Китоб ўқиётган аёл

0
244
марта ўқилган

Yosh kuch 008

“Чархпалак” киносериалида телба Мастуранинг шундай иқрори бор: “Дунёнинг ташвишларидан ақлдан озиб ҳам қутулиб бўлмайди”.

Ҳақ гап. Аммо елкага ортмоқлаб олганингиз машаққатларни енгиш учун ақлдан озиш чора эмас. Яхшиси, китобларга дўст тутининг.

Саҳифамиз қаҳрамони ҳам беҳад куйинчак, серташвиш инсон. Лекин ҳаётидан мамнун, чунки…

Камола ОДИЛОВА,

телебошловчи, “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” (2013), “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиби (2014)

– Китоб – ҳамдардим, маслаҳатгўйим, тарбиячим. У ҳисларимни тартиблайди, туйғуларимни сайқаллайди. Асар қаҳрамонлари тимсолида ўзимни кўраман, тақдиридан хулоса чиқараман.

Тезкор замон фарзандларимиз. Фаол ҳаёт кечираяпмиз, умр шунчаки ўтиб кетаяпти. Мақсадим не? Мавжудлигим моҳияти саҳрода сароб сари интилишдан иборатми? Бундай саволлар ғужғон ўйнаб, қалбда бўрон кўтарган бир пайтда Жалолиддин Румий ҳазратларига бот-бот мурожаат қилгим келаверади. Шарқнинг улуғ шоири ва мутафаккири умрингизнинг бебаҳо онларини бир зум секинлатгандек ва қалбингизга назар ташлашга ундагандек бўлади. Мана, Мавлононинг йўл кўрсатувчи, халоскор сўзларига бир қулоқ тутинг-а: “Инсонда шу қадар улкан ишқ, ҳирс, орзу ва дард борки, юз мингларча олам ўзиники бўлса ҳам, кўнгли тинчимайди. У ишда, саноатда, илму нужумда, ҳакимликда машғул… Бироқ буларнинг ҳеч биридан ҳузур тополмайди. Чунки истаган нарсасини қўлга киритолмаган… Завқ ва орзулар зинапояга ўхшайди. Зиналар ўтириб дам олишга мослашмаган, аксинча, устига босиб ўтилади, холос. Умрини шу зиналарда беҳуда ўтказмаслик учун ғофилликдан тез уйғонган ва аҳволнинг моҳиятини англаб етган зот қандай бахтли!”.

 “Ичиндаги ичиндадир”.

Мувозанат бузилса, ҳар қандай кучни, аввало, инсон ўзидан, сўнг эса Ҳақдан кутишни ўрганиши кераклигини англатадиган асар. Бунда муҳаббат, дўстлик, оила, эътиқод, билим… ҳамма-ҳаммаси мисоллар ва шарҳлар билан саҳна асаридек кўз ўнгингизда жонланади. Умидланасиз, ишонасиз, дўстлашасиз, охири… севасиз-қоласиз.

Умримиз сувдай оқиб кетмасидан сермазмун ва серсамар китобларни ўқисак, улар билан ҳаётимизни маънога тўлдирсак, дейман…

Энг даҳшатли иллат – лоқайдлик.

Халқ тақдирига жавобгар юқори мансаб эгаларининг бепарволиги – улкан фожеа. Француз романнависи Виктор Гюгонинг “Клод Гё” қиссасини ўқиб, худди шундай хулосага келасиз. Новеллага 1832 йилда юз берган воқеа асос қилиб олинган. Унда ижтимоий адолатни қарор топтириш йўлида ҳаётидан айрилган киши қисмати тас­вирланади. Клод Гё – асарнинг бош қаҳрамони, табиатан мулоҳазакор, ақлли ва меҳрибон. Муаллиф уни ўғриликда ҳам, қамоқ назоратчисининг қотили сифатида ҳам айблай олмайди. Қаҳрамонини жиноят содир этишга мажбур қилган омилларни излаган Виктор Гюго буни Клод яшайдиган муҳит ва жамиятдан топади. Инсон тақдири устидан ҳукм ўқийдиганларга мурожаат қилиб, оддий халқ қайғуси билан яшашга ундайди. Миллий гвардия либосидаги тугмачанинг оқ ёки сариқ бўлиши борасида овози бўғилгунча баҳслашишдан бошқа қайғуси бўлмаган мансабдорлар ҳолидан ёқа ушлайсиз. “Жаноблар, Францияда ҳар йил жуда кўп инсоннинг боши танидан жудо этилади. Тежамкорлик тизимини жорий қилмоқчимисиз, иқтисодни ана шундан бошланг!”, дея аччиқ истеҳзо қилаётган адибга таҳсин айтасиз. Инсоннинг бахтиқаролиги сабабларини тадқиқ этишга киришасиз. Фақат ўз ташвишларингиз билан яшамай, инсоният ҳақида ўйлай бошлайсиз…

Аёл қачон қўлига қалам олади?

Аёл қачон қўлига қалам олади? Қалб изтироб­ларини тўкиб солиш учун қоғоздан бўлак ҳеч нима топмаса… Стефан Цвайгнинг “Нотаниш аёл мактуби” асари қаҳрамоннинг оҳга тўла мактубига сарлавҳа сифатида ушбу сатрлар олинади: “Сенга, мени ҳеч қачон билмаганга…”. Узоқ йиллар, умрининг поёнига қадар телбавор севган аёлнинг ўлими олдидан ёзган мактуби. Асарнинг аввалидан охиригача худди шу сўзларни ўқийверасиз: “Сен мени яна танимадинг!” Қаҳрамон ҳисларини шундай латиф тизгинлайдики…

“Бизнинг эшигимизда миттигина мис туйнукча бўлиб, ана шу туйнукчадан туриб Сенинг эшигингни кузатиш мумкин эди. Ўша туйнукча… Йўқ, Севгилим, Сен кулма, мен бунинг учун ҳозир ҳам, ҳа, ҳозир ҳам ўша вақтлар учун уялмайман − чунки ана шу туйнукча менинг ўз дунёмга қарайдиган кўзим эди. Ўша ерда, муздай айвонда, онамнинг кўриб қолишидан ҳадиксираганим учун қўлимда бир китоб билан ойлар ва йиллар давомида ҳар куни Сени пойлардим, гўё таранг тортилган кўнгил торлари фақат Сенинг иштирокинг билангина жаранглайдигандек туюларди. Мен ҳамиша Сенинг атрофингда эдим, ҳамиша қайноқ иштиёқ ўтида ёнар ва тиним билмасдим. Аммо худди чўнтагингда олиб юрадиган ва ўша зулматда туриб сабр-тоқат билан Сенинг дақиқаларингни санаётган ва ўлчаб бораётган сассиз юрак дупури мисол Сени йўлларингда кузатиб юрувчи ва миллионлаб сонияларнинг фақат биттагинасида Сенинг шошилинч бир назарингга лойиқ топилгувчи соат милларининг тинимсиз ҳаракатини сезмаганинг каби, менинг ҳам борлигимни пайқамасдинг!”.

Бир умр уни асир қилган, ҳаётини ёритган, ҳам барбод этган инсонга ёзган мактубида аёл ич-этини тилган саволларни ёғдираверади. Асар поёнига етади, сиз унда яшайверасиз…

Ёшкуч. 2015 йил, Ноябрь-Декабрь сони.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here