Асал Шодиеванинг учбурчак дунёси

0
237
марта ўқилган

Yosh kuch 004

Болалигида осмондан юлдузини изламаган, сал эсини танигач, самовий сайёрага саёҳат қилиш орзусида ёнмаган, ўзни катта санай бошлагач, дунёнинг бир чеккасига кетишни истамаган инсон бўлмаса керак…

Асал Шодиева ўз оламини кашф қилган актриса. Саҳифамиз орқали унинг дунёсига сайр қиламиз.

– Бир пайтлари жуда шўх, қувноқ эдим. Баҳорда дарахт­ларга чиқиб довучча терардим, ёзни велосипед учиб ўтказардим. Ойим синглим иккимизга нуқул “Нега китоб ўқимайсизлар-а?” деб дакки берарди. Бир куни қўлимга Фёдор Достоевскийнинг “Хўрланганлар ва таҳқирланганлар” асарини тутқазди… Шу билан ўз оламимни кашф қилиш сари қадам қўйдим…

Ўн беш ёшимда эса “Кичкина шаҳзода” билан учрашдим. У каби тўрт томонимга боқиб, “Нима учун, нега, қанақа?” деган саволларга жавоб излаб юрган кезларим эди. Бир пайтлари бола бўлган катталарга атаб ёзилган китоб билан кўп ҳақиқатларни англадим. Ахир энг муҳим ҳақиқатлар оддий тилда тушунтирилган эди-да. Ўшандан буён ўзимга “Бу дунёни англаш шунча қийинми?” деган саволни бермайман. Жавобсиз саволларимга Кичкина шаҳзодам жавоб беради.

У – менинг дўстим…

Бир умр бола бўлиб қолишни истаганмисиз ҳеч? Қачон катта бўламан дея кун санамаганмисиз дейсизми? Йўқ! Назаримда, ҳар бир даврни ўз вақтида яшаб ўтиш – бахт! Ўтмишни изга қайтариб бўлмайди, бугунни тўхтата олмайсиз, эртани эса кутиш керак… Умид билан кутиш…

Аслида бола пайтимизда ҳам ўзимизни тушунмаймиз. Шунчаки кўнглимиз тусаганини бемалол қила оламиз. Тўғри, катталар чегаралар қўйишади, тайинлашади, танбеҳ беришади. Аммо бизнинг ўзимизга, истакларимизга тақиқларимиз йўқ. Улғайганимиз сари хоҳишлар билан кураш бошланади. “Мана шундай қилсам, кимдир хафа бўлмасмикан?” деймиз гоҳо. Чунки ҳамма ҳам сизни тушунавермайди. Бундан ҳам оғринмаслик керак.

Кези келганда ўзимни-ўзим тушунмай қоламан ва  “Кичкина шаҳзода”мнинг сайёрасига назар соламан. Ана қутича ичидаги қўзичоқ, феруза гул, қуёш ботаётган ғурубга боқиб ўтирган дўстим…

Мен ва У… Қайсидир маънода бизнинг ўхшаш томонларимиз бор. Умуман олганда, китобхон ҳар бир асарда ўз “мен”ини учрата олади. Кичкина шаҳзода каби мен ҳам қизиқувчанман, расм чизишни ҳам хушлайман, журъатлиман… Баланд миноранинг чўққисидан пастга қараш, парашютдан сакраш – булар заррача қўрқув уйғотмайди. Мен хато муносабатлардан чўчийман. Шунинг учун ҳам бегоналар кўзига ўз оламига қамалиб олган қиздек кўринишим мумкин.

Мени, айниқса, Кичкина шаҳзоданинг феруза гулини асраши ва тулки билан суҳбати таъсирлантиради. Кўнгил ва муҳаббат, дўстлик ва масъулият ҳақидаги тушунчалар ўйга толдириб, қалб кўзингизни очади.

Ўзингизни излаяпсизми? Минглаб саволларга кимдир жавоб беришини кутаяпсизми? Сизни тушунишмаяптими? Антуан де Сент-Экзюперининг асарини ўқинг. У юраги­нгизда самимият ва ҳайрат туйғуларини асраб қолишига, йўлчи юлдузингизга айланишига ишонаман. Ахир ­“…юлдузлар эртами-кечми ҳар ким ўз юлдузини топиб олиши учун чарақлаб туради…”

Мусиқанинг тили борми? Нега, дейлик, итальян тилини билмасдан туриб, итальянча хонишларга кўнгил берамиз? Бунинг сири оддий – юракдан чиққан нола юракка етиб боради.

Италиялик хонанданинг “Time To Say Goodbye” таронаси қулоғимга чалинганда бошқача бўлиб кетардим. “Ким айтган экан?” деб изладим. Топдим: Андреа Бочелли экан. Фақатгина қулоғимга ёққан тарнонани эмас, юрагимнинг бир бўлагини топдим. Унга боғланиб қолдим.

Кун давомидаги съёмкалар, югур-югурлар, учрашувлар, ташвишлардан чарчаб уйга келгач, ўз хонамда баланд овозда Андреа Бочеллининг “Тўкилаётган япроқлар”ига қулоқ тутиш… ёқимли… завқли… таъсирли… Йўқ, бу сўзларнинг ҳеч бири уни тинглаётганимдаги туйғуларни ифодалай олмайди. Менимча, бу – сирли куч, мўъжиза! Ахир ким биландир диллашишни истаб, ўзингизни руҳан ёлғиз ҳис қилганингизда ўзга бир тилдаги таронанинг қалбингиз туб-тубигача кириб бориши мўъжиза эмасми?..

Шундай инсонлар борки, тонг-саҳардан шўх тароналар билан кайфиятини кўтаришади. Мен эса оқшом чўккан маҳалда ўзимни хотиржам ҳис қиладиган масканим – уйимда мусиқа тинглайман. Ёлғиз. Бу яхши кўрган қўшиқларимни қизғанишмас, ўз оламимда бир неча лаҳза бўлса-да, фақат ўзим яшаш истаги…

Аввалига мусиқа мактабида ўқидим, кейин интерьер-­дизайнерликка қизиқиб қолдим. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олдим. Бугун камера қаршисидаман. Албатта, биз болаликдан кўп нарсаларни хаёл қиламиз. Уларга эришиш йўлида хоҳиш керак, холос. Мен доим бирор йўлнинг бошида турганимда ўзимга “Уддалайманми-йўқми?” дебмас, “Ич-ичимдан шуни хоҳлаяпманми, ўзи?” дея савол бераман. Дунёқарашимга таъсир қилган киноасар – “Рим таътиллари” ҳам шунинг учун севимли фильмим бўлса керак.

Эслайсизми, кинода шундай кадр бор, Одрининг “малика”си деразадан пастга – уни ўраб турган оламга қараса, одамлар мазза қилиб ўйнаб-кулаяпти. У эса тўрт девор ичида. Малика деган мақомнинг юки остида кун кечираяпти. Унинг яшагиси келади. Кўнглига қулоқ тутиб яша­гиси. Шу истак йўлида саройдан қочиб чиқади.

Маликанинг сочларини калталатган саҳнасини томоша қила туриб, завқланаман. Ахир, қалбига қулоқ тутиб яшаш мумкинлигини билганидан унинг ўзи қанчалар хурсанд бўлади. Журъатли қиз!

Актриса сифатида Одри Хепберннинг ижросига баҳо беришимни сўраяпсизми? Актёрлик техникаси, ижро маҳорати  ҳақида ҳеч нима айта олмайман. Чунки Одри фильмда ўйнамаяпти, яшаяпти. Кўзларига қаранг! Ёниб турибди-ку! Бу актрисанинг биринчи катта роли бўлгани учун ҳам балки самимият жуда кучлидир. Сиз айтаётган актёрлик техникаси, маҳорат деган терминлар эмас, юраги бошқараяпти уни.

Юрак амрига бўйсуниб яшаш бир қарашда мушкул сав­додек, дунёдан узилиб қолишдек туюлади. Йўқ, ўз бурчагингизнинг борлиги атрофдагиларни тушунишингизга, улар ҳам сизнинг кўнглингиздагиларни англашига имкон беради. Сабаби, сизнинг ўз оламингиз, ўз бурчагингиз бор. Демак, ўзингизни англай оласиз. Ўзини англаган инсон ҳаётни севади, бахтни ҳис қилади ва қандай яшашни билади…

Ёшкуч. 2016 йил Февраль сони

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here