Хориждаги «Патриот»лар

0
204
марта ўқилган

Германия илм-фан ва ахборот технология­лари ривожи бўйича дунёда етакчи экани сир эмас. Кейинги пайтда бу юртда илм ва иш иштиёқидаги ёшларимизнинг салмоғи ортиб бораяпти. Улар билан гаплашиб, гоҳ завқдан “э, қойил” десангиз, гоҳ дардчил фикрларидан ўйга толасиз. Бири “немисларга ўз она тилидан дарс бераяпман” деса, иккинчиси “ҳали талаба пайтим дунёнинг энг кучли профессор-­мутахассислари жам бўлган лойиҳага мени ҳам чақиришди” дейди. Яна бошқаси олмон заминидаги йирик компаниянинг катта бир бўлимида етакчи. Завқимиз, фахримиз шундан. Фаолияти, режалари ҳақида гапириб кетишади-ю, якунига келганда “Қанийди, Ватанда ҳам шундай, шундай (санаш оҳангида) шароитларни қилсаг-у, шундай-шундай ишларни амалга оширсак” деб умидланиб қўйишади. “Патриотмисиз?” дейди бирови ҳам пичинг, ҳам ҳасрат аралаш, виждонимизга кўзгу тутиб. Кейин биз ҳам сўнгсиз ўйларга чўмиб кетамиз…

Зафар Исмоилов

Альбштадт-Зигмаринген университети талабаси:

– Чироқчи туманидаги оддий мактабда ўқиганман. Ўша пайтлари мактабимиз немис сиёсатчиси номида эди. Балки Германияга қизиқишим шундан бошлангандир… Бироқ бир кун келиб бу жойларда ўқийман, ишлайман деб ўйламагандим, хаёлимгаям келмаган. Синфимиз аниқ фанларга ихтисослашган эди. Ҳар куни турли тўгараклар бўлар, мен эса шахмат ва миллий курашга қатнардим. Бу иккиси буйича туманимизда яхши натижаларга эришганман.

9-синфдан таълимни Самарқад шаҳрида давом эттирдим – Республика олимпия захиралари коллежида. Коллежни “аъло”га тугатганман. Қўлимда диплом билан бирга дзюдо бўйича республика миқёсида ўтган турли спорт мусобақаларидан шода-шода медаллар бор эди. Ўша йили Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг электротехника факультетига ўқишга кирдим. Нега спорт йўналишидан кетмагансиз, дерсиз? Чунки болалигимдан спорт қатори электр ва электроник жиҳозларни таъмирлашга қизиқишим баланд бўлган. Институтни имтиёзли диплом билан тамомлагач, Германияга ўқишга келдим. Рости, аввалги билимларимдан қониқмадим. Шу боис Бонн шаҳрида “Mechanical engineering” соҳасида яна бакалавр даражаси бўйича таҳсил олдим. Ўқиш давомида Германия Аэрокосмик марказининг дунёда ягона бўлган сунъий қуёш қурилмаси лойиҳаси иштирокчилигига танлов асосида қабул қилиндим. Бу фаолиятимдаги энг катта воқеалардан бири эди. Ахир бакалавр даражасида бўлишингга қарамай, марказнинг доктор ва профессорлари қаторидан жой олиш осонмас-ку! Қурилма 149 дона прожектордан иборат. Диаметри бир метрни ташкил этади. Баландлиги эса 15 метрга тенг. Прожекторлар ҳолатини ўзгартириш имконига эга. Уларни битта нуқтага йўналтириш мумкин. Ушбу 149 та прожектор биргаликда ер юзига тушадиган табиий қуёш нуридан камида 10 минг маротаба кўп бўлган ёруғлик интенсивлигини юзага келтиради. Мазкур қурилмадан кўзланган асосий мақсад кейинги йилларда қуёш энергиясидан олинадиган ёқилғи ишлаб чиқариш жараёнини ривожлантиришдан иборатдир. Қуёш иссиқлик электр станциялари соҳасидаги тадқиқотчилар, саноат ёки аэрокосмик саноати корхоналари ҳам ушбу қурилмадан қуёш нурига оид турли синов ишларини олиб боришда унумли фойдаланиши мумкин.

Ҳозир университетнинг магистратура босқичини тамомлаш арафасидаман. Аэрокосмик марказда баъзи тадқиқот ишларида ҳам қатнашаяпман. Ўқиш билан бирга спортни ҳам ташлаб қўйганим йўқ. 2016 йили Финландияда бўлиб ўтган Бутунжаҳон универсиада ўйинларида дзюдо бўйича олтин медаль билан юртимиз байроғини кўкларга кўтарганим мен учун фахр! Шунингдек, ватанимиздаги оғир бемор болаларни Германияда даволатиш, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш учун “Бола акцияси” фондини ташкил қилганмиз. Ўзбекистонни Европага танитиш учун “Afsona” номли (usbek-shop.de) онлайн дўкон очганмиз…

Мансурбек Уролов

«Accenture technologies Solutions» компанияси муҳандиси:

–  Хорижда фаолият юритишнинг сабаби кўп. Шахсан менинг бирдан-бир мақсадим – билим олиш. Чунки илм билан истиқболга йўл очилади. Хориждаги ва ўзимиздаги таълим тизимини таққослаган киши ўртадаги фарқни дарров илғайди. Очиқ айтиш керак: бакалавр даражасини олиш давомида ўрганган билим ва тажрибам билан хориж университетининг магистратура босқичида жуда қийналдим. Ўрганганларим талабга жавоб бермас экан. Бизда чет тилларни ўқитиш сифатини ҳам ижобий баҳолай олмайман. Албатта, қўшимча тил курсларига боришга мажбурдекмиз. Бу эса одамни ранжитибгина қолмай, ортиқча вақт ва сарф-харажат талаб этади. Ваҳоланки, университетларимизда бу бўйича мукаммал билим берилиши лозим. Ахир, ўқитувчиларга маош шунинг учун берилмайдими? Ахборот технологияларидан бугун барча соҳада кенг фойдаланилмоқда. Анъанавий савдо эртага онлайн кўринишга эга бўлиши, ёшларнинг аксарияти кўпроқ масофавий таълим ва виртуал кутубхоналардан фойдаланиши, семинарларнинг вебинарлар кўринишига ўтиши… бошқа-бошқа соҳаларда ривожланишлар кутилмоқда. Масалан, банк мижозига айланиш учун ҳисобрақам очмоқчи бўлсак, буни хонамиздан чиқмаган ҳолда, нари борса беш дақиқада амалга ошириш мумкин бўлади…

Умуман, чел элда яшаш, ишлаш, ўқиш ёмон эмас. Бироқ ҳеч жой ҳеч қачон ўз ватанингдек бўлолмас экан. Ўзимиздагидек оқибат, қўни-қўшничиликни тополмайсиз. Баъзан миллий таомларимизни егим келиб қолади. Қийинчилик билан бўлса-да, тайёрлаш учун зарур масаллиқларни топамиз. Миллий қўшиқларимизни тинглаймиз…

Бобомиз Абу Райҳон Беруний ўзининг “Минералогия” асарида аждодлари билан қуруқ мақтанган инсон ўша аждодларининг суякларини қабрдан чиқариб, кўз-кўз қилган киши кабидир, деб ёзган экан. Биз жуда кўп йил давомида буюк аждодлар номи билан ғурурландик, аммо уларнинг меросини муносиб ўрганмадик.

Европаликлар ва бошқалар эса боболаримиз билимларини биздан яхшироқ билишади. Масалан, ал-Хоразмий яратган алгоритм Европада оддий инсон турмушининг ҳар жабҳасига кириб улгурган.

Назаримда, юртимизда аниқ ва табиий фанларнинг чуқурроқ ўқитилиши учун кўпроқ эътибор қаратилиши керак. Чунки ёшларимизда аниқ фанларга қизиқиш катта. Ундан фойдаланмаслик увол. Бунинг учун мутахассислар, айниқса, ўқув муассасалари ходимлари ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш лозим. Турли танлов ва ҳаққоний имтиҳонлар орқали бу ишни юзага чиқариш мумкин. Ходим ўзидан-да малакалироқ мутахассис борлигини хаёлда сақлаб тургани ҳолда доим ўз устида ишлашга одатланади. Олимлар ўртасидаги илмий ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлаш керак. Бу ўта муҳим. Соҳибқирон Амир Темур шундай йўл тутган экан.

Деярли барча дунёга донғи кетган олимларимиз дунё кезган, кўпи “Байт ул-ҳикма”да илм ўрганган, илм истаб хорижга борган… Инсон илм ниятида юрт кезса, бунинг яхшилиги кўп. Кези келиб, шу илм ва тажрибани юрти равнақи йўлида сарфлашни ҳам билиш керак. Менинг мақсадим шу!

 

Абдулазиз Холматов

Дуйсбург Эссен университети талабаси:

– Германияда уч йилдан бери яшайман. Келган пайтларим дўконларга борганимда кўзим даставвал био ёки органик ёзувли маҳсулотларга тушарди. Улар қиммат­роқ бўларди. Кейинчалик ишим юзасидан бир илмий марказ учун веб-сайт яратиб беришимга тўғри келди. Ўша марказ “Natural healthful living” деб аталарди, яъни табиий соғлом яшаш. Марказга Европанинг кўзга кўринган профессор, доктор ва шу соҳада илмий изланиш олиб бораётган шифокорлари аъзо. Унинг асосий мақсади инсонларга тўғри ва табиий (органик) яшаш тарзини ўргатишдан иборат. Келажакда бу сайтнинг ўзбек тилидаги вариантини тайёрлаш ниятим ҳам бор.

Ватанимизда ҳам органик соҳани ривожлантириш учун яхши иқлим шароити мавжуд. Аслида, ҳозир органик яшаш тарзи ҳақида кўпроқ маълумот берсам бўларди. Бироқ туйғуларим тўғрисида гапиргим келаяпти.

Қишнинг совуқ кунлари эди. Дўстим билан бошқа шаҳарга йўл олишимиз керак. Тонг саҳарлаб тайёргарлик қизғин. Маълум бир масофагача автобус ва метрода бориб, у ёғига бизни асли турк миллатига мансуб дўстимиз ўз машинасида манзилга етказиб қўймоқчи эди. Режа бўйича белгиланган жойда учрашиб йўлга чиқдик. Машинада ўша турк дўстимизнинг ўғли Муҳаммадзоҳид ҳам бор эди. Тўққиз ёш. У билан мактаби ҳақида гаплашиб кетдим. Гап айланиб-айланиб таътилга келди. Шунда у менга, одатда, ёзги таътилда бобосининг ватани бўлган Туркия­­га оилавий бориб дам олишлари ҳақида айтди. Бобоси кўп йиллар олдин Германиядан қўним топган. Ота-онаси шу ерда туғилиб ўсган. Болакайнинг ўзи ҳам шу жойда улғаяётганди. Бундай олганда, Германия Муҳаммадзоҳид учун ватан ҳисобланиши керак эди. Қизиқиб кетиб, Муҳаммадзоҳиддан “Туркияни севасанми ё Германияни?” деб сўрадим. Очиғи, Германияни айтса керак деб ўйлагандим. Ахир, Муҳаммадзоҳид шу ерда туғилган, шу муҳитга мослашган. Қолаверса, яшаш тарзи, шароит Туркия­дагидан анча яхши. “Мен Туркияни севаман!” деса, жавобдан ҳайратда қолдим. Болани синаш учун “Ота-онанг Германияда туғилган, сен ҳам шу ерда туғилгансан-ку?” дедим қувлик билан. Лекин у фикрида қатъий туриб олди: “Мен Туркияни севаман!”. Энди ҳайратга қўшилиб, ҳавасим ҳам ошди. Суҳбатдан сўнг ўйлаб қолдим: “Ватанни наҳот шу болакайчалик севолмасак?”, “Она ватанга садоқат руҳи бизда ҳам борми?”.

Ёдимда: талабалик пайтимизда кимдир ватанни мақтаб сўз олса, дўстлар даврасида ватанпарварлик хусусида гап бошласа, бирпасда ҳамма “патриотмисан?” деб куларди. Чунки бизга ватанни севиш ҳақиқати самимий, ишонарли тушунтирилмаган. Китобий сўзлардан нарига ўтилмасди.

Германияда кўп оилалар ҳовлиси ёки деразасига давлат байроғини илиб қўяди. Мана бу содиқлик! Биз-чи, қай биримизнинг ҳовлимизда, уйимизга ватан байроғи осиғлиқ? Ёки қачонгача ватан, ватанпарварлик ҳақида гап кетганда “Сен ҳам патриотмисан?” деб истеҳзоли куламиз?

Хуллас, ватанни астойдил севиш учун ҳар ким холис ва ўз ишига танқидий ёндашишни билиши керак. Бунинг учун олимлик даъво қилиш шарт эмас. Шунчаки танқидий ва таҳлилий тушунишни билиш керак. Танқид ақл-заковатимиз ва билимимиздан оқилона фойдаланишга ўргатади. Ғарбнинг охирги асрларда фан ва техникада илдамлаб кетганининг бош омили ҳам шу – танқидий ва таҳлилий тушуниш таълимнинг энг муҳим қисмига айлангани!

Муаммоларни шу йўсинда мустақил ечишни ўрганган кишилар, жумладан, ёшлар мақсадларига осон эришади. Нафақат хатолари, балки муваффақиятларидан ҳам ўзига хулоса чиқаришни ўрганади. Қандайдир муаммо билан тўқнашганда эса умидсизланиб орқага чекинмайди, қайтанга муаммони бартараф қилишга уринади. Эҳтимол, бу борада мактаб, коллеж, лицейларда танқидий тушуниш йўналишларида махсус дарслар ташкил этиш керакдир. Ёки Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида танқидий ва таҳлилий тушунишга доир бўлим очилса, махсус лойиҳа ишлаб чиқилса…

Азиза Эшонкулова

Германия миграция қўмитаси немис тили ўқитувчиси:

– Самарқанднинг Пахтачи туманида Қарнабота деган қишлоқ бор. Шу қишлоқдаги 45-мактабда ўқиганман. Мактабимизга келган борки, чўл ўртасида шундай гўзал маскан қад ростлаб турганини такрорлашдан чарчамасди. Ўқитувчилар кўзида таълим беришга иштиёқ яққол сезилиб турар, айнан шуниси қалбимдан чуқур жой олган. Ўша пайтлари мен она тили, синфдошларимдан қай бири эса немис тили, бошқаси биология, география фанларидан ўтказилган олимпиадаларнинг туман, вилоят босқичларида юқори ўринни қўлга кириитиб келишган.

Германия ҳақидаги илк таассуротим ўқитувчимиз Қурбонбой Жўрахолов туфайли пайдо бўлган. Дарсдан ташқари пайтларда у киши ўқувчиларга қўшимча машғулотлар ўтарди. Мактабни тамомлаб, Самарқанд давлат чет тиллар институтига ўқишга кирдим. Айни талабаликда немис тили билан астойдил шуғулландим. Бирваракайига рус, инглиз тилларини ҳам ўрганиб бордим. Бахт кулиб боқди! Германия давлати стипендияларига эришиб, бир-икки марта ўзида таълим олиб келдим. Бундан ташқари, институтда германиялик ўқитувчи Annett Wolff ҳам билим ва тажрибаларим кенгайишида ёрдамини аямади.

Диплом қўлга теккач, икки йил давомида чет тилларига ихтисослашган лицейларда ишладим. Ич-ичимда ҳали тажрибам етмаслигини тан олардим. Орзуим Германияда ўқишни давом эттириш эди. Шундай ҳам бўлди. Эрфурт шаҳрида таҳсил ола бошладим. Мана, бугун немис тили ўқитувчисиман.

Рости, немисларнинг она тилига муҳаббатидан таъсирланади одам. Немис тилини чет элликларга ўргатиш ва ўрганувчилар сонини ошириш мақсадида кўплаб стипендиялар жорий этилгани-чи? Энг муҳими, бу ерда ҳар бир иш, ҳар бир ҳужжат немис тилида олиб борилади, зинҳор инглиз ёки бошқа тилда эмас. Шунинг учун ҳам Германияда яшаб ишловчи ҳар бир хорижлик бу тилни ўрганиши ва уни билишини тасдиқловчи сертификатга эга бўлиши керак. Тил масаласида ҳам ана шундай “темир интизом” ўрнатилган.

Фикримча, юртимизда ёш авлодни она тилига муҳаббат руҳида вояга етказиш учун интизомни кучайтириш керак. Тўғри, бағрикенг халқмиз. Диёримизда 130 дан ортиқ миллат, элат вакиллари яшайди. Бироқ бу болалар она тили қолиб, бошқа тилларга муккасидан кетиши керак, дегани эмас. Аксинча, она тили чуқур ўргатилса, болалар бошқа тилларни ўрганишдан аввал ўз тилимизнинг нақадар бой ва гўзаллигини юракдан ҳис қилишса… Бундай тўхтамга келишимга сабаб бор, албатта. Диплом ишим мавзуси немис тилига ўгирилган ўзбек ҳикоялари тўғрисида эди. Ёш мутаржим Ойбек Остонов томонидан она тилимиздан тўғридан-тўғри немис тилига таржима қилинган ҳикоялар мени шу ҳақда кўп ўйлашга мажбур қилган. Айниқса, Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари. Бу қадар ихчам, маънодор жумла, ибора, киноя, мутойиба… эҳ-ҳе, уларнинг немис тилидаги муқобилини топиш учун қанча меҳнат, қанча заҳмат керак?! Бунинг учун эса, аввало, уларнинг моҳиятини она тилида англай билиш шарт. Ўзга тилни ўрганмоқнинг муҳим босқичи, биринчи навбатда. она тилини мукаммал билишдан бошланар экан.

Равшан Саминов

“Sanofi” фирмасининг туб маълумотлар менежменти бўлими бошлиғи:

– Тошкент молия инcтитутида бакалавр, Германиянинг Майнц университетида “Халқаро бизнес” йўналиши бўйича магистр босқичларида таҳсил олганман. Юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш йўлида илмий изланиш олиб бораяпман. Тадқиқот ишим мавзуси ҳам шундан келиб чиқади – “Туб маълумотлар менежменти ва уни Ўзбекистонда татбиқ қилиш истиқболлари”. Глобал иқтисодиётнинг жадаллашуви ўз-ўзидан ундаги иштирокчиларнинг маҳсулот, бошқарув услуби ва тизимларини ривожлантиришга мажбур қилди. “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин” деганларидек, бу борада гапни соҳа мутахассисларига қолдирган ҳолда асосий эътиборни шу жараёндаги ахборотлаштириш тизимига қаратсак.

Йирик корпорациялар ёлғиз қўл меҳнатига таяниб иш кўриш мумкин эмаслигини аллақачон англаб етди ва бунинг натижасида фаолиятга турли ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)ни жорий эта бошлади. Технологиялар дастлаб муайян ҳудуд, кичик бўлимлар учун қўлланди. Вақт ўтиб, улар ўзларида кўп маълумотни жамлади ҳамда асосий манбага айланди. Оқибатда битта корхона ичида ўхшаш маълумотлардан иборат кўп сонли тизимлар вужудга келди. Маълумотларни янгилаш вақтида эса айрим тафовутлар туфайли улар бир-бирини инкор ҳам қилди. Бундай вазиятни тартибга солиш учун туб маълумотлар менежменти (ТММ) юзага келди.

Хўш, туб маълумот нима? Бунга кичик мисол сифатида инсоннинг исм-шарифини олиш мумкин. Исм давлат томонидан белгиланган меъёрларда яратилади ва узоқ вақт давомида турғунлигини (!) сақлаб қолади. Туб маълумотлар менежменти эса бу турдаги маълумотларни яратиш, қўллаш, сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ барча жараённи қамраб олади. Ҳатто туб маълумотлар кенгайтирилган тартибда жараёнларни автоматлаштиришга имкон яратди. Бугун кўпгина харид учун буюртмалар инсон иштирокисиз шу тарзда қабул қилиниб, автоматик равишда кўриб чиқилиши бунга мисол. Бу орқали эса ишончли маълумотни ортиқча қоғозбозликсиз ягона марказдан тез қабул қилиб олиш имконияти пайдо бўлди.
Ўзбекистонда ҳозирги кунда кўплаб давлат дастурлари амалга оширилаётгани ҳолда айнан туб маълумотлар менеж­ментига эътибор қаратилгани ҳақида менда аниқ маълумотлар йўқ. Агар Ўзбекистонда ушбу жараён ҳукумат доирасида жадаллашгудек бўлса, қандай ютуқларга эришиш мумкин? Аввало, бюрократия йўқолади: давлат органлари ишончли маълумотни жисмоний ё юридик шахс югур-югурлари орқали олмасдан, тўғридан-тўғри ягона базадан олишга ўтади. Ягона туб маълумотлар базаси туфайли маълумот йиғиш жараёни соддалашади. Паспорт янгилаш, бизнес очиш, ёпиш сингари ҳар хил хизматлар тез ва ишончли якунланади. Бу каби ислоҳотларни амалга ошириш катта куч, маблағ, вақт талаб этади. Бироқ шуниси ҳам борки, ушбу соҳани ривожлантирмаслик геосиёсий харитада ривожланган давлатлар қаторида туришга тўсиқ бўлиши муқаррар.

Интервью: Акмал ЖУМАМУРОДОВ

Матн: Тилланисо ЭШБОЕВА

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here