади. Балки Хитойнинг -30 даража совуғи ўз таъсирини кўрсатгандир?.. Устига­устак, бизда ҳозир мавсум тугаган пайт. Бунинг жисмоний тайёргарликка, ўйин сифатига таъсири бор. Аввалига ўйинимизни тополмадик, тушуниш қийин кечди. Аслида терма жамоа йигитлари бир-бирини яхши билади. 2012 йили 16 ёшгача футболчилар ўртасида Осиё чемпионатида ғолиб бўлгандик. Ўшанда ҳам Рустам, Акрам каби дўстларим билан бирга тўп тепганман.

19 ёшлилар ўртасидаги Осиё ҳамда 20 ёшлилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳозирги таркибнинг ярмидан кўпи тўп сурган. Ўша жамоаларни ҳам мураббий Равшан Ҳайдаров бошқарган. “Иштаҳа овқат пайти келади” деганларидек, ўйиндан ўйинга “очилиб” бордик. Кимга қанақа билмадим-у, рости, биз тушган гуруҳ ҳазилакам эмасди. Қатар билан кечган ўйин шахсан мен учун фақат гуруҳдаги эмас, чемпионат давомидаги энг қийин ўйин бўлди десам, ишонинг. Айниқса, уларнинг Акрам Афиф деган ўйинчиси индивидуал маҳорат борасида кучли экан. Майдондаги ҳаракати билан айнан у менда ёрқин таассурот қолдирди.

Тўғри, чемпионат илгаригидек Олимпиада йўлланмасини бермайди. Бироқ “шу сабаб баъзи жамоалар ўйинга жиддий ёндашмади, тажриба орттириш учунгина майдонга тушди” деган гапларга қўшилмайман. Жанубий Корея ва Япония жамоалари ёш таркиб билан қатнашди, дейишди. Бўлса бордир. Бироқ ёш жамоа кучсиз жамоа дегани эмас.
Ҳар бир футболчи, спортчи юрагида ғалаба қозониш, ўзини кўрсатиш иштиёқи бўлади. Инсон ҳаётининг асосий моҳиятларидан бири ўзини намоён этиб яшаш!

“экстра-таймлар якунига етиб, пенальтилар серия­­си яқинлашгани сари вьетнамлик мухлисларда умид учқунлари пайдо бўлаётганди. Бироқ Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги дақиқада гол урганидан кейин бутун Ханой шаҳри жим-жит бўлиб қолди. Гўёки ҳамма нарса тўхтаб қолгандек…”

Иштиёқ баъзан ҳаракат билан, баъзан имконият билан мос келмайди. Бизга эса омад кулиб боқди. Боққани шуки, ўйинда ҳар жиҳатдан уйғунликка эриша олдик ва қўлимиз баланд келди. Ўз касбининг устаси бўлган инсоннинг чинакам мақсад-муддаоси мана шу – туғма иштиёқ.

Белгиланган қўшимча вақт ўтиб борар, тўрт ё беш дақиқа қолганди. Наҳот пенальтилар сериясига кунимиз қолса?! Ахир уларнинг дарвозабони… Шу дам Сидоровни майдонда кўрдик. Равшан аканинг бу қарори, аниқроғи, қай пайтда кимни тушириш кераклигини тўғри ҳал қилгани айни муддао бўлди. Андрей оширилган тўпни дарвозага жойлади. Тўрт соатдан бери жонини жабборга бериб курашаётган дарвозабон иккинчи марта ожиз қолди. Кейин биз кутган финал хуштаги янгради!
Андрей гол урганидан кейин ҳам, кийиниш хонасида ҳам йиғлади.

Ўша куни онасининг туғилган куни экан. Бундай кўзёшларга камдан-кам гувоҳ бўлади одам. Одатда, ғалаба ва мағлубиятни босиқлик билан қарши оламан. Бироқ шу сафар тўлқинланиб кетдим. Стадион­­ни кузатгандирсиз: ҳамма ёқ алвон рангга бурканган – вьетнамликлар. Бизникилар эса озчилик. Ғалабамизга илҳақ бўлиб совуқда узоқ кутиб қолишди. Ўйиндан сўнг улар ёнига бориб раҳматимизни айтдик. Охиригача туриб бергани, қўллаб-қувватлагани, ишончи учун.

“Кутиб олиш”ни энди ўзингиз кўргандирсиз. Соат тунги ўн икки, қишнинг аёзли кечаси. Ширин уйқусидан кечиб, аэропортга чиққан фидойи мухлисларга раҳмат! Юрагида ўти борлар учун ҳар қанча чемпион бўлсанг, арзийди!

Мусобақанинг кашфиёти бўлган ўйинчи – ўзимизнинг жамоа мисолида олсак – Жавоҳир Сиддиқов. Унинг янги қирраларини кўрдик… ва қатарлик Акром Афиф ҳам.
Ўйлашимча, чемпионатдаги энг чиройли гол Азизнинг (Азиз Ғаниев – таҳр) Жанубий Корея дарвозасига урган голи.

U–23 Осиё чемпионатида энг кўп вазият яратган ўйинчи сифатида топилганим шахсий натижаларимни яхшилайди, албатта. Ўзимга ишончимни оширади. Олға ундайди. Жамоа билан чемпион бўлганимиз эса тарих. Ҳаммагаям ана шундай шараф насиб этсин.

Сингапурнинг энг оммабоп нашрлардан бири, 352 минг нусхада чоп этиладиган “The Straits Times” газетаси Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги ғалабаси ҳақида мақола эълон қилди. Мақолада шундай дейилади: “Вьетнам ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги U–23 Осиё чемпионати финалини Вьетнам­нинг 90 миллион нафарлик аҳолиси бир тану бир жон бўлиб томоша қилди. Ханой шаҳри кўчалари гўёки қизил денгизга ўхшарди… Вьетнам бутун ўйин давомида кучли рақибга қарши муносиб ҳаракат қилди. Айниқса, экстра-таймлар якунига етиб, пенальтилар серия­­си яқинлашгани сари вьетнамлик мухлисларда умид учқунлари пайдо бўлаётганди. Бироқ Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги дақиқада гол урганидан кейин бутун Ханой шаҳри жим-жит бўлиб қолди. Гўёки ҳамма нарса тўхтаб қолгандек…”.

Хуллас, йигирма уч ёшгача бўлган футболчилардан тузилган Ўзбекис­тон миллий терма жамоаси Чин диёрида ўтган Осиё биринчилигида муносиб ўйин намойиш этди. 27 январь. Бу кун ўзбек хонадонларида “Онамдан қолган тошойна қани?!” деб сўралмади. Бу кун “дарвоза устига иккита дарвоза қурилса ҳам…” дегичлар тилини тишлаб қолди. Бу кун мураб­бий Равшан Ҳайдаровга ишониб топширилган ёш жамоа мухлислар қалбида неча йиллардан буён қайта-қайта алангаланиб, сўнг сўниб қолаётган умид учқунларини янгидан чақнатди. Ўша куни ёш авлод ўзига билдирилган ишончни оқлай олишини исботлаб берди. Футболчиларимизнинг ҳар бирига Президент совғаси – “Chevrolet Malibu” русумидаги автомобиль тақдим этилди.

Азиз фарзандларим!
Қадрли устоз ва мураббийлар!
Барчангизни футбол бўйича Ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг финал ўйинида ғоят оғир ва ноқулай об-ҳаво шароитида том маънода матонат ва жасорат намунасини намоён этиб, ғолиб­ликни қўлга киритганингиз билан ўз номимдан, кўпмиллатли халқимиз номидан самимий муборакбод этаман.
Сизлар қўлга киритган мислсиз бу ғалаба бутун халқимизга чексиз қувонч бағишлаб, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор кўрсатди. Бу улкан зафар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги миллионлаб ёшларни мардлик ва матонат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга улкан ҳисса қўшади.
Эл-юртимиз сизлар каби мард ва жасур, фидойи ўғлонлари билан, юртимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари билан фахрланади.
Барчангизни бағримга босиб, сизларга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, жонажон Ўзбекистонимизнинг шон-шуҳратини дунёга тараннум этишда доимо ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилайман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Матн: Тилланисо Эшбоева
Фото: Эрнест Куртвелиев

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here